Гулшан Қораева: “Pressuzinfo”га жавобим!

Куни кеча ҳукуматимизнинг иғвогар сайтларидан бири бўлган “pressuzinfo.uz” мен ҳақимда бир мақола эълон қилибди. Умуман олганда, ҳукумат мақомидаги бу иғвогарларнинг биринчи бор иғво ёзиши ҳам эмас ва афсуски сўнги иғволари ҳам эмас.

Гулшан Қораева: “Pressuzinfo”га жавобим!
70 views
10 August 2012 - 10:42

Куни кеча ҳукуматимизнинг иғвогар сайтларидан бири бўлган “pressuzinfo.uz” мен ҳақимда бир мақола эълон қилибди. Умуман олганда, ҳукумат мақомидаги бу иғвогарларнинг  биринчи бор иғво ёзиши ҳам эмас ва афсуски сўнги иғволари ҳам эмас.

Бу сайт йиллар давомида, иғво ёзмаган бирор мухолифатчи ёки инсон ҳақлари курашчиси қолмаган бўлса керак. Нима эмиш – менинг уйим “Притонхона” эмиш! Сенлар ўзларинг шаҳарнинг қаерида қанақа “притонлар” борлигини жуда яхши биласанлар! Агар мени уйим шунақа хона бўлганда эди, мақола ёзиб чиқмасдиларинг, балки  бошқача усулларни қўллаган бўлардиларинг.

Бу каби кети узилмаётган тухматларинг билан сенлар Ўзбекистон обрўсини тўкиб келаяпсанлар. Нега дерсизлар! Ахир Ўзбекистон ҳамма учун “жаннат” эди-ку? Энди бу хомкаллани ишга солиб кўрмайсизларми? Ахир “Келажаги буюк давлатда”  притонхоналар бўладими? Бу сайтнинг модераторлари борми, ёки эгаларими – улар ҳам шунақа “притонхоналарга” калласи билан кириб кетганлардан бўлишса керак!

Телефон орқали айтилган гаплар худди нам  деворга  айтилган гапга ўхшаб таъсир қилган.
Телефондаги сўзлашув  ким ҳақида айтилганини жуда яхши билишади. Бундан чиқди, хулоса қилсам бўлади: худди шунақа жойлар режим билан бирга ҳамкорлик қилишига ва ўзларини зўр бериб уларни ҳимоя қилишларига!

Эскидан бир гап бор: ”Қозонга яқин юрсанг – қораси юқади”. Ҳаром  билан озиқланганлар ҳаромга айланади, деб ҳам тадбиқ қилсак бўлар менимча. Менинг фаолиятим буларнинг ғашига теккани аниқ! Мен ҳуқуқбонлар орасида энг ёшиман. Ёшим бир жойга бўлганида эди, ҳукуматимизнинг бу лайчалари бунақа сассимасдилар.

Аёл кишини бадном қилиш осон иш албатта, аммо айни дамда кимнинг ким эканлигини халқаро жамоатчилик, элчихоналар, қолаверса, Ўзбекистоннинг жафокаш халқи ҳам жуда яхши англаб етган.  Гап шундаки, менинг араб шайхлари орасида танишларим  йўқ ва айни дамда “шайх” билан дам олиш учун сафарга отланганим ҳам йўқ!  Қилаётган иғволаринг ўзларинггга сийлов бўлсин, пасткашлар ва ювиндихўрлар!

Менинг ногирон фарзандим ҳақида ҳам ёзишдан олдин ўзларинг пахта туфайли ногирон
қилиб кўйган, Чироқчилик Баходир Пардаевни соғлигини тиклаб беринглар! Баҳодир Пардаев сенлар туфайли шу ҳолга тушмаганмиди?! Coғлом бола  сенларни пахта сиёсатларинг туфайли ногирон бўлмадими, ёки уни ҳам онасининг “притонхонаси” бормиди? Балки “притонхонадагилар” бўйруғи билан шу ҳолга тушгандир.

Мен фарзандим билан касалхоналарда жуда кўп ётганман. Ногирон болаларни
ҳам жуда кўпини кўрганман. Прокурорлар, судьяларнинг ва ҳоказолар болалари орасида ҳам худди шундайлари бор. Булар оталарининг қайси касофати учун жавоб бераяпти? Дардни бериш Аллоҳнинг қўлида, туҳматларинг учун сенларнинг фарзандларингга ҳам бериб қолмасин тағин! Касаллик на бойни ва на камбағални танлаб ўтирмайди. Йиғиб қўйган ҳаром пулларинг ҳам сенларни асрай олмайди. Ҳар битта гапираётган  туҳматларинг учун бу дунёда жавоб бермай ўтиб кетарсанлар балки, аммо қиёматда жавоб беришларингга тўғри келади. Халқимизнинг бир нақли бор: ”башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”.  Бу айни сизларга қарата айтилгандек.  “Букрини гўр тузатади” дейдилар. Сизларга гап уқдириш қийин ва ишончим комилки, қачонки гўрга кирсанглар, тузалиб қоласизлар. Унгача ғийбат, бўҳтон ва бошқа жиноятлар… Булардан тийила олмайсизлар!

“Ит ҳуради, карвон ўтади”! Сизлар итдай ҳуриб ётаверинглар. Карвонимиз эса озодлик деган манзил сари бораверади. Сизларсиз ҳам бу манзилга етамиз албатта!

Гулшан Қораева
Ўзбекистон инсон Ҳуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси