Иқтисод янгиликлари У.Ҳайдаров (Audio.)

Иқтисод янгиликлари У.Ҳайдаров (Audio.)
61 views
29 May 2012 - 15:03

Ассалому алайкум азиз радиотингловчилар. Ўзбекистон иқтисоди хақидаги радиоэшитиришимиз яна эфирда. Студияда, журналист Улуғбек Хайдаров.

[soundcloud id=’47940778′]

Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий кўрсаткичлари акс этган расмий статистик маълумотларни мен хар қандай қонунлардан ташқарида, ўз холича яшовчи ғалати бир хужайрага ўхшатаман. Аниқроғи бу кўрсаткичлар биз яшаётган дунёга паралел бўлган ўзга бир оламга ўхшайди. У оламда хамма нарса худди биздаги каби, кўчалар, далалар, одамлар, машиналар…Бироқ, у ердаги одамларнинг хаёти ясама ва қалбаки. Бу паралел оламда хамма нарса бисёр, егулик ва гузал ашъёлар. Бироқ у ерда қорнингиз тўймайди, устингиз хам бут эмас. У ерда хамма иш билан таъминланган, бироқ маош йўқ. Уларда газ ёнади, бироқ уйлар совуқ. Чироқ доим ёниқ туради, лекин хаммаёқ зимистон…

Ха, афсуски бугун Ўзбекистон ахолиси, мана шу расмий рақамлар акс этган қоғоздагина фаровон яшаяпти. Мамлакатнинг бугунги иқтисоди, худди мифологик асарлардаги қахрамонларга ўхшайди. Уни кўзингнинг қири билан илғашинг мумкин, бироқ унга тик қараган захотинг, у сароб каби ғойиб бўлади…

20 асрдаёқ, дунё иқтисодининг мана мен деган олимлари, “Иқтисодий стандартлар бўйича хар қандай фанни яратдик ва хамма нарсани тушунтириб бўлдик. Бу сохада энди янгилик яратилмайди” дея, кафтларини бир бирига ишқалашаётган бир пайтда, Ўзбекистон диктатори Ислом Каримовнинг иқтисодий статистик маълумотлари уларни эсхонасини чиқариб юборган бўлиши хам мумкин. Чунки Ислом Каримовнинг иқтисодий системаси, хеч қандай қонунга бўйсунмайди. Жиноий бўғинлар билан бир бирига уланган бу система фақат диктаторнинг ўзига бўйин эгади холос.

Мустақил матбуот ва тахлилчиларнинг фикрича, 20 йиллар олдин, яъни мустақиллик эълон қилинмасидан олдин, Ўзбекистон 15 республика ичида иқтисодий қудрати бўйича учинчи поғонада турган экан. Бугун эса, диктатор Каримов ва унинг оиласи бошқарувидаги Ўзбекистон нафақат минтақадаги балки дунёдаги камбағал давлатлар қаторига тушиб бўлди.

Ўзбекистон иқтисодига нималар бўляпти? Иқтисодий хароблик деб аталмиш туннел сўнгида ёруғлик кўринадими ёки йўқми?  Биз мана шу саволларни, иқтисод фанлари номзоди, мутақил эксперт Алишер Таксановга бериб кўрдик:

“ Хар қандай туннелнинг сўнгида албатда ёруғлик бўлади. Бироқ бу жаннат ёруғлигими ёки дўззахникими? Бу энди, бизни ким ва қаёққа етаклаётганига боғлик. Сўнги 20 йилнинг иқтисодий ўзгаришларига боқар эканман, мен афсуски, бу ўзгаришлардаги ижобий силжишларни кўрмаяпман. Ха албатда, тузум, иқтисодий тузум ўзгарди. Хусусий мулк пайдо бўлди, хусусийлаштириш ва давлат тасаруфидан чиқариш бошланди. Янги иқтисодий институтлар хамда хўжалик юритишнинг янги кўринишлари пайдо бўла бошлади. Ва бир қараганда, бу мухим ўзгаришлар туфайли, биз  сифатли ва такомиллашган иқтисодга эга бўлишимиз керакдек эди.

