Рашид Ғаннуший: Секуляризм, дин ва давлат муносабатлари

Рашид Ғаннуший: Секуляризм, дин ва давлат муносабатлари
28 views
13 June 2012 - 13:22

Муаллиф: Рашид Ғаннуший

Бисмиллоҳир-роҳмонир-роҳим, барча салавот ва дуолар Аллоҳнинг Расули – Пайғамбарига, унинг аҳли байтига, асҳобига ва умматларига бўлсин.

Мавзумиз Ислом ва дунёвийлик (секуляризм)нинг ўзаро муносабатлари бўлиб, жуда кескин муаммоли бир мавзудир. Бу муносабатлар, бир келишмовчилик ва тўқнашув туридаги муносабатларми ёки бир-бирига ўхшаш, бир-бирлари билан келиша оладиган муносабатларми? Ислом ва қонун орасидаги муносабат, Исломнинг ҳокимиятга бўлган муносабати каби бир қатор масалалар, бу муаммога оид мунозарали масалаларга айлангандир.

Ислом ва секуляризм ҳақида сўз кетганида, худди ҳамма масала очиқ-ойдинга ўхшаб кўринади. Бироқ кўзга илинмайдиган бир тушуниш хилма-хиллиги ва умуман тушунмаслик бу масалани бутунлай қоплаб олган вазиятга келиб қолганлиги ҳам очиқдир. Бизлар, жуда ўхшаш исломий тушунчаларнинг хилма-хиллиги ҳақида баҳс юритганимиз сингари, фақат бир хил секуляризм ҳақида эмас, жуда кўп хил секуляризм ҳақида мунозара юритиш вазиятида ҳам турибмиз.

Секуляризм – бир фалсафий қараш бўлиб, идеалист ва диний қарашларга қарши курашиш учун майдонга келди, каби хулосага бориш ҳам мумкин. Аммо, аслида, бу асло ундай эмас. Биринчидан, секуляризм Ғарбда – Европа ичкарисида мавжуд бўлган шартларда ўртага чиққан муаммоларга методик ечимлар (яъни борлиқ назарияси ёки фалсафаси шаклида эмас) шаклида ўртага чиқди, ривожланди ва ўрнашди. Бу муаммоларнинг (Католик Черков ҳокимлигини сақлаган косенсусни бузган ва 16-17 асрларда диний урушларни бошлатган) жуда кўпчилиги Ғарбда Протестантчиликдан сўнгра юзага келган муаммолар эди.

Айтилганлардан бизда шундай савол пайдо бўлади:

Бизнинг ҳақиқатан секуляризмга  эҳтиёжимиз борми?

Балки бу секуляризм амалларида энг аҳамиятли ғоя (фикр), давлатнинг тарафсизлиги, яъни инсонларнинг виждонларига аралашишдан қочиш ва динларга нисбатан давлатнинг тарафсизлиги каби ғоядир. Ундай бўлса, давлатнинг фаолият ва таъсир доираси жамият фаолият доираси билан чеклангандир. Диннинг таъсир доираси эса, ҳар бир шахсиятга бориб тақалади ва шахсларнинг фарқлиликларини хам ўз ичига олади. АҚШ бўлган фарқлилик аҳамиятли бир диний таъсир ўлароқ кетишига қарамасдан, у ерда диннинг жамият доирасида кўриниши очиқдир. Лидерларнинг нутқларида динийлик ва дин ҳақида мунозаралар жуда кўплаб учрайди. Сайловлар пайтида, сайловолди мунозараларда диний масалалар муҳокама қилинади ва бу мавзуларда мунозаралар олиб борилади, ҳомилани олдириш ва мактабларда ибодат каби масалалар сайлов кампанияларида муҳокама қилинади. Аслида, АҚШ бу вазият,  бир замонлар Католик черковининг зулмидан қочиб Америкага жойланган Евангелист кўчманчилар тарафидан қурилган диннинг мавжудлигидандир. Шунинг учун, АҚШ, Таврот ва Инжилда келтириладиган рўё (туш)ларнинг ҳақиқатга айланган бир ўлка сифатида қаралади.

Таниқли мутафаккир Токвилл (Tocqueville)нинг бир замонлар таъкидлагани каби “Черков АҚШдаги энг кучли партиядир”.

