Диктатор Каримов-“Сталин”га мустақуллик таъзияси

Диктатор Каримов-“Сталин”га мустақуллик таъзияси
103 views
31 August 2012 - 14:32

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мана 23 йилдир Ўзбекистон Бош Золими сифатида фаолият кўрсатиб келаяпсиз. Сизни яқин тарихнинг энг ғаддор давлат раҳбарларидан Иосиф Сталинга ўхшатишга ўзбек халқи албатта ҳақлидир. Шунинг учун ҳам бу таъзиянинг давомида сизга Золим Каримов-“Сталин”!, дея мурожаат қиламиз.

Золим Каримов-“Сталин”!

Сиз яхши биласизки, аслида сиз Ўзбекистоннинг мустақиллигига қарши эдингиз. 1990 йилда СССРни сақлаб қолиш учун ўтказилган реферундамда халқимизни бу империя таркибида қолишга мажбурлаганингизни, унда ўзбек халқининг 90 % кўпроғи СССРни ёқлаб овоз берди, дея ёлғон хулоса билан Москвага лаганбордирлик қилганингизни, 1991 йил ГКЧП эълон қилинган кунларда унинг чақириғини тўлиқ қўллаб қувватлаганингизни ҳали халқимиз унутгани йўқ. Аммо сиз шайтоний ҳийлалар билан Горбачев берадиган жазодан қутулиш ва фақатгина ҳокимиятни ўз қўлингизда ушлаб қолиш учун Ўзбекистонни мустақил, деб эълон қилдингиз. Ўша йилларда Ўзбекистон мустақил бўлсин, дея жон куйдирган мухолифат вакилларининг овозини ўчириш учун бутун ҳунарингизни ишга солдингиз, ЭРК партияси тайёрлаган Мустақиллик декларациясини қабул қилдирмаслик учун бутун ҳийла ҳунарингизни кўрсатдингиз. Аммо тарихий жараёнлар сизнинг чўтир юзингизга тарсаки тортиб юборди ва сиз чор ночор Ўзбекистон Мустақиллигини эълон қилишга мажбур бўлдингиз.

Золим Каримов-“Сталин”!

Мустақил Ўзбекистонга мустақил фикрлайдиган ва ҳаётнинг бутун соҳаларида ташаббус эгаси бўлган ватан фарзандлари раҳбарлик қилиш керак эди. Аммо сизнинг ҳавойи нафсингиз бунга йўл қўймади. Сиз агар эркинлик, адолат ва ҳуқуқ тантана қиладиган бўлса, ўзингизнинг кераксиз ахлат тўрваси каби четга отилишингизни жуда яхши билардингиз. Шунинг учун ҳам мустақил ватанимизда қилган илк сиёсатингиз эркин ва мустақил фикрлайдиган мухолифат вакилларини сиёсат саҳнасидан йўқ қилиш бўлди. Шу тарзда расман рўйхатдан ўтган ЭРК партияси ва Бирлик ҳаракатининг фаолиятларини ноқонуний равишда таъқиқладингиз. Мухолифат аъзоларининг баъзиларини қамоққа тиқдингиз, баъзиларини ўлдирдингиз, баъзиларини эса сургунга қувдингиз.

Шу шаклда мухолифатдан қутулган кейин аслида сиз ўзингизнинг сиёсатингизни амалга ошириш учун фурсатга эга бўлган эдингиз. Аммо бутун фожеа шундан иборат эдики, сизнинг Ўзбекистондек мустақил давлатини бошқариш ва унда зарур бўлган ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳеч бир дастурингиз ва сиёсатингиз йўқ эди. Сизнинг фожеангиз ҳам аслида шундадир. Чунки сиз жоҳил, қотиб қолган коммунистик сиёсатдан бошқа нарсани билмайдиган, ахлоқсиз, муштумзўр золим “сиёсатчи”сиз. Аслида сиёсатчи эмассиз. Бунинг ўзингиз мен сиёсатчи эмас, иқтисодчиман, дея иқрор ҳам қилган эдингиз. Сиёсатчи бўлмасангиз давлат ҳокимиятнинг бошида нима ишингиз бор эди.? Иқтисодчиман дейсиз, аммо мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётининг йўқ қилиниши сизнинг иқтисодчи сифатида ҳам лаёқатсиз раҳбар эканлигингизни кўрсатди. Сиз бир неча маҳаллий ва байналминал корхона, стадион қуриш, кўчаларни кенгайтиришни иқтисоднинг ислоҳоти деб билдингиз. Аслида эса бу соҳани ислоҳ қилиш эркинлик, деган улуғ қадриятга боғлиқ эди. Яъни, инсонларга тадбиркорлик, тижорат, саёҳат, фермерлик, ўзи истаган корхонани очиш ва ўзи истаган мол мулкни сотиш ва сотиб олиш эркинлиги бермасдан иқтисод соҳасинини ислоҳ қилишнинг имкони йўқ эди. Сиз фақатгина мана шу имконсизликни бажардингиз, яъни Ўзбекистон иқтисодиётини йўққа чиқардингиз. Натижда 5 миллион фуқаро Ўзбекистондан қочиб, дунёда дарбадар бўлди. Халқимизни эса бир бурда нонга зор қилдингиз…

