Бир “туш” таъбири

Бу жавоб “туш” муаллифига (И.Дадажоновга) эмас, унинг тоифасидаги инсонларга қаратилгандир. Ва бу инсонлар орқасида турган Каримов режимига қарши қаратилгандир.

Бир “туш” таъбири
133 views
11 July 2012 - 11:42

ЎХҲ Муассислар Мажлисининг  собиқ аъзоси И. Дадажонов “Туш” деб номланган “мақола”сида ЎХҲдан чиққанлигини маълум қилди. Бу қарорига сабаб сифатида қатор важлар келтирибди.

Албатта, бу важларнинг орқасида ҳақиқий сабаблар яширинган. Буни Дадажонов атрофидагилар билишади. Масалан, яқиндагина унинг  “Ўзбекистонга кетишим шарт, ватанда ўлишим керак”, деб юрганини ҳаммa   эшитган. Аммо Ўзбекистонга қайтиш учун ЎХҲ га тош отиб кетиш шартмиди? Шарт эди, чунки у ерга боришнинг визаси  –  ЎХҲ  ва М. Солиҳга душманлигини ошкора эълон  қилишдан иборатдир.

Хўш, унга жавоб ёзиш шартмиди?

Агар Дадажоновнинг хати интернетда эълон қилинмаганида эди, жавоб  бермаслик мумкин  эди. Қолаверса, ЎХҲни парчаланаётган бир ташкилот сифатида кўрсатишга уринаётган кимсаларнинг аслида ЎХҲ да ҳеч бир фаолияти бўлмагани ва уларнинг фақат фисқу-фасод билан шуғулланганини кўрсатиш учун ҳам жавоб беришга қарор қилдик. Бу жавоб ЎХҲнинг бир ғоя ва бир раҳбар атрофида жипслашган бир сиёсий ирода эканлигини кўрсатиш учун ҳам ёзилди. Шу маънода, бу жавоб “туш” муаллифига эмас, унинг тоифасидаги инсонларга қаратилгандир. Ва бу инсонлар орқасида турган Каримов режимига қарши қаратилгандир.

Шуни ҳам айтиш керакки, Андижон Ташкилоти Ҳаракатдан чиққанида, ўзларининг  фаолиятидан қониқмаганини рўкач қилишган ва Дадажоновга нисбатан анча олийжаноб харакат  қилгандилар, улар Ҳаракат аъзоларини мунофиқликда айбламадилар, Ҳаракат раиси М. Солиҳга уйдирма айблар қўймадилар.

Дадажонов ўз “мақола”сида туш кўрганини ёзади ва қаранг-ки, тушида ўйғонибди ва “Мен сизлар билан кетмайман” деб, ЎХҲнинг каттакон  кемасидан тушиб қолибди. Бу туш чинакам бир туш бўпти. Ҳақиқатан ҳам, Дадажонов бу кеманинг трюмида 1 йил ухлаб, уйғониб, палубага чиққанда, кема аллақачон Берлиндан Прагага етиб келганди, у уйқусираб дўсти Раббимовдан ” қаерга келдик”, деб сўраганида, Раббимовнинг унга жавоб бераолмаганини тушуниш мумкин, албатта. Трюмда ухлаш ва буни фаолият деб билиш фақат бизнинг баъзи ўзбекларга хос бир ҳиссиёт шекилли, чунки дунёнинг ҳеч бир миллатида ўйқуни фаолият дейдиган “арбоб” учраган эмас.

Ҳақиқатан ҳам Дадажонов 1 йил давомида Ҳаракат учун жимжилоғини ҳам қимирлатмаган, айни пайтда Ҳаракат раҳбариятидан бу фаолиятсизлиги учун бир марта хам дакки емаган ғаройиб аъзои муҳтарамдир. Мард бўлса:  “Мен шу чўпни фалон куни фалон соатда шу ердан бу ерга олиб қуйдим”, десин-чи.

Биз шу Ҳаракат ичида фаолиятдамиз ва кимнинг нима иш қилаётганини кўриб-билиб турибмиз.