Бу, Черковнинг Америкада кучли таъсирга эга эканлигини кўрсатади. Европада эса буни тополмайсиз. АҚШ диний ҳаёт яшаётганлар умумий аҳолининг 50% ташкил қилаётган бўлса, Европада бу нисбат 5% га ҳам етмайди.

Масалан, Европани олиб қарасак, дин ва давлат муносабатларига қарашда Франция ва Англо-саксонлар орасида анчагина фарқлар борлигини кўрамиз. Масалан, Англияда қиролича дин ичи ва унинг ташқарисидаги кучларни мужассамлаштирувчи шахс сифатида қаралади. Энг катта фарқлиликни Франция мисолида кўрамиз. Бунинг сабаби, Франция тарихидаги инқилоблар ва Католик Черковининг орасидаги тортишмаларига бориб тақалади. Европада бўлса, бугун секуляризмнинг хилма-хил кўринишларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Масалан, Франция секуляризмни халқаро доирада ўзлигининг ягона қўриқчиси ҳисоблагани учун мамлакатда яшовчи мусулмон аёлларининг динларига уйғун кийинишларини таъқиқлагандир. Аммо Европанинг бошқа бирор ўлкасида бундай англашилмовчилик кузатилмайди. Бу ҳам тарихий бир тажриба (экпремент)ни ўзиники қилиб кўрсатишга интилишдан келиб чиққан бир натижадир, холос.

Бизлар ягона бир тушуниш қаршисида эмасмиз. Балки секуляр бир дунёқараш тарафидан ўртага чиқарилган энг муҳим, энг аҳамиятли амалиёт, яъни давлатнинг тарафсизлиги принципи қаршисидамиз. Бошқача қилиб айтганда, давлат, у диний, сиёсий ёки яна бошқача турда бўлишидан қатъи назар, барча эркинликларнинг кафолатидир ва бундай давлат у ёки бу партияларнинг тарафдори бўлмаслиги шарт. Энди биз шундай саволни ҳам ўртага қўя оламиз:

Исломнинг шундай бир амалиётга, яъни давлатнинг бошқа динларга нисбатан тарафсизлиги каби бир амалиётга эҳтиёжи борми?

Ислом илк бошданоқ дин, сиёсат ва давлат билан хирмонлаш(қориш)гандир. Ҳазрати Муҳаммад с.а.в., давлатни қўрувчи даражасида диннинг ҳам қўриқчисидир. Маккага келган Мадиналик гуруҳ байъатида биринчи аҳд, Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтириш аҳди бўлган эди. Иккинчи байъатда эса, Мадинага бирор ҳужум қилинадиган вазиятда, мусулмонларни қилич ёрдамида бўлса ҳам, ҳимоя қилиш аҳди қўшилганди.

Мадинанинг эски исми Ясриб эди. “Мадина” сўзи эса маъно жиҳатидан “шаҳар” деган маънога келади. Мадинанинг шаҳар атала бошлаши, Ислом фақат дин бўлиб қолмасдан, айни замонда у бир маданият ҳам бўлганлигини кўрсатади. Бу, бошқа тарафдан, бир гуруҳ бадавий ҳаётини яшаб келаётган кишиларнинг шаҳар ҳаётига кўчишини ҳам ифодалайди. Шунинг учун шаҳарлашув бошланганидан “Бадавийлашма” гуноҳ шаклида қабул қилинмоқдадир. Шу сабабдан ҳам, Ислом қаерга борса, ўша ерларда шаҳарлар қурилиши содир бўлганлигига ҳайрон қолмаслик керак. Шимолий Африкадаги энг эски шаҳарни мусулмон араблар қурганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар с.а.в. тарафидан қурилган шаҳар, Ислом бир маданият дини бўлганлигининг очиқ кўрсаткичидир. Ислом ҳамиша уруш ва жанжаллар билан яшаб келаётган қабилаларни бадавийликдан қутқариб, маданийлаштирди ва уларни бир давлат атрофида бирлаштирди.

Пайғамбар с.а.в. бир тарафдан кишиларни жомеъларда намоз ўқитган бир имом эди. Бошқа тарафдан кишилар орасида чиқиб турадиган турли келишмовчиликларда ҳакамлик қилган, армияни бошқарган ва хилма-хил шартномаларни имзолаган сиёсий бир раҳбар эди. Бизни қизиқтирадиган энг муҳим жиҳат – ҳақиқат ҳам шуки, Пайғамбар с.а.в. Мадинага келиши биланоқ, у ерда бир жомеъ қурдирди ва Мадина Васийқаси номини олган бир Асосий Қонун (бизнинг бугунги тилимизда Конституция) тузди. Бу Асосий Қонун жаҳондаги энг тарихий (эски) конституциядир. Бу Асосий Қонун,  Маккалик муҳожирлар, Мадиналик ансор ва маҳаллий яҳудий қабилалари орасидаги муносабатларни белгилаган шартномаларни ҳам ўз ичига олади.

