КАРИМОВНИНГ ЎРНИГА КИМ ДАВЛАТ РАҲБАРИ БЎЛАДИ?

Ҳақиқатан ҳам Ислом Каримовнинг ўрнини ким эгаллаши ўзбек халқи учун ўта муҳим ва долзарб масала ҳисобланади. Ва бу масала бугун кун тартибига келтирилиши ва муҳокама қилиниши лозим, деб ҳисоблаймиз.

КАРИМОВНИНГ ЎРНИГА КИМ ДАВЛАТ РАҲБАРИ БЎЛАДИ?
82 views
16 July 2011 - 17:37

Ҳақиқатан ҳам Ислом Каримовнинг ўрнини ким эгаллаши ўзбек халқи учун ўта муҳим ва долзарб масала ҳисобланади. Ва бу масала бугун кун тартибига келтирилиши ва муҳокама қилиниши лозим, деб ҳисоблаймиз. Баъзилар ҳали Каримов тахтида ўтирибди ва бу масала долзарб эмас, дея эътироз этишлари мумкин, албатта. Аммо ҳар бир инсоннинг ва ҳар бир тузумнинг бир умри бор. Ва табиийки бу умр бир кун сўнгига етади. Бу ҳақиқат Ўзбекистон Президенти учунгина эмас, балки ҳаммамиз учун ўзгармас ҳақиқатдир. Масалан, менинг ота-онам бундан 10-15 йил олдин вафот этишди. Ўзим ҳам Аллоҳ таоло белгилаган муддатда бу дунё ҳаётига алвидо айлаб, охират ҳаётига йўл оламан. Яъни, илоҳий қадарга кўра ҳеч бир жон ўлимдан қутулиб қололмайди.
“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир” ((Оли Имрон 185)
“Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир”. (Нисо сураси 78)
“Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир” (Оли Имрон 145)
Демак, Ислом Каримов ҳам бир инсон сифатида Аллоҳ таоло тақдирига ёзган кун вафот этади. Бу бир ой, бир йил ичида ёки бир неча йил ичида мутлақо содир бўладиган воқеадир. Фақат бу оддий инсоннинг эмас, деярли 30 миллион Ўзбекистон халқини асир олган бир давлат раҳбари, тўғрироғи диктаторнинг ўлими бўлади.
Президент сифатида Ислом Каримовга эътирозлар, танқидлар, қарши чиқишлар ва ўлимидан кейин тарихнинг унга қўядиган айблови унинг 20 йилдан кўпроқ муддат ичида Ўзбекистонда янги жамият қуриш учун зарурий бўлган ислоҳотларни амалга оширмаганлигидир. Ислом Каримов Ўзбекистонни бир подшоҳ каби бошқарди, аммо афсуски бу подшоҳнинг ўз халқини бошқариш учун бирор ақидавий (идеологик) ва ижтимоий-сиёсий йўли йўқ эди. Бу маънода Ислом Каримовни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, ҳайдовчилик мактабининг дарвозасига ҳам бориб кўрмаган автобус ҳайдовчисига ўхшатиш мумкин. Каримовнинг оддий автобус ҳайдовчисидан фарқи унинг тиш-тирноғигача қуроллангани ва ўзи ҳайдаб бораётган “автобус” йўлчиларини гаровга олганлиги эди. Шунинг учун бу бечора йўлчилар, (Ўзбекистон халқи) ҳайдовчи автобусни гоҳ ўнг гоҳ чап томондаги жарларга буриши ва қайта-қайта йўл ҳалокатига дучор қилишига қарамай, бу гувоҳномасиз ҳайдовчини автобуснинг рулидан узоқлаштира олмадилар. То ки табиий ўлим бу бебош ҳайдовчининг ёқасига келиб ёпишгунча ҳануз буни уддалай олмаяптилар…
Кузатувчилар Ислом Каримовнинг зулм ва қатоғон сиёсатини асосли равишда Иосиф Сталиннинг даҳшатли сиёсатига ўхшатадилар. Сталин даврининг энг машҳур сиймоларидан маршал Жуков ўз хотираларида ўлими яқинлашиб қолган Сталиннинг ўзига шундай деганини айтади:
-Мен ҳеч кимга ишонмайман…
Ислом Каримовнинг Иосиф Сталиндан фарқи шуки, у нафақат ҳеч кимга, ҳеч нарсага ҳам ишонмаган ҳолда ўн йиллар давомида Ўзбекистонга раҳбарлик қилишга уриниб келди. Сталин коммунист эди ва устози Ленин тарафидан қурилган социалистик жамиятнинг идеологиясига эътиқод қиларди. Аммо Ислом Каримовнинг ишонган эътиқоди ҳам, у ишонадиган ва ўз вазифасини бажаришга унга ёрдам берадиган сафдошлари ҳам йўқдир. Яъни, Каримов на “ўртоқ” нада “жаноб” дир. У аслида инсоний нуқтаи назардан атрофидагилар учун ҳеч ким эмас ва унинг учун хизматчилари ҳам ҳеч ким саналмайди. Бу маънода Ислом Каримовнинг яккаҳокимлиги асоссиз ҳисобланмайди. Фақат бу асос ҳақиқий бахтсизликдин иборатдир. Яъни, ҳеч нарсага ва ҳеч кимга ишонмаслик бахтсизлигидир бу. Каримовни ўзбек халқидан ажратиб қўйган, умри давомида инсонларнинг ундан нафратланишига ва ўлимидан кейин охиратга қадар унинг шахсига қилинадиган маломотларга сабаб бўладиган унинг мана шу шахсий ва сиёсий худбинлигидир..
Бундай ёлғизлик синдромининг даҳшатли оқибатларини Ўзбекистон Президентининг ички ва ташқи сиёсатида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ишонмаслик натижасида Ислом Каримов ўз сиёсатида Ўзбекистон халқининг миллий ва маънавий қадриятларини ҳисобга олмади. Шунинг учун ҳам халқимизнинг бутун қатламлари, яъни сиёсий ва диний мухолифат, катта ва кичик табдиркорлар, илм ва санъат арбоби Ўзбекистон Президентининг қатоғонига учради ва унинг душманига айланди. Бунинг далили Ўзбекистондаги умумий қатоғондир. Президентнинг ички сиёсатидан зулм кўрмаган бирор табақа қолмаганлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ажабки, Ислом Каримов бу сиёсатни барқарорлик, дея атаб келмоқда. Унга кўра бу барқарорлик (аслида умумий қатоғон ва зулм) мамлакатда тинчлик ва хотиржамликни таъминлаган эмиш. Бунинг натижасида Ўзбекистонда Тожикистондаги каби фожеали аҳвол ўртага чиқмаган эмиш. Аслида эса мавжуд ҳукуматнинг қатоғон сиёсати натижасида Ўзбекистон халқнинг чеккан азоб-уқубатлари Тожикистондаги фожеалар сабабли бу мамлакат инсонларининг чеккан жафоларидан асло кам эмас. Режим тарафидан ўлдирилган минглаб бегуноҳ инсонлар, умри қамоқда чириган ўнгмингларча маҳбуслар ва бир парча нон топиш учун мамлакатдан қочиб чиқишга мажбур бўлган миллионлар…Ва яна бу даҳшатли режимдан қандай қутулишини билмай ҳонавайрон вазиятга тушган Ўзбекистон халқининг тамоми…
(Ўзбекистон ва Тожикистон воқеалигини бундай қиёслашимиз, бизнинг аслоТожикистондаги фожеани қўллаб-қувватлашимизни билдирмайди. Бунга далил сифатида www.islomshuro.com сайтидаги “ДИКТАТУРА ТУГАСИН, АММО ТОЖИКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН ТАЖРИБАЛАРИ ҲАМ ТАКРОРЛАНМАСИН” номли мақолани ўқиш мумкин. Қаранг: http://www.islomshuro.com/index.php?option=com_content&view=article&id=80:2011-02-19-13-13-23&catid=2:2010-03-10-20-14-23&Itemid=3)
Айни манзарани Ўзбекистон ҳукуматининг ташқи сиёсатида ҳам кўришимиз мумкин. Фақатгина Ислом Каримовнинг сиёсий худбинлиги натижасида миллий ва эътиқодий жиҳатдан бир бутун бўлган Марказий Осиё давлатларининг Иттифоқи амалга ошмай келмоқда. Бунинг ўрнига минтақа халқларининг биродарлигини бузадиган ва минтақани иқтисодий бўҳронга етаклаган ва ижтимоий-сиёсий портлаш нуқтасига олиб келган вазият ўртага чиқди. Худди шундай сабаб билан Ўзбекистоннинг Ислом ёки Турк дунёси билан бирлашиши у ёқда турсин яқин ҳамкорлик қилиши ҳам имконсиз ҳолга келган. Ислом Каримов ҳукуматининг АҚШ, Оврупо Иттифоқи, Русия ва Хитой билан муносабатларида ҳам айни манзарани кўришимиз мумкин. Яъни, унинг бир ёқлама сиёсати натижасида ушбу давлатлар билан бўлган муносабатларда ҳам самимият ва ўзаро яқинлик ўрнини шубҳа ва масофали “ҳамкорлик” эгаллади. Аҳвол шу даражага етдики, яқинда бўлиб ўтган Шанҳай Ҳамкорлиги Ташкилотининг учрашувида оммавий ахборот воситалари учун суратга тушиш пайтида Ислом Каримов Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов билан ёнма-ён суратга тушмаслик учун Ўзбекистон байроғини ҳам бир томонга отиб, бошқа давлатнинг байроғи остида туришни ўзига эп кўрди. Яъни, на ўзининг нада бошқаларнинг обрўйи ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади…
Бундай зулм сиёсати натижасида аввало Ўзбекистон халқининг бутун соҳалардаги истеъдоди бўғиб қўйилди. Ҳолбуки қайта қуришнинг сўнги ва мустақилликнинг илк йилларида, ҳали Ислом Каримов мамлакатда ўз диктатурасини ўрнатмай туриб, халқимизнинг бутун ижтимоий соҳалардаги қобилиятлари яққол кўзга ташлана бошлаган эди. Инсонларимизда дину диёнатга бўлган эътиқод қайтадан ўртага чиққан, минглаб янги масжидлар очилганди. Коммунистик даврдан мерос қолган ёлғончилик, яъни мунофиқано ишлар инсонларимиз орасида камая бошлаганди. Сиёсий соҳада янги ҳаракатлар ва фирқалар ўртага чиққанди. Мухолиф нашрларининг сони юз мингларни ошганди. Инсонларимиз эркин тадбиркорлик ва тижорат билан шуғулланишни йўлга қўя бошлаган эдилар. Халқимизнинг бутун бу яхши ташаббуслари Ислом Каримов диктутурасига қурбон қилинди. Яккаҳокимлик усули билан отилган иқтисодий қадамлар эса бюрократия ва порахўрлик ботқоғига ботиб кетди. Натижада моддий ва маънавий имкониятлари йўққа чиқарилган Ўзбекистон дунёнинг энг қашшоқ ўлкаларидан бирига айланди. Бундай ҳолатда халқнинг оммавий шаклда мамлакатдан қочиши албатта бежиз эмасдир. Хуллас, бугун Ўзбекистон вабо ёки ўлат тарқалган ва инсонлар ўлимдан қочган каби ўз мамлакатларидан қочиб кетишни орзу қилаётган бир ўлкадир…
2
Биз мана шундай вазиятда Ислом Каримовнинг ўрнига ким мамлакат раҳбари бўлади, деган масалани муҳокама қилмоқдамиз. Чунки юқорида айтилгани каби ҳар бир инсоннинг ва ҳар бир тузумнинг ўз ажали бор. Ислом Каримов режимининг ҳам умри ниҳоясига етиб қолгани ўз-ўзидан аён. Халқимиз ҳам пичоқ суякга етганлигини яхши билиб турибди. Бундай вазиятда нима қилиш керак, деган саволга барчамиз фойдали илм, саҳиҳ имон, ақл ва ватанимиз яшаган яқин тажрибани восита қилиб жавоб беришим керак бўлади. Ўзбекистоннинг тақдирига бефарқ бўлмаган ва мамлакатимизнинг тараққий қилган давлатлар орасида ўзининг муносиб ўрнини олишини истаган барча инсонларимиз аввало ўз шахсий ҳаётларида, кейин оилаларида ва маҳаллаларида яхшиликнинг ёйилиши ва ёмонликнинг тугатилиши учун ўз ҳиссаларини қўшишлари керак бўлади. Яхшиликнинг асоси эса имон ва диёнатдир. Алҳамдуллилаҳ халқимизнинг аксарияти ўзини мусулмон ҳисоблайди. Демак, аввал қилинадиган иш инсонларимизнинг дину диёнатни ўрганиб, унинг ҳукмларини ўз ҳаётларига тадбиқ қилишдан иборат бўлиши керак. Аммо бу масалада асло ва асло шошма-шошарликга, талашиб-тортишувларга, ҳизбчилик, динда ҳаддан ошиш, хурофот ва бидъатларга йўл қўйиб бўлмайди. Ислом дини масаласида йўл қўйиладиган хатолардан бири баъзиларнинг дарров Исломий жамият, Исломий давлат ёки халифалик қуриш каби шиорларни ўртага отишларидир. Ҳолбуки, Ислом дини аввало шахсларнинг сўнгра жамиятнинг ислоҳини назарда тутади. Шундай экан, дарахт ўтқазмасдан мева тўплаш ва ҳали йўқ мевани бўлиб олиш учун жанжал кўтариш ақлли кишиларнинг иши бўлмаса керак. Ислом дини масаласида аввал қилинадиган иш инсонларимизнинг динимизни саҳиҳ асосларга кўра ўрганишларидир. Яъни, исломий маърифат ва даъватдир. Чунки бундай маърифат ва даъват амалга ошмай туриб, Исломга асосланган жамият қуриш, халифалик қуриш каби иддоалар қуруқ сўзлардангина иборат бўлиб қолиши мумкин. Ва бундай қуруқ иддоалар мусулмонлар орасида ўзаро тушунмовчилик, фирқачилик, низо ва жанжалларга сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Ўтиш даврида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ишлардан бири инсонларга эътиқод ва фикр эркинлиги, раҳбарларни сайлаш, танқид қилиш, эркин тадбиркорлик ва шунга ўхшаш халқимизни тараққиётга етаклайдиган ҳақ-ҳуқуқларнинг таъминланишидир. Қайси йўлдан бориш ва ниҳоий мақсад қандай бўлишини танлаш эса ҳеч шубҳасиз Ўзбекистон халқининг энг табиий ҳаққидир.
Иқтисодий соҳада эса инсонларга мол мулкга эга бўлиш, эркин тижорат ва тадбиркорлик билан шуғулланиш эркинликлари берилиши керак бўлади. Чунки мамлакатнинг бой –бадавлат бўлиши бир томондан табиий заҳираларга, иккинчи томондан инсонларнинг иқтисодий тадбиркорликлари ва ташаббусларига боғлиқдир.
