Швейцария прокуратураси ҳибсларнинг бир неча йил олдинги жиноят иши доирасида амалга оширилганини маълум қилди

Швейцария прокуратураси ҳибсларнинг бир неча йил олдинги жиноят иши доирасида амалга оширилганини маълум қилди
46 views
09 August 2012 - 15:42

Швейцария Бош прокуратураси икки Ўзбекистон фуқароси (Шоҳрух Собиров ва Алишер Эргашев) Женева шаҳрида ҳибсга олинишига доир эълон қилган баёнотда айтилишича, икки ўзбекистонлик Бош прокурор бир неча йил олдин бошлаган жиноий тергов бўйича ҳибсга олинган.
Швейцария прокуратураси, шунингдек, ҳозирда ҳаммаси бўлиб 4 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан “ноқонуний пул ўзлаштириш” айблови билан жиноий иш очилганини маълум қилган.
Интернетда тарқалган хабарларда улар Ўзбекистондаги “Кока-кола” (Гулнора Каримованинг собиқ эрига тегишли, бугунги кунда Каримовлар оиласи тарафидан тортиб олинган) ширкатининг ходимлари экани айтилмоқда.
Бироқ Швейцария мулозимлари давом этаётган терговга зарар етказмаслик мақсадида бошқа маълумотларни беришдан бош тортмоқдалар.
Хабарларга кўра, икки ўзбекистонлик Женевадаги Ломбард Одиер банкида ҳибсга олинганлар. Бироқ Ломбард Одиер вакиллари банк биноси ичкарисида ҳибсга олиш амалиёти бўлгани хабарини рад этганлар. Ломбард Одиер 1796 йилда асос солинган банк, унинг жаҳоннинг турли мамлакатларида, жумладан Москвада ҳам ўз филиаллари бор.
4 август куни Тошкентдаги Швейцария элчихонасининг олдида, ушбу икки Ўзбекистон фуқаросининг ҳибсга олинганига қарши норозилик пикети уюштирилган.

 

ЎХҲ хабар маркази