ЎзТВ: “Муҳаммад Солиҳ телеэфирда кўриниб қолмасин!!!”

ЎзТВ: “Муҳаммад Солиҳ телеэфирда кўриниб қолмасин!!!”
19 views
14 August 2012 - 8:13

Лондонда бўлиб ўтган  ХХХ Олимпиада ўйинларининг тўғридан-тўғри эфирлари Ўзбекистон ТВ ходимларига янги ташвишлар олиб келгани ҳақида хабарлар бор. Уларга аввалдан, Олимпиаданинг кўрсатувлари давомида экранларда кўринмаслиги керак бўлган шахсларнинг рўйхатлари берилган ва трансляция пайтида ўта юқори хушёрлик талаб қилинган. Ўзбекистон ТВсида манбаамизнинг айтишича бу рўйхатда ўзбек мухолифатининг лидери, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг етакчиси Мухаммад Солиҳнинг номи ҳам бўлган.

Ўзбекистон ТВсидаги манбааларимизга кўра,  Лондондан тўғридан-тўғри трансляцияни қабул қилиб, уни тарқатишга масъул бўлган ТВ ходимлари Лондон Олимпиадаси бошланмасидан 10 кун олдин, МХХ ходимлари иштирокида махсус суҳбатдан ўтказилган.

Бу суҳбатларда, масъул журналистлар, видеомуҳандис ва техник ходимлар, Лондондан оқиб келаётган кадрларни ниҳоятда хушёрлик билан назорат қилиш ҳақида тушунтиришлар олишган.

Ўзбекистон ТВсида манбаа, спорт таҳририятидаги видеомухандислардан бирининг сўзларини келтиради. “У, Олимпиада ўйинларини олиб кўрсатиш бу йил ҳар қачонгидан мураккаб бўлишини айтди. Трибуналардаги ишқибозлар кўрсатилаётган пайтда, айниқса, хушёрлик талаб қилинибди. Чунки, уларга, хориждаги мухолифатчилар ҳар қачонгидан ҳам фаоллашгани ва уларнинг томошабин сифатида стадионларга киришиб, мамлакатимиз президенти ва унинг сиёсатига қарши шиорлар ёзилган плакатларни камераларга кўрсатишлари мумкинлиги ҳақида айтилибди ва бундай кадрлар тўғридан тўғри трансляция пайтида Ўзбекистон телеэкранларида кўриниб қолишининг олдини олиш энг муҳим вазифа эканлиги уқтирилибди. Бундан ташқари, шоир Муҳаммад Солиҳ ва яна Салим Абдувалиев каби 3-4 нафар шахсларнинг ҳам Олимпиада мусобақалари олиб кўрсатилаётган пайтда экранда кўриниб қолишлигининг олдини олиш ҳақида огоҳлантирилган” дейди Ўзбекистон ТВсидаги манбаа.

Ўз мухолифининг расмидан қўрқиш даражасига тушиб қолган Каримов режимининг талвасаси, бугун Ўзбекистондаги Оммавий Ахборот Воситаларининг ҳар кунлик ҳаётида акс этаяпти.

Мамлакатдаги ҳар бир ўзгариш бугун Каримовнинг номига боғлаб берилади ва бошқа номларинг  пайдо бўлишига йўл қўйилмайди.

Бошқаларнинг бунга ҳаққи йўқ! Артур Таймазовнинг ғалабасидан сўнг, татамига югуриб чиқиб келиб, чемпионнинг бўйнига осилиб олиб,  Ўзбекистон телеэкранларида 2 сония қолишга улгурган Салимбойнинг ҳам! Ўзбекистон телевидениясидаги ўта “сиёсий хушёр” цензорлар томонидан дарҳол ёпилган бу “ноёб” кадрлар оддий ўзбек томошабинига машҳур “Салим бойвача”ни ҳам илк бор танитди.

Шунга қарамасдан, бу каби таъқиқлар ўзбек диктаторининг қизи Гулнора Каримованинг эътиборидаги матбуотларга тегишли эмасдек кўринади. Ана шундай сайтлардан бири деб қараладиган www.shov-shuv.uz сайти, Салим Абдувалиевнинг Олимпиада чемпиони билан қучоқлашиб тургани тасвирланган фотосуратни ҳали олиб ташлагани йўқ.

Бу хам етмаганидек, сайт муҳарири Жасур Ҳамроев бу ғалаба ҳақида ёзаркан, Салимбойнинг номини ҳам бемалол келтириб, уни Артур Таймазовнинг “энг яқин маслакдоши” деб атайди:

Артур Лондонда ўтаётган XXX Олимпиада Ўйинларида эркин кураш бўйича 120 кг вазнда мутлақ ғолиб бўлиб, сўнган умидларимизни яна-да жонлантирди.  У олтин медални қўлга киритди! Хурсандчилигидан энг яқин маслакдоши Салим Абдувалиевни ҳам қучоқлаб, кўтариб даврани айланди!” (http://www.shov-shuv.uz/index.php?dll=news)

Ўзбекистон ТВсидаги манбаанинг айтишича, бугун телевидение коридорлари ва кабинетларида  хориждаги ўзбек мухолифатининг ўта фаоллашгани хақида кўп гапирилаяпти. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва унинг етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг номи махсус йиғинларда бот-бот такрорланмоқда, ушбу Ҳаракат ва унинг фаолларини обрўсизлантирувчи материаллар тайёрлаш хақида кўрсатмалар пайдар-пай берилмоқда.

Демак, режим талвасада. Талваса эса унинг ҳалокатидан даракдир….

Мансур Мурод
Тошкент
ЎХҲ сайти учун махсус