Хато қилдик

Ўзбек мухолифатининг хатоси нимада? Унинг хатоси – элдан бир оғиз сўрамаганида. “Эй халқ! Сизга демократия ва озодлик керакми ўзи?” – деб бир оғиз сўрамаганида. Шу нарса аён бўлмоқдаки, ўзбекларимизга озодлик эмас, балки қайсидир бир раҳбарга хушомад қилиб, керак бўлса унга сажда қилиб яшаш ёқади.

Хато қилдик
25 views
14 August 2012 - 11:29

Инсон борки, унинг қандайдир бир хато қилиши кунда кузатилади. Бўлмасамчи? Ахир унинг хато қилиши – табиатига боғлиқ. Лекин баъзи инсонлар борки, уларнинг хато қилишга мутлақо ҳақлари йўқ. Масалан, судьялар (қадимда қозилар), врачлар (қадимда ҳакимлар) – бу одамлар мутлақо хатога йўл қўйишга ҳақли эмаслар. Ахир уларнинг қўлида бошқа инсонларнинг тақдири ётади. Улар туфайли кимдир ўлиб кетиши мумкин, ёки ҳаётда қолиши мумкин. Уларнинг хизматлари  туфайли бошқалар жабр тортмасликлари даркор.

Ўзбекистонимизда ҳам шундай. Расман, албатта. Амалда эса бутунлай бошқа манзарани кузатамиз. Мамлакатда авж олиб кетган коррупция сабаб, кўплаб шифокорларимиз мол дўхтири даражасида ҳам бўлмаса-да, лекин улар шифокор деган номни кўтарадилар. Тағин аксарида оқ билан қорани бир биридан ажрата олмайдиган ҳуқуқий кўр бўлган судьяларимиз, Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукмлар чиқариб, қанчадан-қанча оилаларни бахтиқаро қиладилар ва ҳеч нарса кўрмагандек, тағин бамайлихотир умри гузаронлик қилаверадилар. Булар куни кеча отасининг пулига юрист деган дипломни сотиб олган, Ўзбекистон етиштирган мутахасислардир.

Бу инсонлар хато қилмасликлари лозим дедик. Аммо хато қилиши лозим бўлмаган инсонлар доираси кенгроқ экан шекилли, демократик кўз қарашда бўлганлар ҳам, хато қилмасликлари кераклиги ойдинлашиб бормоқда. Чунки улар ҳам кўпчиликнинг эртанги кунига, ҳаттоки мамлакатнинг эрасини ҳал қилиб юборишлари ҳам мумкин. Фақат эл уларни қўллаб чиқса ва эл улар билан бирга бўлса. Бордию, мана шу сиёсий гуруҳ диктаторлик режимини бошлаб келса-чи? Элнинг ҳолига вой унда. Бунда нафақат мухолиф бўлган гуруҳ, балки уларни қўллаган халқнинг ўзи ҳам хато қилган бўлиб чиқади.

Йигирма йилдан ортдики, Ўзбекистонда бир яккаҳокимнинг диктатураси ҳукмронлик қилмоқда ва унга мухолиф бўлган сиёсий гуруҳнинг фаолияти ҳам кузатилади. 1991 йилдаги Ўзбекистон Олий Кенгаши Ислом Каримовнинг ҳокимиятга келтириб, мутлақ хато қилганди ва унинг жабрини ҳануз Ўзбекистон аҳли тортиб келмоқда. Унинг бу жабр тортиши ҳали ҳамон тўхтайдиганга ҳам ўхмаяпти. Ким билсин, балки ўша давр депутатлари ҳам “Хато қилдик-эй” деган қўшиқни ижро этишаётгандир, сасларини чиқармай. Ҳа, улар хато қилишганди.

Лекин хатоликлардан  ўзбек мухолифати ҳам холи эмас ва бунга ҳам у ҳақли эмасди. Балки ҳурматли ўқувчида савол туғилар: ўзбек мухолифати нимада хато қилди? Унинг хатоси элдан бир оғиз сўрамаганида.  “Эй халойиқ! Сизга демократия ва озодлик керакми ўзи?” – деб бир оғиз сўрамаганида. Ўзбошимчалик билан ватанга демократик эркинликларни тадбиқ этишга киришиб кетиш оқибатида, шу нарса аён бўлмоқдаки, ўзбекларимизга озодлик эмас, балки қайсидир бир раҳбарга хушомад қилиб, керак бўлса унга сажда қилиб яшаш ёқади.

Ўзбек мухолифати, ўзининг сиёсий платформасини қураркан, ўзбекларнинг кейинги йилларда орттирган тафаккуридан келиб, “юмалоқ хатлар ҳақида қонун” қабул қилиш ғоясини ишлаб чиқиши лозим эди. Масалан, ўзбекларимиз бир-бирининг устидан шикоят қилиб,  юқорига ариза ёзишни хуш кўради. Илгарилари, Совет даврида имзосиз шикоятлар битилиши ҳам анъанага айланганди. Баъзи бировлар ўз шахсини билдирмаслик учун чап қўлда шикоятларини ёзиб, кимнинг уйини куйдириб юборишарди ҳам. Мана шунақа муаллифи номаълум бўлган шикоят хатларини элда “юмалоқ хат” деб ҳам аташарди.

Демак, халқимиз миллий тафаккуридан келиб чиқиб, фақат шикоятларни ўқиб ўтириш билан шуғулланадиган махсус вазирлик ташкил этиш ғоясини ҳам кўтариб чиқиш зарурдек. Шунда балки, мухолифат муваффақиятларни қўлга киритса ажаб эмас.

Элимиздаги қўрқув дунёнинг бошқа бирор миллат ва элатларда учрамаса керак. Масалан, ҳукумат олдидаги қўрқув. Германиядаги учинчи рейх доҳийси Адольф Гитлер “Қўрқув кишиларда бизга нисбат ҳурматни зўрайтиради” деганди. Адольф Гитлер юз фоиз ҳақ бўлганлигини мана, бизнинг яқин ўтмиш тарихимиз кўрсатиб турибди. Унгача ҳам Сталин даврида бу аксиомага айланиб бўлган эди, лекин бизда яна бир бор исботланди.

Шундан келиб чиқиб, мухолифат хато қилмай, элни ҳозиргидан ҳам кўра қаттиқроқ қўрқувга солиш ғоясини кўтариб чиқса, яхши бўлади. Шунда ўзбекларимиз мухолифатни қўллаб юборади. Акс ҳолда, қандайдир бир ёт тушунча бўлган “демократия”ни байроқ қилиб кўтаришдан фойда йўқ. Мухолифат ҳам хато қилди ва элнинг истагини билмай туриб, унга озодлик ваъда қилди.

Интернет саҳифаларидаги ғийбатлар, олди-қочдилар шулардан дарак бермоқда. Ўзбекистон қўрқув ичра яшамоқни истайди ва ўзбеклар бири-бирининг устидан шикоят қилиб яшашни хоҳлайди.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати шундан келиб чиқиб, ўз сиёсий платформасини ўзгартирса қандай бўларкин?

Хато қилдик-эй!

Тўлқин Қораев
Швеция