Обидхон Қорига суиқасдда ўзбек жуфтлиги айбланади

Салкам олти ойдан бери давом этаётган тергов-суриштирув ишларидан сўнг ниҳоят Остерсунд суди ҳибсга олинган жуфтликга нисбатан айблов эълон қилиш қарорига келди.

Обидхон Қорига суиқасдда ўзбек жуфтлиги айбланади
53 views
05 July 2012 - 16:54

Шу йилнинг 22 февраль кунида Швециянинг Стромсунд шаҳри яқинидаги аҳоли пунктларидан бирида таниқлик ўзбек имоми Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд уюштирилганди. Имомнинг ўзбеклар орасида тутган ўрни, унинг тарафдорлари сонининг кўплиги каби жиҳатларидан келиб чиқиладиган бўлса, бу суиқасднинг ортида Ўзбекистондаги жиноятчи режим турганлиги аниқ эди. Ҳар қалай, муҳожиротдаги ўзбек мухолифати айни мана шу фикрда қатъий турди. Шу йилнинг май ойида Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасдга кўмаклашганликда гумонланган бир нафар эркак ва аёлдан иборат ўзбекистонликлар, яъни эр-хотин ҳибсга олинганди. Лекин шу вақтгача асосий айбдор, суиқасднинг бевосита иштирокчиси бўлган Ўзбекистон режими томонидан ёлланган қотил қўлга олингани йўқ.

Салкам олти ойдан бери давом этаётган тергов-суриштирув ишларидан сўнг ниҳоят Остерсунд суди ҳибсга олинган жуфтликга нисбатан айблов эълон қилиш қарорига келди. Бу ҳақида тергов томони Швед телевидениясига маълумот берган.

“Суиқасд сиёсий эди”, – деб хабар берди шу йилнинг 5 июнь кунида Швед телевиденияси, – “Жума куни Остерсундда Обид қори Назаровга нисбатан уюштирилган суиқадсга ёрдам берганликда гумонланаётган жуфтликка нисбатан айблов эълон қилишга қарор берилди”, – дея бошланади телевидения лавҳаси. Ушбу хабар билан швед тилини биладиган муштарийларимиз  қуйидаги линк орқалик танишишлари мумкин:  http://www.svt.se/nyheter/regionalt/jamtlandsnytt/par-atalas-for-imamdad

“Тергов-суриштирув ишларининг боришида асосий омил унинг сиёсий сабабларга эга эканлигига қаратилди. Назаров  Ўзбекистонда таниқлик диний уламо ва диссидент саналади ва у 2006 йилда Швецияга келганди.  22 февраль кунида унинг бошига ўқ узилди ва ҳозирги кунларда ҳам касалхонада сақланмоқда. Унинг жонига суиқасдда айбланаётган асосий айбдор эса сиртдан қамоққа олинган. Исми эълон қилинмаётган бу шахс Шарқий Европа мамлакатларидан бирида ва ҳозирда у қидирувга берилган”, – дейилади Швед телевидениясининг маълумотида.

Имомга нисбатан уюштирилган бу суиқасд нафақат швед жамоатчилигини, балки бутун Европа жамоатчилигини ҳам ғазаблантирди. Ислом Каримов раҳбарлик қилаётган жиноятчи режим дунёнинг турли бурчакларида бўлсин, жиноят содир қилишдан қайтмайдиган гуруҳ эканлиги кўпчиликга ошкор бўлиб бормоқда. Бу режим Ўзбекистон ичкарисида ўлдираётган одамларининг ҳисобини ўзи ҳам билмайди, лекин чет элларда киллер ёллаш билан Обид қори Назаровгача Фуад Рустамхўжаев (Россиянинг Иванова шаҳрида) ва журналист Алишер Соиповларнинг (Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида) ҳам ўлдирилишида айбдордир. Россия ва Қирғизистон терговчилари ўзимизнинг ўзбек терговчиларидан сира сира фақр қилмасликлари боисидан бу қотилликлар шундоқгина ёпиб юборилган бўлсада, швецияда  ўзбекона иш кўришлар мутлоқ бегонадир. Чунки бу мамлакатда полиция ва тергов органлари ходимлари пора олишмайди. Демак, яқин орада Обид қори Назаровга нисбатан уюштирилган суиқасд ҳақида янги маълумот ва тафсилотлар ҳам чиқиб қолса ажаб эмас.

Тўлқин Қораев

Швеция