Ўзбекистон Xалқ Ҳаракатининг Низом ва Дастури

Ўзбекистон Xалқ Ҳаракатининг Низом ва Дастури
150 views
26 June 2012 - 10:00

МАҚСАДИМИЗ – ЎЗБЕКИСТОНДА МАВЖУД ДИКТАТУРА РЕЖИМИ ЎРНИГА ЭРКИН, ҲУҚУҚИЙ, АДОЛАТЛИ ФУҚАРОВИЙ ЖАМИЯТ ЎРНАТИШ

Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ)

НИЗОМИ

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати–юртимизда асрлар оша давом этиб келаётган мустабидлик ва жоҳилиятга барҳам беришни мақсад қилиб олган миллий  Озодлик Ҳаракатидир.

Ўзбекистон Xалқ Ҳаракатининг асосий мақсади –  Ўзбекистон Жумҳуриятида эркин ва очиқ фуқаровий ҳуқуқий жамият барпо этилиши учун курашишдир.

Бу кураш йўлида Ҳаракат ўзини барча аъзоларининг интеллектуал куч-қудратлари, заковатлари, билимларини мамлакат фуқароларининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳақ ва ҳуқуқларини тўлиқ таъминланишига замин яратиш учун сафарбар қилади.

Бу йўлда тўла-тўкис ғалабага эришиш учун Ҳаракат ўз аъзоларининг фаолиятини бир нуқтага қаратилган кучларнинг мужассамлаштириш каби усулларни қўллайди ва улар ёрдамида фуқаролик жамияти учун зарур бўлган барча қонунлар мажмуасини яратилишига асосий эътиборини қаратади.

Қабул қилинган барча қонунларнинг бажарилиши, фуқароларнинг барча ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминланиши учун жамиятда зарур бўлган фуқаролар назоратини ўрнатилишига эришишни ўзининг олий мақсадларидан бири деб ҳисоблайди.

ЎХҲ Давлат ҳокимияти барча тизимларининг қонунларга сўзсиз амал қилишларини таъминлаш учун барча зарурий чораларни кўради. Жамиятда ва ҳокимиятда сўз ва иш бирлигини давлатнинг тамал тошларидан бирига айлантирилиши йўлида собитқадамлик ила кураш олиб боради.

 

ҲАРАКАТГА АЪЗОЛИК

2. Ҳаракатнинг Дастур ва Низомини эътироф этган, уларга риоя қилиш мажбуриятини олган ҳар қандай жамоат ташкилоти, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ёки мустақил шахс (ирқи, миллати, дини ва жинсидан қатъий назар) Ҳаракатга ихтиёрий равишда аъзо бўлишлари ва аъзоликдан чиқишлари мумкин.

3. Ҳаракатнинг барча аъзолари Ҳаракат фаолияти ва сиёсатига таъллуқли масалаларни муҳокама қилиш, қарорлар ишлаб чиқаришда қатнашиш, таклифлар киритиш, сайлаш, сайланиш ва номзод кўрсатиш (Ҳаракатнинг Ўзбекистон давлати қонунлари доирасида ишлашига қарамасдан унинг аъзолари ҳаётига хавф соладиган оғир норасмий ҳолатда ишлашга мажбур бўлган вазиятлар бундан истисно) сиёсий ва ижтимоий тадбирларни тайёрлаш ва уларда қатнашиш, Ҳаракатнинг босма ва электрон нашрларида иштирок этиш, Ҳаракатнинг юридик ва молиявий ёрдами ҳамда хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

4. Ҳаракатнинг ҳар бир аъзоси Ҳаракатнинг жамиятдаги обрўсига, унинг ижобий имиджини шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшмоғи, унинг сиёсатини амалга оширмоғи, унинг дастури, ғоя ва мақсадларини ташвиқ этмоғи лозим.

5. Ҳаракат сафига ташкилотларни қабул қилиш Ҳаракатнинг раҳбар органи (яъни Муассислар Мажлиси) тарафидан кўриб чиқилади. Ҳаракат сафига қабул қилиш ҳақидаги қарор жамоат ташкилоти ёки сиёсий партия бош раҳбарининг аризаси асосида, Муассислар Мажлисида оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Мустақил шахсларни қабул қилиш эса, Ҳаракат икки аъзосининг тавсиясига биноан Ҳаракатнинг жойлардаги бўлимларида амалга оширилади.

