Ўзбек ўғлонига қани Эркак тарбияси?

Ўзбек ўғлонига қани Эркак тарбияси?
148 views
26 July 2012 - 9:31

Интернетдаги болалаб кетган ижтимоий тармоқларни сайр қилар экансиз, у ердаги баҳсу-мунозараларга қандай қилиб аралашиб қолганингизни билмай қоласиз. Бундай баҳслардан баъзан ғолиб бўлиб чиқасиз, ёки хар томондан хамла қилишиб, “чўқиб” ташлашади. Лекин яқинда интернетдаги бир ижтимоий тармоқда шундай мавзу кўтарилдики, бунда деярли хамманинг фикри бир ердан чиқди. Ўзига “Оғайни” деб ном олган бир дўстимиз, ўзи билган ҳолдами ёки аксинча, бир муҳим мавзуни ўртага ташлади. Унинг фикрича, ўзбек оиласида ўғил болалар тарбияси бутунлай аёллар қўлига ўтган ва бу ҳолат ўғил боланинг характерида ўзининг изини қолдираяпти… Ижтимоий тарафдан хам ўта долзарб бўлган “Оғайни”нинг бу мавзуси билан сиз ҳам бир танишиб кўринг:

 Ота ўғил эмас, она ўғил!

Шарқда “Эркак оилада биринчи раҳбар” деган тамойил асосида бола тарбияланган. Ота-боболаримиз бу ақидага жиддий риоя қилганлар. Ўғил болага ёшлигидан қаттиқ талаб қўйилган. Унга оила, хонадон шаъни, ОРини ҳимоя қилиши шарт эканлиги ҳар онда эслатиб турилган. Оналар ўғил фарзандларга оталарининг рафторию-сумбатини кўрсатиб, “Отангизга ўхшанг, ота ўғил бўлинг”, деб фахр туйиб тарбия бериб келганлар.

Бугунга келиб, анчайин ўз қадр-қийматини йўқотган, ўлчовлари пасайган шарқона одобнинг мўрт ҳолига ачиниб кетади киши. Ўғил болаларда эркаклик шаҳди, шижоати, мардлик, журъат ва ғурур каби туйғулар йўқолиб кетмоқда. Нима учун деган савол атрофидаги жавоблар, унга асос қилиб кўрсатишга арзигулик сабаблар кўп. Сабаб кўп-у негадир бу ҳолдан оғринаётганлар кам наздимизда.

Аксарият эркаклар пул топиш илинжида ою-йиллаб хотин, бола-чақасини ташлаб хорижга кетиб қолади. Улғайиб келаётган ўғил ҳаётда ўзига асқотиши мумкин бўлган феъл-атвор андозасини онадан ўрганади. Боғчага борадиган бўлади. Албатта боғчада “боғча ака” эмас, “боғча опа”лар қўлида тарбияланади. Ундан кейин мактаб. Ўзингизга маълум, мактабларда эркак ўқитувчиларни учратмай қолганимизга анча йиллар бўлди. Яна ўқитувчи аёллар… Вазият шундай бўлиб турган бир пайтда, ўғил болалар ўғил болага хос, эркакча тарбияни қаердан ўргансин, биродар?..

– Турмуш ўртоғим сал нарсага хафа бўлиб аразлаб олади-ю, кунлаб гаплашмай юради, – дейди бир дугонам. – Мен юрагимда йиғилган гапларимни айтиб-айтиб, енгиллаб оламан-да, кек сақламай яна аввалгидек чиройли муомаламни қиламан. Улар арзимаган майда гап-сўзлардан фожеа ясаб, аразлаб юрадилар. Хайрон қоламан, эркак киши ҳам шунақа майдакаш, хотинфеъл бўлар экан-да. Шу феъллари сабаб эрим билан тил топишиш, келишиб яшаш муаммоларга сабаб бўляпти. Ўзлари мустақил қарор қабул қила олмайдилар. Бир иш бошлашдан аввал албатта қайнонамнинг этагига осиладилар. Ўғил болани бошидан мустақилликка ўргатиб тарбиялаш керак экан-да…

Мулоҳаза қилинса, она яккаҳокимлиги устувор бўлган хонадон ўғилларининг мустақил ҳаётга дадил одимлаши ҳам мушкул экан. Болалигидан она этагини қўйиб юбормай улғайган ўғил болаларда мардлик, журъатлилик кўринмайди. Уларда иккиланиш, каловланиш ота тарбиясини олган ўғил болаларга нисбатан икки карра кўпроқ бўлади.

Кейинги бир-икки ой ичида радио ва телеканалларда эл орасида анча обрў ва нуфузга эга бўлган машҳур ҳофизимизнинг таниқли шоирларимиздан бирининг қаламига мансуб сатрлар билан куйланувчи қўшиғи шлягерга айланди.

“Зир югурган ортингда
Шаҳзодалар жуда кўп.
Кел, ўшалар олдида
Мен ғарибни битта ўп!”

Ўзини ўзбек деб билган киши мисраларга эътибор берган заҳоти, ичидан ижирғаниб қўяди: “Қайси эркак ўзини ташлаб кетган маъшуқасидан марҳамат кутиб, боз устига йиғлаб ундан бўса тиланар экан?!”

– Шундоқ ҳам йигитлар бўш-баёвлашиб, латтага ўхшаб қоляпти, – дейди бир опахон қўшиқдан оғринганини гапира туриб, – шоиру ҳофизларнинг, эл назаридаги кишиларнинг халққа таъсири кучлироқ бўлади. Улар ёшларни мардликка, ҳар қандай ҳолатда ҳам ғурурни устун қўйишга чорлайдиган шеърлар ёзиши, куй-қўшиқлар куйлаши керак-ку! Эл назаридаги кишилар бундай сийқа муҳаббат тарғибидан хижолат тортишса бўларди…

Халқнинг маънавий дунёси энди шаклланиб бораётган қатлами – ёшлар ҳисобланади. Ёшлар эса асосан, санъаткорларга интилиб, улар кийган либосларга, улар томонидан ижро этиладиган қўшиқ ёки ролларга тақлид қилишни хуш кўришади. Санъат оламидаги юрдошларимиз масаланинг ана шу жиҳатини ҳисобга олган ҳолда ижодий фаолият билан шуғулланганлари маъқулмикан, деб ўйланиб қолади киши…

 

Оғайни