Йиллаб ўйналаётган “Йиллар” ўйини…

Йиллаб ўйналаётган “Йиллар” ўйини…
64 views
28 July 2012 - 14:18

Маълумки Ўзбекистон ҳукумати ҳар янги йилни номлаш одатини бугунги кунга қадар давом эттириб келмоқда.  Ўтган 21 йилнинг бу анъанасини чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, халқ бошига кўланкадек ёпирилиб келадиган режим зулмларини олдиндан кўра оламиз ва ҳатто режалаштирилган одимларни таҳмин эта оламиз.

Мисол учун 2008 йилдан бугунгача қараб ўтсак,  2008 йили Ёшлар йили деб эълон қилинди.  Баъзи тажрибаларга ва гувоҳликларга таянган ҳолда айтиш керакки,  бу йил айниқса талаба ёшлар учун энг оғир йил бўлди. Яъни,  контракт асосида ўқишга давом этаётган талабалар 2008 йилга келиб тўланиб келаётган миқдорнинг икки баравар кўпроғини тўлашга мажбур этилдилар. Энг ачинарлиси шундаки,  контракт миқдорининг ўсиш фоизи билан стипендия ўсиш фоизи ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди.  Бошқа сўз билан айтганда, Олий Ўқув юртларида мавзуга оид бўлмаган ҳолда мажбуран ўқитилган президентнинг “Дунёни кризисдан қутқарган” иқтисод китобларидаги талаб ва таклиф тушунчаси ўқув жараёни давомида тажриба шаклида ҳаётга татбиқ этилди.  Нега бу китобларни ўқияпмиз ўзи? деган саволга жавобан контракт зарбаси келди.

Бунинг оқибатида дунёни иқтисодий йиқилишдан қутқарган давлат кам таъминланган оилаларни бу кризис жарига олиб келиб қўйди.

2009 йил,  “Қишлоқ Тараққиёти йили” ва айни йилда қишлоқ районларида стандарт қишлоқ уйлари қуриш режаси амалга оширила бошланди.  Қишлоқ аҳолисига оид бўлган уй ва ерлар давлат ҳисобига ўтиб, ўрнига яна давлат тарафидан қурдирилган бир турдаги ферма уйлари жойлаштирилди.  Бу ерда яна жабрдийда халқ ўз уйидан маҳрум бўлмаслик учун, бор мол-мулкини кредит эвазига тикдилар, аммо энг ёмон оқибатларда ҳали банк системаси тузук ривожланмаган давлатдан қарздор ҳам бўлиб қолдилар. Албатта,  2009 йил мобайнида қишлоқ ҳаёти мана шундай тараққий этди.

2010 йил “Баркамол Авлод йили”… 2008 йилда ёшлар етмагандай, 2 йил сўнгра навбат балоғат ёшига етмаган авлодларимизга келди.  Афсуски,  бу йилда нафақат авлод, балки, жамиятнинг аёл бўғини ҳам мазлум бўлди.  Оила режалаштиришни тарғиб этаётган давлат иккинчи фарзандини дунёга келтирган аёлнинг бачадонлари ноқонуний равишда жарроҳлик йўли билан олиб ташланди.  Бу инсон ҳуқуқлари жинояти 2007 йилдан давом этиб келаётган бўлса ҳамки,  2010 йилда оддий тусга айланиб қолиб, сони орта бошлади.

2011 йил “Кичик Бизнес ва Хусусий тадбиркорлар йили”…Бу йилга келиб, айниқса Туркиядан ўз сармоялари билан кириб келган 50 дан зиёд ишбилармон қамоқ жазосига тортилди.  Бу “йилдан” қочиб кета олган қутулган бўлса ҳамки,  бутун мулклари давлат ҳисобига ўтиб кетганлар қамоқда оғир шароитларда тутилдилар.  Бундан ташқари мамлакатда фаолият кўрсатаётган хусусий фирмалар,  булар қаторида хусусий авикассалар ҳамда хусусий нотариус  ширкатлари давлат томонидан ёпилди.  Бу йил ҳам тадбиркорларни “рағбатлантириш” билан эсон-омон ўтиб кетди.

Келайлик энди 2012 йилга… “Мустаҳкам оила йили”… Худди Афанди ҳазилига ўхшайди… Бу йилга келиб турмуш қурган ҳар 10 та ёш оиладан камида бештаси ажрашиб кетмоқда,  лекин шаҳарларимизнинг ҳамма бурчакларида Ўзбекистонда оила нақадар мустҳакамлигини “исботловчи” расмлар,  ёзувлар осиб чиқилган.  Бу ерда, эҳтимол, бу оила бузилиш сонини камайтириш учун шундай тарғибот қилинаётгандир, деган бир фикр келади.  Аммо бу ҳолатдан фойдаланиш мақсадида эълон қилинган йилда ажрашмоқчи бўлган оилалардан 300 (камида) АҚШ долларидан бошланадиган пул талаб қилинади,  акс ҳолда “йиллаб адвокатма-адвокат, судма-суд бу пулларнинг ўн бараварини тўлашга мажбур” қолиш мумкин.  Яъни,  ажрашиш сонидан пул ундириш мақсадида йилни бу ачинарли ҳолат “номига” эълон қилиш яна бир режанинг қисмидир.

Хулласи калом,  одатий равишда давом этаётган йил номлари ҳар йили халқ устидан кулиш учун эълон қилинаяпти гўё… Келажак йил учун нима кутиляпти экан?..

Биз учун эса ҳар йилимиз Сабр ва Матонат йилидир…

Саида Саидова