СУРХОНДАРЁДА АЁЛЛАРНИ “БИЧИШ”МОҚДА!

СУРХОНДАРЁДА АЁЛЛАРНИ  “БИЧИШ”МОҚДА!
23 views
29 May 2012 - 10:40

Куни-кеча Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Газа” маҳалласида яшовчи собиқ ўқутувчи Очил Ҳасановга қарашли бўлган боғда, чақолоқни ташлаб кетганлиги маълум бўлди. Очил аканинг сўзига қараганда: “Мен боғда молларимни ўтлатиб юргандим, боғимизнинг пастки қисмида чақалоқ йиғисининг овози эшитилгандай бўлди. Боғнинг пастки қисмида ҳеч ким кўринмайдиган жойда, ўғил бола чақалоқ, қип-ёлонғоч ҳолда, ўт-ўланлар устида қонга беланган ҳолда йиғлаб ётган экан. Тезда устимдаги чопонимни ечиб, болани бағримга босдим-да, Бойсун туман Марказий шифохонасининг “Роддом” бўлимига олиб бордим. У ерда мендан боланинг ота-онасини  сўрашди. Мен ташландиқ бола эканлигини тушунтирдим.
Шундан сўнг улар, туман ИИБи ва прокуратура органларига хабар беришди… Ушбу ташландиқ боланинг онаси, “Газа” маҳалласида яшовчи 16 ёшдаги фуқаро, Санобар Маматқуловага тегишли эканлиги маълум бўлди. Боланинг “ота”си эса,  шу маҳаллада яшовчи фуқаро Шавкат Эргашев бўлиб чиқди. Санобар Маматқулованинг ота-оналари қизнинг Шавкат исмли фуқародан оғир оёқ эканлигини билишганлар. Лекин ҳеч кимга ошкор қилишмаган.
Суриштирув ишларини олиб борган туман ИИБининг ходимларига маълум бўлишича, “Санобар Маматқуловани алдаш йўли билан номусига тегиб, унинг олдига бир нечта талабларни  қўйган. Ҳусусан, Шавкат Эргашев, “агар шифохонага бориб болани олдирадиган бўлсанг, сени улар бир умр туғишдан маҳрум қилишади, майб-мажруҳ бўлиб қоласан, бу дунёда фарзанд доғида куйиб-ёниб ўтасан. Сенинг аёллик йўлларингни “пичиб” ташлашади…” деб айтган.
Шундан сўнг, Санобар Маматқулова шифохонага бориб туғишдан бош тортган. Тўққиз ойи, тўққиз кун болани она қорнида кўтариб юрган Санобар, ой куни етганидан сўнг, 9 май куни ота-онасининг уйида туққан. “Ота” эса, дунёга келтирган ўз фарзандидан бош тортмоқда…
“Юқоридан келган маҳсус топшириққа асосланиб, моддий жиҳатдан шароити оғир, оилалар тўғрисида маълумотлар туман маҳалла фаоллари орқали, “Роддом” бўлимига берилади. Ўшандан сўнг, ҳар бир ёш бўлажак оналарга “операция” қилиш тўғрисида маълумотлар  берилмайди. Шифокорлар, “Сиз туғишга қийналасиз, “операция” йўли билан туғишингизни осонлаштирамиз” деб ёш оналарни битта ёки иккита фарзанларидан сўнг, “бичиш” йўли билан аёлларнинг бола туғиш йўлдош йўлларини тикиб ташлашади. Агар бу тўғрисида баъзи бир аёлларга маълум бўлса, шифокорлар “Сизга туғишни олдини олиш учун, “маҳсус спираль қўйганмиз…” деб алдашади.
Шифокорлар ёш оналарни ўзларига туғишга руҳсат беришмайди. Туғишга келган оилаларни дарҳол “операция столи”га олиб юқоридан келган маҳсус топшириққа асосланиб чора кўришади. Шу биргина “операция”ортидан жабр кўрган аёллар сони кейинги вақтларда жуда кўпайиб кетди.
Ҳусусан, Бойсун тумани Марказий шифохонасининг шифокори, Гулнора Қозиеванинг эҳтиётсизлиги туфайли, бир йил ичида ўнта аёл майиб-мажруҳ бўлиб қолди. Баъзи ёш оилалар оламдан кўз юмди. Баъзи бирлари эса, оиласидан ажралди…” дейди биз билан суҳбатлашган нафақа ёшидаги кекса шифокор, Гулсара опа Рамазонова. Кейинги беш йил ичида, Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли, “Туғруқхона”ларга ўз фарзандларини дунёга келтиришдан бош тортмоқдалар.
Бўлажак оналар ўз уйларига туғишни афзал кўришмоқда. Уларга доялик қилиш учун, нафақа ёшидаги собиқ шифокорлар ва кекса ёшдаги онахонлар ёрдам бериб келишмоқда. Мақоламиз сўнггида шуни маълум қилмоқчимиз-ки, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Қумқўрғон, Денов, Ангор, Жарқўрғон ва бошқа туманлари бола туғиш кўрсатгичлари бўйича, Ўзбекистон Республикасида  биринчи ўринни эгаллаб келмоқда…

Мансуржон Фозилов
мустақил журналист