5.1. Ҳаракат сафига киришни истаган шахсларнинг Аризаларини кўриш ва уларни Ҳаракат сафига қабул қилиш ишлари Ҳаракатнинг жойлардаги ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари томонидан олиб борилади. Қабул қилинган янги яъзоларнинг умумий рўйхатлари Ҳаракатнинг ҳар ой ёки кварталда ўтказиладигаан Маҳаллий Мажлисда оддий кўпчилик овоз билан тасдиқланади. Ҳаракатни тарк этишни истаган аъзолар бу ҳақда қисқача Ариза ёзиб уни Ҳаракатнинг ҳудудий раҳбарига топширадилар ва шу дақиқадан бошлаб улар Ҳаракат сафидан чиққан деб ҳисобланадилар.

6. Ҳаракатнинг жамиятдаги обрўсига путур етказган, Низомига зид ҳаракатларни амалга оширган аъзо (ташкилот ёки шахс) Ҳаракат сафидан ўчирилади. Бу ҳақда Муассислар Мажлиси йиғилишида оддий кўпчилик овоз асосида қарор қабул қилинади. Бундай ишларни содир этган Ҳаракатнинг мустақил аъзолари эса уларни Ҳаракатга қабул қилган Ҳаракатнинг Маҳаллий Мажлислар томонидан аъзоликдан ўчирилади.

7.Ҳаракат сафига қабул қилиш тартиби ва аъзолар рўйхати (ҳамда ушбу руйхатнинг махфийлиги) Муассислар ва Маҳаллий Мажлислар тарафидан юритилади ва таъминланади.

8. Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) ҳар 3 йилда Қурултой ўтказиб, раҳбар органларини қайта сайлайди. Зарурий ҳолларда Муассислар мажлиси навбатдан ташқари қурултой чақириши мумкин.

 

ҲАРАКАТ ТУЗИЛИШИНИНГ ТАШКИЛИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

9. Ҳаракат ўз фаолиятини ғоявий жиҳатдан фикрлар хилма-хиллигининг дастур бирлиги, ташкилий жиҳатдан эса якка ҳолда ҳамда биргаликда ўз-ўзини идора қилишдан иборат умумий принципларга асосланган ҳолда олиб боради. Ўз фаолиятида фикр-мулоҳазалар эркинлигини таъминлайди, ошкоралик ва самимийликка амал қилади. Ҳаракат фаолияти асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, заруратдан келиб чиқиб, унинг ташқарисида ҳам олиб борилади.

10. Ҳаракатнинг барча маҳаллий бўлимлари ва раҳбар органларининг иш услублари ўзаро маслаҳатлашиш, эркин фикр баён қилиш, қарорларни очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиш қоидаларига асосланади. Қабул қилинадиган ҳар бир ечим ёки қарор лойиҳани шакллантириш босқичидан тортиб, то тасдиқлашгача эркин муҳокама ва ошкоралик асосида қабул қилинади.

11. Ҳаракатнинг барча раҳбар органлари сайлов натижасида шаклланади. Ҳаракат раҳбариятига сайлов системасини ишлаб чиқишда, уни амалга оширишда ва ўзгартиришлар киритишда Ҳаракатнинг барча аъзо ташкилотлари ва ташаббус гуруҳлари вакиллари фаол қатнашиши таъминланади.

12. Ҳаракат раҳбар органларининг асосий вазифаси улар раҳбарлик қиладиган ҳаракат аъзоларининг талаблари, эҳтиёжлари, фикрларини мужассамлаштириш, мужассамланган шаклдаги мулоҳазаларни қарор ёки ечимга айлантириш ҳамда уларнинг ижросини йўлга қўйишдан иборатдир. Ҳаракатнинг ҳамма қарорлари овозлар сонининг оддий кўпчилиги билан қабул килинади. Қабул қилинган қарорларни Ҳаракатнинг барча ташкилотлари ва аъзолари бажаришга масъулдирлар.

 

ҲАРАКАТНИНГ ТАШКИЛИЙ ҚУРИЛИШИ

13. Ҳаракат аъзолари – сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ҳаракатга қўшилиш истагини билдирган ва уни дастурини эътироф этган якка фуқаролар Ҳаракатнинг негизидир.

Шунингдек, мустақил аъзолар сони 50 кишилик гуруҳдан ошса, улар ўз шаҳар ва вилоятларидан қурултойга ўз вакилларини юбориши мумкин.

Бундан ташқари ушбу ташкилотга аъзо бўлмаган, аммо унинг ҳаракатини қўллаб-қувватлашга тайёр ва Ҳаракатнинг Низом ва Дастур вазифаларига ҳамоҳанг фикрлайдиган мустақил шахслар Ҳаракатнинг жойлардаги суянчиқлари бўлиши мумкин.