Ўзбекистонда амалга оширилиши лозим бўлган энг улкан ислоҳот шубҳасиз таълим тарбия, яъни мактаб ислоҳотидир. Ёш авлодлар мактабларда дунё ҳаётига оид ҳамда охират қадриятларига оид илмларни ва бу илмларни ҳаётга тадбиқ қилишни ўрганишлари керак бўлади. Чунки агар мактабларда фақат дунё ҳаётига оид имлар ўргатиладиган бўлса, бундай мактаблардан математика, алгебра, физика, химия, ботаника каби фанларни яхши биладиган, аммо ахлоқан шайтонсифат насллар етишиб чиқиши тажрибадан яхши маълумдир. Аксинча мактабларда фақат охират қадриятларига оид илмлар ўргатиладиган бўлса, икки карра иккининг натижасини билмайдиган, тасаввури тор, велосипедни ҳам шайтон араваси, дея баҳолайдиган, тушунчалари давр ва тараққиётдан узоқ насллар етишиб чиқиши мумкин. Бу ерда Ислом динининг асосий хусусиятини, яъни дунё ва охират қадриятларининг динимизда айни даражада ўрин олишини яна бир марта эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак.
Ўзбекистоннинг яхшилик тарафга тараққиёт қилишини истаганлар албатта бекорчи, исроф ва маъносиз ишлардан узоқ туришлари керак бўлади. Бунинг мисоли риёкорлик билан минглаб кишиларни чақириб, қарзга ботиб бўлса ҳам, ароқхўрлик, бемаъни қўшиқ ва рақсбозлик билан ўтказиладиган тўй-томошолардир. Шунингдек, яна исроф ва ном тарқатиш учун қилинадиган маъракалардир. Суннат ва никоҳ туйларини, аза ва маъракаларни содда ва исрофсиз ўтказишни бутун халқимизнинг одат қилиши мақсадга мувофиқдир.
Хуллас, яхшиликни ёйиш ва ёмонликдан қайтариш ҳаммамизнинг вазифамиз ҳисобланиши керак. Ёмонликнинг энг кўп тарқалган шакллари эса имон йўлидан юрмаслик, ёлғончилик, риёкорлик, порахўрлик, кибр, бошқаларга зулм қилиш, ароқхўрлик, ғийбат ва туҳмат гапларни гапириш, исроф ва манманлик, зулмга бепарво (тарафсиз) бўлиш, пул орқасидан қувиб охират ҳисобини унутишдир. Ўзбекистон ва унинг халқига яхшилик қилишни истаганлар аввало ўзлари мана шундай ёмонликлардан воз кечишлари керак бўлади. Бундай салбий хислатларнинг ўрнини фойдали илм ўрганиш, саҳиҳ имонга эргашиш, тўғрисўзлилик, камтаринлик, ихлосли бўлиш, адолат тарафида туриш, ҳаром нарсалардан ва ишлардан узоқ туриш, фақат моддий қадриятларни эмас, маънавий қадриятларни ҳам ҳаётига жорий қилиб, охират ҳаётига тайёргарлик кўриш каби ижобий хусусиятлар олиши зарурийдир.. Унутмаслик керакки Ислом Каримов режимининг илдизлари инсонларимиз ҳаётига сингиб кетган юқорида саналган салбий хусусиятлардир. Агар ҳар бир киши ўз ҳаётида салбий сифатлар ўрнига ижобий сифатларга ўрин берадиган бўлса, мавжуд диктатуранинг тугатилишининг муқаррарлиги ўз ўзидан аён бўлса керак.
Бундай ҳолатда Ислом Каримовнинг ўрнига ким Давлат Раҳбари бўлади, деган саволга жавоб бериш ҳам мураккаб масала ҳисобланмайди. Чунки фойдали илм, саҳиҳ имон, уларга асосланган яхши амаллар ва ахлоқни танлаган инсонларга Аллоҳ таоло золим кимсани раҳбар қилиб қўймайди, иншоОллоҳ…

АБДУРРАҲМОН МУҲАММАД