ТОШКЕНТДА ЯНА 13 НАФАР ДИНДОР ҲИБСГА ОЛИНДИ

ТОШКЕНТДА ЯНА 13 НАФАР ДИНДОР ҲИБСГА ОЛИНДИ
32 views
04 June 2012 - 18:03

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Тошкент
шаҳар Олмазор тумани Бешқўрғон кўчаси 32-уйда яшовчи Мурод
Муҳаммадхонов шу йилнинг 17 майида 28 яшар ўғли Дилшод ҳамда
маҳалланинг яна 12 нафар йигитлари “Ваҳҳобий” диний радикал оқимига
мансубликда айбланиб, ҳибсга олинганини маълум қилди. Унинг
таъкидича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Терроризмга қарши кураш
Бошқармасининг 6 нафар ходимлари томонидан ўтказилган тинтув ҳамда
диндорларни ҳибсга олиш вақтида талай процессуал нормалар қўпол тарзда
бузилган. Жумладан, ходимлар маҳалла фаоллари, участка нозири ва
холисларнинг иштирокига қарамасдан ҳеч қандай хат ҳужжатсиз хонадонга
бостириб киришган ва тинтув ўтказишган. Истаган нарсалари топилмагач,
тинтув баённомасини ҳам нася қилиб, Дилшодни ўзлари билан олиб
кетишган. Ўғилларининг қаерга олиб кетилаётгани ҳақидаги ота-онанинг
саволларига жавоб беришни ҳам эп кўришмаган.

Фарзандларини 14 кун давомида қидирган Муҳаммадхоновлар Дилшодни
Тошкент шаҳар ИИББга қарашли дайдиларни сақлаш ва тарқатиш
марказининг рўйхатидан, сўнгра эса ҳозирда Ўзбекистон Ички ишлар
вазирлиги ертўласидан топиб, адвокат киритишга мувоффақ бўлишди.
Дилшод Мухаммадхонов билан учрашишга эришган адвокатнинг маълум
қилишича, суд уни эхтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун санкция
берган.

Ҳозирда Дилшод Муҳаммадхонов ўзи сингари 12 нафар диндорларга нисбатан
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон
Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-моддаси
1, 2-қисми (Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш,
ноқонуний диний ва бошқа уюшмалар фаолиятида иштирок этиш) билан
қўзғатилган жиноят иш бўйича Тошкент шаҳар 1-сон қамоқхонасида
сақланмоқда.

Фуқаро Мурод Муҳаммадхонов фарзанди қатор халқаро тузилмалар томонидан
террорчи ташкилотлар сифатида эътироф этилаётган “Ваҳҳобий”лик диний
радикал оқимига қўшилмагани ва ҳеч қандай варақа ёки адабиётларни
тарқатиш билан шуғулланмаганини эътироф этмокда. “Болам фақатгина беш
вакт намозини ўқирди холос, ахир намоз қкиш жиноят эмас-ку” дейди ота.

Воқеалар ривожини “Эзгулик” фаоллари кузатиб бормоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти