Қурултой таъсиридаги туғёнлар

Қурултой таъсиридаги туғёнлар
54 views
09 July 2012 - 10:50

Аллоҳ насиб қилиб, 2012 йил 29-30 июнда бўлиб ўтган Прага қурултойига қатнашдим. Биринчи қурултойда қатнашмасам-да, ўзимни шу Ҳаракат ичида сезганман ва Ҳаракат аъзолари билан алоқа боғлаб, улар билан ҳамнафас эканлигимни изҳор этганман. Мақсадим аввалдан ноқонуний бошқарилаётган давлатни ағдариш ва унинг ўрнига хақ-хуқуққа асосланган демократик давлатни тузишга ўз хиссамни қўшиш бўлган. Ва шу ниятимда қолиб, мустабид тузумга қарши то ғалабагача курашни давом эттираман, иншоаллоҳ!

2011 йил май ойи охирида  бўлиб ўтган муҳим тарихий воқеликнинг бошланишиёқ иқтидордаги диктатура режимини жазавага тушириб қўйган эди. Шу нарсанинг бўлишини билганидек, режим малайлари аввалдан тайёргарлик кўриб, кутиб туришди. Кутилмаганда қонхўр диктаторга қарши ундан зулм кўрган гуруҳлар бирлашиб, диктаторнинг ашадий душмани бўлмиш Муҳаммад Солиҳни ўзларига сардор қилиб сайладилар. Бу ходиса ўз ватанидан нарига чиқмаган, темир қўрғонда яшаётган миллионлаб мазлум маҳбусларга озодлик шамолларини олиб келди. Уларнинг диққинафас кўкрагига шамол теккандай бўлди. Талвасага тушган малайлар эса, худди ўша кун “Янги дунё” сайтида “Торонтода туркистонликлар жамоаси ташкил топди”, деган мақолани эълон қилишди.

Жаҳон сиёсий майдонида сиёсий ўйинлар жангги бошланди. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига қарши жазавага тушган ўйинчилар турли мақомларда жиппанглай бошлади. Минг мақом қилгани билан уларнинг ўйини Хоразмча лазгидан нарига ўта олмади. Америка Қўшма Штатларидан элчихона вакилларини йил давомида икки марта чақириб, Торонтода зиёфат берсалар ҳам. Тўғри, озгина манфаат эвазига алданиб,  ёки “уюштирилган Ойначининг кўппаклари” хужумидан қўрқиб, кутилмаганда сиёсий майдонни тарк этганлар ҳам бўлди. Уларнинг кимлиги ҳаммага аён. Ватан ичкарисидаги халқимизга ҳам.

Улар давлат бошқаришга қодир эмас. Уларнинг олий мақсади – Андижоннинг янги “Ўзбекистон”, (собиқ Победа кўчаси) деб номланган кўчасига қурилган уйларни сотиб олиб “маза” қилиб яшашдан иборат холос. Бунинг учун эса иқтидордаги хукумат  билан келишишга “мажбур”лигини кўрсатиб қўйди.

Тарихда СОТИЛМАС деб ном олган одамларнинг номи саноқли. Буюк Француз революциясида халқ ишончини оқлаб, сотилмас, деб ном олганлар Марат ва Робеспьерлар бўлса, диктатор Сталиннинг бутун ножўя қилмишларини ювиб турган нарса унинг битта хақ сўзидир. У ҳам бўлса “…маршални оддий солдатга алмаштирмайман”, деб айтган тарихий сўзи.

Замонамиз қахрамони Муҳаммад Солиҳ эса ўз фаолиятидан воз кечмаслик эвазига ўзининг бегуноҳ, жонажон укаси Муҳаммад Бекжонни Каримовнинг даҳшатли турмасида азоб гирдобида ушлаб туришга сабаб бўлмоқда.

Сотқинларнинг номлари эса беҳисоб. Золимни золим, деб айтолмаган мунофиқларнинг ҳолига вой!

