Ўзбекистон халқи визасиз қўшни давлатга чиқа олмайди

Ўзбекистон халқи визасиз қўшни давлатга чиқа олмайди
90 views
27 June 2012 - 10:35

Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистонга борадиган фуқаролар учун чиқиш визаси олиш тартибини жорий қилди. Бу ўзгартишга қадар, ўз паспортида чиқиш визаси бўлмаса-да, ўзбекистонликлар қўшнилар ҳудудига ўтиши мумкин эди.

27 июн куни республика нашрларида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг МДҲ ҳудудига, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи хориж фуқароларининг чет элга чиқишига оид вақтинча Йўриқнома” нинг 1 июндан бошлаб кучга киргани айтилмоқда.

Ўзбекистонда фуқароларни биометрик паспорт билан таъминлаш жараëни тугатиладиган 2015 йил охирига қадар амал қиладиган бу Йўриқномага кўра¸ учала қўшни давлатга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар паспортида чиқиш визаси бўлиши шарт.

Йўриқномага кўра, Қирғизистонга чиқувчилар бу мамлакатда 60 кундан кам қоладиган бўлса, чиқиш визаси талаб қилинмайди.

МДҲнинг бошқа давлатларига саëҳат қилиш тартиби ўзгармаган ва бундан кейин ҳам Ўзбекистон фуқаролари ўзаро виза тартиби жорий этилмаган Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Молдова, Россия, Украина ва Грузияга чиқиш визаси бўлмаса ҳам боришлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиш тартибига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, 16 ëшгача бўлган фуқаролар давлат чегарасидан ташқарига чиқиш учун  нотариус томонидан тасдиқланган ота-она розилигига эга бўлиши шарт.

Мазкур ўзгартишларга оид тафсилотларни Озодлик саҳифасида кузатиб боринг.

 

ozodlik.org