Биз шунга лойиқмиз!

Ўзбекларда бир нақл бор: “Қаловини топсанг қор ёнар”. Шунга кўра, ўзбек мухолифати ва ўзбек диний жамоаси катта ютқазишни бошидан кечирди ва Адолат деган жилвадор неъмат улар учун бир афсонавий пари пайкар, ҳури ғилмон эканлигини юрак юракларидан ҳис этишмоқда. Ғарбда ҳам аҳвол шу: ой туғса ҳам, кун туғса ҳам бойга туғади. Бойларнинг энг бойроғи эса, бизда ҳукмдоримиз бўлган Ислом Каримовдир.

Биз шунга лойиқмиз!
395 views
27 July 2012 - 16:00

26 июль куни Швециянинг Стромсунд шаҳридаги маҳаллий туман суди таниқли ўзбек имоми Обид қори Назаровга нисбатан уюштирилган суиқасд юзасидан ўз ҳукмини ўқиди. Ҳукмда келтирилганига ишониладиган бўлса, судланаётган жуфтлик, эр-хотин Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг бу жиноятда иштирок этганлари ўз тасдиғини топмаган. Тағин бошқа бир мисол эса, суиқасднинг бевосита ижросиси бўлган Юрий Жуковский бу жиноятни содир этган, ёки этмаганлиги ҳам исботланмаган.

Унда ким имомни отганди? деган савол туғилади ва бу саволга жавобнинг ўзи йўқ.

Балки бу жиноят умуман содир бўлмагандир (?!).

Кўплаб мақолаларда исми келтирилаётган Юрий Жуковскийнинг асл шахсияти  тасдиқланмаганлиги ҳам негадир кўпчиликнинг диққат назаридан четда қолиб кетаяпти. Суд материалларидан кузатилинаётганига кўра, бу шахснинг Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлайдиган паспорти бўлган. Агар Ўзбекистонда қонуний ҳукумат эмас, жиноятчи бир тўданинг ҳукмронлигини ўрнатилинганлигини инобатга олсак, бу шахснинг Юрий Жуковский эканлиги ҳам шубҳа остида қолади. Балки бу шахс Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтирган Каримовнинг “Зондер командаси” одами ҳам бўлиши мумкин ва унинг қўлидаги Юрий Жуковский номига берилган паспорт ҳам ҳақиқий бўлмаслиги кундай равшан. Чунончи, киллер ким эканлиги ҳали ҳам номаълум, аммо унга кимлар кўмаклашганлиги эса очиқланди.

Хориждаги ўзбек жамоалари орасида бу мавзу кўп ва хўб муҳокама қилинди. Кўпчиликда адолат қарор топишига ишонч баланд бўлди ва ниҳоят Ўзбекистон авторитар режимининг асл башараси жаҳон жамоатчилигига кўрсатилиши мумкинлигидан умид бор эди. Шундай муҳокамаларнинг бирида таниқлик ўзбек ҳуқуқбони Толиб ака Ёқубов шундай деганди:

“Ҳозирда Ўзбекистон МХХси (Миллий Хавфсизлик Хизмати) индамай қўл қовуштириб турибди деб ўйлайсизларми? Йўқ! Улар индамай тургани йўқ! Тинмай елиб, югуриб сувдан қуруқ чиқиш йўлларини излашаяпти”.

Ўзбекларда бир нақл бор: “Қаловини топсанг қор ёнар”. Шунга кўра, ўзбек мухолифати ва ўзбек диний жамоаси катта ютқазишни бошидан кечирди ва Адолат деган жилвадор неъмат улар учун бир афсонавий пари пайкар, ҳури ғилмон эканлигини юрак юракларидан ҳис этишмоқда. Ғарбда ҳам аҳвол шу: ой туғса ҳам, кун туғса ҳам бойга туғади. Бойларнинг энг бойроғи эса, бизда ҳукмдоримиз бўлган Ислом Каримовдир.

Остерсунддаги суд суриштирувида Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг айблари ўз исботини топмади, дея даъво қилиш ғирт аҳмоқликдан бошқа нарса бўлмади. Масалан, ўтган йилнинг ноябрь ойида  эр-хотинлар Юрий Жуковский деган кимсани, Нодиранинг акаси Умиднинг илтимосига биноан, Копенгаген аэропортида кутиб олиб, бир ҳафта ўз уйларида меҳмон қилишган. Бу меҳмонни Баҳодир Пўлатов Лунд шаҳрига олиб борган. Юрийнинг қўлида Обид қори Назаровнинг 10х10 фотосурати бўлган. Юрий имомни Лунддан қидириб, уни топа олмай ахийри қайтиб кетган. Уни нимага излаяпсан деган саволга Юрий бу одамда 14 минг доллар миқдорда қарзи борлигини ва шуни ундириш ниятида эканлигини айтган. Лекин унинг 14 минг доллар қарзни ундириши ҳақида айтган сўзи рост эканлигига ҳам исбот йўқ.

Кейинчалик эр-хотинлар Обид қори Назаровни Стромсундда излашга тушишди ва топишди ҳам.  Баходир Пўлатов ва Нодира Аминовалар судда мутлоқ ёлғон гапиришаркан, Стромсундга сафар қилганликларини мутлақ инкор қилишди ва кейинроқ эса, сафар чоғида имомни изламаганликларини таъкидлашди. Орадан бир кун ўтиб, имомни излаганликларини тан олишаркан, унга нисбатан суиқасд уюштирилиши мумкинлигидан бехабар бўлганликларини идаао қилишди.

Яна бир ажабланарлик томони шундаки,  Баҳодир Пўлатов Стромсунддаги масжидда имом билан учрашгани, ўзини тожикистонлик Равшан деб таништиргани суд томонидан инкор қилингани бўлди. Бунда бир гувоҳ уни кўрганлиги таъкидлаган бўлса-да, аммо унинг бу гувоҳлиги уч пуллик бўлсин, қимматга эга бўлмай қолаверди. Нега? Мана шу “Нега?” деган саволга жавоб топилса, суд бир томонлама иш олиб борганлиги ва кўпроқ судланувчи томон ён босганлиги ойдинлашади.

Киллернинг Швеция ичкарисида ҳаракатланиши ҳам ғалати. У имомни бир неча кун кузатиб юриши билан суиқасд режасини тузганлиги ва имомнинг асосий ҳаракат йўналишини ўрганганлигини тушуниб етиш учун махсус юридик илм керак эмас. Ёш бола ҳам тушуниб олади! Киллер кемада Рига сафарига бориб келгани эса, унинг у ердан қурол олиб келганлигини кўрсатмоқда. Чунончи, қуролни у Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонасидан олган. Дипломатларнинг почтаси, ҳамда юклари текширувдан ўтказилмаслиги ўзбек дипломатик корпусига имомни ўлдиришга мўлжалланган қурол келтирилганлигини  англатади. Албатта ҳукуматимиз ҳам ошини қулоғидан еб юргани йўқ ва у ҳам эҳтиёт чораларини кўриб иш тутади ахир. Шунга кўра, револьвер Ригага келтирилган. Латвия Европа Иттифиқига аъзо эканлиги, у ердан ҳеч бир текширувларсиз Стокгольмгача етиб келиш имконини беради.

Жиноятчи Остерсунддаги меҳмонхонада яшаб, 2012 йилнинг 22 февраль кунида рюкзак сотиб олаётганда магазиндаги кузатув камерасига тушиб қолган. Шу куни суиқасдни амалга оширган “Юрий” жуфтакни ростлаб қолган. Тағин унинг Швеция жанубидаги Мальмё шаҳрига бориб Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатовларнинг меҳмони бўлганлиги, улар эса унга Копенгаген аэропортидан Москвага билет олишига кўмаклашганликлари ҳам жиноятчиларнинг тиллари бир бўлганини кўрсатмоқда.

Швеция “Юрий”ни ҳеч қачон топа олмайди ва бундай истак швед ҳуқуқ тартибот идораларида борлиги ҳам даргумон. Акс ҳолда имомни ким отганлиги аниқ кўриниб турган бўлса-да, суд асосий гумонланувчининг бу жиноятни қилганлигига исбот йўқлигини иддао қилган бўлармиди.

“Тергов жараёни ўзбекистонлик эр-хотинни Обидхон Собитхонийга нисбатан амалга оширилган суиқасдга ёрдам берганликларини кўп томонларини кўрсата олган”, – дейилади суднинг пайшанба кунида эълон қилган қарорида. Аммо улар ёрдам кўрсатган одам ҳануз озодликда ва бу шахс ҳақиқатан ҳам қўлига қурол олганлигини айблов томон исботлаб бера олмаган. Бундан ташқари, ҳодиса жойида топилган тўппончадан суиқасд жараёнида фойдаланганлиги ҳақида ҳам исбот йўқ.

Киллер тўппончадаги бармоқ изларини артиб ташладими, ёки тергов органларини чалғитиш учун бутунлай бошқа бир қуролни ташлаб кетдими? Тўппончадан узилган ўқ ҳали ҳам Обид қори Назаровнинг бошида қолаётганлиги айни тўппончадан ўқ узилганлигининг исботини топишга монеълик қилаётган бўлса-да, аммо ўша тўппончадан сўнги бор қачон ўқ узилганлигини аниқлаш имкони мавжуд эди. Лекин негадир мана шу иш ҳам қилинмади.

Тағин шу жумла: “негадир”. Балки мана шу “неганинг” жавобини мана бу линкдан излаб кўриш керакдир: uzinform.com

Ўзбек режимининг таниқлик мухолифларидан бири бўлган Мақсуд Бекжон “негани” бошқа жойдан ҳам излаб кўрганлардан бири бўлди.

