Ислом Каримов КХШТга: “Мени кутгил ва мен қайтарман”….ми?

Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги фаолиятини тўхтатди. Каримовни бу қарорга келтирган омиллар, ҳозирда Россия ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги етакчи сиёсий таҳлилчилар ҳамда журналистлар учун қизиқарли мавзуга айланган.

Ислом Каримов КХШТга: “Мени кутгил ва мен қайтарман”….ми?
87 views
11 July 2012 - 9:05

Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги фаолиятини тўхтатди. Каримовни бу қарорга келтирган омиллар, ҳозирда Россия ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги етакчи сиёсий таҳлилчилар ҳамда журналистлар учун қизиқарли мавзуга айланган.

Айниқса тоталитар Россиянинг сиёсий таҳлилчилари диктатор Ислом Каримовнинг бу қадамини баҳолашдан чарчашмаяпти. Уларнинг аксариятининг фикрича,  Каримов АҚШ ва НАТО мулозимларининг ишончига яна қайтадан кирмоқчи ва шунинг учун КХШТдаги аъзолигини тўхтатди.

Эътиборингизга ҳавола қилаётганимиз, Россиянинг “Голос России” радиоси дастуридан олинган.

Бу радиодастурда, бошловчи   Михаил Шейнкман ва “Независимое военное обозрение” газетасининг масъул муҳарири Виктор Литовкин Ислом Каримов ва КХШТ ўртасидаги муносабатлар ҳақида фикрлашадилар.

Радиодастур ўзбек тилига эркин таржима қилинган.

Ўзбекистон КХШТдаги аъзолигини тўxтатди

Студияда шарҳловчи Михаил Шейнкман.

Ўзбекистоннинг КХШТдаги (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) фаолиятини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорини тиниқ осмонда ногоҳон чақнаган чақмоқ деб аташ, анчагина муболағалидек. Тошкент ҳар доим ҳам КХШТдан чиқиб кетишга хозир бўлиб турган, у ўзининг бу ташкилотдаги иштирокидан фахрланмаган ва фойда ҳам келтирмаган. Аниқроғи у КХШТда савдолашиш мақсадида аъзоликда тургандек эди.

Каримов ташкилотни бутунлай тарк этмасдан, аъзолигини тўҳтатиб туриши, унинг  руҳиятига мос нарса. ЕврАзЭсни ташлаб чиққанида ҳам шу йўлни тутган эди. Бир қарашда бу норозилик актидек кўринсада, “Биз билан бирга бўлмаганлар, бизнинг душманларимиз”, деб ўйламаслигимиз учун  ортга қайтиш маневрига ишора ҳам бордек кўринади….

Аслида уни ўз мажбуриятларини бажармаганлиги, ташкилот йиғинлари ва машғулотларида қатнашмагани учун аллақачон ҳайдаб солиш керак эди. У ташкилот шартномасининг фақат бир бандига оғишмай риоя қиларди, яъни, аъзоларнинг сўзсиз консенсусига.  Шунинг учун у ўзининг ўзгача фикрлари билан КХШТ ривожини жиловлаб, аллақачон ғарбга ишлаётгандек бўлиб кўринарди.  Шуни айтиш лозимки, Каримов Коллектив тезкор ҳаракат кучлари тузиш бўйича бошланган ҳаракатга ҳам қўшилмаган эди.

Ўзбекистон, одатдагидек, КХШТнинг барча қўшма машғулотларини инкор қилиб келди, икки хафта олдин эса, Тожикистонга харбий машғулотлар ўтказиш учун йўл олган алянс колоннасини ўз ҳудудига киритмади. Ўшанда ҳамма нарса аниқ бўлганди. Каримов биронта блок ёки умумий армия ғояларига қўшилмаслиги барчага аён эди.

Шундай вақтлар бўлдики, харбийча қаттиқўллик тарафдори бўлган  Александр Лукашенко ҳар қандай илтифотларни йиғиштириб қўйиб, Ўзбекистонга эшик кўрсатди. Шунинг учун Тошкентнинг ташкилотдан чиқиши кутилмаган ҳолат эмас эди.  Бунинг устига, бу унинг биринчи қайсарлиги эмас.  Ўзбекистон ҳаттоки, Вашингтон томонидан шоша пиша ҳозирланган антироссия ташкилоти бўлган ГУУАМга яна битта “У” сифатида қўшилиб олганди.

Намойишчилар ўққа тутилган Андижон воқеалари Каримовнинг ғарб билан дон олишувга чек қўйди. Ахборот учун шуни айтиш лозимки, таҳлилчиларнинг қўпчилиги, ўтмишда қолган ҳиссётли туйғуларни қайтариш учун Тошкент мана шундай ғалати тана ҳаракатларини намойиш қиляпти деган фикрдалар. Бу нарсалар шундан далолатки, у Афғонистондан америкаликлар чиқиб кетгач, АҚШнинг  суюкли мамлакатига айланиб қолишга тайёргарлик кўраяпти. Ҳарбий база, техникалар ва шунга яраша келадиган фойда олдида, нафақат Ўзбекистон, балки, унинг кўшнилари ҳам ҳар қандай хизматга тайёрлигини айтишаяпти.