Янги Асосий Қонун, бу иккита диний давлатни бошқаларидан фарқли ўлароқ бир сиёсий давлат ва борлиқ шаклида қараган эди. Муҳаммад Салим ал-Аво ва Муҳаммад Умар каби олимлар тарафидан ўртага қўйилган айириш, дин ва давлат орасидаги айриликка ўхшаш бўлиб, дин ва сиёсат орасидаги айрилишни билдирарди.

Мадина Васийқасида сиёсий ва диний бўлганлар орасидаги айрилиш ғоят очиқ ифодаланган. Унга кўра, бир тарафда мусулмон уммати ва бошқа тарафда яҳудий оммаси қаралган эди. Бироқ бошқа у иккита мушрик омманинг бирлашиши сиёсий тушунчада бир давлат шаклини олган эди. Уларда чегаралар ҳар доим кескин шаклда қарай олмаса-да, Пайғамбар с.а.в.нинг кўрсатмаларига кўра алоҳида қараб чиқилиши мумкин эди. Қонундаги диний моддалар итоат ва масъулиятчилик соҳаларини қамраб олган бўлса, сиёсий моддалар эса, мантиқ ва ижтиҳодга ўрин қолдирганларидан иборат бўлган эди. У  моддаларнинг баъзилари вақти-вақти билан саҳобаларнинг бошини айлантирганида улар, Расулуллоҳ с.а.в.га, “бу ваҳийми ёки ўз шахсий фикрингизми?” дейилган саволлар қўйишарди. Агар у масалалар ваҳий бўлса, уларга сўзсиз итоат қилинарди, акс ҳолда фарқли тушунганлар орасида альтернатив фикрлар ўртага ташланарди.

Кунлардан бирида Расулуллоҳ с.а.в. Мадинада хурмо дарахтларини пайвандлаётганларга дуч келди ва уларга қарата, “бундай қилишларингдан бирор фойда бўлишини кўрмаяпман”, дедилар. Мадиналилар унинг бу сўзини ваҳий қабул қилдилар-да, ишларини дарҳол тўхтатишди. Оқибатда ўша йили ҳосилдорлик пасайиб кетди. Ўшанда Пайғамбар с.а.в., “Дунёвий ишларингизда нима яхши ва фойдалироқ эканини сиз яхшироқ биласиз”, дея марҳамат қилганлар. Шунинг учун деҳқончилик, саноат ва ҳатто техника ва технологияда диннинг бизга бирор нарса ўргатиш вазифаси йўқ. Чунки мантиқ, тажрибаларнинг бирлашган хулосалари ёрдамида бу ҳақиқатларга эриша оладиган усулларга эгадир. Дининг вазифаси – бизнинг олдимизда турган буюк муаммолар, вужудга келадиган саволларга жавоб беришдир. Улар эса, мавжудлигимиз, қаердан келганимиз, қадаримиз, яратилишдан бўлган мақсадимизга тааллувли муаммолардир. Дин буларнинг ёнида, тушунча ва ҳаракат шаклимизнинг кўзга кўринишида,  принцип ва қадриятлар системасини аниқлашда, давлат идора шаклининг қандай бўлиши лозимлиги масалаларида бизга йўл кўрсатиш вазифасини бажаради.

Шунинг учун Ислом ўз ибтидосидан бошлаб, динни ижтимоий ҳаётдан ташқарида тутиш маъносида давлат ва дин орасида ундай бир айрилишга ўрин бермаган. Мусулмонлар бугунгача Исломдан ва у ўргатганларидан, раҳбарларидан фуқаровий ҳаётларида доим фойдаланиб келмоқдалар. Диний ва сиёсий соҳалар орасидаги бу фарқ, айни замонда мусулмон ҳуқуқчи (факиҳ)ларининг, олимларининг тушунчаларида жуда аниқ кўрсатилгандир. Улар амалиётлар системаси ва ибодат орасидаги фарқни ғоят яхши аниқлаганлардир. Ибодатлар, доимийлик ва итоат соҳаси бўлса, амалиётлар халқ оммаси манфаатлари учун тадқиқот майдонидир.