Ва бу нуқтада адолат билан  гувоҳлик берамиз:

1. Мақоладан Иқтибос:

“Бундан бир йил муқаддам Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг  тузилишидаги иштироким айнан миллат, ватан туйғусининг оромсиз кечаларда юрагимга санчилган нишлари, оҳу-нолаларимнинг садоси эди… Бу дард, бу оғриқ, бу истак юмшоқ тўшагимизни тиконзорга айлантиради”.

Бу баландпарвоз лофларни ўқиган ёки эшитган киши И.Дадажоновни Ватан қайғусида ёнаётган ватанпарвар деган фикрга бориши табиийдир.

Аслида шундайми?

Дадажонов ЎХҲ сафига кирганида, “Ўзбекистон демократик кучлар форуми” раиси сифатида кирганди. Бу ташкилотнинг тахминан нечта аъзоси борлигини бугунгача била олмадик. Дадажонов бу ташкилот номидан ЎХҲнинг Марказий Котибияти сафига киришга таклиф этган уч кишидан бирортаси бирор марта бўлсин Ҳаракат мажлисларида иштирок этишмади. Бадал тўловини ҳам ҳeч бири тўлаган эмас… Албатта, одам йўқ булса, у кандай бадал тўлайди. (Шу ерда ЎХҲ фаоли Абдулла Абдураззоқнинг қуйидаги фикрини берамиз: “ДЕМОКРАТИК КУЧЛАР ФОРУМИ Дадажоновга эмас, кўпроқ М.Солиҳга таалуқлидир. Бу ташкилот 1992 йилда айнан М.Солиҳ бошчилигида тузилди ва унга ватанимизнинг энг кучли экономист олимлари аъзо бўлиб, жумҳуриятимизни ривожлантириш режасини туза бошлаганди. Каримов ҳозир ҳам ФОРУМнинг яширин мавжуд бўлиши мумкинлигидан ҳавотирда”).

Дадажонов касаллигини рўкач қилиб, Муассислар Мажлисига бор-йўғи  икки марта иштирок этди, кейин ўрнига Абдуллатиф Абдураҳимовни тавсия қилди ва сўнгги 8 ой ичида Ҳаракат мажлисида бирор марта қатнашмади.

Дадажонов ўтган йили ёзда, Ҳаракат тузилганига ярим йил бўлмасдан, Ҳ.Худойбердиев билан ўз уйида жанжаллашиб, ўша пайтдаёқ ЎХҲдан чиқаман деб туриб олгани ҳам бир воқеа. Ўша учрашувда Дадажонов бу мақола муаллифларидан бирига (яъни Намоз Нормўминга) ўзининг баъзи сирларини ҳам очган эди. Унинг гапи бўйича, Олий Мажлиснинг собиқ Раиси Йўлдошев ўз вақтида президент Каримов устидан Москвага шикоят ёзган. Аммо Каримов махсус хизмат вакиллари орқали Дадажоновга топшириқ бериб, бу хатни Москвадан қайтариб олиб келган. Яна ўша суҳбатда Дадажонов ўзбек мухолифати ичида кимларнинг МХХга (эски КГБга) алоқаси борлигини билишини айтган. “Масалан, мен (Дадажонов) Абдураҳим аканинг (Пўлатовнинг) қачон КГБга ёлланганини аниқ биламан”, деган. Албатта, МХХга алоқаси бўлмаган кишида бундай маълумотларнинг топилиши даргумондир. Шундай бўлса, Дадажонов нега ўз вақтида ЎХҲдан қувилмади саволига келадиган бўлсак, мана шу жанжалли мажлисдан кейин унинг ўзи ҳаракат фаолиятидан узоқлашди ва то Прагада қурултойига қадар уйқуни уриб ётди…

Бошқа тарафдан Ҳаракат фаолиятига қолганда, ўзини касал қилиб кўрсатган Дадажонов, Марат Зоҳидов ва шунга ўхшаш Ўзбекистон махсус хизматига яқин одамларга “асал” бўлиб кўринишдан ҳам асло  воз кечмади.

Иқтибос:

“Тиконлар устида тунни бедор ўтказаётган бу бош кимларга егилмади дейсиз. Кимлар бу бошни оёқ ости қилишга интилмади дейсиз. Тиконзорга қўйилган бошлар эгилса-эгилсин дедик. Зотан, асл мақсадимиз ҳам миллат рушнолиги учун бу бошни қурбон қилиш эмасмиди?”, ден ёзғиради Дадажанов.

