BBC: Прокурор Обидхон қорига қарши суиқасдда Ўзбекистон МХХини айблади

“Биз тақдим этган фактлар ҳужум тузум танқид қилинганлиги учун содир этилганлиги ва унинг ўзбек хавфсизлик хизматлари топшириғи билан амалга оширилганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Бу фактлар ҳодисадан кейин тўпланган қўшимча маълумотлар билан тўлдирилган. Аниқки, (Ўзбекистон) хавфсизлик хизматлари уни (Обидхон Назаровни) йирик хавф сифатида кўрган”, деб айтган прокурор.

BBC: Прокурор Обидхон қорига қарши суиқасдда Ўзбекистон МХХини айблади
109 views
18 July 2012 - 17:08

Ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасд бўйича Швециянинг Остерсунд шаҳрида кечаётган маҳкама ниҳоий палласига кирган.

Маҳкама прокурори айбланувчиларга 8 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси сўраган.

“Биз тақдим этган фактлар ҳужум тузум танқид қилинганлиги учун содир этилганлиги ва унинг ўзбек хавфсизлик хизматлари топшириғи билан амалга оширилганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Бу фактлар ҳодисадан кейин тўпланган қўшимча маълумотлар билан тўлдирилган. Аниқки, (Ўзбекистон) хавфсизлик хизматлари уни (Обидхон Назаровни) йирик хавф сифатида кўрган”, деб айтган прокурор.

Айни дақиқаларда ҳимоя тарафининг даъвоси тингланмоқда.

Аввалроқ, маҳкамада Обидхон қори Назаровнинг ўғли кўрсатмаси тингланган. У отасининг тузумни танқид қилгани, хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорликка рози бўлмагани учун ҳукуматнинг душманига айланганини айтган.

“Отам ҳақида телевизион кўрсатувлар мунтазам бериб борилган. 2010 йилгилари ўта жиддий эди. Улар отам террорчи сифатида тасвирланган кўрсатувни намойиш этишди. Унда отам террорчи гуруҳларни назорат қилиши ва БМТ ҳамда Ғарбдан кўмак олиши ҳақида гапирилганди”, деган Довудхон Обидхон ўғли.

Шунингдек, у Швеция полицияси отасининг ўз ҳаётига таҳдид бўлаётгани борасидаги огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирганини танқид қилган.

Обид қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум қуролли томонидан отиб кетилганди.

Асли ўзбекистонлик жуфтликка шу йил феврал ойида Стромсунд шаҳрида имомни отган шахсга қотилликни уюштиришда ёрдам бериш айблови қўйилган.

Суиқасдни амалга оширган асосий ижрочининг ҳануз озодликда эканини айтилади.

54 ёшли Обидхон қори Назаров ҳамон шифохонада кома ҳолатида ётибди. Бугун маҳкамага кўрсатма берган Довудхон Обидхон ўғлига кўра, шифокорлар отасининг келажагига ҳеч қандай умид йўқлигини айтишган.

www.bbc.co.uk