Чунки Аш-Шотибий ва Ибни-Ашур каби буюк олимларнинг ҳам таъкидлаганидек, “Ислом инсонларнинг эҳтиёжларини қондириш учун юборилгандир”. Бу олимлар барча илоҳий кўрсатмаларнинг энг буюк мақсади, адолатни ўрнатиш, инсониятнинг эҳтиёжларини ҳақиқатга айлантириш эканлигида ҳамфикрдирлар. Бу ҳам ўз навбатида фақат дин тарафидан кўрсатилган принциплар, қадрият ва мақсадларни раҳбарлигида мантиқнинг қўлланиши соясида рўёбга чиқара олади. Ана шундай ўзгаришлар соҳасини ифода этган ва давомли ривожланишда бўлган амалиётлар соҳаси бордир ва шу билан бирга ўзгармас, доимий соҳаларни ифодалаган инонч, қадирият ва фазилат соҳаси ҳам мавжуддир.

Ислом тарихида давлат ҳокимиятининг шакли, ўз амалиётларидан у ёки бу шаклда Исломнинг таъсир доирасида бўлган ва давлат қонунларини ўша замонга кўра, ўша мамлакат қандай тушунаётган бўлса, исломий қадриятлар билан уйғунлашган бир шаклда белгиланарди. Бунга кўра, исломий амалиётларни хуш кўрган давлатлар, қонунлари ва амалиётлари ваҳий йўли билан белгиланган бирор давлат бўлиб эмас, балки танқидларга ва фарқли фикрлар билдиришга очиқ бўлган инсоний қурилишлар сифатида қаралганлардир.

Давлатлар аниқ бир тарафсизликлар ҳам кўрсатганлар. Масалан, Аббосийлар давлатида бўлгани сингари, мусулмонларни алоҳида тушунишга уринишганлар. Бу эса инқилобни оловлантирди. Натижада Аббосий халифаси Мансур, бир динда ўртага чиққан изоҳлар ва ақидаларнинг кўпайиб кетганлигига жиддий диққат қилишга мажбур бўлади ва ҳатто уларнинг айримчилик таъсиридан маълум бир қўрқувга ҳам тушади. Шу сабабдан у имом Моликни ўз ҳузурига чақириб, мусулмонларни ягона бир ақида остига бирлаштиришни таклиф қилади. Ана шу воқеалардан сўнгра имом Молик “ал-Муватто” номли машҳур китобини ёзишга эҳтиёж сезади. Халифа Мансур у китобга рози бўлади ва барча мусулмонларн шу китоб асосида бирлашишлари ҳақида қонун чиқаришга қарор қилади. Имом Молик халифани бундай қарордан қайтишга чақиради. Чунки замонлар орасида саҳоба турли хил жўғрофияга тарқаб кетгандилар ва ўша ерларга ўзлари билан жуда кўп  илм ва маълумот келтиргандилар. У маълумотларнинг ўша жойларга  энг уйғун бўлганларини инсон (мусулмон)ларга танлашга ижозат бергандилар. Ана шуларнинг оқибатида бир кўриш (тушунча) мактаби Мағриб (Шимоли-Ғарбий Африка)да ҳоким бўлса, бошқаси Шарқий Оқденгиз ўлкаларида, учинчи бири эса Миср ва бошқа жойларда ҳоким бўлганлигига тарихдан гувоҳмиз.

Исломда роҳиблик институти каби тизим бўлмаганидан, Исломда тушунча ва изоҳ эркинлиги мавжудлиги ҳақида сўз юритилиши мумкин. Бу эса, қонун чиқаришга эҳтиёжимиз бўлган ҳол истисно хилма-хил изоҳларга йўл очади. Шундай бир пайтда бир механизмга эҳтиёж туғилади. Бу механизм, инсоният ўз тарихида кашф этилган, халқ вакиллари белгилаган ва шахсий изоҳларга – қарашларга зид жамоа (коллектив) бўлиб бажарган ва сайловларга суянадиган демократик бир механизмдир. Такрорланса-да зарари йўқ, Исломда роҳиблик бўлмаганлиги учун мусулмон миллати, бир давлат, партия ёки бошқа бирор олим воситасида эмас, балки бир-бирлари таъсирлари натижасида ўртага чиққан илоҳий ироданинг ягона вакилидир.