Бироқ бу ўзгаришларнинг интихоси нихоятда оғир бўлди. Социалистик тузум даври иқтисоди бундан анчагина очиқроқ ва ижобийроқ эди хаттоки. Ўтган 20 йил давомида биз катта ўзгаришлар ва катта силжишга эга бўлишимиз керак эди. Бироқ, статистк маълумотларга боқар эканман, хаммаси аксинча эканлигини, барча кўрсаткичлар тушиб кетганлигини кўряпман. Қаранг, 1990 йилда, Ўзбекистон ички ялпи махсулот ишлаб чиқариш хажми 32 миллард рублга тенг бўлган экан. Ўша даврдаги Марказий банкнинг расмий валюта курси бўйича, бу 52, 53 миллиард долларга тенг бўлган.  2011 йилда эса, Халқаро дунё банкининг маълумотига кўра, ялпи ички махсулот ишлаб чиқариш 38 миллард  долларга тушиб кетибди.  Тасавур қилаяпсизми, 20 йил давомида Ўзбекистонда ялпи ички махсулот ишлаб чиқариш бир ярим баробарига тушиб кетибди.  Айни пайтда эса мамлакат ахолиси 20 миллиондан 29 миллионга кўтарилганини кўриб турибмиз.  Бу нима дегани? Бу дегани, совет даврида ички ялпи махсулот ишлаб чиқариш жон бошига 2600 долларни ташкил этган бўлса, хозир бу кўрсатгич 1300 долларга тенг бўлиб қолди.  Ёки, ишлаб чиқариш хажми республикада 2 баробарига пастлаганини билдиради бу кўрсатгичлар. Ахоли сони эса ортиб бораяпти. Демак, Ислом Каримов бошлаган ислохатлар, иқтосидиётни ўткир ижтимоий муаммоларни хал қила олмайдиган даражага тушириб кўйди. Бу, Ўзбекистон иқтисодининг қулаётганини кўрсатадиган омилдир.   Ўзбекистон ишлаб чиқарувчи давлат деган мақомини хам йўқотиб бўлди. Чунки бизда ишлаб чиқаришнинг ўзи қолмади. Асосий ишлаб чиқариш гигантлари, кишлоқ хўжалиги қурилиши, авиасозлик, улар деярли йўқ бўлиб кетди. Буларнинг ўрнига, автомобилларни йиғиш кириб келди. Ўзбекистонга автомобилнинг барча қисмлари келтирилади ва ўша ерда у йиғилади. Бундай автомобилсозлик  Ўзбекистон учун хеч қандан технологик тараққиёт келтирмади. Биз бошқа мамлакатларда яратилган нарсани йиғиб бераяпмиз холос”…

***

Дастуримиз давом этади. Ўзбекистон иқтисоди хақида сухбатлашаётгандик. Мамлакатнинг қимматбахо қазилма ва  бошқа моддий бойликларидан келаётган улкан маблағлар бугун халқнинг корига эмас, Ғарбдаги банкларда очилган Каримов ва унинг оиласига тегишли бўлган  ҳисоб рақамларини тўлдирмоқда. Энг ёмони, каримовча мустақиллик Ўзбекистоннинг интеллектуал потенциалини ўғирлади. Энг ўқимишли¸ энг малакали ва истеъдодли кадрлар бугун ўзга юртлар равнақи учун хизмат қилмоқда,  демографик потенциал ҳақида гапирмаса хам бўлади. Бугун ишга лаёқатли, ёш ва бақувват ўзбекистонликларнинг 7 миллионга яқини бошқа мамлакатларга чиқиб кетишган.

Хар қандай мамлакат иқтисодига кўмак берадиган ва уни ривожлантирадиган асосий омил бу – хорижий сармоялардир. Дахшатли жойи шундаки, сармояларнинг ўзбекистонга кириши йилдан йилга қисқариб бораяпти. Масалан, ўтган йилнинг 1 квартали ва шу йилнинг 1 квартали ўртасида мамлакатга кираётган хорижий сармоялар хажми  53,38% га қисқарибди.

Жорий йилнинг дастлабки уч ойи ичида ҳорижий ширкатлар Ўзбекистон иқтисодига Марказий банк курси бўйича 215,6 млн АҚШ доллари киритишган.  Ўтган йилнинг айни даврида эса бу кўрсаткич Давлат статистикаси маълумотларига кўра 481 млн. долларни ташкил этган экан.

Хорижий матбуотда ёзилишича, Ўзбекистон иқтисодидаги бу пасайиш, хаттоки Каримовни хам бир оз талвасага солган. У ўзининг 2011 йил якунларига бағишланган хисоботида, бу ҳақда жуда кескин гапирган.  Ўзбек расмий матбуоти диктаторнинг фиғонини фалакка чиқарган иқтисодий кўрсаткичлар хақида лом лим демаган албатда, ва унинг ўта кескин сўзларини бир оз юмшатган холда  эълон қилган.
«Муайян вазирлик, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг, ҳорижий сармоялар ётқизишга қаратилган устивор лойиҳаларни қабул қилиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди», – дея Каримовнинг фикрларини талқин қилади ЎзА ҳукумат ахборот агентлиги.

