Ўзбекнинг

Ўзбекнинг
112 views
14 August 2012 - 7:25

Олтой билан Дашти қипчоқ ораси
Макон тутган ери бўлган ўзбекнинг.
Ёйиқни симириб, Итилдан кечган,
Қудратли Қўшини бўлган ўзбекнинг.

Тоъбе қилиб бутун русни ўзига
Хирож олган хони бўлган ўзбекнинг.
Рус элига фармон бериб тарихда,
Номи қолган, хони бўлган ўзбекнинг.

Ислом байроғини Олтин ўрдага
Олиб кирган хони, бўлган ўзбекнинг.
Тўқсон тўққиз туркий қавмни бир қилган,
Ўзбек деган – хони бўлган ўзбекнинг.

Султон Жалолиддин, Темур кўрагон,
Аждодлари бўлган бутун ўзбекнинг.
Шерият султони ҳазрат Навоий,
Туркий тили бўлган бутун ўзбекнинг.

Оламни ҳайратга солган илмила,
Улуғбек бобоси бўлган ўзбекнинг.
Тожмаҳални қурган ҳинднинг ерида,
Шоҳ Бобур бобоси, бўлган ўзбекнинг.

Айтаверсам адо қилиб билмасман,
Буюк аждодларин бутун ўзбекнинг.
Барчаси тарихда қолди уларнинг
Тарихин қоплади «тутун» ўзбекнинг.

Парчаланиб кетди буюк салтанат
Ўзлиги йўқолди бугун ўзбекнинг.
Ғурурини сотиб молу-дунёга,
Бирлиги йуқолди, бугун ўзбекнинг.

Чексиз орзу-ҳавас, молу-дунёга,
Ружу қўйди кўпи – бугун ўзбекнинг.
Ери тўла бўлса бойликларга ҳам,
Ўта қашшоқ халқи бугун узбекнинг.

Шижоат, иймонли мард ўғлонлари,
Банди қилинмоқда бугун ўзбекнинг.
Халқим деб курашган зиёли эрлар,
Қувғинликда яшар бугун ўзбекнинг.

Дунёга мардикор қилган халқини
Ҳукумати бордир бугун ўзбекнинг.
Гурзи билан солиб унинг бошига,
Ҳайқириши бор бир кун ўзбекнинг.

Бошингни кўтар, эркингни берма,
Кайнасин томирда – кони узбекнинг.
Подшоларинг келиб кетаверади,
Ўзбекистон халқи – қолар ўзбекнинг.

Бирлаш халқим деб белин боғлаган,
Асл фарзанди бор – бугун ўзбекнинг.
Яратганнинг Ўзи қўллагай уни,
Солих деган ўғли бордир, ўзбекнинг.

Собит қадам бўлган ислом динида,
Иймонли халқи бор бугун ўзбекнинг.
Шижоат, ғурурни байроқ қилса гар,
Аллоҳ ёри бўлгай, бугун ўзбекнинг.

Муҳаммад Нуруллоҳ