“ЭРКИН ЮРТ” муҳарриридан “ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ” муҳарририга

“ЭРКИН ЮРТ” муҳарриридан “ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ” муҳарририга
142 views
12 July 2012 - 16:08

ЎХҲ 2-Қурултойидан кейин Оқсарой кабинетларида тинчлик тамоман йўқолди, дейиш мумкин. Буни пайқаш учун, Оқсаройга бориш, ёки унга тегишли бир-биридан зерикарли сайтларни оралаш эмас, аксинча хориждаги “мухолиф” ёки “мустақил” номли сайтларга қараш керак.

Мен бу сайтларни номма-ном санаб, уларнинг шундоғам муҳтож бўлиб турган рекламасини қилиб бермоқчи эмасман. Фақат бу сайтлардаги ЎХҲга тааллуқли энг сўнгги мақолага эътибор қаратмоқчиман.

Куни кеча интернет сайтларидан бирида “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” сайти  ва Ҳаракат лидерига қарши қаратилган навбатдаги парча босилди. Бундай парчалар катта янгилик эмас, доим босилиб келган, ва улар нима мақсадда ёзилиши, улардан ким манфаатдор эканини такрорлаб ўтирмаймиз. Лекин бу парча шуниси билан қизиқки, унинг муаллифи – икки ҳафта олдин Прагада ЎХҲ Қурултойида қатнашиб, Ҳаракат лидерига ҳурмат ва эҳтиромидан оташин нутқлар роз этган мустақил журналист Исмат Хушевдир.

Воқеа қисқача шундай бўлган: ЎХҲ сайтида Қурултойнинг яна бир делегати Тоғбой Абдураззоқнинг “Огоҳ бўлинг” номли бир шеъри  чоп этилди. Ушбу шеърни Хушев ўзининг сайтида кўчириб босган, ва шеър остида манбаа сифатида ЎХҲ сайтини кўрсатган. Аммо “қўшиб ёзиш” касаллиги, афтидан “Дунё ўзбеклари”га ҳам бегона эмас шекилли, шеърни кўчириб босаётиб, тепасига “Исмат Хушевга” деб қўшиб ёзворибди.

Ва шундан кейин … бошланди!

Аввало, тарафсизлик кўриниши пайдо этувчи,  “Фейсбук” даги аноним шарҳ:

“Ozodlik Saelovlar Бу кандай демократия! Агар бир одамни кабул килган карори учун бундай талаш. Кеча дуст булиб, бугун ит каби талашиш. Демак бу ташкилот ожиздур. Сизларин Каримов режимидан нима фаркинглар бор, агар узга фикирдагиларни бундай таласангизлар”

Сўнгра, бевосита шеър муаллифи Т.Абдураззоққа  қарата:

“Шеър муаллифи биз яхши таниган, ҳурмат қилган ва ўз қадрдонимиз деб билган мўйсафид бир отахон эди. Ажабки, бу отахонни Муҳаммад Солиҳга биз тавсия қилган ва унинг эътироф этилиши лозим бўлган, лекин эътироф этилмай қолган “Ҳаракат” гимни учун ёзилган шеъри учун Раис билан анча баҳслашган эдик. Сўнг раисдан кекса одамнинг кўнгли қолмасин, телефонлашиб ҳол аҳвол сўраб қўйинг деб илтимос қилган эдик. Кўп ўтмай Тоғбой аканинг ўзи бизга Муҳаммад Солиҳ унга телефон қилганини айтиб, миннатдорчилик билдирган эди. Халқ Ҳаракати тузилган пайтларда раисга ҳам, Ҳаракатнинг Канада бўлими раҳбари Ғайратжонга ҳам Тоғбой акани Канада бўйича раҳбар этиб тайинлашларини бир неча маротаба айтган эдик. Кеча мени ноҳақ ва асоссиз танқид қилиб, кўнглимни оғритган одам ҳақида ҳозирча айтмоқчи бўлган гапларим шулар. Эътибор қилган бўлсангиз, улар асосан яхши ва эҳтиромли фикрлардан иборат”.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Исмат Хушев ўзини “мухолифат аъзоси эмас, бир мустақил журналист” деб таништираркан, юқорида эътироф этгани фаолияти бир қатор саволларни туғдиради:

Биринчидан, қандай қилиб мухолиф бир ташкилотнинг мадҳияси, унинг бўлимларидаги раҳбарларини тайинлаш ва бошқа муҳим ташкилий ишларига аралашиб юрган шахс мухолифат аъзоси ҳисобланмайди? Бу фаолияти Хушевни Каримов наздида режим мухолифлари сафига киритмай иложи йўқ. Агар аксинча деб талқин этсак, Хушевнинг аҳволи яна-да аянчли – у мухолифат ичида махсус топшириқ билан фаолият юритаётган шахсга айланади. Учинчи вариант ҳам бор – ҳеч қандай мақсадсиз, шунчаки бекорчиликдан аралашиб юриш – биз бу вариантни Хушевга нисбат қилишни жиддий санамаймиз.
Иккинчи пайдо бўлган савол, Хушев мустақил журналист ўлароқ журналистиканинг оддий қоидаларидан қанчалик хабардор? Масалан, ЎХҲ сайтида чоп этилган ва Хушев кўчириб босган шеъри “Исмат Хушевга” дейилмаган. Буни Исмат Хушев кўчириб босаркан, ўзи “қўшиб ёзган”. Эҳтимол, инсон бирор шеърни ўқиб, унда ўз аксини кўргач, шеърни ўзи ҳақида ёзилган дейишга ҳаққи бордир. Бунга бизнинг эътирозимиз йўқ. Аммо бунда бошқа сайтни ноҳақ айблаб чиқиш – мантиқий жумбоқдир.
Учинчидан, шеър борасида эътирозлар бор экан, журналистика ва сўз эркинлиги тамоилларига риоя этиш мумкин эди-ку! Марҳамат, муаллиф аноним эмас, Хушев шахсан таниган шахс. Демократик дунёвий жамиятда бундай масалалар қандай ҳал этилади, жаноб Хушев, хабарингиз бордир? Бирор жойда ҳақ-ҳуқуқингиз поймол этилганини кўрган бўлсангиз, ва бу даъвоингизда ҳақ бўлсангиз, бемалол суд идораларига мурожаат этишингиз мумкин. Аммо, менимча, судда ютқазишингиз турган гап, чунки шеърни бузиб кўчирган ҳам, уни Исмат Хушевга атаб олган ҳам ўзингиз, ва ЎХҲни айблашда ноҳақсиз.

М.Солиҳ ва И.Хушев шахсий ёзишмалари

Исмат Хушевнинг ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳ билан ўзаро мулоқоти борлигидан хабарим бор эди. Шунинг учун, бу тўғрида ЎХҲ лидерининг фикрини сўрадим, у ҳам бунга ҳайратланганини ва бу гапларни Хушев билан скайп орқали гаплашганини айтди. Мен Солиҳ акадан Хушев билан бўлган ўша скайп суҳбатини беришни илтимос қилдим, Хушев қўйган хабарнинг дезинформация эканини исбот қилиш учун зарурлигини тушунтирдим. Солиҳ ака  суҳбат матнини жўнатди. Бу ёзишмалардан шу нарса ҳам маълум бўлдики, келишилган гап бир четда қолиб, Хушев амалда бутунлай тескарисини қилган экан: Муҳаммад Солиҳ Хушевга “агар бу шеър сизга ҳақорат бўлса, уни олиб ташлаймиз” деса, Хушев, “олиб ташламанг, унга жавоб ёзаман” деб шеърни қолдиришларини сўраган. Кейин эса, oрадан бир муддат ўтиб (12.07.2012) Хушев ўз сайтида шундай ёзган:

“Биз бугун шеър муаллифи (Т.Абдураззоқ) ҳақида эмас, балки бу шеърни чоп этган дўстларимиз ва уни чоп этишдан олдин албатта, рухсатини олган Муҳаммад Солиҳ жаноблари ҳақида, у кишининг тутган бу хато ва бемаъни, айтиш мумкинки, ўта кулгили ва аянчли йўли ҳақида ўзимизнинг баъзи дўстона мулоҳазаларимизни айтиб ўтмоқчимиз, холос”. (dunyouzbeklari.com)

Шу ўринда яна саволлар туғилади:
Нима учун Хушев  шеърни олдириб ташлашга рози бўлмай, унга жавоб ёзишга эҳтиёж сезди?
Ва айбловни ҳам шеър муаллифига эмас, ЎХҲ сайти ва унинг лидерига қаратди?
Хушев журналистиканинг оддий қоидаларидан хабардор журналист ўлароқ, сайтга ҳар бир шеърни чоп этиш учун шахсан ташкилот раҳбарининг рухсати сўралмаслигини билиши керак эмасмиди?