Президентнинг 2012 йил 10 апрелида қабул қилган “Тўғридан тўғри ҳорижий сармояларни рағбатлантиришнинг қўшимча чоралари” тўғрисидаги фармони, мамлакат олий рахбариятининг ташқи сармоялар оқимининг қисқаришидан вахимага тушганини билдириб қўйди.

Мамлакат иқтисодига киритилаётган ҳорижий капиталнинг кескин қисқаришига сабаб бўлган муаммоларни бугун хамма билади. Бу, конвертация ва ҳорижий сармоядорларнинг ўз даромадларини олиб чиқиб кетишларининг қийинлиги, ҳукуматнинг коррупциялашгани, ва энг ёмони, хукуматнинг бизнесга қарашли сиёсатининг беқарорлиги яъни, бизнес шароитидаги муттасил ўзгаришларни олдиндан билиб бўлмаслигидир.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи¸ мустақиллик йилларида давлат иқтисодий тизимларида хизмат қилган Саодат Низомова¸ Озодлик радиосига берган сухбатида:
“ Ўзбекистон учун 20 йил ичидаги энг катта йўқотиш давлатчилик асосларининг қурилмаганидир! Тузумни энг тепадан энг пастга қадар коррупция чулғаб олар экан¸ унинг ишлаш механизми фақат порахўрликкагина таянар экан¸ давлат тизимлари ишламай қўяди. Бу энг катта ва энг қўрқинчли йўқотишдир” деган эди.

Россия Миллий стратегия институтининг махсус лойиҳалар бўйича директори Юрий Солозобов хам, Озодлик радиосига шундай деганди.:

“Мен Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йилини бой берилган имконларнинг 20 йили деб атаган бўлардим. Мустақилликнинг илк йилларида Ислом Каримов турли иқтисодий моделлар асосида ўйнаб кўрди¸ аммо орадан 20 йил ўтиб¸ бу ўйиннинг ютқизиқ билан тугаганини кўриб турибмиз. Каримов қўли билан бой берилган энг катта имкон – Ўзбекистонда бозор иқтисоди ва демократик жамият ривожини таъминлашга қодир ишга яроқли тизимларнинг бунëд этилмагани¸ деб ўйлайман. Мен бу гапларни жуда ачиниш билан айтаяпман¸ зотан Ўзбекистонда ўтган 20 йил ичида нафақат Марказий Осиë¸ балки постсовет ҳудудлари орасида иқтисодий жиҳатдан етакчиликка чиқишнинг реал имкони бор эди”.

Яқинда матбуотда қизиқ бир фактни ўқиб қолдим. Россия Марказий банкининг маълумотига кўра, 2010 йилда Россияда ишлаётган ўзбекларнинг Ўзбекистонга жўнатган пуллари 2 миллард 52 миллион долларни ташкил қилган бўлса, ўтган йили бу рақам 5 миллиард долларга кўтарилибди. Ўзбекистон иқсоди ва унинг ночор халқи учун бу нақадар мухим? Биз мана шу каби саволлар билан Ўзбекистон халқ ҳаракати Канада бўлими фаоли, Пирмухаммад Холмухаммадга мурожат қидик.

***

Ўзбекистон иқтисодига дохил бўлган янгиликлар оғир ва тахликали. Бироқ бу дегани, қўлимиздан хеч нарса келмайди энди дегани эмас. Тўғри, Ўзбекистон иқтисоди ривожланишдан тўҳтаган, яъни регрессия холатига кирган. Демак, тузумни ўзгартириш вақти аллақачон келган. Миллионлаб ўзбеклар паралел оламга тегишли бўлган нореал хаётда эмас, тинч мехнат ва ижодкорлик мавжуд бўлган тузумда яшашга хақлидирлар. Бунинг учун эса, нафақат каримовнинг диктаторлик тузумини, балки, онгимизни эгаллаган, “Оч қорним тинч қулоғим” каби ақидаларини йўқ қилишимиз керак.  Биз учун бошқа йўл берилмаган.  Акс холда, миллатимиз халокатга махкумдир.

Улуғ максад йўлида сизга бардамлик ва омонлик тилаб қоламан.

 

Улуғбек Ҳайдаров
29 май 2012 йил