Миллат рўшнолиги учун бош уёқда турсин, бадал пули 10 кронни қурбон қила олмаган кимсанинг гапига қаранг!

Дабдабали гапларингиз пуч, рост деб гапирган гапларингиз ёлғон сизнинг.

Мунофиқликнинг 3 та белгисини келтирибсиз, бу белгилaр сизнинг шахсингизга узукка кўз қўйгандай тушибди.

Бу ҳадисни яхшилаб ёдлаб олинг. Балки, бир кун бу сўзлардан таъсирланиб, қалбингизга инсоф учқунлари тушиб қолар.

2. Иқтибос:

“Муҳаммад Солиҳни раис қилиб сайлаш энг тўғри йўл деб кўрилди ва унга овоз берилди. Зотан ким раис болишидан қатъий назар фақат бир йилга ва фақат бир маротаба раис бўла олади деган қарорга келдик. Бир йилдан сўнг қурултойда қатнашган билимдон ёшлардан қайси бирини энг муносиб еканлигини билиб, шундан кейин уларга бошқарувни беришимиз лозим эди.” деб ёзади яна Дадажанов.

Биз, ўша қурултойда қатнашганлар гувоҳмиз-ки, у ерда “ким раис бўлишидан қатъий назар, фақат бир йилга ва фақат бир маротаба раис бўлади”, деган қарор олинмади. Қўлимизда Низом бор эди. У ерда Раислик муддати эмас, балки Қурултой муддатини кўрсатилганди. Табиийки, ким раис бўлса қурултой муддатигача бўлади. Лекин Низомда раис бир йилдан кейин алмаштирилади ва бир киши фақат бир марта раис бўлади, деган жойи йўқ. Бу гап ёлғон гап.  Яна раисликнинг юки, масъулияти ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда Ҳаракатнинг мавжуд раҳбари истисно, ЎХҲга аъзо ташкилотлар вакилларидан ҳеч бири раислик қилишга қодир деб ўйламаймиз. Бу қарор бугунги вазиятда тўғри қабул қилинган қарор деган фикрдамиз. Раис бўлган шахс Ҳаракатнинг Қурултойини ўтказишига ҳам масъулдир. Арзимаган бадал пулини тўлай олмаётган шахслар қандай қилиб қурултой чақира олади?!

“Боз устига 2-қурултойда бошқа одамни раис бўлиши кераклиги ҳақида гапирадиганлар ҳам чиқиб қолди ичимиздан. Ана ўшалар ҳақиқий ҳоинлар эди…” деб ёзади Дадажонов

Бу иқтибосдаги одам Дадажановнинг ўзи, бу ҳақда биринчи бўлиб гап бошлаган ўзи эди. Шунга қарамай, уни ҳеч ким Хоинга чиқармаган. Ўша гапларидан сўнг у киши Истанбулга сафар қилиб, М. Солиҳнинг меҳмони бўлиб келди, у ерда даволанди. Лекин мақолада бу ҳақда ҳеч нарса гапирилмаган. Агар ўша пайтда уни хоинга чиқарилганда, у Туркияга Раиснинг уйига бормаган бўларди.

“Ҳаракатда Муҳаммад Солиҳга содиқ бўлган, йиллар давомида унинг жамоасида бўлиб, синовдан ўтганларнигина сақлаб қолдик”, деб ёзади Дадажонов

Бу гап кимга тегишли, бу бизга қоронғу. Ҳозирги кунда Ҳаракатдаги ташкилотлар М Солиҳга “йиллар давомида содиқ бўлган одамлар“ эмас, янги одамлар.

3. Иқтибос:

“мени кўнглимда умид ёққан ёшларни қурултойдан бир ҳафта ўтмасдан узоқлаштиришга интилишлар сезилиб қолди.”

Бу ерда гап ўтган йилги Қурултойда тафтиш комиссиясига аъзо бўлиб кирган Бельгияда яшаётган Дилмурод Тиллахўжаев ҳақида кетаяпти. У киши асли Ўшлик бўлиб, ЎХҲга аъзо ҳам бўлмаганди. Чунки у ўзбек ҳукуматига мухолиф бўлган бу ташкилот сафида юришни истамаётганди. Буни ўзи ҳам айтди. Унинг ЎХҲ сафида тафтиш комиссиясида бўлишига Ҳазратқул Худойбердиев қарши бўлди. Ва Тиллахўжаев ҳам истамади. Шу сабабли сафлардан чиқиб кетди. Бу ерда ЎХҲ раҳбариятини айблашга ҳеч қандай асос йўқ. Инсофи бор одам ўйлаб кўриб, ҳамма нарсани ўзи тушуниб олади.

Иқтибос:

“Ҳаракатда эркин фикр, бир-бирини танқид қила олиш деган нарсаларга мутлақо йўл берилмади. Мен умид қилгандек ҳамма тенг ҳуқуқли бўлмади. Ҳаракатда асосан Солиҳнингина гапи-гап, бошқаларники эса иккинчи даражали маслаҳат деб қаралди. Муҳаммад Солиҳ ўзини танқид қилган, қилиши мумкин бўлган одамларни четлатишга уринди”

Танқидга чидамли одам бу гапни гапирса майли эди. Дадажонов аслида ўзига қарши гап гапирган одамга тоқат қила олмайдиганларнинг энг ашаддийси. Бу катталарга теккан касал. Ҳамма ёши катталар ўзи каби бошқа бир ёши катта мухолифатчини кўргани кўзи йўқ. Ва ҳатто баъзилари “фалончи келса мен қатнашмайман”, қабилида гап қилишади. Ёшларга ибрат бўлгудек ҳеч нарсаси йўқ. Ўзлари бир лидер ортидан эргашиб, бирлашиб бир иш қила олмаганлар. Ва ҳалигача эски ихтилофларини кўтариб, вайсаб юришибди.

Муҳаммад Солиҳ ўзбек мухолифатининг дунё таниган лидери. Унинг атрофида бирлашиб, диктаторга қарши курашиш ўрнига, фитна-фасод тарқатиб юришибди бу “ёши катталар”.

Тенгҳуқуқлилик масаласига келсак, ММ аъзолари тенг ҳуқуқли, аммо ҳар кимнинг истеъдоди ва қобилияти ўзига яраша, одамларнинг ишлаш ва фикрлаш савияси ҳам бир хил эмас. Чунки кимдир мол ва жони билан ҳаракат қилади, бошқа бири “берсанг – ейман, урсанг – ўламан“ қабилида ҳаракат қилади.

4. Иқтибос:

“Унинг мутакаббирлиги аслида йўқ нарса эмаслигига яна бир карра ишондим. Эсингизда бўлса Бирдамлик раиси Чориев Муҳаммад Солиҳни дебатга таклиф қилганда “У менинг тенгим емас”,- деб жавоб берганди. Айни жавобни Галима Буҳарбаева дебатга чорлаганда ҳам такрорлади. Буни кўпчилик тўғри деб билди. На Чориев ва на Буҳарбаева у билан зукколикда, мавқеъда тенг эмас, дегувчилар ҳам топилди. Аслида Солиҳнинг дебатларга қатнашмаслиги улардан донолик жиҳатидан устунлигидан эмас, балки мутакаббирлигидан эканлиги ҳақиқат. Муҳаммад Солиҳ ҳаракат аъзоларига ҳам шундай муомила қилмоқда. Ҳеч кимни ўзига тенг билмай, ҳаммадан ўзини бир неча пағона устун тутиб келди. Ислом аҳкомларига эргашган, тақво қилишга ҳаракат қилаётган бир инсоннинг ўзини бундай тутиши мени жуда ҳам ранжитди. Зеро ислом аҳкомларига эргашган инсон, кибр ҳаром еканлигини билиши керак.”

Исломда Ҳақни рад қилиш ва бошқаларнинг айбларини айтиб масхара қилиш кибр ҳисобланади. Кибрнинг бундан бошқа сифат ва аломатлари ҳам бор, лекин М. Солиҳнинг ўша кимсалар билан гаплашмагани шаръан асло кибр эмас. Аввало, бу унинг ҳаққи. У истамаса, гаплашмасликка ҳақлидир. Қолаверса, нодон кимса билан тортишиб ўтириш ақлли одам учун маъқул иш эмас. Нодонга жавоб сукутдир, деган мақол бор.

Дадажонов келтирган “Аъроф” сурасининг 146-ояти эса Ислом динини инкор қиладиган кофир кимсалар ҳақидаги оятдир. Уни тушунмасдан тафсир қилиш, ўз фикрини тасдиқлаш учун мусулмонларга қарши ишлатиш, оятлардан фойдаланиш гуноҳи кабирадир. Дадажонов бундан қўрқиши керак эди.

Дадажонов Ҳаракат янги тузилган пайтда, ундан ташкилотингизнинг аъзолари рўйхатини беринг, умумий рўйхатга қўшайлик, дейилганда, “Биз алоҳида ташкилотмиз, ва аъзоларимизнинг рўйхатини бермаймиз. Биз ЎХҲга қўшилиб кетмаймиз. ЎХҲ доирасида мустақил фаолият қиламиз”, деганди. Бу ёлғони билан мавжуд бўлмаган аъзолар рўйхатини беришдан қутулганди.

Иқтибос:

“Зотан 2012 йил январ ойида Муассислар Мажлиси аъзоларининг ҳаммаси билан гаплашганда, “Биз халққа ваъда берганмиз, бир йилда раисни алмаштирамиз, ҳатто у энг юксак натижага эришганда ҳам биз берган ваъдамизнинг устидан чиқишимиз ва бир йил муддат тугагач янги раис сайлашимиз керак”,- деб келишгандик.”

Бу гап Дадажоновнинг ёлғонларидан энг каттаси.

Муассислар Мажлисининг бирорта мажлиси бизсиз ўтмаган. Бунақа келишув мутлақо бўлмаган. Дадажонов қачон, ким билан келишган, бу бизга қоронғу. Бу  каби ёлғонларни гапиришдан одам озгина қўрқиши керак.

5. Иқтибос:

“Қурултойга келган Ҳаракат аъзоларининг сони ўтган йилги Ҳаракатни тузишда қатнашган одамларнинг учдан бирини ҳам ташкил қилмас эди.”

Курултойда – 10 кишига яқин меҳмонлар, журналистлардан  ташқари – 56 киши қатнашди. Ўтган йилги Курултойда балки бундан 2-3 киши кўпроқ қатнашган бўлиши мумкин. Қурултойда Канада, Туркия, Россия, Ўзбекистон, Швеция, Норвегиядан фаоллар келишди. Бу Қурултойни чақиришга бир тийин пул сарф қилмаган одамни у ерга бориб меҳмон бўлиб кетиб, бунақа гапларни гапириши пасткашлик эмасми?!

Иқтибос:

“Ҳаракат сафида ўтган йили кўрганим иқтисодни, сиёсатни тушунидиган, тажрибали ёшларни бу йил кўрмадим.”

Қизиқ ким экан ўша ўтган йилги келган иқтисодни ва сиёсатни тушунадиган ёшлар?!

Ўтган йилги қурултойда биз ҳам иштирок этганмиз-ку?!

Қани ўша ёшлар?

Иқтибос:

“Афсуски Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муҳаммад Солиҳнинг шахсий ташкилотига айланди. Фақат ва фақат уни манфаати учун ҳизмат қиладиган ташкилотга айланди. Ёдимга бир нима тушди ва бу мен учун юқоридаги фикрларимнинг исботи бўлди. Қори акага суйқасд болгандан кейин Швецияда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳам пикет ўтказмоқчи бўлганди. Швециядаги Ўзбекларнинг баъзилари “Биз ўзбеклар номидан чиқамиз. Халқ ҳаракати номидан эмас”,- дейишганди. Шунда Муҳаммад Солиҳ “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”ни номидан чиқишмаса биз қатнашмаймиз”,- деб пикетни бекор қилишини айтганди. Пикет Ўзбекистон Халқ Ҳаракатисиз ўтди. Ўшанда Қори аканинг ҳаёти, унинг ҳавфсизлигини таминлаш, жиноятчиларни жавобгарликка тортишга эришишдан ҳам Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – Муҳаммад Солиҳнинг ўз-ўзини реклама қилиши муҳимроқ экан, деган фикрга келгандим. Ўзини манфаати йўлида қори акани бошига тушган кулфатдан ҳам фойдаланишдан тоймаслигини билгандим. Бугун булар мен учун исботини топди.”

