Қашқадарёда пахта терими ҳар йилгидек сентябрь ойининг бошида эмас, августнинг сўнги даҳасидан бошланади

Қашқадарёда пахта терими ҳар йилгидек сентябрь ойининг бошида эмас,  августнинг сўнги даҳасидан бошланади
53 views
29 July 2012 - 7:22

28 июль куни Қарши шаҳридаги 2 сон поликлинасида тиббиёт ходимларининг кутилмаган йиғини бўлиб ўтди. Мазкур поликлиника тонг маҳалидан одамлар билан тирбанд эди. Шу куни бу ерга келган беморлар шифокорларнинг йиғини қачон тугашини кутиш билан овора бўлишса, шифокорларнинг ўзлари эса бу йилги муҳим тадбир – пахта терими мавсумида қандай иштирок этишлари ҳақида кўрсатмалар олишарди. Шаҳарнинг барча тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатадиган ходиму ходималари ташриф буюришганди бу тадбирга.

Шифоркорларнинг бу мажлиси одатдаги  “пятиминутка” каби ярим соат эмас, балки икки соатдан ортиқроқ вақт давом этди. Ва алол оқибат, ниҳоясига етди ҳам. Мазкур поликлиникада ишлайдиган тиббиёт ходималаридан бирининг айтганига кўра, йиғин мутлоқ  20 август кунида бошланиши кутилинаётган пахта терими мавсуми билан боғлиқ бўлган.

“Янги ҳокимнинг ташаббуси билан пахта териш энди то декабрь ойигача давом этар экан”.- аниқлик киритди тиббиёт ходимаси.

Демак, пахта мавсуми бошланишига  ҳам саноқли кунлар қолди. Эндиликда  ҳар терим ҳар йилгидек сентябрь ойининг бошидан эмас, балки август ойининг сўнги даҳасидан бошланади. Бунинг боиси билан қизиққанларга эса совуқ кунлар бошланиб қолмасидан пахтани териб олиш учун шундай қилинаётганлиги билдирилмоқда. Албатта пахта мавсуми август ойининг охирги ўн кунида бошланишини шундай изоҳлаш мумкин, бироқ терим  декабрь ойигача давом этиши нимани англатади?

Шифокорлар одатда пахта шийпонларида теримчиларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш билан машғул бўлишади. Ҳамшира ва санитаркалар эса олдиларига этак тутиб пахта терадилар. Республикада пахта йиғим-терими машиналарининг етишмаслиги, ёки мутлоқ йўқлиги боисидан теримга ёшу қари, баробар жалб этилиши Советлар давридан одат тусига кириб қолган. Ҳар неки, Совет даврида сифатсиз ва оз бўлсада, пахта териш машиналари бор эди. Бу йилги мавсумда болалар меҳнатидан унумлик фойдаланиладими, ёки йўқ, ҳозирча маълум эмас. Аммо болалар тағин далаларга ҳайдалмаслигини Ўзбекистон шароитида тасаввур қилиб бўлмайди.

 

Гулшан Қораева. 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси