Эрдўғон АТП Раислигидан кетади (audio)

Бу ҳақда ўтган ҳафта Эскишаҳар партия фаоллари мажлисида қатнашган Тоййиб Эрдўғоннинг шахсан ўзи баёнот берди. Хўш, нега энди бу йилги қурултойда охирги марта Раисликка сайланиб, кейин бу лавозимга қайта сайланмоқчи эмас?

Эрдўғон АТП Раислигидан кетади (audio)
62 views
17 July 2012 - 11:15

Бу ҳақда ўтган ҳафта Эскишаҳар партия фаоллари мажлисида қатнашган Тоййиб Эрдўғоннинг шахсан ўзи баёнот берди. Хўш, нега энди бу йилги қурултойда охирги марта Раисликка сайланиб, кейин бу лавозимга қайта сайланмоқчи эмас?[soundcloud id=’53271824′ playerType=’Standard’]

Бу саволнинг бир биридан чигал бир қанча жавоблари бор. 2014 йилда Туркияда президентлик ва маҳаллий сайловлар ўтказилиш керак. Эрдўғоннинг президентлик сайловларида номзод бўлиши кутилмоқда. Мавжуд Конституцияга кўра эса Президент бетараф, яъни партиясиз бўлиши ва фақатгина рамзий иқтидор билан кифояланиши керак…

Аммо Эрдўғонни ҳозирда бўлгани каби рамзий сиёсий кучга эга бўлган Президентлик қониқтирмайди. Чунки ҳозирда Туркия бир ижтимоий сиёсий тузумдан, яъни Отатурк 20 асрнинг бошларида асос солган дунёвий (секуляр) тузумдан бошқа тузумга ўтишга даврини бошдан кечирмоқда. Аммо бу янги тузум қандай тузум бўлади, бу ҳақда на давлат раҳбарлари, на да фуқоралар аниқ тасаввурга эга эмасга ўхшайди. Эрдўғоннинг ўзи янги қурилажак тузумни “Тараққий қилган демократия” (Türkçe “İleri Demokrasi”), дея атаётган бўлсада, аммо бу тузумнинг эски тузумдан нимаси билан фарқ қилиши ҳақида аниқ фикрларни ҳалигача очиқ ойдин ўртага ташламади.

Янги тузумнинг қандай бўлиши ҳозирда Туркия Буюк Миллат Мажлисида (Парламентда) махсус гуруҳ томонидан янгидан ёзилаётган Ассосий Қонунда (Конституцияда) ўз ифодасини топади, дейиш ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Чунки янги Конституцияда Туркиянинг давлат тузумининг дунёвийликка асосланиши қоидаси ўзгартирилмаслиги мумкин. Аммо бу қоида Отатурк даврида бўлгани каби давлатнинг диндан ажратилиши эмас, давлатнинг турли дин вакилларига тенг муносабатда бўлиши, дея изоҳланиши ҳам мумкин. Бунинг далили Эрдўғоннинг партияси иш бошига келган сўнгги ўн йилдан кўпроқ вақт ичида Туркияда давлатнинг диндор аҳолига бўлган сиёсатида жиддий ўзгаришлар бўлганидир. Масалан, ҳозирги кунда ҳижобли қизлар бемалол олий даргоҳларда ўқиш имконини қўлга киритганлар. Шунингдек, бу ўқув йилидан эътиборан давлат мактабларида Қуръони Карим ва Муҳаммад (сав) ҳаёти дарслик сифатида ўқитила бошлайди…

Бу ислоҳотлар албатта Туркияда эски режимнинг янги режим билан алмашгани маъносини билдирмайди. Бу фақат юқорида таъкидлангани каби мавжуд тузумнинг бир шаклдан иккинчи шаклда ўтишидаги айрим ислоҳотларни билдиради, холос.

Мавжуд тузумни ўзгартиришда мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги омиллар муҳим роль ўйнайди. Ички сиёсатда сиёсий тизимни ўзгартириш, иқтисодни барқарорлаштириш, сиёсий кучлар мувозанатини мавжуд ҳукуматга зарар бермайдиган шаклга келтириш асосий омиллар ҳисобланади. Сиёсий тизимни ўзгартириш Туркия парламентар режимда қолиши керакми ёки тўлақонли Президентлик бошқарувига ўтиши керакми, деган масалага бориб тақалади. Ҳозирда Туркия сиёсий жиҳатдан парламентар Руспубликадир. Яъни, ҳокимият парламент сайловларида ғолиб бўлган партия қўлига ўтади. Бу партия парламентда кўпчиликни қўлга киритгандан кейин мамлакатда ўзи истаган сиёсатни амалга оширади. Бу сиёсий тизимда Бош Вазир асосий сиёсий шахсият ҳисобланади. Президент ким бўлишига ҳам амалда Бош Вазир Қарор беради. Президент эса фаол сиёсат олиб бормайди, фақат рамзий сиёсий мавқега эга бўлади…

Аммо Эрдўғон Президентликка сайлангандан кейин фақатгина рамзий давлат бошлиғи бўлишни истамайди, албатта. У Президент бўлгандан кейин ҳозирда бўлгани каби фаол сиёсат олиб боришни, яъни мамлакатнинг амалдаги “хўжайини” бўлишни истайди. Бу фақатгина Бош Вазир Эрдўғоннинг истаги эмас, унинг партияси ҳукуматга келгандан кейин мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг тўхтаб қолмаслиги учун шарт ҳамдир.

