Ёдгор Обид: Охрид кўли сайрида ўйлаганларим

Ёдгор Обид: Охрид кўли сайрида ўйлаганларим
114 views
19 August 2012 - 16:02

Мен на ибтидоман ва на интиҳо,
Келурман, кетурман, қилурман нидо.
Бегона эмасман, бундан далолат-
Кўксимдан уҳ каби отилган садо…

Дунё – оғриқ вужуд. Дунё – хастажон,
Не эзгу хаёллар бағрида сарсон.
Сен эса умидли нигоҳсан бу он…
Борлиғинг тебратар қутлуғ муддао.

Мавжларинг сеҳрли. Илоҳий ғазал.
Ким ўқир, ким ўйноқ ишвангга маҳтал…
Гар ёниб ҳасратлар қиларман ҳаргал-
Сенга ҳечбир дардим кўрмасман раво.

Кўксингни чайқатиб замонлар ўтар,
Гоҳ ундай, гоҳ бундай карвонлар ўтар.
Не – не орзулар ҳам армонлар ўтар…
Нетарсан, ҳаёт – бу шундайин савдо.

Кечир, мен бемаҳал дардимни очдим,
Тўлғондинг. Тўлғондим. Сўзларим сочдим.
Эё қалбим мавжидан огоҳ тилмочим-
Сени балолардан асрасин худо.

Ёдгор Обид