Энди қовун туширмайсан, халқим

Энди қовун туширмайсан, халқим
61 views
09 July 2012 - 21:27


ИБОРАЛАР

Худога шукр,
Энди қовун туширмайсан, халқим,
Негаки, Қовуннинг ўзи йўк сен туширадиган.
Худога шукр-ки, бундан буён
Тарвузинг ҳам тушиб кетмас қўлтиғингдан,
Чунки,
Тарвузи қўлтиғидан тушмас
Тарвузи йўқ одамнинг.
Бундан кейин энди сен, халқим,
Аҳволинг хақида бировга
Оғзингдан гуллаб ўтирмайсан,
Нега-ки,
Гуллайдиган нарсанинг ўзи қолмади мулкингда.

ТАНИШУВ

Беозор одам.
Ҳокисор,
Камсуқум,
Тортинчоқ одам.
Қадди руҳи каби чўккан одам.
Кўзлари пирпираб турувчи одам.
Ҳазили ҳазин одам.
Соғлиги синиқ одам…
Ниҳоят, мен сени танидим, халқим!

КЎЧМАНЧИ МАЁҚЛАР

Маёқ
Саёк бўлса,
Ҳолимиз ёмон,
Маёқ – булут каби кўкда дайдиса…
Саҳролар устига шаҳарлар қўниб,
Шаҳарлар устини босар сахролар…
Шаҳарлар ўша дайди булутнинг сояси мисол
Саҳродан-саҳрога,
Саҳродан-саҳрога
Кўчар дарбадар.
Маёқ
Саёқ бўлса,
Ҳолимиз ёмон.
Маёқ саёқ бўлса,
Кеча “авлиё” деб улугғланган зот
Бугун “фирибгар” деб эълон этилар.
Маёқ
Саёқ бўлса,
Ҳолимиз ёмон,
Маёқ
Таёқ бўлса.
Ундан ҳам ёмон…

ЙЎҚ НАРСАЛАР

Йўқ нарсалар эзар бизни…
Дейлик, бир Ватан эзар,
Бир бошпана эзар юрагимизни.
Бир меҳр эзар бизни самимий,
Бир карами эзар Оллоҳ Таолонинг.
Йўқ нарсалар босар елкамизда бизнинг,
Йўқ нарсалар эзар юрагимизни.
Йўқ нарсалар оғир бўлар,
Йўқ нарсалар оғир…
Бир ишонч эзар бизни зил каби,
Бир эътиқод эзар тоғдан ҳам улуғ,
Тегирмон тошидай бир озодлик эзар
Ҳарсанг тошдай бир бахт эзар юракларни.
Йўқ нарсалар эзар бизни,
Зеро,
Мавжуд нарсаларнинг йўқ эрур вазни.

ҚЎРҚИНЧЛИ ТИНЧЛИК

Кўчада кимдир
Ваҳший овоз билан бўкирар тинмай:
“Яшасин тинчлик!
Тинчлик!
Тинчлик…!”
Буни эшитиб, бошимизга
Қўрқинчли, қўрқинчли ўйлар келади…

ҚИЗИМГА
Нега йиғлаяпсан, қизим?
Айт, сен нега йиғлайсан ўзи?
Aхир тушунмайсан-ку, ҳали
“Ватан” сўзини?
“Халқим”,
“Юртим” деган тушунчалар
Сенга ёт-ку, ҳали,
Нега йиглайсан?
“Эрк” деган сўз ҳақида ахир,
Тасаввуринг йўқ-ку, ҳали,
Нега сен беҳуда кўз ёш тўкасан?

АСОССИЗ АСР

Ғазаб,
Ғазаб,
Ғазаб…
Ва
Шалоғи чиққан асаб –
Асрнинг энг ёрқин, ўткир қирраси.
Бошқа ҳеч нарса йўқ…
Гулдан лаззатланмоқ – хотира
(Ярми унутилган туш каби хира)…
Ҳар ким ўз нонини ейди ботириб
Зардобга
Зардобга,
Зардобга…

КУЛГУЛИ УТМИШ

Бугун, 1993 йилда туриб, эски қўлёзмаларимни титкилар эканман, 1988 йилда ёзилган шундай сатрларга кўзим тушди:
Бугун
Ватанингдаги ҳар бир қарич ер
Заҳарли жилмаяр кўзингга боқиб.
Бугун Атиргул ўзининг тўрт-бешта тиканини
Қонли бир жанг учун ҳозирлар найзадай.
Бугун
Боғларингдаги булбуллар
Йўлбарсдай ириллар сайраш ўрнига…
Бу сатрлар рус империяси зулмига қарши ёзилган эди. Бугун биз империядан халос бўлиб, “мустақилларча” яшаяпмиз. Ҳозир заҳарли (дефолянтлар туфайли бўлса керак) жилмаяаётган ер ҳам, ўзининг турт-бешта ожиз тиканлари билан кимгадир таҳдид қилаётган нодон гул ҳам, сайраш ўрнига йулбарсдай ириллаётган асабий булбул ҳолати хам ичак узгудай кулгули кўринади…
Чунки, бу “персонаж”лардаги пафос империя билан бирга йитди; юксак трагизм ўрнини, тубан комизм эгаллади. Ўзбекистондаги бугунги тузум ернинг “заҳарли жилмайиши”га, “атиргулнинг фидокорлиги”га ва “булбулнинг шижоати”га арзимайди.

