ҚУРУЛТОЙ МУЛОҲАЗАЛАРИ

ҚУРУЛТОЙ МУЛОҲАЗАЛАРИ
73 views
12 June 2012 - 13:02

[soundcloud id=’50295118′]

 

 

– Вақт сув каби оқиб кетди. Бир йил бир ой каби ўтди менинг назаримда…

–Ҳаракат тузилганда оёқларимиз ерга тегиб тегмай турарди. Чунки биз “араб баҳоридан” илоҳомланган ва унинг эрта ёки индин ватанимизга етиб келишидан шубҳаланмаган эдик. Орамиздан баъзи шошқалоқлар олти ойда мақсадга эришишимиз мумкинлиги ҳам эълон қилдилар. Кейин билсак, бу олти ойлик муддат уларнинг Ҳаракат сафидаги умрларининг муддати экан. Улар ҳаракатимизга қандай

шитоб билан кирган бўлсалар, яна шундай шитоб билан сафларимизни тарк этдилар. Ҳаракат содиқ вакилларининг  золим режимнинг фитна ва тазйиқлари ва вафосизларнинг  турли –туман ўйинлари натижасида бели букилгандай бўлди. Бугун ўзимизни ўнглаб олдик, алҳамдулиллаҳ. Ҳаракатимизнинг бир йиллик ҳисоботини мана шундай қисқа хулосалашамиз мумкин: аввал ҳаволаниш, кейин эгилиш ва ниҳоят бугун оёқларимизни маҳкам ерга босиб, воқеалик қаршисида тик туриш.

–Биз ҳақимизда бу қандай ҳаракат ўзи, дейдиганларнинг сони бир йилда камаймади, аксинча ортди. Бундай ортиш ҳаракатга бўлган умумий қизиқишнинг  ортишига ҳамоҳангдир.

–Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўзбек халқининг миллий  ОЗОДЛИК Ҳаракатидир. Худди бир пайтлар Жанубий Африкада Нелсон Манделла, Мьянмада (Бурмада) Аунг Сан Суу Куйи ёки АҚШдаги ўтган асрнинг 60 йилларида ирқчи апартаид режимига қарши қора танлилар  тузган ҳаракатлари каби ЭРКИНЛИК ҳаракатидир. Бундай ҳаракатларга қўшилганларнинг  асосий сифати ўз юртларида ўзгаларга қул бўлишдан иборат эди. Худди шундай ўзбеклар ҳам бугун ўз юртларида ўзгаларга қулдирлар. ЎХҲ советлар замонида ўзбеклар ҳам бошқа халқлар каби мустақил халқдир, деган ва бу даъвоси учун умрини гаровга қўйган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ бошқараётган бир ҳаракатдир.

–Ўзбек халқи машҳур ва қадим халқдир. Бу албатта, аввало Жаноби Холиқнинг неъматидир. Аммо халқимизнинг асрлар оша мустабидлик ва жоҳилият ботқоғига ботиб қолгани ҳам бир ҳақиқат ҳисобланади. ЎХҲ халқимизни мана шу мустабидлик ва жаҳолат ботқоғидан қутқариш йўлида хизмат ва масъулиятни ўз зиммасига олган ҳаракатдир.

–Халқимизнинг мустабидлик ва жаҳолат ботқоғига ботирган икки сабаб бор: Булардан биринчиси шахсларнинг ҳавойи нафсларига эргашишлари, иккинчиси эса (биринчи сабаб асос бўлиб) мустабидларга (маҳаллий хонларга, русларга, диктатор Каримов режимига) қул бўлишидир. Тўғри ташҳис давонинг ярмидир. Демак, биз ҳам тараққий қилган халқлар қаторида ўрин олайлик, дейдиган миллатимизнинг ҳар вакили аввало ҳавойи нафсини жиловлаши (ислоҳ қилиши) ва мустабид ким бўлишидан қатъий назар унга қарши Эркинлик ва Адолат байроғини очиши лозим бўлади.
ЎХҲ ўз курашида мана шу икки тамалга суянадиган ҳаракатдир, деб биламан.

–Ҳаракатимиз ўтган даврда (умуман мухолифат Каримовнинг золим тузумида бўлгани каби) фавқулодда шартларда фаолият олиб боришга мажбур бўлди. Бу шартлар қуйидагилардан иборат: биз сургиндамиз (муҳожиратдамиз), шунинг учун ҳам қонуний, ҳуқуқий ва моддий имконларимиз ниҳоятда чегараланган. Фаолиятимиз жамоатчилик асосида ташкил қилинган. Яъни, маош билан таъминланган ва асосий вақтини ҳаракатимизнинг фаолиятига ажратадиган кадрларимиз деярли йўқ даражада.