Албатта, Худодан қўрққан одам бу гапни гапирмаган ва бировга туҳмат қилмаган бўларди. Бу намойишга ЎХҲ вакиллари қатнашди. Ва айни куни Туркияда ҳам шу каби намойиш бўлиб ўтди. Буни Обидхон қори жамоасидагилар жуда яхши билишади.

Агар М.Солиҳ истамаганида, нафақат Туркия, балки Стокҳолмда ҳам намойиш қилинмаган бўларди.

6. Иқтибос:

“Амма, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати деб ташкил қилганимиз бу ҳаракатни ҳам низомларига ўзгартириш киритиб ўз-ўзини сайлашга Муҳаммад Солиҳнинг ҳаққи йўқ эди.Бу нафақат Муҳаммад Солиҳ балки бунга йўқ демаганлар, овоз берганлар томонидан ҳам Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига ҳиёнат эди. Халқнинг ишончига, омонатига xиёнат бўлди. Мажлисда қатнашганларнинг аксарияти ислом аҳкомларига эргашган одамлар. Улар  омонатга xиёнат қилишлик мунофиқликнинг белгиси эканлигини билишади.”

Биз Дадажоновдан олинган иқтибосларда имло хатоларини тўғрилашга уринмадик. Афтидан, Дадажонов Низомни ўқиб ҳам кўрмаганга ўхшайди. Низомда Қурултой бир йилда ўтиши белгиланган. Ва демак, раислик муддати ҳам шу бўлади. Низомга ўзгартириш киритиш эса ўзбек халқига хиёнат деб талқин қилинаяпти.

Ҳар йили Қурултой ўтказишнинг ўзи бўладими?! Қурултойни 1 йил эмас, 3 йилда бир марта чақиришни биз – Муассислар Мажлиси – қарор бердик, Муҳаммад Солиҳ эмас!

Ҳa, ЎХҲга қарши бугунги кунда нафақат ўзбек режими,  балки хориждаги фитначилар ҳам жонбозлик кўрсатиб, туҳмат ва бўҳтонлар ёғдиришаяпти.  Ва шу сабабли,  бу каби мақола ёзиб тарқатилса, уни илиб олиб оламга жар солувчилар кўп ва тайёр. И Дадажонов буларни билиб турибди.

Бу ҳаракат Ўзбек мухолифатини кўзга кўринган лидери атрофида уюшган  ўзбекистонликлар ҳаракатидир. ЎХҲ халқимизнинг Миллий Озодлик Ҳаракатидир. Бундай ҳаракат ўз замонида мўғул босқинчиларига қарши Жалолиддин Мангуберди, 20 асрнинг бошларида совет босқинчиларига қарши “Босмачи қўрбошилар” тарафидан юритилган.

20 аср охирида ўзбек халқининг ичидан Муҳаммад Солиҳ бундай ҳаракатни бошлатди ва у халқимиз озодликка эришгунга қадар бу ҳаракатни бошқаришга лойиқ, деб биламиз.

Нелсон Мандела 40 йилга яқин жанубий африкаликларнинг миллий озодлик курашини бошқарди, бу йўлда жуда кам инсонлар бардош берадиган синовлардан ўтди ва ниҳоят унинг ва сафдошларининг кураши халқ ғалабаси билан юкунланди. Шундан кейин Мандела бир муддат (5 йил) Президент бўлди ва кейин истеъфога кетди.

Нега ҳеч ким “Мандела, сен 40 йил раҳбарликда қолдинг”, демади?

Чунки у эркин жамиятда 40 йил диктаторлик ҳавасида бўлмади, аксинча, зулм жамиятини эркинлик жамиятига айлантириш учун 40 йил Миллий Озодлик ҳаракатини бошқарди.

Худди шундай Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзбек халқининг аввал коммунистик режимга, кейин Каримов диктатурасига қарши курашаётган миллий озодлик ҳаракатини тузди, бу йўлда бошига тушмаган қийинчиликлар ва азоблар  қолмади. Унинг зиммасига тушган масъулият – Аллоҳнинг изни билан – диктатор Каримов тузумига барҳам бериш ва диктатурадан янги жамиятга ўтиш даврини бошқаришдир.

