Ўзбекнинг беклиги қани?!

Ўзбекнинг беклиги қани?!
138 views
23 July 2012 - 9:24

Андижоннинг Марҳамат шаҳри марказидаги “Ўзбекистон” маҳалласи посбони аёл киши эканлигини эшитиб, «ҳа энди, эркакларнинг ҳаммаси чет давлатларга ишлагани чиқиб кетган бўлса, посбон топилмагандир-да», деб ўйладик. Аммо, батафсил маълумотларни олгач эса… ёқа ушладик.

Маҳаллага посбон этиб тайинланиши учун Низом талабига кўра ҳарбий хизматни ўтаган, маҳаллада ўз ҳурмат – эътиборига эга бўлган йиғитлардан танлаб олиниши лозим экан. Мазкур маҳаллага ўз сўзини ўтказа оладиган ва, хатто, маҳалла фуқаролар йиғини раисини “ўтирғизиб – турғазадиган” аёл – Қория Каримова маҳалла посбони этиб тайнланган. Бу аёлнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида обрў-эътибори шу қадар зўр-ки, муқаддам фоҳишахона очганлиги учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисми билан ҳамда қалбаки ҳужжатлар ва бланкалар тайёрлаганлиги учун Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми билан жиноий жазога тортилган. Марҳамат туман ҳокимлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, чамаси, ана шу “сифатлар”ни эл-юрт ичида ҳурмат – эътибор топиш деб баҳолаган, шекилли.

Маълум бўлишича, шаҳар марказидаги бутун кўп қаватли турар – жойлар унинг шахсий назоратида. Қўни –қўшнилари у билан қўшничиликдан ҳазар қилиб уйларини сотишга тушишган. “Машҳур” қўшни кимлигини билгач, ҳаридорлар орқаларига қарамай қочишади. Шу тариқа Қория Каримова ёнидаги квартираларни сув текинга – олти миллион сўмга сотиб олади. Уй эгаси эса йиғлаганича кетаверади. Акс ҳолда, Қория “посбон”нинг “Хоҳласанг шу. Мендан бошқа биронтага сота олмайсан!” деган ҳукмига бўйсуниб, уйни бепул ташлаб кетишидан бошқа чораси ҳам қолмайди. Каримова Қория хонадонлардан тўрттасини шундай йўллар билан “сотиб олиб”, енгилтак аёлларни жойлаштириб, уларнинг ҳар биридан кунига эллик минг сўмдан даромад топади…

Аҳоли ўртасида Қория Каримова олдида судларнинг ҳам, бошқа ҳуқуқ идораларининг ҳам “тили қисиқ”, унга ҳеч ким мушугини «пишт» дея олмайди, деган иддао хукмрон. Бежизга эмас экан. Дарҳақиқат, ички ишлар бўлимидан аввал унга “рейд борлиги” ҳақида хабар етказилиб, “қизларини” кўздан пана қилиб туришини сўрашади, сўнг “облава” қилишади. Энг қизиғи, мазкур рейдга Қория Каримованинг ўзи бош бўлиб ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига хонадонларни айлантириб кўрсатиб чиқади. Хизматлари эвазига “посбон” ички ишлар бўлими топшириқларини сидқидилдан уддалаш учун “бепарда” қизлар билан таъминлайди.

Ички ишлар бўлими кимнидир ноҳақ айблаши лозим бўлса, шундай ғалати тарбияли қизлар ёрдамидан фойдаланиб келади. Провокациялар уюштириб беришади, ёлғон гувоҳлик беришлари мумкин, жанжал қўзғаб беришади… Ана шундай йўл билан Суд қарорларини ижро этиш департаменти Марҳамат туман бўлими суди ижрочиси Оловиддин Қосимов 12 йилга қамоққа тиқилгани катта шов-шувга сабаб бўлган. У “пора олганликда” айбланган. Пора берганликда айбланиши лозим бўлган Қория Каримова эса, ҳеч қанча ўтмай, посбон қилиб кўтарилган!

Чор Россияси Андижонда Дукчи Эшон бошчилигидаги қўзғолонни бостирар экан, унинг маркази Мингтепа қишлоғини ер билан яксон қилиб, рус мужиклари оиласини жойлаштиргач, вақти келиб бу Туронзамин аёллари шармандали ном остида посбон бўлишларини ҳам башорат қилишган бўлса ажаб эмас!

Юқоридаги ҳолатларни ўрганиб чиқиб, миллий қадриятлар ҳақида лоф урилган юртда, қадимда тошбўрон қилинган жирканч аҳлоқ эгалари бугун қадр топаётганлигидан ташвишга тўшасан киши. Ўзига Бек ўзбекнинг беклиги қани?!..

Бобур Ҳўқондий

2012 йил, Рамазон ойи
******