Бир вақтнинг ўзида қонхўр ва мазлумни севишлик ўта жирканч фожеа. Менман деган журналист ёмонликка нисбатан бефарқ қараб тура олмайди. Қалби эзгуликка тўла иқтидор соҳибларигина журналистдир. Иқтидорни Аллоҳ уларга омонат қилиб топширган. Гапиринг хақиқатни! Бекорга айтишмайди журналистлар ҳаёт санитарлари деб.

Эй, ўзини журналист санаган қулвачча! Аросат ботқоғида қолганлигинг ҳаммага аён. Ҳатто ўз касбдошларинг ҳам сени номигагина “ ҳурмат” қилади.

Ҳозир гапира олмасанг-да, пойлаб турибсан ўлган куни гапираман деб. Афсуски ҳайитдан кейинги хина ўзгалар диққатига сазовор эмас.

Қайтариб айтаман, Биринчи Қурултойга таклиф этилмасам-да, (унинг хужжатлари чатоқ, деб менинг учун жавоб беришган экан айрим “дўстлар”) Иккинчи қурултойга таклиф этилдим. Маслакдошлар билан яқиндан танишдим. Айниқса, Ватандан келган ватандошларнинг жозибали сиймоси қалбимни ларзага солди.

Тўғри, мавжуд сабабларга кўра уларнинг суратлари олинмади. Шунга қарамай, уларнинг анжумандан нажот кутиб мўлтиллаб турган умид, ишонч тўла кўзлари ҳали-ҳали кўз олдимдан кетгани йўқ. Демак, бутун Ўзбекистон биз бошлаган Ҳаракатдан  нажот кутмоқда. Нажот бер Аллоҳим, нажот бер!..

Айрим даканчалишлар менинг бу сўзларимдан кулиши ҳам мумкин, аввал сафдошларим устидан кулганидек. Улар Худо номи қўшилиб ёзилган ҳар бир мақолага мазах билан жавоб беришмоқда. Ислом ва демократия бирлаша олмайдиган жараён, деб ўйлайди улар. Ваҳоланки, улар ўзларини мусулмон деб санасалар-да. Бунга Муҳаммад Солиҳнинг қурултойдаги гўзал жавоби кифоядир: “Куфр билан ёнма-ён яшаб келаётган Ислом наҳотки демократия билан келиша олмас экан?”

Тўғри-да, балки демократиянинг ўзи Исломни хоҳлаб қолар…

Ташқаридан қараганда, Ислом қўрқинчли бўлиб кўриниши мумкин. Ичига кириб олганда-чи? Қайтиб чиққинг келмайди. Жалолидин Румий ёзишича, хожасига эргашиб кетаётган  мусулмон қул йўлда масжидни кўриб қолиб, ичкарига кириб, икки ракаат намоз ўқиб чиқишга руҳсат сўрайди. Хожаси руҳсат беради. Қул эса ҳа деганда чиқавермайди. Хожаси диққат бўлиб чақиради. Қул чиқолмаслигини айтади. Чиқмаслигинга ким монеълик қиляпти, деб сўрайди хожа. Қул жавоб беради: ўша сени киришингга монеълик қилаётган нарса, деб.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, куфр бор экан, Исломнинг бўлиши муқаррар. Ислом бўлмаса-чи? Демак унда ҳаётнинг ҳам кераги йўқдир балки. Ҳар ким ўзига хон, ўзига бек. Бугун “отангиз” Худо томонидан қўйилган подшо, даврни сураверсин Гулнора пошша!..

Шундайми? Шунга розимисиз? Рози бўлсангиз жонингизни эҳтиёт қилинг! Ҳаётлигингизда тўкилмаган қон, қабрга борганда барибир чириб тўкилади. Эҳтиёт қилган жонингизни Аллоҳ Жаброҳил а.с. воситасида сассиқ тўшагингизда ҳам суғириб олиши мумкин.

 

Тоғбой Абдураззоқ