–Бундай фавқулоддийликни янада фавқулодий қилаётган диктатор Ислом Каримовнинг  ўзбек халқига қарши зулм қилишга бўлган “иштаҳасининг” тобора ошиб бораётганидир. Бу диктатор Ўзбекистонда шахсий ва ижтимоий ташаббусларнинг (сўз ва фикр эркинлиги, сиёсий, диний, ижтимоий ва иқтисодий эркинликлар, сайлаш ва сайланиш эркинлиги, халқнинг норозилик намойишлари ўтказиш эркинлиги ва ҳ.к) барчасини қатл қилди. Шунинг учун ҳам режим қотил режимдир.  Бундай қатлиом натижасида ЎХҲ нинг халқимиз билан алоқа қилиши ва бирлашиши ҳам фавқулодда қийинлашди. Қийинлашди, аммо имконсиз бўлмади. Бутун бу қийинчиликларга қарамасдан халқимиз ЎХҲ фаолиятидан бохабар ва бизни шу қийин имконлар чегарасида қўллаб–қувватлашга ҳаракат қилмоқда.

–Бундай фавқулодийликни ортирган яна бир омил дунё сиёсати шамолининг диктатор Каримовнинг “кемасини” суздиргани, биз мухолифатчиларнинг карвонини эса тизгинлаганидир. Нима қилайлик зоримиз бор, зўримиз йўқ. Қолверса золимлар қилган ишлари, биз эса қилган ишимиз учун масъулмиз. Фавқулоддийликдан гапириш ўзни оқлаш эмас, мавжуд шартларни изоҳлаш эканлигини албатта ақл эгалари биладилар.

–Фавқулоддийликнинг зидди табиийлик ва эркинликдир. ЎХҲ шахс ва жамият  ҳаётининг бутун соҳаларида мана шундай табиийлик ва эркинликнинг ўрнатилишини истайди. Жамиятнинг Фавқулоддийликдан табиий ва эркинлик ҳолатини олишида  ўтиш даври ниҳоятда муҳим роль ўйнайди. Чунки эркинлик дарвозаларининг очилиши мустабидлик хўрлаган инсонларни довдиратиб қўйиши, бу эса баъзиларнинг чегарасиз эркинлик, баъзиларнинг ўзларига хос ва ўзларига мос эркинлик талаб қилишларига олиб келиши мумкин.

Бундай шароитда жамиятда истиқрорни сақлаб қолиш учун халқнинг асосий қисми қўллаб– қувватлайдиган бир сиёсий ташкилот мавжуд бўлиши керак. ЎХҲ халқимизни мустабидлик (диктаторлик), жоҳилият ва фавқулоддийликдан табиийлик ва эркинлик жамиятига олиб ўтишда масъулият ва хизматни ўз зиммасига олишга ҳозир турмоғи лозим.

–ЎХҲ ўтган бир йилдаги фаолияти мана шундай масъулият ва хизмат шиори остида амалга ошди, деб ўйлайман.

–Ўтган бир йилда фаолиятимиз асосан ҳаракатимиз ғоя ва мақсадларини инсонларимизга таништириш ва жойларда ҳаракатнинг ташкилотларини шакллантиришга қаратилди. Бу ишда албатта камчиликларсиз, хатоларсиз, тушунмовчиликларсиз бўлмади. Фаолиятимизнинг силлиқина бўлмаганлиги ҳаракатнинг тўғри асосларга қурилгани ва фаолларимизнинг ихлос соҳибларига эканлигига далилдир.

Чунки камчлик маълум бўлгани каби иш бор жойда бўлади, силлиқлик эса диктатор Каримов режимининг сифатидир.

–Келажакда, яъни бу қурултойдан кейин  нима қиламиз, деган савол ҳаракатимиз фаолларининг кун тартибида турган саволдир. Аввало биз зафардан эмас, сафардан масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Зафар тақдир масаласидир, сафар эса тадбир, демакдир. Тақдир ва тадбир икки томонлама бир –бирига боғланган ҳақиқатдир. Яъни, улар бир–бирини инкор қилмайди, аксинча умумий ҳақиқатни ифодалайди.  Шундай экан, вазифамиз  тақдирга таваккул қиилиб, тадбирда ҳикматни оширишдан иборат бўлиши керак. Яъни, ҳаракат ғоя ва мақсадларини тарғиб ва ташвиқотни янада кучайтиришимиз, мамлакатимизда ва хорижда ҳаракатимизнинг илдизларини чуқурлаштиришимиз керак бўлади.

Ҳаракатимизнинг ғоявий ва амалий илдизлари қанчалик чуқур бўлса шунчалик яхшидир. Чунки ҳақиқий халқ ҳаракатидан ижтимоий ва сиёсий бўҳронларга дош берадиган кучда бўлиш талаб қилинади.

Намоз Нормўмин

ЎХҲ Муассислар Мажлисининг аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси.

7 июнь 2012 йил. Осло, Норвегия