Эҳтимол, Каримов бундай қайсарлик қилишни истамагандир? У, КХШТни ҳам, ва НАТОни ҳам бир хил жиловда ушлаб турган Қирғизистон йўлини тутмоқчидир балки…Бироқ, КХШТ яқинда, ўзига аъзо мамлакатларнинг ҳудудида хорижий мамлакатларнинг ҳарбий базалари пайдо бўлишига доир муҳим бир қарор қабул қилган. Унга кўра, алянс аъзоларининг барчасини розилиги олингандагина, хориж ҳарбий базаси ушбу ҳудудларда очилиши мумкин. Тошкент бу қарор негизида, Ўзбекистон ҳудудида НАТО ҳарбий базаси ҳеч қачон очилмаслигини кўрди ва КХШТ сафидан чиқишга қарор берди.

Энди Каримовнинг қўл оёғи боғлиқ эмас. Демак у қўл панжаларини бемалол мушт қилиб, атрофидаги қўшниларига кўрсата олади. Унинг Тожикистон ва Қирғизистон билан чегара алоқаларидаги тарангликларининг ўзи доимийга айланди. Ўз ортида АҚШнинг қўллаб қувватлашини сезган Тошкент энди бутунлай эркалаб кетиши ҳам мумкин.  Лекин ҳозирча таҳлилчилар вазиятнинг бу қадар тарангликка бормаслигини башорат қилишаяпти.

Ўзбекистон билан  ҳеч қачон разведкага бирга бориш мумкин бўлмаган, лекин шунга қарамасдан, унинг бугунги намойишкорона одимларини хазм қилиш қийин. Ислом Каримов, Путиннинг президентликка қайтишини МҲД етакчилари орасида биринчилардан бўлиб, энг баланд овозда ҳаяжон билан маъқуллаганди, биргаликда тоғларни қайириш ҳақида жар солганди. Энди эса, ўзи энг ҳаққоний ва  тўғри  деб атаган йўлдан қайрилиб кетди.

Айни пайтда эса у МҲДларининг эркин савдо зонасига қўшилиш жараёнини бошлаб берувчи меморандумга имзо чекди.

Кўпчилик эҳтиёткорлик билан, энди Ўзбекистон яна қайтаяпти, деган ўйга борди. Шу ўринда яна савол пайдо бўлади: Каримов қачон тўғрисўз бўлган ва у билан Путин ўртасидаги ишонч даражаси нақадар юқори?Агар  Каримов Путинни ўз саройида қабул қиларкан, унинг олдида шунчаки ялтоқланса, бунақа шерикнинг кимга кераги бор? Каримовга Эркин савдо зонаси керакми, олсин. Унинг КХШТдаги иштироки барибир бефойда эди. Эркин савдо зонаси эса, ҳар қалай бу интеграция дегани..

Бу албатда тахминлар холос. Бунинг устига, масаланинг муҳим бир жиҳати бор, яъни Ўзбекистон КХШТдан бутунлай кетмади, атиги аъзолигини тўхтатиб қўйди холос. Аслида, ўзи аллақачон тўхтаб турган нарсани тўхтатиб қўйиш мумкинми?

Мавзуни “Независимое военное обозрение” газетасининг масъул муҳарири Виктор Литовкин давом этдиради.

Шейнкман: Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиб кетиши кимлар учун ёмон бўлди деб ўйлайсиз?

Литовкин: Ўйлайманки, биринчи навбатда уларнинг ўзлари учун. Ўзбекистон қанақадир ўзининг тушунарсиз ўйинларини бошлади.  Балки у ўз ҳудудида НАТО ёки АҚШ базаларини жойлаштириб мана шу усул билан Қўшма штатларнинг режимга нисбатан хайрихоҳлигини оширишни ўйлашаётгандир, бироқ бу жиддий англашилмовчилик.

Ислом Каримов бу усулни қўллаб бўлган. Андижон воқеаларидан кейин АҚШ ва НАТО томонидан қандай туртки олганини у унита олмайди. Шунингдек, Россия ва унинг КХШТ бўйича иттифоқчиларининг яхшилиги, Ўзбекистонда ўша пайтда бўлиши аниқ бўлган “зарғалдоқ инқилоби”дан ўзининг сақлаб қолганини ҳам у яхши эслайди.

Бироқ у ҳозир КХШТи ичидаги қанақадир келишмовчиликлар сабабли, гуёки АҚШ ва НАТОни ўз томонига тортиш мақсадида, яна ўзининг эски ўйинларини бошлади.  Мен ўйлайманки, бу нотўғри сиёсат.

Шейнкман: Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиши, бу ташкилотнинг сиёсатига нақадар ўзгартиришлар олиб келади? Ва бу минус, Ўзбекистоннинг стратегик жараёнларни тўхтатиб турганини ҳисобга олсак, плюсга айланини ҳам мумкинми?

Литовкин: ҳарбий нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон ҳеч қачон КХШТ ишларида қатнашмаган. Бу мамлакат ташкилот ишига, ўзига фойдаси бор жиҳатлардагина бош қўшди. Масалан, имтиёзли нархларда қурол яроғ сотиб олиш каби масалаларда.  КХШТ ва бошқа аъзо мамлакатлар учун нимадир қилиш вақти келганида эса расмий Тошкентни топа олмай қоласиз..

Шунинг учун мен, Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиши алянснинг ҳарбий салоҳиятини сусайтиради дея олмайман. Бундан келадиган ягона маънавий зарар шуки, ташкилотнинг иттифоқчиси саналган бир давлат ўз аъзолигини мана шундай намойишкорона, тўрт томонга жар солиб тўхтатиб қўйиши холос…

 

Журналист

Улуғбек Ҳайдаров ўзбекчалаштирди.