Ким аслида ким эди ёки Ўрганилмаган тарих (3)

Ўз халқига содиқ бўлмаган коммунист раҳбарлар сизга содиқ бўла олмайди, ўз халқига ёлғон сўйлаб, сизга тўғрисини айтишлари мумкин эмас, улар демократиядан нафратланар экан, сизга дўст бўлишлари ҳам мумкин эмасдир.

Ким аслида ким эди ёки Ўрганилмаган тарих (3)
70 views
05 August 2012 - 10:38

Ўрта Осиё, Стратегия, Ташқи сиёсат

Cengiz Çandar

Ўзбекистоннинг Туркияни севган, аммо Тошкент диктаторини мамнун этмак учун Туркиядан чиқариб юборилган, шу сабаб Ослода яшашга мажбур бўлган мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ “ТУРКИЯ ВА ТУРК ЖУМҲУРИЯТЛАРИ” деган муҳим бир мақола эълон қилди.

Тақдирнинг жилвасини қарангки, Муҳаммад Солиҳнинг мақоласи чиққан куни ва Ослода Булaнт Эжевитнинг у билан учрашувни рад қилиши бир-бирига тенг келди. Эжевит “Ўзбекистон билан муносабатларимиз бузилиши мумкин эди”, дея баҳонасини эълон қилди. Гўё бизнинг Ўзбекистон билан жуда яхши алоқаларимиз бордай. Гўё бир неча ҳафта аввал, Путиннинг олдида тиз чўкиб, Ўзбекистон ўз хавфсизлигини Россияга таслим этиб, Туркиядан яна-да узоқлашмагандай…

Ишнинг ҳазин тарафи, Эжевитнинг ўзи бир замонлар “Демократия қазоси (аварияси) қурбони” эди. Агар 1980-1983 йилларда у севган Скандинав ўлкалари Туркияда Эжевитни зиёрат қилишга келаётиб, “Туркия билан алоқамиз бузилиши мумкин”, деган баҳона билан уни қўлламаганда эди, бугун Муҳаммад Солиҳ нимани ҳис қилса, Эжевит ҳам шуни ҳис қилган бўларди. Энди Муҳаммад Солиҳ нимани ҳис қилаётганини у ўйласин. Бош вазир умр бўйи демократ бўлиб туришнинг нақадар мушкул иш эканини кўрсатмоқдадир.

Мавзу ҳиссий масала эмас. Мавзу Туркиянинг стратегик ҳадафлари ва ташқи сиёсатидир.

Муҳаммад Солиҳ шу йил 6 июнда эълон қилинган мақоласини шу сўзлар билан бошлайди:

“Бир ойдир, турк жамоатчилиги Туркиянинг Ўрта Осиё сиёсатининг хато бўлганини тортишмоқда. Афсуски, ташхис (диагноз) тўғридир. Фақат масаланинг қизиқ тарафи шундаки, хато сабаблари, худди хатонинг ўзи каби, терс перспективадан кўрсатилмоқда. Турк сиёсатига ён берган доиралар “Ўрта Осиё жумҳуриятлари билан орамиз бузилишига сабаб, уларнинг раҳбарларидан демократия талаб қилганимиз, баъзи режим мухолифларини қўллаганимиз, иҳтилолларга изн берганимиз бўлди”, дея ёзғирадилар. Бу доиралар Ўрта Осиё деркан, хаёлига дарров Туркчилик келгани учун у ерда Қайтақуриш даврида пайдо бўлган бутун Миллий ҳаракатларни ҳам бир туркчи ҳаракат ўлароқ тасаввур қиладилар. Ва бу комплекс уларни Советлар Иттифоқи тугагандан кейин ҳам тарк этмаган кўринади”.

Тўғри. Фақат, бизнингча, Туркиянинг бу соҳадаги муаммоси яна-да чуқурроқдир. Туркияда ташқи сиёсат хавфсизлик сиёсати билан эш, яъни иккиси бир нарса, деган тушунча ҳоким бўлиб қолди.

Ташқи сиёсатнинг хавфсизлик билан боғлиқ жиҳати албатта бор, аммо ташқи сиёсат фақат хавфсизлик билан эмас, асосан “стратегик мақсадлар” билан бичимланади.

Нима бўлганда ҳам, Туркиянинг ташқи сиёсати чизилмагани аниқ…

Бундай бир зеҳниятдан “Ўрта Осиё сиёсат ва стратегияси” чиқмайди. Чиқса эди, Туркиянинг Россия ва Эронга бўлган муносабатлари бугунгидан фарқли бўлар эди. (Бу мавзуни яқинда қаламга оламиз). Бу зеҳният турк жумҳуриятларининг коммунист лидерлари билан ичини порахўрлик ва ҳаромхўрликка тўлдириш мумкин бўлган муносабатларга йўл очади, холос. Бундай муносабатлар устаси ва тимсоли ҳурматли Демирел эди…

Туркия бу ўлкаларда демократиянинг байроқдорлигини бошламагунча, ҳеч қачон жозиба маркази ва Ўрта Осиёнинг келажагида рол ўйнай олмайди.

Муҳаммад Солиҳ ўз мақоласини шу сўзлар билан тугатади:

“Биз Туркистон турклари демократияга тайёрмиз, буни энг қисқа замонда бутун дунё кўражакдир, иншооллоҳ. Фақат қардошларимиз бизга ишонсинлар, ҳурриятни бизга раво кўрсинлар. Қардошларимиз шуни билсинларки, ўз халқига содиқ бўлмаган коммунист раҳбарлар сизга содиқ бўла олмайди, ўз халқига ёлғон сўйлаб, сизга тўғрисини айтишлари мумкин эмас, улар демократиядан нафратланар экан, сизга дўст бўлишлари ҳам мумкин эмасдир”.

Жангиз Чондор
“САБОҲ” газетаси таҳлилчиси. Туркия
11.06.2000