Шу мақсадда Тоййиб Эрдўғон ишни аввал ўз партиясини тафтиш қилишдан бошлади. Чунки у билан бирга 70 яқин сиёсатчи 2014 йилги парламент сайловларида иштирок эта олмайди. Бу тажрибали сиёсатчиларнинг ўрнини янгилари билан тўлдириш мақсадида Эрдўғон ўзининг эски сафдоши Нўъмон Қуртулмиш тарафидан тузилган Халқнинг Овози партиясини ўзининг партиясига қўшилишга даъват қилди. Яқинда бу икки партиянинг бирлашиши кутилмоқда. Шунингдек, Эрдўғоннинг олдин Тўғри Йўл партияси Раиси бўлган таниқли сиёсатчи Сулаймон Сойли ва ҳатто марҳум Бош Вазир, Эрдўғоннинг устози Нажмиддин Эрбоқоннинг ўғли Фотиҳ Эрбоқонни ҳам ўз партияси даъват қилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумки, Тоййиб Эрдўғон ҳукуматни бошқарган бу сўнги 10 йилда асосан муҳофазакор

инсонлар, яъни Туркия жамиятида “исломчилар”, дея аталадиган оддий мусулмонлар ва улар томонидан асос солинган турли жамоат ва тариқотлар вакиллари тарафидан қўллаб қувватланиб келинди. Бу жамоатлар ичида энг таъсирлиси машҳур имом Фатҳуллоҳ Гулан жамоатидир. Айтиш керакки, кейинги вақтда бу жамоат билан Эрдўғон ҳукумати орасида “қора мушук” ўтганлиги ҳақида ишоратлар бор. Масалан, жамоат таъсирида бўлган прокурорлар МИТ (биздаги Миллий Хавфсизлик Хизмати) Раисини курд сепаратистлари билан музокара олиб борганликда айблаб, терговга тортишга ҳаракат қилишди. Бу ишга шахсан Эрдўғоннинг ўзи аралашди, парламентда бундай юқори лавозимли мансабдорларни фақатгина Бош Вазирнинг рухсати билан терговга тортиш ҳақида қонун чиқарилди. Эрдўғон бу масалада бир ТВ дастурида “бу журъаткор терговчилар истаса келиб мени сўроқ қилишсин”, дейишгача борди. Ҳукумат ва жамоат орасидаги муаммоли вазиятга далил сифатида Эрдўғоннинг ҳозирда АҚШда яшаётган Фатҳуллоҳ Гуланни Туркияга қайтиб келишга даъват қилганини, аммо имом буни рад қилганини ҳам айтишимиз мумкин…

Туркия сиёсатига таъсир қилаётган ташқи омиллар масаласига келадиган бўлсак, буларга мисол сифатида аввало сўнгги сиёсий жараёнлар натижасида Туркиянинг Сурия, Ироқ, Эрон ва Русия билан муносабатларида совуқлашув майдонга келганини, Оврупо Иттифоқига аъзо бўлиш масаласи эса охири кўринмайдиган мавҳумликка тушиб қолганини айтишимиз мумкин. “Араб баҳорининг” мевалари ҳали Туркияга сезиларли ёрдам бермагани ҳам бир ҳақиқатдир.

Ушбу айтилганлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, Туркиянинг яқин тарихида Отатуркдан кейин энг катта ислоҳотчи унвонига номзод бўлган Бош Вазир Тоййиб Эрдўғоннинг ишларининг унчалик осон эмаслигини тушуниб олишимиз мумкин. Унинг мамлакатда янги тузум қуриш учун қилаётган саъйи ҳаракатларининг натижалари аввало Эрдўғоннинг мамлакатдаги исломий кучлар орасида иттифоқга эришишига ва ташқи сиёсатда “Араб баҳорининг” Туркияга келтирадиган фойдаларига боғлик эканлигини айтишимиз мумкин. Бу ерда Эрдўғоннинг фойдасига бўлган ягона омил эса, унинг яна камида 10 йил Туркиянинг Бош сиёсатчиси сифатида фаолият олиб бориш имкони борлигидир. Бош Вазир сифатида эмас, 2014 йилдан эътиборан Туркия Жумҳуриятининг фаол Президенти сифатида…

 

Намоз Нормўмин,

17 июль 2012 йил