“Мен аминманки, агар ўзбек бўлмаган (“мусулмон бўлмаган” демайман, чунки, бошқа миллатга мансуб мусулмон жамоа аъзолари ҳеч қачон ўз раҳбарларига қарши уюштирилган суиқасдчилар ҳақда маҳкама бундай қарор чиқаришига рози бўлмаган бўлардилар) бир одамга қарши мана шундай жиноят уюштирилганида, жиноятнинг исботини ҳам топишган бўларди, жиноятчиларни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм ҳам қилишган бўларди”, – деб ёзади ўз мақоласида Мақсуд Бекжон uzxalqharakati.com

Ўзбекларнинг пассивлиги, ўз ҳаққини талаб қила олмаслиги, бири бошқасини қўлламаслиги ва ҳоказо, ҳоказо илллатлари унинг мана шу даражада абгор бир элатга айланишига олиб келди. Ва ҳозир ҳам ўзбекларимиз аҳволни ўнглаб олишга интилаётгани йўқ!

Обид қорининг отилганлиги унинг ўлдирилгани билан ҳам баробардир. Айни дамларда кома ҳолатида ётган қори соғайиб чиққанида ҳам, энди илгариги “Қори ака” бўла олмайди. Демак ўзбек мусулмон жамоаси ўзининг лидеридан айрилди! Ўзбекистон ҳукумати кўзлаган мақсад ҳам аслида шу бўлган.

Албатта кимлардир камина келтираётган даъволарга эътироз билдирар! “Ўзбекларнинг ҳаммаси шунақа пассив эмас-ку!” Албатта ҳа! Кимлардир сиёсий курашда активлик кўрсатаяпти, аммо бу салкам ўттиз миллион Ўзбекистон халқининг бир фоизини ҳам ташкил этмаяпти. Демак, дунёда ўзбек деган халқнинг бори билан йўғи баробар экан-да. Қизиқ, “қани адолат” дея ҳайқирамиз. Гуёки уни бизга кимдир келтириб бериши керакдек.  Ахир ҳақ олинади, берилмайди! Ғарбда ҳам ўзбекнинг шўри қуриган экан. Биттасини Обамани ўлдирмоқчи бўлди деб айбланди. У қандай қилиб АҚШ президентини ўлдириши мумкин эди? Барак Обаманинг олдига кириб, чиқиб юрган улфатимиди? Йўқ! Аммо мана шу “йўқ” на ҳуқуқ-тартибот органларини, на судни ва ниҳояти, на ўзбекларни ташвишга солмади.

Камина бу жумлаларни ёзаётган эканман, эртадир, ёки кеч швед судига нисбатан салбий гумонга бориб мақола ёзганим учун судга тортилиб қолсам, биламанки, ўзбекларимиз пинакларини ҳам бузишмайди. “Аллоҳдан” деб қўя қолишади. Дарвоқе, хориждаги кўпгина ўзбек мўмин-мусулмонлари учун камина “кофир” бўлганларданман. Бироқ мана шу “кофир” Остерсунддаги судни интернет орқали кузатаркан, суднинг иккинчи кунидан сўнг унинг бир ёқлама бораётгани ва судланувчиларни озод қилиб юбориши мумкинлигини баралла айта бошлагани бирор мўминни ва бирор мусулмонни ташвишлантирмади ҳам.

Ислом мусулмондан ҚУЛ бўлишни эмас, ҲУР бўлишни талаб қилади. Охир замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган бир ҳадисда шундай дейилган: “Аллоҳ ҳар бандасини яратаркан, унинг ўзи билан бирга ўлимининг 99 сабабини ҳам яратади. Мана шу 99 сабабдан ўтиб олганларгагина кексалик насиб этади”.

Обид қори Назаровга отилган ўқ мана шу 99 сабабнинг биттаси эди. Оқ билан қора, ҳақ билан ботилни ажрата олмайдиган баъзи “мўмин-мусулмонлар” афсуски орамизда учраб туради. Ва афсуски, айни ўшалар омма онгига ҳам етарли даражада таъсир ўтказмоқда. Тақдирдан деб қўямиз. Толеъимиз шу экан деб ўзимизни овутамиз.  Ҳамма нарса тақдирдан деб қарашлик эса мутлақо нотўғри эканлигини юқорида келтирган ҳадисимиз ҳам истоблаб турибди.

Энди суд ҳукмига қайтсак. “Остерсунд постен” газетасида суд қарори ҳақида эълон қилинган мақолаларнинг бирида шундай дейилади:

“Ҳозир бу шаклдаги  фактларни маҳкама хуш кўрмайди. Айбловга кўра, бу ишни юқорироқ инстанцияга  чиқарилишига сабаб бордир, аммо тасдиқланган айблов билан, дейилади суд қарорида”.

Суиқасд иштирокчилари озод қилинди ва бу иш эндиликда балки юқори суд инстанцияларида ҳам кўрилар, аммо натижа ўзгармайди. Бу эса ўз навбатида Ислом Каримов режими учун келгусида ҳам яна-да кўпроқ мухолифни ўлдириш учун йўл очади. Исроил ва АҚШнинг ҳимоясида турган бу режим ўзи истаган ерида истаган одамини ўлдира олади!  Биз эса бунга қаршилик кўрсата олмаймиз! Тақдир шу эканда! дея ўзимизни алдаймиз! Тақдир эмас, биз шундай муомалага лойиқ одамлармиз!

Тўлқин Қораев
Швеция