Аббосий халифаларидан Маъмун, Қуръоннинг ягона бир изоҳини ва ягона бир Ислом инончи тушунилишини баён этиб, уни амалга оширишни истаганида имом Аҳмад  бин Ҳанбал бунга кескин қарши чиқди ва давлат тарафидан динни ҳоким қилишга уринишини рад этди. Бунинг оқибатида имом ҳазратлари қийноққа солинди. Аммо оқибатда халқ оммасини давлатга қарши кўтара олди ва Маъмунни ҳокимиятдан туширишга муваффақ бўлди.

Ғарбда бутун муаммо, давлатни дин ҳукмронлигидан қутқариш усуллари атрофида айланган ва бунинг натижасида сурункали тинкани қуритувчи урушлар чиқиб турган бўлса,  Исломда эса, бутун муаммо, динни давлатдан қутқариш ва давлатнинг динга ҳукмрон бўлишига тўсиқ бўлишдан иборат бўлгандир. Бироқ, мусулмонларнинг қонунларга эҳтиёжи бўлган вазиятларда демократик механизм сифатида Исломдаги Шўро принципи қўл келади.

Бизнинг меросимизда черков каби тизимнинг бўлмагани жуда ҳам аҳамиятлидир. Шиа биродарларимиз шунга ўхшаш бирор тизим кўринишини ҳимоя қилишлари мумкин. Аммо суннийлар дунёсида (баъзи бир англашилмаган ва фарқли қарашларда бўлган олимлар мустасно) бундай ҳолат учрамайди. Шу сабабдан ҳам, эркин бир муҳитда мунозаралар олиб борадиган ва муаммоли масалаларни кенг ва ҳар томонлама муҳокама қила оладиган ва қонун чиқариш муассасаси сайловлар натижасида ўз ўрнига эга бўлишини қабул эта оладиган олимлар ва зиёлиларга эҳтиёжимиз бор.

Тунисда, айниқса илмли ҳисобланганлар орасида бугунгача давом этаётган жуда янглиш бир мунозара (ҳатто тортишув деса ҳам бўлади) мавжуд. Уларнинг бир тарафи тепадан туширилиб, давлат воситаларини ва имкониятларидан фойдаланиб ислом тушунчасига алоҳида бир шароит вужудга келтиришга уринаяптилар. Бошқа тарафи эса, давлат ҳокимиятини, таълим-тарбия усул ва кўрсатмаларини, миллий маданиятни Исломий элементлардан батамом тозалашни кўзда тутади. Кўриб турганингиздай, бугун бутун дунё, Ислом дунёсини ҳам ўз ичига олган ҳолда бир диний уйғонишга гувоҳлик бериб турибди. Папа Иоан Павел Иккинчининг сайъ-ҳаракатлари оқибатида Ғарбий Европанинг ривожланишида, Католик чекови ролини алоҳида сўзлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Айни пайтнинг ўзида Путин тарафидан бошлатилган кампаниянинг амалга оширган ишлари натижасида Россия православ черковининг роли инкор этиб бўлмас даражага чиқди. Шундай бир умумжаҳон муҳит ўртада турган бир замонда давлатнинг маданий ва маориф сиёсатида диннинг таъсири ва ўрни бўлишига қарши чиқиш ўта мантиқсиздир.

Аслини олганда, Исломга алоҳида бир имкон ва шароит ажратишга ҳожат йўқдир.  Чунки Ислом, зодагонлар (элита) дини эмас,  халқ динидир. Ислом, давлатларнинг таъсири ва нотўғри амал қилишлари оқибатида, узоқ замонлар ўз борлигини керакли даражада давом эттира олмади. Бу янглишларни қабул этувчиларнинг кўпайиб кетгани оқибатида, давлат дин устида пайдо бўлган букрига айланди.

Айтганимдек, Исломий қарашлари ва ҳаётлари ҳисобидан ўзларини камситилган ҳисоблаганларнинг кўпчилиги диннинг давлатдан ажратилиб, фақат виждонларда яшашга маҳкум этилишидан қўрқадилар. Нима учун ахир, имомларни давлат ўзи хоҳишига кўра етиштиради ва нима учун давлат жомеъларни назорат қилади?

