Афғонистон: Бадахшонда Ўрта Осиёга таҳдид солиши мумкин бўлган жанггариларнинг тўплангани кузатилмоқда

Афғонистон: Бадахшонда Ўрта Осиёга таҳдид солиши мумкин бўлган жанггариларнинг тўплангани кузатилмоқда
54 views
07 July 2012 - 10:44

Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон провинциясига Покистондан 150-200 кишилик қуролланган гуруҳ ўтди, дея хабар беради Озоди ( Озодлик радиоси тожик тили хизмати) афғон хавфсизлик тузилмаларидаги манбага таянган ҳолда.

Гуруҳ йўли олис ва қийин бўлган чекка Варзич дарасида бошпана топган, унинг таркибида “Толибон”, “Жамоати Ансоруллоҳ” ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатнинг жанггарилари – афғонлар, тожиклар, ўзбеклар ва чеченлар бор.

Озоди суҳбатдоши тақдим этган маълумотга кўра, жанггарилар Ишкашим, Шуғнон ва Дарвоз уездлари орқали Ўрта Осиё мамлакатларига киришни мақсад қилиб олганлар. Ҳозир улар қўшни республикалар ҳудудларида фаол ҳаракат олиб боришга тайёрланаяптилар.

Олдинроқ бу гуруҳ Бадахшондаги афғон полицияси бўлинмалари билан жангга кирган, бир неча жанггарилар ўлдирилган. Расмийлар уларнинг шахсини аниқлай олмаган. Шу билан бирга, 4 июль куни Қирғизистоннинг “Ватанни қутқариш халқ қўмитаси” дея аталувчи ташкилотнинг лидери Абдимажид Мадмаров 4 июль куни матбуот анжумани ўтказди ҳамда афғон хавфсизлик кучлари маълумотига таянган ҳолда Афғонистоннинг шимоли-шарқида Қирғизистонга ташланиши режалаштирилаётган жанггарилар гуруҳи пайдо бўлганини маълум қилди.

“Афғонистоннинг шимоли-шарқида “Шива” довонида, шунингдек, Толуқан, Файзобод ва Баҳорак шаҳарларида Қирғизистоннинг жанубига ташланиши режалаштирилаётган жанггари гуруҳлар ҳамда ўқ-дори омборлари бор. Ўш вилоятининг Чўнг Олой ва Новқат районларида ҳар бирида 200-250 тадан жанггари тўпланган иккита лагерь бор”, – деди Мадмаров.

 

fergananews.com