ТЕЖАМКОР ИҚТИСОД

ТЕЖАМКОР ИҚТИСОД
20 views
31 May 2012 - 8:36

     Советлар салтанатининг йўлбошчиларидан бири бўлган Л.И.Брежнев ўз вақтида мазмун жиҳатдан “асрларга татигулик” бир шиор кўтариб чиққан ва 285 миллионлик аҳолига эга бўлган буюк бир империя бир қанча йиллар давомида ана шу шиор-метафора билан яшаб келган эди. Бу шиор шундай жаранглар эди: “Экономика должна быть экономной”. Ўзбек тилига ўгирилганида, бу шиор ўзининг “жарангдор”лигини бир оз йўқотиб, шундай янграр эди:”Иқтисод тежамкор бўлмоғи лозим”.
Қизиғи шундаки, совет тадқиқотчиларидан биронтаси иқтисоднинг қандай қилиб “тежамкор” бўлиши мумкинлигини, тежамкор бўлган иқтисод қандай бўлишини тушунтириб бера олгани йўқ. Балки, бу: ”иқтисодни тежаб-тежаб ишлатайлик, иқтисоднинг ўрнига эса, халққа кўпроқ шиор ва ташбеҳлар берайлик”, деганидир, ким билади…
Аммо бугунги Ўзбекистонимизда кечаётган ҳаёт мисолида “тежамкор иқтисод” ҳақдаги бу мажознинг унчалик ҳам мавҳум назария эмаслиги ўз исботини топмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон ўзининг табиий бойликлари билан, айниқса, гази билан минтақадаги энг бой жумҳуриятлардан бири ҳисобланарди. Ўзбекистон ўлкадаги газни, узоқ йиллар мобайнида ўзининг табиий газ заҳираларини “келажак авлодлар учун” дея консервация қилиб қўйган Русияга текинга бериб келди ва энди оз қолган газини тежаш мақсадида баъзи бир тадбирлар кўра бошлади.
Бу тадбирлардан бири – газ қувурларига аҳолини газни тежаб ишлатишга мажбур қиладиган “счетчик”лар ўрнатиш тадбиридир. Аммо бу тадбир ҳам халқнинг ночор аҳволи туфайли, яъни, “счетчик”лар сотиб олишга қурби етмагани туфайли аросатда қолиб кетмоқда.
Ҳануз “иқтисод тежамкор бўлмоғи керак” шиори остида яшаётган мутасаддилар халққа “счетчик”ни бепул ўрнатиб беришни хаёлларига ҳам келтирмай, катта “тежамкорлик” намунасини кўрсатмоқдалар. Халқнинг “тежамкорлиги” эса, бундан ҳам ошиб тушаётир: гугурт сотиб олишга ҳам қийналиб қолган халқимиз ҳар бир гугурт чўпини авайлаб-асраб, тежаш мақсадида газни ўчирмай, эртаю-кеч ёқиб қўйиб, умргузаронлик қилмоқда. Хуллас, юртимизда собиқ Совет Иттифоқи раҳбари Л.И.Брежневнинг “Иқтисод тежамкор бўлиши лозим” деган таълимоти ҳаётга тўла тадбиқ этилмоқда.

Мақсуд Бекжон