Далатнинг тарафсизлиги масаласи жуда катта муаммоларни ўз ичига олади. Агар дин ва давлатнинг бир-биридан ажралишидан кўзда тутилган мақсаддан, давлат, инсон етиштирган махсул ва дин эса илоҳий илдизли, яъни ваҳий йўли (ваҳий ва сиёсий бўлганлар орасидаги фарқ биринчи даврлардаги мусулмонлар тарафидан очиқликка чиқарилганди) билан нақл этилганлиги тушуниладиган бўлса, ўртада муаммо қолмайди.  Бироқ мақсад, Францияда юзага келтирилган секуляризм  тушунчасидаги давлатни диндан ажратиш ёки марксистик идеологиядаги бир давлат ва дин айрилиши бўладиган бўлса, бу янглишдир. Бу ҳолда дин ҳам, давлат ҳам фақат зарар кўради ва бир хавфли можарога кирилган бўлади.

Давлатни диндан тамоман совутиш эса, давлат ҳокимиятини бир мафияга, дунё иқтисодий системасини бир муштумзўрлик, босқинчиликка, сиёсатни ҳам алдамчи (ёлғончи) ва иккиюзламачиликка айлантириш бўлади. Ғарб тажрибасида (баъзи бир аҳамиятли ва ижобий кўринишлар учраб турса-да) моҳият эътибори билан ана шу айтилганлар амал қилмоқдадир. Бугун халқаро сиёсат, энг катта сармояга эга ва матбуотга ҳоким бўлган бир неча пул воситачиларининг монополияси ҳолига келган. Оқибатда, ана шулар бутун дунё сиёсатчиларини ўз назоратлари остида тутиш имкониятига эга бўлди.

Бу вазиятда кишилар, динга ва тўғри билан янглишни ажрата оладиган руҳий ва ахлоқи юксак раҳбарликка эҳтиёж сезмоқдалар. Тўғри ва янглиш нимадан иборатлигини билдирадиган ва белгилайдиган бирор ҳоким черков тушунчаси бўлмагани учун бу вазифа, мутафаккирлар, халқ оммаси ва матбуот воситаларида мунозаралар ўтказиш йўли билан ечим топиш ҳолига ташлаб қўйилди.

Дин, унинг давлатдан ва сиёсатдан тамоман ажралган бир вазиятда, диннинг ичида назоратдан чиқиши мумкин бўлган ҳодисалар ва ижтимоий оҳангнинг бузилиши каби хавфлар юзага келиши мумкин бўларди. Шунинг учун, динни давлатдан ажратиш шакли, инсонларнинг эркини ва ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлайган мувозанат топишга асосланиши шарт бўлади.  Чунки дин ана шуларни қилиш учун ҳам мавжуддир.

Бу мувозанатни сақлаш учун, энг аввало, биз ўзимиз дин ва сиёсат орасидаги ажралишнинг фарқини англай олишимиз ва динда нималар доимийлигини ва нималар ўзгариши ёки ўзгара олишини яхшилаб белгилаб олишимиз керак бўлади.  Булардан кўринадики, биз, диний қадриятлар билан қуролланган тарбияли, билимли қонун қабул қилувчиларимиз бўлиши лозим. Улар қонунлар тузаётганларида диний олимларнинг ва обрўлиларининг маслаҳатлари, кўрсатмаларига эҳтиёж сезмасинлар.

Айни шу шартлар сиёсатчилар учун ҳам лозимдир, албатта. Куя, босим йўли билан амалга оширилган диний итоаткорликнинг аҳамияти бўлмайди. Чунки Аллоҳга итоат этмаганларни давлат кучи воситасида иккиюзламачилар этишнинг ҳеч бир замон фойдаси бўлмаган ва бўлмайди. Инсон ҳур яратилгандир, уларнинг зоҳирий феълларини назорат қилиш мумкин бўлса-да, инонч ва ички дунёсига ҳоким бўлишнинг имкони йўқдир.

Шу сабабдан ҳам бизлар ҳижобва рўмол масаласида икки хил амалиётга гувоҳ бўлдик. Биринчиси, давлат тарафидан мажбуран қабул эттирилган, бошқаси эса, яна ўша давлат тарафидан таъқиқланган ҳижоб амалиётидир.

Бир сафар мусулмон бир мамлакатнинг аэропортида эдим. Аэропортдаги барча аёллар ўранган эдилар, яъни уларнинг ҳаммасининг бошида рўмоли бор эди. Бироқ ўша рўмолли аёллар учоқ учар-учмас бошларини очдилар. Бу эса ўша мамлакатнинг таълим-тарбия системасидаги камчиликни намойиш қиладиган бир муҳим кўрсаткич эди. Тунисда эса, Бин Али замонида аёлларнинг рўмоллари таъқиқлаб қўйилганди. Улар ўзлари уйғун ҳисоблагани каби кийинишга ҳақли эмасдилар.

