Америка овози: Ўзбекистон Халқ Ҳаракатида кучланиш жараёни бошланмоқда

Америка овози:  Ўзбекистон Халқ Ҳаракатида кучланиш жараёни бошланмоқда
150 views
09 July 2012 - 9:18

“Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”нинг Германияда ўтган йили биринчи қурултойини кузатган фаолларга кўра, навбатдаги Прага қурултойи нисбатан суст бўлди.  Иккинчи учрашув баҳс-мунозаралар бир қадар босилган,  силлиқроқ ўтгандек таассурот уйғотади.

Эҳтимол,  бу бир йил давомида ҳаракат доирасидаги ўзгаришлар,  хусусан “Андижон – адолат ва тикланиш” ва бошқа бир нечта  фаолларнинг ЎХҲ сафини тарк этиши билан боғлиқдир.  Иккинчи қурултойгача етиб келган ҳаракат фаоллари, балки,  бир-бирларини яхши тушунганлари боис, мунозараларга ўрин қолмагандир.

Назаримда,  ўтган бир йил ЎХҲ учун Ислом Каримов режимини ағдариш эйфориясинининг тарқаши билан кузатилган.  Нафақат,  ЎХҲда,  балки ташқаридаги тарафдорларда ҳам бундай мўъжиза ижросини кутиш қийинлигига кўникиш бор.

Ўзбекистондаги режимни ағдариш режасига қонуний шакл бериш,  бу ғоянинг баралла айтилаётгани ҳаракатнинг асосий сифатини белгилаб турган эди.  Ҳақиқатан ҳам ЎХҲ шу сифат билан жамоатчиликка танилди.

“Прага қурултойи”да режимни ағдариш мақсадига содиқлик таъкидланган бўлса-да,  бу ғоянинг яқин даврда  имконсизлиги бир қадар англангандек.

Мажлисда ЎХҲнинг курашувчанлигини сақлаб қолишга қаратилган дастурий режалар тақдим этилди.

Бу режалардан хориждаги мухолифат лидерларини ватанга қайтиши бўйича музокара бошлаш, Ўзбекистондаги вазият бўйича манфаатдор давлатлар билан мулоқотни йўлга қўйиш ташаббуси маълум бир силжишга олиб келиши мумкиндек туюлади.

Албатта,  бу дастурий режалар бўйича мулоқот муттасил,  жамоатчилик қўллови билан,  очиқ тарзда олиб борилган тақдирда.

Дастурлар ижроси ЎХҲдан изчилликни,  хорижда бўлса-да,  жамоатчилик назарида туришни талаб этади.  Шу маънода  ташкилот қурултойини уч йилда бир марта чақириш қарори ҳаракат фаолиятини бир қадар сустлашишига хизмат қилиши мумкин.  Албатта,  масалани моддий томони инобатсиз ҳолда бундай эътироз билдириш осондир,  лекин мақсадга эришиш нафақат ғоявийлик,  балки моддий шаклланишни ҳам талаб этади.

Қолаверса,  қурултой бир томондан ҳаракатни аҳолига таништириш учун имконият бўлса,  бошқа томондан халқда гуруҳ ҳақида тасаввур шаклланиши учун ҳам муҳимдир.

Қурултой фавқулодда ҳолатларда навбатдан ташқари чақирилиши мумкин,  аммо бундай вазиятда катта қурултойга эҳтиёж қанчалик бўлиши баҳсли.

ЎХҲ режаларидан яна бири ҳукумат инқирозига,  режимнинг тўсатдан ағдарилишига тайёр туриш.  Шахсан менда режимнинг фавқулодда қулаши, уни куч билан ағдаришдан кўра кўпроқ хавотир уйғотади.  Сўнгги 20 йилда сиқиб борилган ҳавонинг тўсатдан портлашини тасаввур этиш қийин,  лекин бу муқаррар кўринади.

Бу муқаррарликка тайёр туриш қамровни,  салоҳиятни талаб этади.  Ҳар ҳолда ЎХҲ бу вазият илғангани,  шунга мувофиқ масъулиятга ҳам умид беради.

Ва,  ниҳоят,  ЎХҲда дин ва сиёсат

Реаллик шундаки,  ҳаракат аъзоларининг аксарияти диндор одамлар.  Албатта,  уларнинг диндорлиги Совет давридаги ота-боболаримиз диндорлигидан фарқ қилади.  Асосий фарқ шундаки,  аввал диндорлар ҳамиша сиёсатдан узоқ тутилган бўлса,  ЎХҲ,  аксинча,  агар иқтидорга келса,  сиёсат,  тузум,  жамиятни қандай бўлишини белгилайди.

Ҳозир ҳам Ўзбекистонда диндорлар ва дунёвийлар қатлами юзага чиқаётганини кузатиш мумкин.  Шу маънода ЎХҲ мисол келтираётган Туркия модели қаноатли  кўринади.  Ҳар ҳолда бугунги тенденция диний қатламнинг сиёсий курашга бўлган эҳтиёжи нисбатан шаклланиб бораётганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон шароитида бу тенденция режим қурбонлари бугун кўпроқ диндорлар экани билан ҳам кўзга ташланади.  Қолаверса,  мамлакатда эркин сайлаш имконияти пайдо бўлса,  ҳукуматга ким келиши ихтиёри халққа берилишига умид қилиш мумкин.

Муаммо эса бу имкониятга эришишдадир.  ЎХҲ шуни ваъда қилмоқда.  Бу аслида дунёвийларни ҳам,  диндорларни ҳам бирлаштирувчи мақсад бўлиши керак эди,  афсуски ҳозирча бундай бўлмаяпти.

Турли танқидлардан қатъий назар,  ЎХҲ бир нарсага эришди,  сўнгги йилларда уйқуда бўлган мухолифатни уйғотди,  сергаклантирди,  жамоатчиликка эса амалдаги ҳукуматга мухолиф куч борлиги ҳақида ишора бера бошлади.

Албатта,  ҳаракатга нисбатан эътирозлар талайгина.

ЎХҲ раси Муҳаммад Солиҳ билан интервюда шундай эътирозларга жавоб олишга ҳаракат қилдим.

Биринчи эътироз,  назаримда,  ЎХҲда исломнинг ўрни,  тўғрироғи,  ҳаракат аъзоларининг диндорлиги ташкилот сиёсатига қанчалик таъсир ўтказиши билан боғлиқ.  Бу саволга Муҳаммад Солиҳнинг жавоби қуйидагича:

Нега бошқа бир номзод эмас,  балки айнан Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси лавозимида қолди.  Бу иккинчи эътироз.  Солиҳ буни шундай изоҳлайди:

Ислом Каримов режимини ағдариш мақсадини овоза қилган  ЎХҲ  ўтган бир йил ичида нималарга эришди:

ЎХҲ раиси ташкилотнинг бугунги имкониятини қанчалик баҳолайди:

Малик Мансур
Германия