Институтларда телефон ови бошланди

Институтларда телефон ови бошланди
29 views
21 June 2012 - 10:46

2012 йил 21 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 139-сонли қарори қабул қилинди.
Шахсан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ имзолаган ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги ички низом тасдиқланди.
Низом қанақа ўқув даргоҳи бўлишидан қатъи назар, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мобил телефонларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Шунингдек (институтимиз декани) айтишича бу низом биз талабаларни “сифатли таълим олиш ва касбий тайёргарликка эга бўлишда, давлат ва жамият манфаатлари йўлида ўқувчи-ёшларнинг соғлиғини сақлашда хавф-хатарларни камайтиришда ўқувчи ва талабаларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган.”

Яна “Таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш самарадорлигига эришиш ҳамда ўқувчи-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш учун шарт-шароитлар яратиш ушбу Низомнинг мақсадлари ҳисобланар” экан. (Менимча Ўзбекистоннинг буюклигини кўролмайдиган қора кучлар томонидан тарқатилаётган турли хил маълумотларни талабалар орасида тарқалишини олдини олиш ҳам бу Низомни мақсадларидан бири ёки асосийси ҳисобланади)

Ушбу Низом давлат ва нодавлат таълим муассасаларига татбиқ этилади ҳамда таълим олувчиларга, шунингдек таълим муассасаларининг барча тоифалардаги ходимларига нисбатан амал қилади.

Телефоннинг сақланиши учун фақат унинг эгаси (ота-оналар) жавоб берадилар. (Яъни биров ўғирлаб кетса, домлалар жавобгар бўлмайди)

Низомнинг 6-8-бандларига кўра, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим, келувчи ва бошқа шахслар ўз телефони абонентининг чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши (телефонни “овозсиз” режимга ўтказиши) шарт.

Таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин таълим олувчилар:
• телефонини ўчириб қўйиши;
• телефонини портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши шарт.

Таълим олувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:
а) телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;
б) телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига улаш;
в) телефони ёрдамида:
• атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғибқилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;
• таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан, зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш;
г) ўқув машғулотлари вақтида:
• телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;
• телефонни стол устига қўйиш;
• мусиқа, шу жумладан, наушниклар орқали тинглаш;
• сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш (ўйинлар билан шуғулланиш), тасвир (матн, расм, видеоёзув ва фотосуратлар) кўриш, диктофон, калькулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;
• суратга олиш ва видео тасвирга тушириш;
• телефон (GPRS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар) орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.

Низомнинг 13-бандига кўра Низом талабларини бузган таълим олувчиларга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чоралари қўлланади:
• огоҳлантириш;
• уларнинг кундалик дафтарига ёзиб қўйиш;
• ота-оналарини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилиш ёки тушунтириш суҳбати ўтказиш учун таълим муассасасига чақириш.
• Ушбу Низом талаблари бузилган тақдирда таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш ҳуқуқига эга. (Домлалар талабаларни телефонини олиб қўйиш учун пайт пойлаб юрадиган бўлишди)Домлаларни тушуниш мумкин. Уларни ҳам болаларига телефон керак.

Шунингдек, Низом талабларини бузган талабаларга нисбатан олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига мувофиқ бошқа чоралар ҳам кўрилади. (Яъни, институтдан ҳайдаб юборилади)

Шу жиҳатига алоҳида урғу бериладики; ушбу Низом талабларни ҳар бирига, ҳар йили имзо қўйдирилган ҳолда ва унинг ота-онасига (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга), етказилади.

Булардан хулоса қилсак, энди “институтларда ўқиш сифати яхшиланиб, талабалар юқори баҳоларга ўқий оладиган бўлиб кетсалар” ажабмас.

Сурхондарёлик талаба Сардорбек
Тошкент