Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих (16)

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих (16)
22 views
30 August 2012 - 7:58

БАҲРОМ МЎМИНОХУНОВ: ”МЕН УЛАР БИЛАН ЕВРОПАДАГИ ҲАР ҚАНДАЙ СУДДА УЧРАШИШГА ТАЙЁРМАН…”

Муҳаммад Солиҳга қарши Каримов ҳукумати томонидан тайёрланган суиқасдга асосий гувоҳлик бераётган Баҳром Мўминохунов билан “Озодлик” радиоси ўтказган суҳбатдан парча

(Суҳбатнинг учинчи, сўнгги бўлими)

Мухбирнинг: “Агар Ўзбекистон ҳукумати бундай айбловларингиз учун сизни судга берса-чи?” деган саволига Б. Мўминохунов шундай жавоб берди:

Б. Мўминохунов: Мен улар билан ҳар қандай судда учрашишга тайёрман ва уларга адресимни ҳам беришга тайёрман. Бироқ улар менсиз ҳам оиламнинг Америкадаги адресини билишади. Мен буни ҳеч қачон сир сақламаганман. Мен яна бир марта такрорлайман: улар билан Европадаги ҳар қандай судда учрашишга тайёрман. Менинг Ўзбекистонда ва ундан ташқарида бу одамлар билан мулоқот қилганимни билган кўплаб гувоҳларим, жумладан, сизнинг ҳамкасбларингиз – журналистлар ҳам бор. Улар менинг улар билан суҳбатларимнинг шоҳидлари бўлишган. Яна қайтараман: менда улардан яшириниш нияти йўқ. Биламан, улар эртага номимга доғ тушириш учун мени “террорчи, қаллоб, наркобарон”, деб эълон қилишлари мумкин. Буни ҳавога узатишингиз ёки узатмаслигингиз мумкин, бу сизнинг ишингиз. Эртага улар менинг Ўзбекистондаги яқинларимга ҳам босим кўрсатиб, мени улар орқали қоралашлари ҳам мумкин. Ўзбекистонда бу оддий ҳолга айланиб қолган. Ҳатто ўзим уларга телефон қилиб, агар шундай талаб қўйишса, майли, гапиринглар, дейман. Ўзбекистонда вазият шундай. Менинг ёшим ҳозир 43 да, ақли-ҳушим жойида бўлган одамман. Нима деётганимни ва ўзимни қандай таҳлика остига қўяётганимни яхши биламан.

Мухбир: Тушунишимча, Баҳром ака, сиз жавоб беришга тайёрсиз-у, аммо бунинг учун судга бериш ташаббуси билан Ўзбекистон расмийлари чиқишлари керак, шундайми?

Б. Мўминохунов: Асло ундай эмас, буларнинг ҳаммаси бошланиши, холос. Яқин 10-15 кун ичида, худо хоҳласа, бу ҳодиса ҳақдаги йирик материал катта экран орқали намойиш этилади. “CNN” компанияси томонидан ҳам бир таклиф бор. Бироқ бу ҳақда ҳозирча биз узил-кесил бир қарорга келмадик. Ҳозир биз материалларни жамлаяпмиз. “ЭРК” Партияси, шахсан Муҳаммад Солиҳ, ҳукумат устидан, Каримов устидан ва ўша одамлар устидан судга беришга тайёр. Агар улар судга беришса, мен бу ишда асосий гувоҳ бўламан.

Мухбир: Баҳром ака, ҳозиргина сиз “CNN” телеканалининг сизга қилган таклифи ҳақда гапирдингиз. Шу муносабат билан менда бир савол туғилди: сиз бўлган ҳодиса ҳақда 10 май куни баёнот бердингиз, орадан бир ҳафта вақт ўтди, сиз билан бу суҳбатни ўтказишдан олдин мен яна телетайпларни кўриб чиқдим, наҳотки, Ўзбекистон ҳукуматига қарши шундай жиддий айбловлар билан чиққанингизга қарамай, халқаро ахборот агентликлари бу ҳақда бирон ахборот бермаган. Бундай эътиборсизликни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Б. Мўминохунов: Билмадим, мен бу баёнотни жаҳон ахборот агентликларининг эътиборини ўзимга жалб этиш, мен ҳақимда мақолалар чоп этилиши, мендан интервью олиш учун, журналистларнинг кетимдан қувиб юришлари учун қилмаганман. Менимча, бу ўйлаб қилинаётган сиёсат бўлса керак, билмадим. Бу ҳақда бирон нарса деёлмайман. Балки, улар бунга жиддий қарашмаётгандир, балки, бу бир тактикадир. Балки улар ҳодисанинг кенгроқ ошкор бўлишини, янада асослироқ ва тасдиқланган фактларнинг пайдо бўлишини кутишаётгандир? Балки улар ўшанда бу мавзуга жиддийроқ қарашар? Балки бу мавзу уларга қизиқарсиздир?.. Билмайман, мен улар учун жавоб беролмайман. Мен яна қайтариб айтаман, мен бу нарсани ўзимни реклама қилиш учун қилганим йўқ, бу менга керак эмас. Мен ўзимга яраша бадавлат одамман. Ҳозир бу мавзу билан таниқли журналистлардан бири шуғулланмоқда. Менимча, 10-15 кунлардан кейин, унинг материаллари эълон қилинганидан сўнг, ўйлайманки, бу нарсага ўзингиз ҳам ишонасиз.

Эшиттириш сўнггида президент Ислом Каримов матбуот котиби Рустам Жумаевнинг сўзлари келтирилиб, унинг “бундай сохта лента ёзувларини ёш болалар ҳам ясай олади”, деган гапларига радио мухбири: “албатта, бундай ёзувларни ёш болалар ҳам ясаши мумкин, аммо худди ўша ёш болалар бу ёзувларнинг сохта ёки ҳақиқийлигини ҳам аниқлаб бериши мумкин”, деган сўзлар билан якун ясайди.

(Суҳбат қисқартирилган ҳолда таржима қилинди)

(19.05.2001)