ДЕЯРЛИ ШЕЪР

Энди эркинман қарийб,
Қўлда кишаним йўқ деярли.
Баъзан ўпкам тўлиб, ийиб,
Мавжудот излайман суярли.
Қарийб қўшиқ айтаман,
Қарийб мен ҳамма қатори…
Ватаним қарийб—чаман,
Қарийб халқимнинг бор ори.
Деярли авлод бор, мана,
Деярли келажаги порлоқ,
Авлодлар қарийб лаънат
Ўқимас бизларга, руҳ чорлаб.
Деярли жойида юрак,
Кўзларим деярли жойида.
Ватаним деярли керак,
Қарийб мен унинг лойидан…

ЧАП ЁНИ БИЛАН УХЛАЁТГАН ОДАМНИНГ ТУШИ

Яланғоч оломон
Ўртага олиб,
Сазойи қиларди уни—
Якка-ю ягона кийимли одамни:
Уни нуқишарди тўрт томонидан,
Кийимидан кулишарди бахти қаронинг,
Бу—
Башарнинг энг соғлом кулгуси эди…

САРОЙ ШОИРИГА

Тишинг оғриғидан ҳам манфаат изласанг
, Қулоғинг оғриғидан ҳам кўзласанг фойда,
Қоқилиб кетсанг-у, ҳатто шундан ҳам
бир ҳикмат ахтарсанг, бўлгулик ибрат,
Хасис бир судхўрдай нафасинг ютиб,
Қулоқ солиб турсанг ошқозонингга,
Бирон бир лоҳаслик,
Ё бир оғир дард,
Қидирсанг…
тополмай, пир бўлса ҳафсаланг—
Шубҳасиз, бадавлат бўлурсан бир кун…
Шубҳасиз, йўталиб,
Шу йўталдан ҳам
Тилла узукчалар ясайсан ҳали.

МЕНГА ХАМ РАҲМ ҚИЛИНГ!

Мен яқинларимга ачинаман…
Бола-чақамга ачинаман…
Дўстларимга ачинаман…
Халқимга ачинаман…
Юртимга ачинаман…
Мени бу ачинишлар тобора ўлдирар…
Менга ҳам жиндай раҳмингиз келсин, деб бакиргим келар,
Менга ҳам шафқат қилинг озгина—
Бу қадар раҳмимни келтирманг менинг…

ҲАЛИГИ НАРСАЛАР ҲАҚДА
(Ҳалигидай мамлакатда ёзилган шеьр)
Учовлан кетар эди кўчадан аста-аста,
Гаплашар эдилар секин-секин
Ҳалиги нарсалар ҳақда…
Учаласи ҳам атрофга боқар эди ўқтин-ўқтин,
Гўё ҳалигидай ерларда
Ҳалигиларни куриб коладигандай –
Бошларига ҳалигидай-ҳалигидай хаёллар келар эди…
“Албатта, ҳалигидай деб ўйлашнинг ўзи ножоиз,
Ахир, ҳар ҳолда,
Дунёда ҳалигидай нарсалар бор,
Мабодо, ҳалигидай бўлса…
аммо….
аммо..”
Атрофда эса, ҳалиги…
куз эди,
Ҳаво гўзал эди мислсиз,
Дарахтлардан… ҳалигилар тўкилар эди,
Худди
Уларнинг кўксидаги
Ҳалиги
нарсалар
каби …

ЭДИ…

Буюк бир Чинордай эди Тарих,
Соясида ястаниб ётар эди миллат,
Ширин-ширин хаёллар сурар эди,
Боболарини кўрар эди
Чинорнинг бурушиқ танасида,
Унинг япроқлари шивирида
Туяр эди аждодлари қиличин жарангин,
Кўксини шукуҳга тўлдирар эди сояда ётганларнинг,
Чинорнинг юксаклиги,
Улуғворлиги,
Сояда ётаркан
Миллат хам ўзини тобора,
тобора юксалаётгандай ҳис қилар эди…
Гўё миллат хам тарихга айланган эди…

 

Мақсуд Бекжон

ЎХҲ Норвегия бўлими раиси