ТУҒЁН

ТУҒЁН
25 views
16 June 2012 - 20:21


Шундай гўзал диёр – жаннатнинг ўзи
Одамлари юмшоқ, асалдир сўзи.

Ариқлари тўла оқади сувлар,
Ҳалол меҳнат қилиб диллари қувнар.

Сизлаб чақиради фарзандини ҳам
Тайёрдир қўшнига бўлишга малҳам.

Хар биттаси билан гаплашсанг агар,
Ҳўкизни ағдариб, такани эгар.

Ош бўлса биздан аҳил миллат йўқ,
Кўролмай бир-бирин зимдан отар ўқ.

Орқадан гапириш ҳаммага одат,
Юзингга айтишга йўкдир шижоат.

Иймон калимасин билмайди аммо,
Инсоннинг аслидан излар муаммо.

Муслимман деб даъво қилади мудом,
Даҳрийлар ҳаёти уни қилар ром.

Орзулари унинг узундан-узоқ,
Ҳамма жойга қўйилган шайтондан тузоқ.

Молу-дунё, мансаб – ҳаёт мазмуни,
Қўл бериб тикламас ҳеч ким мазлумни.

Кучсизни эзгилаб ташлайди тамом
Қулдек хизмат қилар кучликка мудом.

Тинмай мехнат қилар мол-дунё учун
Уй қурар, тўй қилар номус ор учун.

Аммо, топганида бўлмас барака,
Обрў учун қилар тўю-марака.

Ёлгон гапиришдир кўпларга одат,
Омонатга қилар қўрқмай ҳиёнат.

Ваъдада турмаслик виждон ўртамас,
Оқил хизматдаю доно тўрдамас.

Бойлари бахилдир, амирлар золим,
Ҳаммадан қашшоқдир бечора олим.

Ери йўқ деҳқонга ҳаммадир бошлиқ,
Уларда чўмичу, деҳқонда қошиқ.

Муаллим холига йиғлар маймунлар
Кўл чўзиб гадойдек бўлдику улар.

Бойлар хизматига чопар муллалар,
Тўғри сўзлар учун тайёр кундалар.

Халқни қўллаганлар бўлади бадном
Уни хўрлаганлар топади икром.

Судхўрлик кўпларнинг суйган касбидир,
Мансаб, молу-дунё улар васфидир.

Ёлғон-яшиқларга тўлди жамият,
Охиратни ҳеч ким қилмайди ният.

Адолатга йўқдир бунда эҳтиёж,
Мунофиқлик ҳар кун топади ривож.

Илму-маърифатдан қолмади асар,
Поклик, тўғриликдан қиларлар хазар.

Қадр ўлчанади мол-дунё билан,
Эзгулик қилишар кўп риё билан.

Тўғри сўз айтувчи топилмас инсон,
Хеч кимда ғурурдан қолмади нишон.

Барчаси бўлдилар нафсининг қули,
Подшоҳлари эса тахтининг қули.

Шоирлари мақтар тузумни доим,
Ташланган суякни олишга қоим.

Амалдорлар ҳеч ҳам ўйламас халқин,
Машшоқлари тинмай айтишар талқин.

Эрлари бутунлай бўлдилар даюс,
Хотинлари кўчага чиқдилар маюс.

Рўзгор аравасин тортишиб улар,
Ҳаё ва иффатдан «озод бўлдилар».

Иш кўзлаб дунёга тарқалди миллат,
Айшида аввора «доно ҳукумат».

Мардларин қўлламас ҳамма турар тек,
Бек эмас бугун, ўзига ўзбек.

Инсофсиз фосиқлар қозон бошида,
Саждани билмайди олтмиш ёшида.

Намоз, ибодатлар Аллоҳ учунмас,
Олимлар сўзини ҳечким тингламас.

Муъминлар риёга берилди бутун,
Кўк юзини қоплади кўринмас тутун.

Давлатни бошқарар мушриклар тамом,
Шайтоннинг уйидир бу бозор, ҳаммом.

Миллат бўлолмасдан бўлдинг оломон,
Ким қайга бошласа кетдинг шу томон.

Балоларнинг бошин ўзингдан изла,
Қилган амалингу, сўзингдан изла.

«Ислоҳни ўзингдан бошлагин» деган
Буюк китобида Яратган Эгам.

Кўзингни оч асрий уйқудан уйғон,
Вақтинг тугаб борар – вақти имтихон.

Нафсинг кишанларин парчаласанг гар,
Яратганнинг Ўзи иймонга бошлар.

Сен мени кечиргин халқим Онажон!!!
Ортиқча тилимга мен бердим имкон.

Не қилай қалбимда қайнаса туғён,
Мен сенинг ўғлингман умрим борича,
Хозирман сен учун бўлишга қурбон.

Мухаммад Нуриллоҳ

Тошкент