Пешонасида холи бор одам…

Пешонасида холи бор одам…
85 views
21 August 2012 - 9:28

Михаил Горбачевнинг пешонасида холга ўхшаш бир нарса борлигини ҳамма билади. Албатта, унинг сиёсий омади ёки омадсизлигини биз унинг пешонасидаги холига боғлай олмаймиз.

Чунки эътиқодимиз бизга бахт ёки бахтсизликни эмас, қадарнинг жилваларига ишонишни ва тарихий воқеаликларнинг заминини ташкил қиладиган бу жилваларни ўрганишни тақоза қилади… Михал Горбачев омадлими ёки омадсиз сиёсатчими, деган саволга жавоб излашдан олдин шуни айтмоқчиман: унинг қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати жуда кўп халқларга, шу жумладан ўзбек халқига ҳам катта қувонч, яъни мустақилликни келтирди. Совет Иттифоқи деган империянинг Ленин ва Сталинлан кейинги энг муҳим раҳбари ҳеч шубҳасиз Михаил Горбчев эди. Ленин Совет Иттифоқининг иделогик тамалини отганди ва қонли қўзғолон йўли билан социалистик жамият бошланишини йўлга қўйганди. Сталин бу иттифоқ ҳудудидаги инсонларни қирғин қилиб бўлса ҳам коммунистик режимни қуришга интилди. СССРнинг биринчи ва охирги Президенти Михаил Горбачев эса бу қизил империяни қайта қуришни. Аслида унинг бутун омадсизлиги ҳам шунда эди: бу қизил империяни қайта қуриш ва айниқса ошкоралик асосида қайта қуриш имконсиз эди. Михаил Горбачев ўз замонида буни тушуниб ета олмади. У бошлатган машҳур “Қайта қуриш ва ошкоралик” сиёсатидан кейин ўтган ўттиз йилга яқин муддатда ҳам унинг бу ҳақиқатни тушуниб етганига ишончим комил эмас. Чунки мен бирор марта ҳам Горбачевнинг оғзидан қайта қуриш ошкораликка, ошкоралик эса қайта қуришга мос эмас эди, деган ҳақиқатни эшитмадим… 1985 йилда собиқ СССР ҳудудида икки тарихий воқеа рўй берганди: улардан биринчиси, Чернобилда электр энегияси ишлаб чиқарадиган ядровий марказдаги портлаш, иккинчиси эса КПСС Бош Котиблигига Михаил Горбачевнинг сайланиши эди… Горбачев СССРнинг раҳбари сифатидаги ўз фаолиятини мана шундай фожеали ҳодиса билан бошлашга мажбур бўлганди. Аммо асосий “фожеа” олдинда, яъни у ошкорлик асосида қайта қурамагн, деган қизил империянинг 1991 йилда тугатилиши эди. Михаил Горбачев СССРга рахбар бўлгандан кейин жуда кўп нутқ сўзлади. Булар асосан КПСС Марказий Комитетининг пленуми ва сеъздларидаги нутқлар эди. Бу нутқларнинг деярли барчаси “Қайта қуриш ва ошкоралик” мавзусига бағишланар, аммо қайта қуриш нима ўзи, деган саволга на мамлакатнинг бош нотиғи, на унинг ёрдамчилари нада бу нутқларни ўқиганлар жавоб бера олмас эдилар. “Қайта қуриш” доҳий Лениннинг Қизил Майдондаги жонсиз вужуди ва қизил империядаги мингларча ҳайкаллари каби ҳаракатсизликка маҳкум ҳолда кутар экан, Михаил Горбачев сиёсатининг иккинчи қисми бўлган “Ошкоралик” шамол тезлигида ўз натижаларини кўрсата бошлаганди. Масалан, советларга мухолиф рус ёзувчиси Солженициннинг “Архепелаг Гулаг” асари сиёсий нуқта назардан СССР учун иккинчи “Чернобиль” эди. Бу китобни ўқиганлар СССРнинг даҳшатли қамоқхона эканлигига иқрор бўлган эдилар. Ошкоралик ҳақиқатнинг мана шундай катта “портлашларини” ўртага чиқарганди. Ва бу портлаш садолари тез вақтда СССРни ташкил қилган Социалистик Республикларда ўз таъсир кучини кўрсата бошлади. Биринчи бўлиб, Болтиқ Бўйи халқлари ҳаракатга бошладилар. Уларнинг талаби “Архепелаг Гулаг” ҳолига келган жамият ва давлатни қисқа муддатда тарк қилишдан иборат эди. Михаил Горбачев бу мудҳиш воққаларни бошқаришдан ожиз эди. Унинг фожеаси ўзи олиб бораётган сиёсатнинг моҳиятини тушуна олмаслигида эди. У тинмасдан қайта қуриш ҳақида гапирар, бунинг ошкораликка асосланишини таъкидларди. Яъни, у кемани қутқаришни кеманинг тагини ўйишда, деб ҳисобларди. Натижада кемада нима бўлаётганига ҳеч кимнинг ақли етмас, СССР ва Варшава Шартномаси деган ҳудудларда “ит эгасини танимай қолган” вазият ўртага чиққанди… Бу маънода Горбачев ўз замонасининг, тўғрироғи ўз чириган тузумининг одами эди. Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда у “бош манқурт” эди. Бу манқурт олдинга юришга ҳам, орқага кетишга ҳам қарор бера олмайдиган, ўртада, яъни аросатда қолган, нима қилишини билмайдиган бир сиёсатчи эди. У орқа кетишни истамасди, чунки “Гулаг” унинг ўзини ҳам йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Олдинга ҳам кета олмасди, чунки олдинга кетиш, кейинчалик ҳаёт ҳақиқати кўрсатгани каби уни бир четга улоқтириб ташлаши мумкин эди. Михаил Горбачевнинг аҳволини тобора оғирлаштирган омил ошкоралик сиёсатининг мудҳиш ларзаси, яъни унинг ўз муаллифига берган жон олувчи зарбаси эди. Горбачев бу ларза ва зарбадан қутулиб қолиш учун чора тадбирлар олишга уринди. У бу мақсадда СССРни сақлаб қолиш учун референдум ўтказди ва ҳатто Болтиқ Бўйида ва Озарбойжонда йиғилган ўн минглаб митингчилар устига танкларни юборишди. Аммо қайта қуриш ўлими ва ошкорлик ҳаёти ўз ишини қилган, “жин шишадан чиққан”, тарих ғилдираги СССР ва Горбачев учун омонсиз шаклда катта тезликда олдинга қараб айланмоқда эди… Михаил Горбачев янги инсон, янги сиёсатчи бўлиш имконини шу шаклда бой берганди. Аммо у ўз даврининг эски инсонлари (коммунистлар) ва сиёсатчилари орасида энг муҳтарами эди. Чунки ундан олдингилар ҳеч шубҳасиз золимлар эдилар. Горбачев уларга нисбатан мазлум эди, яъни у “қайта қуриш” воқеалигининг мазлуми эди . Унинг мазлумлиги СССР тугатилгандан кейин унинг ўрнини эгаллаган Борис Елцин шахсияти билан таққослаганда янада ошкора кўринади. Горбачев рус халқининг азалий гуноҳи бўлган ароқхўрликдан нафрат қиларди. У бу нафратини ароқхўрликни таъқиқлаш ва бу йўлда ақл бовар қилмайдиган иш, яъни мамлакатдаги узумзорларни йўқ қилиш сиёсати билан кўрсатганди. Унинг ўрнига келган Борис Елцин ароқхўр эди. Гарчи Елцин СССР тарқалиб кетган ўша кунларда демократия ва мустақиллик қаҳрамони бўлиб кўринганди. У ҳатто Русия мустақиллигини эълон ҳам қилганди. Унинг бу қарорини рус зиёлиларидан бири “ғариб” иш, дея баҳолаганди. Чунки СССРдан қутулган бошқа ўн тўрт жумҳуриятнинг мастақиллика интилиши ҳаммага тушунарли эди. Аммо Русия кимдан мустақил бўлганига ҳеч кимнинг ақли етмасди… Орадан кўп вақт ўтмасдан Елцин ва Русиянинг мустақиллик ўйини амалда ўзини кўрсата бошлади. Чунки СССРнинг катта “Гулаг” , Русиянинг эса кичкина “Гулаг” эканлиги маълум бўлиб қолганди. Буни биладиган демократ Елцин “ҳар ким ўзи истаганича мустақиллик олсин”, дея алжираган ҳам эди. Аммо у бундай демократликдан тезда тавба қилди ва қисқа муддатда оддий рус шовинистига айланди. Горбачев уни четга улоқтирган қайта қуриш ва ошкоралик сиёсатидан асло воз кечмаганди. Демократия ва ошкорликнинг ўзи учун айни натижани беришини тушуниб етган Елцин, бу қадриятлар ўрнига рус шовинистлигини танлади. Бу сиёсат биринчи Чеченистон урушида ўзини кўрсатди. Бу омонсиз урушда ўн мингларча бегуноҳ инсонлар қатл қилинди. Аммо бу Елцинни у танлаган йўлдан тўхта олмади. Чунки у коммунистликни қанчалик шитоб билан тарк этган бўлса, демократликни ва эркинлик сиёсатини ҳам шу тарзда тарк қилганди. Елцин ўз ўрнига Владимир Путинни ворис қилиб тайинлаш билан ўзининг кимлигига нуқта қўйиб кетди… Бугун мустақиллик арафасида Михаил Горбачевнинг қайта қуриш ва ошкорлик сиёсатини хотирлар эканмиз, бу сиёсатдан чиқариладиган асосий хулоса шундан иборат бўлса керак: Ошкоралик, яъни эркинлик ва адолат билан эски тоталитар тузумларни қайта қуриб бўлмайди. Чунки бу қадриятлар янги тузумга ва унинг ижодкори ҳисобланадиган янги инсонларга ярашадиган қадриятлардир.

 

Намоз Нормўмин

18 август 2011 йил.