Ушбу гуруҳларнинг ҳисоб-китобини олиб бориш, ҳамда уларнинг ҳаракатига кўмак бериш (керак бўлса – махфий тарзда) Ҳаракатнинг  Бўлимлар Бошқарувига  юкланади. Ўзларининг ташкилий тузулмаларини ушбу гуруҳлар амалий вазиятга қараб Ҳаракатнинг Дастур ва Низомига зид келмаган ҳолда мустақил тарзда тузадилар.

14. Ҳаракатнинг Маҳаллий Мажлислари ўзининг мавқеи ва маҳаллий шароитидан келиб чиқиб, Ҳаракат Дастури ва Низомига асосланиб, ўз фаолиятларини мустақил тарзда олиб борадилар.

Ҳаракатнинг Oлий Бошқарув органи – Муассислар Мажлисидир.

Ижро органи Бўлимлар Бошқарувидир

Тафтиш Комиссияси – нaзoрaт органидир.

ҲАРАКАТНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

15. Ҳаракатнинг  раҳбар-маслахат органи — Қурултойдир. Уни чақириш муддати ва ўтказиш жойи Муассислар Мажлисининг қарори билан белгиланади.  Қурултой Муассислар Мажлиси аъзоларининг ярмидан кўпи овози билан исталган пайтда чақирилиши мумкин. Бу “фавқулодда Қурултой” ҳисобланади. Нормал шароитларда Қурултой 3 йилда бир чақирилади.

16. Қурултойнинг вазифалари:

– Ҳаракат Дастури ва Низомини қабул қилади, уларга ўзгартиришлар киритади;

– Ҳаракатнинг Раҳбар органларини сайлайди, уларнинг фаолиятини назорат қилади ва Раҳбарият ҳаракат дастури ва низомига зид фаолият олиб борганида уларни лавозимидан четлаштиради;

– ММ Ҳаракат сафига қабул қилган янги ташкилотлар рўйхатини  тасдиқлайди, Дастур ва Низомни бузган ташкилотларни Ҳаракат сафидан ўчиради;

– Ҳаракат фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

– Ҳаракат бюджети ва унинг ижросини тасдиқлайди;

– Ҳаракатнинг Бўлимлар Бошқаруви  тайинлайди ва унинг фаолиятини баҳолайди;

– Ҳаракатнинг Тафтиш Комиссиясини тайинлайди ва унинг фаолиятини баҳолайди;

– Ҳаракатнинг рамзий белгиси ва тамғаларини тасдиқлайди.

17. Курултой қарори қурултой қатнашчиларининг (оддий кўпчилик) розилигига асосланиб қабул қилинади.

17.1. Ҳаракатнинг раҳбар органлари – Муассислар Мажлиси, Бўлимлар Бошқаруви  ва Тафтиш Комиссиясидир.Бу органлар ўз қарорларини оддий кўпчилик овоз билан қабул қилади. Муассислар Мажлисининг аъзолари ўз ичидан Раисини сайлайди. Низомга хилоф ҳаракатлари учун Муассислар Мажлиси ўз аъзоларидан ҳар қандай биттасини, жумладан, Раисини ҳам кўпчилик овоз билан вазифасидан четлаштириши мумкин.

17.2 Муассислар Мажлиси (ММ) ЎХҲ Олий Бошқарув Органидир:

-ММ ЎХҲга кирган Муассис ташкилотлар ва мустақил шахслардан ташкил топади. Мустақил шахс ММга аъзо бўлиши учун ММ аъзоларининг оддий кўпчилигининг розилиги шартдир.

-ММ Ҳаракатнинг  сиёсий бошқарувини амалга оширади, Ўзбекистондаги ва дунё сиёсатидаги аҳволга қараб қарорлар олади.

-ММ ўз аъзолари ичидан ўзининг Раисини сайлайди. ММ Раисининг ваколат муддати ЎХҲ навбатдаги Қурултой ўтказиш муддатига тенг бўлади.

-ММ Раиси ҳаракатни унинг қурултойи қарорлари ва ММ қарорлари асосида бошқаради. Бошқарув маслаҳат усулида олиб борилади.

ММ Раиси ЎХҲ номидан баёнотлар беради, сиёсий ташкилотлар ва давлат раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

19.  Ҳаракат  Бўлимлар Бошқаруви – ЎХҲ нинг ишчи органидир ва унинг олдида масъулдир. У Қурултой оралиғида фаолият юритиб, қурултойга ҳар йиғинда ҳисобот беради. Қурултой қарорларини ижро қилади.

21. Ҳаракат фаолиятини мувофиқлаштириш  Бўлимлар Бошқаруви тарафидан бамаслаҳат олиб борилади. Бўлимлар Бошқаруви Ҳаракат манфаатларини ифодалашга вакилдир. Ҳаракат аъзолари фаолиятига умумий раҳбарликни ҳам амалга оширади.