Энди, Хушев эътиборига ЎХҲ сайти ходими ўлароқ баъзи оддий нарсаларни эслатиб ўтмоқчиман: Сайтнинг ҳар бир саҳифаси остида таҳририят номидан аниқ қилиб ёзиб қўйилган:  “Имзоли мақолалар Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг расмий кўзқарашини ифода этмайди, ва улардаги фактлар учун муаллиф масъул”.
Шунинг учун, биринчидан, шеър остида Тоғбой Абдураззоқ имзоси турган бўлса, демакки бу шеър учун фақат Тоғбой Абдураззоқ масъул, дегани. Иккинчидан, кимга аталгани ёзилмаган шеър бошқа сайтга “кўчиб ўтиши” билан жаноб Хушевга аталиб қолган бўлса, эътирозлар ўша янги сайтга билдирилиши ўринлироқ ва мантиқлироқ бўлади.

Бошқа тарафдан, биз шу ўринда жаноб Хушевга turkiston.tv радиоси журналисти Улуғбек Ҳайдаровнинг  ибратли мисолидан сабоқ олишни тавсия этамиз. Айнан ЎХҲ Қурултойи куни У.Ҳайдаров шаънини таҳқирловчи мақола “Янгидунё” сайтида чоп этилганди. Улуғбек ака биз билан радиосуҳбатда мақола муаллифини судга бермоқчи эканини айтди. “Мақолани чоп этган нашрни ҳам судга берасизми?” деган саволимга, журналист “Йўқ. Муаллиф аниқ, менга таниш бўлган шахс, шунинг учун сайтни айблаш журналистикага зид келади” деган эди.

Исмат Хушев шундай ёзади:

“Кеча 10 июл куни биз “Замондош” сайтидан Исмоил Дадажоновнинг мақоласини кўчириб босган эдик. Мақола кўчириб босилганидан бир неча дақиқа ўтар ўтмас дўстларимиз Европадан телефон қилиб, “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” сайтида бизга бағишланган шеър эълон қилинганини айтиб қолишди”.

Ҳолбуки, “Огоҳ бўлинг” шеъри, Хушев сайтида “Туш” мақоласи чоп этилишидан олдин, 10 июль эрталаб юкланган.  Модомики Хушевнинг дўстлари бир неча дақиқа ўтар-ўтмас Европадан телефон қилишган бўлса, бир нарсани фаҳмлаши керак эди-ки, муаллиф Тоғбой Абдураззоқ Канадада истиқомат қилади. Шеър чоп этилган соатда Канадада ярим кечаси бўлади. Бундан чиқди, Тоғбой ака ярим кечаси ўта тезкор бир тарзда шеър битиб,  жавоб тайёрлаган эканлар-да. Бу ҳам биз учун “Дунё Ўзбеклари”даги мантиқий жумбоқ.

Хуллас, кўриб турганингиздек, ЎХҲга қарши бутун арсенални ишга солиб уруш бошланган. Бу мақсадда ҳам Ватан ичкарисидаги, ҳам ташқаридаги хизматчилар сафарбар этилган.

И.Хушев шахсига келсак, унинг, баъзилар айтганидек, МХХ агенти эканлиги ҳақида далилимиз йўқ. Лекин “Дунё ўзбеклари”нинг соғлом мантиқ доирасига сиғмаётган баъзи  ҳатти-ҳаракатлари, у ҳақда бизда ижобий фикрлар уйғотди, дейишга ҳам имкон бермайди.

Камолиддин Йўлдош
“Эркин Юрт” газетаси масъул муҳаррири