Алоҳида таъкидламоқчимизки, Каримов диктатурасидан эркин жамиятга ўтиш, баъзилар ўйлаётгандек, силлиққина бўлмайди. Бундай ўтиш даври қийин ва таҳликали жараёнларга тўла бўлади. Уни бошқариш учун эса йиллар давомида чиниққан сиёсий ирода, кучли ташкилотга ва аниқ ғоя ва мақсадларга эга бўлган Халқ Ҳаракати лозим. Бугунги кунда бундай ҳаракат – Ўзбекистон Халқ Ҳаракати эканлиги ва бундай сиёсатчи – Муҳаммад Солиҳ эканлигида бизнинг шубҳамиз йўқ.

Бундай қарашга қарши бўлганлар марҳамат қилсинлар, бизнинг ҳаракатимиздан яхшироқ ва бизнинг раҳбаримиздан истеъдодлироқ раҳбар ўртага чиқарсинлар. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин ўтган 21 йил давомида бундай ҳаракат ўртага чиқдими, бундай раҳбар пайдо бўлдими?

Йўқ. Бунинг сири Аллоҳга маълум. Бизнинг фикримизча бўлмайди ҳам. Чунки бу иш бир кунда ва ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бунинг учун ЎХҲ қўшилган инсонларнинг йўли қайта босиб ўтилиши керак. Яъни, ўн йиллар давомида сабр-матонат билан курашадиган, аниқ мақсадга ва яхши ташкилотга эга бўлган ҳаракат лозим бўлади.

Дадажонов Муҳаммад Солиҳнинг Ҳаракат раҳбарлигидан четлатилиш уни деярли йўқ қилиш билан тенг эканлигини жуда яхши билади. Бундай фитна, яъни Муҳаммад Солиҳни у бошқараётган сиёсий ташкилот раҳбарларлигидан узоқлаштириш 1993 йилда ҳам шахсан президент Каримовнинг топшириғи билан Шоди Каримов ва Содиқжон Йигиталиев томонидан муваффақиятсиз шаклда амалга оширилганди. (ушбу хатни имзолаганлардан Намоз Нормўмин ўша фитнанинг тирик гувоҳларидандир). Чунки диктатор Каримов Муҳаммад Солиҳни ЭРК партияси раислигидан узоқлаштириш билан бир томондан уни сиёсий изоляция қилишни, иккинчидан эса бу партияни ўзининг чўнтак партиясига айлантиришни ўйлаганди.

Бугун ЎХҲ фавқулодда вазиятда иш олиб бормоқда. Биз сиёсий сургундамиз, бутун имконларимиз чекланган, халқимиз билан алоқа қилишимиз осон эмас ва ҳ.к. Бунинг устига диктатор Каримовнинг ҳам ягона мақсади Муҳаммад Солиҳни жисмонан йўқ қилишдан иборат эканлиги ҳам маълум. Ҳозир Муҳаммад Солиҳ ва у бошқараётган Ҳаракатни йўқ қилиш Сталиннинг 20 асрнинг 30-йилларида “босмачилар” ҳаракатини йўқ қилишининг айниси бўлади. Дадажонов ва унга ўхшаган “номи улуғ, супраси қуруқ” инсонлар ўзларининг ҳавои-нафслари йўлида халқ ичидан чиққан миллатпарвар ҳаракат ва унинг лидерини йўқ қилишни астойдил истайдилар.

Аммо тақдир Аллоҳнинг амридадир. Бизнинг мақсадимиз эзгуликдир. Уни рўёбга чиқиш ё чиқмаслиги, баъзи кимсаларнинг сафимизда борлиги ёки йўқлигига боғлиқ эмас. Мақсадимизнинг рўёбга чиқиши фақат Аллоҳнинг иродасигагина боғлиқ деб тушунамиз. Аллоҳ ирода қилган бўлса, бу Ҳаракат натижага эришажак. Акс ҳолда – йўқ.

Сўзимиз охири: Барча мақтовлар Оламларнинг Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин!

 

ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзолари
1. Абдулла Тожибоев
2. Намоз Нормўмин
3. Ғайрат Холматов

11 июль 2012 йил