22.Бўлимлар Бошқаруви таркиби Ҳаракат Қурултойида умумий сайлов орқали тасдиқланади.

Бўлимлар Бошқаруви аъзоларининг ҳар бирини аниқ вазифаси белгиланиб, улар ўз функциялари доирасида фаолият олиб борадилар. Бири иккинчисининг вазифасини такрорлашига йўл қўйилмайди.

23. Бўлимлар Бошқаруви аъзолари ўз орасидан унинг раисини сайлайди.

24. ЎХҲ Тафтиш Комиссияси – Ҳаракатнинг қурултойда қабул қилган барча қарорларини бажарилишини назорат килиб боради,барча бўлимлар фаолиятини тафтиш қилади ва ўз таклифларини ҳаракат раҳбарияти ва қурултойга етказиб туради. У Қурултой оралиғида фаолият юритиб, қурултойга ҳар йиғинда ҳисобот беради.

25.Тафтиш Комиссияси Қурултой қарорлари асосида иш олиб боради.

26. Тафтиш Комиссиясининг таркиби Ҳаракат Қурултойида умумий сайлов орқали тасдиқланади. Ва улар ўз аъзолари орасидан кўпчилик овоз билан унинг раисини сайлайди.

 

ҲАРАКАТНИНГ МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ ВА МУЛКИ

27. Ҳаракатнинг маблағлари Ҳаракат Низоми ва Дастурига асосан, ўтказилган тадбирлардан тушган фойдалардан ҳамда фуқаролар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонларидан таркиб топади.

Ҳаракат мулк соҳиби бўлишга ҳақлидир.

Ҳаракат ўз маблағларини банклардаги ҳисобларида тутади. Маблағлар харажати ва мулк билан ишлаш тартиби Бўлимлар Бошқаруви томонидан белгиланади.

28. Ҳаракатнинг Бўлимлар Бошқаруви аъзолари ва Ишчи Котиблари жамоатчилик асосида иш юритадилар. Айрим ҳолларда уларга Бўлимлар Бошқаруви алоҳида қарорига биноан) маош таъйин қилиниши мумкин.

29. Зарурат туғилганда, Ҳаракат Бўлимлар Бошқаруви ташкилий-техникавий ходимларни ўз ишига жалб этиши мумкин, ва уларнинг иш тартибини белгилайди.

 

ҲАРАКАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

30. Ҳаракатнинг Дастур ва Низоми қурултойда тасдиқлангандан бошлаб юридик шахс мақомига эга, унинг банкларда ўз ҳисоб рақамлари, ўзининг тўла атамаси ва бошқа зарур белгилари акс эттирилган тамға ва муҳри бўлади.

31. Ҳаракат ўз босма ва электрон нашрларини чиқаради. Ҳаракат нашрларининг Муҳаррирлари Бўлимлар Бошқаруви томонидан тайинланади. Улар ўз фаолиятини улар жойлашган давлатларнинг матбуот ҳақидаги қонунларига асосланиб, нашрнинг таҳрир ҳайъати фикрига таянган ҳолда амалга оширадилар.

 

ҲАРАКАТНИНГ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ ТАРТИБИ

32. Ҳаракат ўз фаолиятини қуйидаги ҳолатларда тўхтатади:

– Платформа муқаддимасида кўрсатилган мақсадларга тўлиқ эришилганда;

– Ҳаракат Муассислар мажлиси қарори асосида.

33. Бу ҳолатларда Муассислар Мажлиси тугатиш комиссиясини таъйинлайди ва унинг иш тартибини тасдиқлайди.

 

«Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) таъсисчилари:

1.Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси

2. ”Таянч” Маданий-маърифий жамияти.

3. Ўзбекистон Демократик кучлари форуми.

4. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти.

5. “Эркин сайловлар учун” жамияти

6.”Нажот” инсон ҳуқуқлари жамияти

7.”Чулпон” ёшлар ташкилоти

8. Ёшларнинг мустақил вакили

9 . Мустақил шахслар вакили

ЎXҲ Дастури Ўзбекистон Халк Ҳаракатининг (ЎXҲ) Дастури

Муқаддима;

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати–юртимизда асрлар оша давом этиб келаётган мустабидлик ва жоҳилиятга барҳам беришни мақсад қилиб олган миллий  Озодлик Ҳаракатидир.

Ўзбекистон халқ ҳаракатининг асосий мақсади мамлакатда миллий, эътиқодий ва сиёсий  эркинликларга асосланган ҳуқуқий фуқаровий жамият қуришдир. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни халқаро конунларга мос ҳолда мамлакатда жорий этишни ўзининг бирламчи вазифаларидан бири деб ҳисоблайди. Бу йўлда тўла-тўкис ғалабага эришиш учун Ҳаракат ўз аъзоларининг фаолиятини белгиланган мақсадларга йуналтиради. Давлат ҳокимияти барча тизимларининг қонунларга сўзсиз амал қилишларини таъминлаш йўлида барча зарурий чораларни кўради.

ЎXҲ ўз фаолияти давомида Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда барча соҳаларда ислоҳотлар ўтказишни талаб қилади.Агар мавжуд ҳукумат ЎXҲ талаб қилган ислоҳатларни ўтказишдан бош тортса, у ҳолда ҳаракат ҳукумат истеъфосини талаб қилади.

ЎXҲ таъсисчилари Ўзбекистондаги И. Каримов бошқараётган бугунги режим кейинги йигирма йил ичида ўзининг нақадар жинояткор, халқаро ҳамжамият тарафидан эътироф этилган инсон ҳақ ва ҳуқуқларига ҳамда халқимизнинг эътиқодий ва миллий қадриятларига зид, ўз халқига қарши бир диктатура эканлигини кўрсатди, деган қатъий фикрдадир.

Халқаро ҳамжамият эътиборида умумий демократик шиорларни баён этаркан, И. Каримов бошлиқ ҳукумат амалда диндорлар, сиёсий мухолифат, инсон ҳуқуқлари курашчилари ва эркин фикрловчи барча фуқароларга қарши қақшатгич қатоғонлар, қийноқ ва қувғинлар режимини ўрнатди.«Ислом экстремизми» ва «халқаро терроризм» билан «кураш» баҳонасида ҳануз мамлакат тинч аҳолисига қарши давлат террори қўлланмоқда.

Ҳар қандай мухолиф фикрга тоқатсизлик шу даражага етди-ки, бугунгача минглаб кишилар ўлдирилди, ўн минглаб кишилар қамоққа ташланди, миллионлаб кишилар ўз Ватанини тарк этиб, ўзга юртларда ҳақ-ҳуқуқсиз сарсон-саргардонлик ва дарбадарликка мажбур бўлди.Бу зулмга қарши ўз норозилигини билдирган ҳар қандай киши Каримовнинг террор режими томонидан йўқ қилинмоқда ёки ўз юртини тарк этиб, ўзга юртлардан бошпана излашга мажбур бўлмоқда.

Каримов режимининг жинояткорлиги 2005 йил 13 май куни Андижон воқеаларида яна ҳам яққол намоён бўлди. Президент билан учрашув умидида, ўз дардини баён этиб, очликдан, қашшоқликдан, ишсизликдан ва ижтимоий адолатсизлигу ҳокимларнинг масъулиятсизлигидан арз этиш учун йиғилган тинч намойишчиларга қарата Президент И.Каримовнинг буйруғи билан халк армияси ўз халқига қарши ўт очишга сафарбар қилинди. Унинг шахсан назоратида амалга оширилган бу оммавий қирғин натижасида минглаб бегуноҳ фуқаролар ўлдирилди, ўн минглаб фуқароларга оғир тан ва руҳий жароҳатлар етказилди.

Бу разил ва қонли жиноят – И.Каримов сиёсатини ва унинг халқ муаммоларини қай тарзда ҳал этишини яққол намоён этди.Ушбу воқеалардан сўнг, Каримов барча ОАВ учун бу фалокатни ёритишни, халқаро ахборот хизматлари учун эса Андижонга киришни таъқиқлади, бўлган воқеаларни шахсан ўзи талқин этиб, барча ёвузлик ва қон тўкилишларда диний ва дунёвий мухолифатни айблай бошлади. Мавжуд ҳукумат сохта маҳкама жараёнларини уюштириб, фожеанинг тирик гувоҳларини қамоққа ташлади.

Каримовга хос ёлғонлар ва қўрқитиш сиёсати учун бу янгилик эмас, балки 1990 йил Паркент ва Наманган тинч аҳолисига қарши, 1992 йил эса Тошкентда талабаларга қарши уюштирилган қатлиом сиёсатининг узвий давоми эди.Орадан бир неча йилларнинг ўтиши ҳам ўзбек халқининг қалбидан И.Каримовнинг бу жиноятларини асло ўчира олгани йўқ аксинча, бу ёлғон ва найранглар халқнинг диктаторга бўлган ғазаб ва нафратини оширди, холос.Тарихдан маълумки, ҳар қандай диктатор алалоқибат хор бўлган ва халқ эса бундай золимларга лаънатлар ўқиган. Биз диктатор Каримов мисолида ҳам шундай бўлажагига ҳеч ҳам шубҳа қилмаймиз.

Лекин:

А) ислоҳотларнинг тинч йўл билан амалга ошиши;

Б) мамлакатдаги барқарорлик бузилмаслиги;

В) халқнинг оммавий чиқишлари фуқаролараро тўқнашувга айланиб кетмаслиги учун

мавжуд режим қуйидагиларни амалга оширадиган бўлса:

1.Сиёсий ва диний сабабларга кўра қамалган маҳбусларни оқлаши ва озод қилиши;

2.Диний ва сиёсий сабаблар билан асоссиз равишда очилган жиноий ишларни тўхтатиш. Айни сабабларга кўра хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлганларнинг мамлакатга қайтишини қонун асосида таъминлаш;

3.Мухолиф партиялар ва жамоат ташкилотларини руйхатдан ўтказиш;

4.Матбуот эркинлигини таъминлаш, цензурани бекор қилиш;

5.Намойиш ва митинглар эркинлигини таъминлаш;

6.Мамлакатда энг қисқа муддатда эркин сайловлар ўтказиш.

Ушбу ислоҳотларнинг амалга оширилиши режим раҳбарларини ўтмишдаги сиёсий ва иқтисодий хатолар масъулиятидан озод этишга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолда ҳам, биз:

Тошкентда,Наманганда, Андижонда бегуноҳ қатл этилган ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз хотираси олдидаги, ҳамда Каримов зулмини тортган ва тортаётган яна минглаб қурбонлар олдидаги ўз бурчимизни англаган ҳолда;

Ноҳақ ва сохта айбловлар билан ўз эътиқоди ва дунёқараши учун қамоққа ташланган юз минглаб мазлум ака-укаларимиз ва мазлума опа-сингилларимизни озод қилиш йўлида;

Халққа ва инсонийликка қарши жиноий ҳаракатлар қилган ва қилаётган Каримовнинг мавжуд мустабид тузумидан Ўзбекистон халқини бутунлай халос этиш мақсадида, «Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ)» ни таъсис этдик.

Биз барча жамоат ташкилотлари ҳамда сиёсий партияларга мурожаат этамиз,

Биз Ватанимиз тақдирига, фарзандларимизнинг келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарога мурожаат этамиз:

«Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати сафларига бирлашинг! Фақат бирлашганимиздагина мамалакатда ҳуқуқий жамият барпо эта оламиз, халқимизни маънавий, сиёсий ва иқтисодий ҳалокатдан қутқара оламиз, ўз эркинлигимиз ва ор-номусимизни қайтара оламиз, ҳамда миллий бойликларимиздан халқимиз амалда фойдаланишини таъминлай оламиз.

«Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:

1. Ҳаракат фаолиятида халқимизни барча вакилларининг миллий ва эътиқодий қадриятларига, шунингдек дунёнинг ривожланган давлатларидаги башариятни ижобий тараққиётга етаклайдиган умуминсоний қадриятларга ўрин бериш.

2. Мамлакатимизда юқорида кўрсатилган қадриятлар асосида фуқаролик жамиятининг ўртага чиқиши учун ўз ҳиссасини қўшиш. Бундай фуқаролик жамиятида инсонларнинг миллий ва эътиқодий келиб чиқишидан қатъий назар ижтимоий адолатни таъминлаш, маънавий ва моддий қадриятлар орасида мутаносиблик ўрнатиш, зулмнинг ҳар қандай шаклини рад этиш, жамиятда бир шахснинг ёки табақанинг ҳукмронлигига йўл қўймаслик, эътиқодда, фикрда ва амалда ҳаддан ошишга, оғмачиликка, хурофатга ва буларга асосланган зўровонликка тўсиқ қўядиган жамият барпо қилиш.

3) ЎХҲ ўз мақсадига эришиш учун мамлакат ичидаги ва унинг ташқарисидаги барча мухолиф кучларни бирлаштириш, уларни умумий курашга сафарбар этиш ҳамда уларнинг мавжуд имкониятларини Каримов режимига қаршилик тарафига йўналтириш;

4) Халқаро ҳамжамият ҳамда халқаро сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ташкилотларнинг эътиборини Ўзбекистондаги демократия ва инсон ҳуқуқларининг ачинарли аҳволига қаратиш;

5) Каримов тузумидан у ёки бу даражада ноҳақ жабрланган ҳар қандай фуқарога имкон қадар моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

6) Каримов диктатурасини тўхтатишга йўналтирилган кенг қамровли ижтимоий ва сиёсий фаолият олиб бориш;

7) Барча қонуний усуллар билан Каримов ҳукуматининг истеъфосига ва мустабид тузумнинг барҳам топишига эришиш;

8)Ўзбекистонда сўз, фикр ва шахс ва матбуот эркинлигини тўлиқ ўрнатиш;

9) Муҳожиротдаги диний ва дунёвий мухолифат вакилларининг ўз Ватанларига муваффақиятли қайтишига шароит яратиш;

10) Каримов бошлик Ўзбекистон хукумати истеъфосини талаб қилиб Республикамизнинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида оммавий ва тинч намойишлар ўтказилиши зарурий чора сифатида кўрилади.

11) Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига аъзо бўлганлар эътиқодий ва фикрий ихтилофларини маслаҳатлашиш ва зарур бўлганда турли тоифалар орасида шартнома тузиш йўли билан ҳал қиладилар. Ҳаракат раҳбарияти Шўро-маслаҳатлашиш усулида фаолият олиб боради. Ҳаракат раҳбарлари ўз фаолиятларида якка ҳокимликка йўл қўймайдилар. ЎХҲ ўз мақсадига эришишда аввало маърифат ва ташвиқот фаолиятларига ўрин беради. Бу мақсадда ҳаракатнинг мамлакат ичкарисида ва ташқарисида ўз бўлимларини очиши мақсадга мувофиқдир.

 

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Дастурига

                    

                        Илова

(Ўзбекистон Халқ Ҳаракати давлат бошқарувига келганда амалга оширадиган ишлар режаси)

Янги ҳукуматнинг сиёсатидаги асосий йўналишлар қуйидагилардан иборат бўлади:

Сиёсий тизимнинг ислоҳоти, аввало сайлов тизимининг ва сиёсий ҳокимиятнинг, шу жумладан қонунчи чиқарувчи ҳокимиятнинг ислоҳоти.

Иқтисодий тизимнинг ислоҳоти, аввало ерга эгалик масаласини, ер сифатини қайта тиклашни эътиборга олиб, қайта ислоҳ қилиниши.

Ҳокимиятнинг тинч алмашуви ва ҳокимият тармоқларининг мустақиллигини кафолатлаш мақсадида мавжуд Конституцияни ислоҳ қилиш.

Иқтисодий тизимларни  мукаммаллаштириш, иқтисоднинг реал ўсишига ва халқ фаровонлигини оширишга эришиш.

Пораўрлик билан курашиш. Биринчи навбатда порахўрликни мансабдорлик “ҳимоясидан” чиқариш ва давлат органларига бўлган ишончни қайта тиклаш.

Ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш. Аввало камбағалликни тугатиш, энг кам маош миқдорини ёки ижтимоий таъминотни инсонларнинг кундалик эҳтиёжларини таъминлайдиган даражага, яъни яшаш минимуми даражасига олиб чиқиш.

Фуқаровий жамият, матбуот эркинлиги ва эътиқод эркинлигини устувор қадриятлар ўрнида кўриш.

Миллий озчиликни ташкил қилувчи барча тоифаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятнинг тараққиёти ва гуллаб яшнаши учун ижтимоий бирликни йўлга қўйиш.

Давлат мафкураси ижтимоий ранг барангликка таянган бирликдан туғиладиган фуқаровий жамият қуришга асосланади.

 

СИЁСИЙ ИСЛОҲОТЛАР

Сиёсий ислоҳотларнинг негизи ҳуқуқ асосида сиёсий тизимни мукаммаллаштириш ва ҳокимиятнинг бутун тизимларини назорат қилиш усулини яратиш, шу жумладан бундай назоратда жамоатчилик қатнашувини таъминлашдан иборат бўлади.

ЎХҲнинг халқимизга таклиф қиладиган сиёсий ислоҳотларидаги муҳим ўринлар ушбулардан иборатдир:

–          Инсонларнинг сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

–          Эркин сайловларни ва адолатли сиёсий кураш шароитларини таъминлаш.

–          Фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш ва маҳаллий ҳокимият тизимларнинг эркин сайловларга асосланиши таъминлаш.

Иқтисоддаги шошилинч ва яқин вазифалар:

Иқтисодни тез тараққий қилдиришга  аввало хом ашё сектори эмас, уни қайта ишлашнинг янги механизмларини яратиш орқали эришиш. Бу мақсадда мамлакат маҳсулот ишлаб чиқариш имконларини тараққий қилдириш ва қайта шакллантириш Фондини тузиш.

Бу мақсадда келажакда мамлакат бюджетида пахта етиштириш, нефть, табиий газ сотишдан келадиган даромадларнинг ҳиссасини камайтиришга эришиш.

Қишлоқларни ижтимоий қайта тиклашнинг янги дастурини ишлаб чиқиш. Бундай дастур қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишни ва ерга хусусий мулкчиликни ҳам ўз ичига олади.

