Қозоғистондан экстрадиция этилган Шерзод Шерназаров 9 йилга қамалди

Қозоғистондан экстрадиция этилган Шерзод Шерназаров 9 йилга қамалди
21 views
04 July 2012 - 14:48

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти тарқатган хабарларга кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг аппеляция судлов ҳайъати диний радикал оқимларга мансубликда айбланган Шерзод Шерназаровга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди.
Ўтган йили Қозоғистондан экстрадиция этилган асли Чирчиқлик 34 ёшли маҳкум 2011 йилнинг ўзида Қибрай тумани суди томонидан 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди. Маълум бўлишича, Шерзод Шерназаров 2009 йилда “Ваҳҳобийлик” диний оқимига мансубликда айбланиб, қамалган Чирчиқ шаҳар имом-хатибини ўзининг хусусий машинасида олиб юриб, унга ҳайдовчилик қилган.
Шерзод Шерназаров ўша ҳодисадан сўнг ҳуқуқ-тартибот идораларининг диққат-эътиборига тушиб қолган. Бир неча бор сўроқ қилингач, рафиқаси Хурсандой билан Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрига чиқиб кетган ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ваколатхонасидан бошпана сўраган. Шерзод Шерназаровга қочқинлик мақоми берилган, бироқ Олма-ота шаҳар судининг қарори билан унинг мақоми бекор қилинган.
2010 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон томони талаби билан Қозоғистон “ҳуқуқни муҳофаза қилиш” идоралари томонидан ҳибсга олиниб, ўтган йилнинг кузида Ўзбекистонга экстрадиция этилган. Экстрадиция этилганлар орасида Шерзод Шерназаров ва унинг хотини билан бирга яна икки ўзбекистонлик ҳам бўлган.
“Эзгулик” ташкилотининг билдиришича, қолган икки нафар қочқиннинг шахси маълум эмас, бироқ улар ўзлари яшаётган туман маҳкамасида суд қилинаётган бўлишлари мумкин.
Ташкилот вакили Абдураҳмон Ташанов ўзларидаги маълумотларга таяниб, Шерзод Шерназаровнинг ҳозирча “Тоштурма”да экани, жазони ижро этиш муассасасига юборилмаганини ҳам айтади. Унга кўра, Шерзод Шерназаровнинг онаси Мунаввара ая ўзларига келини Хурсандойнинг ҳам “Ваҳҳобийлик” диний оқимига мансубликда айбланаётганини маълум қилган.

Яна 29 қочқин

Худди ўша йили Қозоғистондан экстрадиция этилган 29 нафар ўзбекистонлик қочқин эса, аллақачон 5 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоларига ҳукм этилишган.
Яқинда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси 2011 йили Қозоғистондан экстрадиция қилинган қочқинларни ортга қайтариш ва уларга товон пули тўлаш талаби билан чиққан эди.
Қўмита маҳбусларга нисбатан қийноқлар мунтазам қўлланилувчи Ўзбекистонга бошпана изловчиларнинг қайтарилишини ҳам қоралаганди.
2010 йилнинг июнь ойида Қозоғистон Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг сўровига асосан 28 нафар бошпана изловчини ҳибсга олганди.
Бир йиллик ҳибсдан сўнг 2011 йилнинг 9 июн куни Қозоғистон Бош прокуратураси уларни Тошкентга экстрадиция қилган эди. Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 қочқинга “диний экстремистик ташкилотларга аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилиш қилиш” каби айбларни илгари сурган эди.
Қозоғистон томони бошпана изловчиларга қочқинлик мақоми бермади ва ушбу қарордан шикоят қилиш учун барча жараёнлардан ўтишга имкон берди.
Аммо бошпана изловчилар барча маҳкамаларда ютқаздилар ва орадан роппа-роса бир йил ўтиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилиндилар.
БМТ Қочқинлар Агентлиги бошпана изловчиларга берган қочқинлик мақомини бекор қилди.