Дин учун энг аҳамиятли фаолият майдони, давлат тизимларини қўлга олиш эмас, балки ҳар бир алоҳида шахснинг инончини соғломлаштиришдан иборатдир. Давлатнинг энг биринчи вазифаси, ҳамма нарсадан аввал, фуқаронинг хизматини бажариш, иш ўринлари ташкил этиш, соғлиқ ва таълим-тарбия каби ишларини йўлга қўйишдир. Инсонларнинг қалблари ва ақлларига ҳукмрон бўлишга ҳаракат қилиш давлатнинг вазифасига кирмайди. Шундай бўлишга интилиш эса зулмни келтириб чиқаради. Мана шу маънода қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, кишиларга қилинган босимларга мен ҳамиша қарши чиқдим. Динини ўзгартириш сингари мунозарали мавзуларга қўл урдим ва “динга мажбурлаш йўқдир” оятига суяниб, динига содиқ ва диний инончдан узоқ бўлганларнинг ҳам эркларини ҳимоя қилдим.

Кишиларни мусулмон бўлишга мажбурлашга ҳеч бир ҳожат йўқдир.  Ўзи инонмасдан туриб, иймон келтирганини тилда айтган сохтакорларга Ислом оммасининг эҳтиёжи йўқ.  Эрк, бирор кишининг мусулмон бўлишидаги энг муҳим ва буюк қадриятдир. Шунинг учун ҳам, калимаи шаҳодат келтирган бир киши, инонч ва унинг фарқини англаши билан эркин ирода асосида ўзининг бутун эркинлигини қўлга киритган бўлади.

Масалан, Маккаликлар Исломга қаттиқ қарши чиққанларида, Пайғамбар с.а.в. ўз таблиғига тўсиқ бўлмасликларини ва халқ оммасига уларни етказиш ишларига уларнинг аралашмаслигини хоҳлаган эди, холос. Агар Маккаликлар фикр, ифода эркинлигига йўл қўйганларида эди, Расули акрам с.а.в. ҳижрат қилмасди ва ота юртини тарк этмасди. Бироқ Унинг хитоблари шунчалар ишончли ва қувватли эдики, унга қарши бир жўяли альтернатив топа олмадилар. Ҳақиқатан Исломнинг далиллари шунчалар кучлики, мусулмонлар бошқаларни мусулмон бўлишга мажбурлаш шарт эмаслигини яхши биладилар.

Шу кунлардаги Тунисда бўлаётган мунозараларнинг катта бир қисми ҳақиқатан Исломни ва секуляризмни тўғри тушунмасликдан келиб чиқаяпти. Биз секуляризмнинг бирор фалсафа эмаслигини, унинг фақат Абдулваҳҳоб ал-Массирийнинг мақолаларида кўрсатилгани каби қисми ва мутлақ секуляризм орасидаги фарқни билдиргани шаклда тушунча ва инонч эркинлигини қўриш учун безатилган усулий (методик) тузатишлар эканлигини кўрсатдик. Мисол келтириш лозим бўлса, Франция тарихидаги якобинчилар моделини кўрсатишимиз мумкин. Папачилик ҳақида уришда якобинчилар бир шиор кўтариб чиқишгандилар: “Энг сўнгги папанинг ичаклари билан энг сўнгги Қиролни буғинг!” Бироқ бу французларга хос бир ҳолдир ва секуляризмнинг мутлақ таърифи эмас. Ислом мавзусида ҳам бир тушунмовчилик масаласи ўртадир. Масалан, инсонларнинг ҳурриятини чеклаш йўли билан уларни намозга, рўзага ва ҳижобга мажбурлаш билан ютуқларга эришиш мумкинлигига ишонганлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, муваффақият бу йўл билан келмайди. Чунки Аллоҳ мунофиқликни жуда катта гуноҳ ҳисоблайди ва шунинг учун жаҳаннам мунофиқларнинг ҳам абадий юрти этиб яратилгандир.

Бу ерда келтирганларим, менинг масалаларни ва Исломнинг секуляризм билан алоқаларини тушунишимни кўрсатадиган ифодалар шаклидир.

 

Туркчадан Алибой Йўляхши таржимаси