Чет эллик инвестиция учун қулай шарт ва шароитлар яратиш. Бозор иқтисоди жорий қилинган мамлакат мақомини қўлга киритиш.

Ҳукуматнинг ёрдамида кичик ва ўрта тадбиркорлик ва тижорат тараққиёти учун шарт ва шароитлар яратиш.

 

ҲУҚУҚ СОҲАСИ

Фуқароларнинг жони, дини, ақли, мол мулки, насаби ва шарафининг дахлсизлигини адолатли қонунлар билан таъминлаш.

 

ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Ҳарбий кучларни (Армияни), ИИВ ва МХХ тизимларини ислоҳ қилиш. Мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бюджет харажатларини мумкин қадар жамоатчиликка ошкор қилиш.

Ҳарбийларнинг профессионаллигини ошириш, ҳарбий кучларни шартнома асосида қайта тузишга эришиш.

 

ИЧКИ СИЁСАТ:

Ички сиёсатнинг устувор йўналишлари:

-Мамлакат фуқароларининг  кундалик ҳаётини яхшилаш.

-Ўрта маош миқдорини кундалик турмуш эҳтиёжларига ва инсонларнинг истъемол талабларига мувофиқ даражасига келтириш.

-Энг кам маош миқдорини ва пенсионерларнинг маошини турмуш эҳтиёжларини таъминлайдиган даражага келтириш.

-Мамлакатда камбағаллик ва ишсизлик даражасини камайтириш.

-Мамлакат уй жой фондини ислоҳ қилиш ва янги уй жой дастурини ишлаб чиқиш.

 

ОИЛА ВА АЁЛЛАР МАСАЛАСИ

-Инсонларнинг онгини ва дунёқарашини халқимизнинг миллий, маънавий қадриятлари, умуминсоний қадриятларнинг ижобий жиҳатлари ва минг йиллар давомида шаклланган урф одатларимиз доирасида тараққий қилдириш.

-Бу шаклда яхши ахлоқ ва замонавий тараққиётнинг ижобий жиҳатларини ўзлаштирган шахсларнинг оилавий ҳаётига ёрдам бериш.

-Оилани қўллаб қувватлаш давлат дастурини ишлаб чиқиш. Ёш болалари оналарни ижтимоий ёрдам билан таъминлаш

-Аёлларни жамиятнинг тенг ҳуқуқлари аъзолари сифатида кўриш.

-Қиз болаларнинг таълим тарбия олишида ўғил болар билан ва аёларнинг ишлаш ва бошқа ижтимоий фаолликларида эркаклар билан айни ҳуқуқларга эга бўлишига эришиш.

 

ТАЪЛИМ- ТАРБИЯ СОҲАСИ

Мактаб ислоҳотини амалга ошириш:

-Таълим ва тарбиянинг бутун босқичларида дунёвий ва маънавий илмларни ўзаро мутаносиб ва мўътадил шаклда ўргатиш.

-Янги авлодларнинг ўқувчиларнинг ва талабаларнинг қобиятларига кўра турли соҳаларда ҳунар эгалари, ўрта ва олий даражадаги мутахассислар бўлиб етишишига эришиш.

-Таълим ва тарбияни давлат ва хусусий мактабларда амалга ошириш. Бунда таълим ва тарбиянинг қаерда берилишига қарамасдан айни савияда ўргатиш.

-Янги авлодларни яхши ахлоқ, ватанга муҳаббат, ижобий инсоний қадриялар (тўғрилик, адолат, меҳнатсеварлик ва ҳк) руҳида тарбиялаш.

 

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВА ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

-Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш мақсадида атроф муҳитнинг, ҳаво, ичимлик суви ва озиқ-овқатнинг табиийлигини қўриш.

-Бу мақсадда профилактик тиббиёт ва соғлом яшаш тарзини тараққий қилдириш.

-Тиббий ёрдамнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча давлат касалхонлари ва хусусий касалхоналарда айни савияда берилишига эришиш.

  Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ушбу дастурнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат, деб билади:

– Жамоатчилик ташаббусини ривожлантириш орқали ўзбек жамиятини тараққиётга етаклайдиган мафкурий асосларни йўлга қўйиш.

-Сиёсий партиялар ва нодавлат жамоатчилик уюшмаларидан иборат жамият  тизимлари фаолиятининг ҳуқуқий ва сиёсий асосларини яратиш.

 

ИЗОҲ:

 Ҳаракатимизнинг иккинчи қурултойига иштирок этадиган барча аъзоларимиз ушбу Низом ва Дастурнинг бир нусхасини принтер қилиб олиши лозим бўлади. Қизил ранг билан кўрсатилган бўлимлар Низом ва Дастурга таклиф қилинаётган ўзгартиришлардир.