Золим Каримов-“Сталин”!

Сиз сиёсатни ва давлат бошқарувини билмаслигингизни яшириш учун яна халқимизни жазолантиришга қарор бердингиз. Бу мақсадда энди мусулмонларнинг ёқасига ёпишдингиз. Уларни радикал ва террорист, дея прорпаганда машингизни ишлатдингиз. Бу билан чегараланиб қолмасдан, 1999 йилда Тошкентда портлашлар ташкил қилдингиз. Ва буни мухолифлар ва мусулмонларга юкламоқчи бўлдингиз. Бу фитнангизнинг сири кўп ўтмасдан маълум бўлди. Мақсадингиз яқинлашиб қолган сайловларни кўзбўямачилик билан ўтказиб олиш экан. Шу шаклда сохта реферундумлар ва сайловлар ўтказдингиз. Ва ҳеч уялмасдан Президентлик курсисида ғўддайиб ўтиришга давом эттингиз.

Золим Каримов-“Сталин”!

Ҳаёт шу шаклда давом этди. Ўзбекистон давлати ва халқи сизнинг зулмингизга чор ночор чидашга рози бўлди. 2000 йилларнинг

бошланишига келиб, сиз Ўзбекистонни ўз қамоқхонангизга айлантириб улгурдингиз. Бу давлат қамоқхонанинг рамзи бўлган “Жаслик” концлагерини қурдингиз. Бу қамоқхонларингизда инсонни даҳшатга соладиган қийноқ усуллари билан мухолифларни, шу жумладан мусулмонларни ҳам ўтда ёқдингиз, сувда қайнатиб ўлдирдингиз, уларга жинсий тажовуз қилдингиз (ёки қилдирдингиз), номус ва шарафларини ерга урдингиз. Аммо йиллар шамол каби учиб ўтар, сизнинг ўғрилик билан киритган Президентлик муддатингиз яна тугаб бормоқда эди. Зудлик билан яна бир фитна уюштириш ва ўзингизни Ўзбекистоннинг қаҳрамон Президенти, дея эълон қлишингиз керак эди. Шу тарзда 2005 йилда Андижон қатлиомини амалга оширдингиз. Бунинг учун чаласавод “акромийлар” гуруҳининг сиёсий онгсизлиги ва тажрибасизлигидан фойдаландингиз.

Золим Каримов-“Сталин”!

Шу шаклда сиз яна уят ва ҳаёни йиғиштириб, 2007 йилда қайтадан Президентликка “сайландингиз”. Бу марта ваколатларингизни етти йиллик, дея эълон қилдингиз. Аммо инсонларимизнинг сизга на ишончи, на да ҳурмати қолмаганди. Зеро, сиз мустақил фикрлайдиган ва ташаббус соҳиби бўлган барчани йўқ қилиб бўлгандингиз. Матбуотни ўлдирган, ижодкорларнинг овозини ўчирган, адабиёт ва санъатни қаҳринггизни қабристонига кўмган эдингиз.
Мустақилликнинг 20 йилида ўз бошингизга тантана қилиб, Мустақиллик майдонида рақсга тушдингиз. Сизни қароқчиларингиз ҳисобланадиган МХХ, Прокуратура ва милиция раҳбарларидан бошқа ҳеч ким олқишламади. Халқимизнинг сизни, сизнинг эса халқимизни кўришга кўзингиз йўқлиги яқинда Тошкентда чала чулпа битирилган объектларни қабул қилиб олгангизда маълум бўлиб қолди. Ҳувиллаган стадионга чўтир юзингиздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Чунки сиз инсон зотини севмайсиз, халқимизнинг қадриятларини бир пулга олмайсиз, хуллас ўзбек халқи сизга, сиз эса ўзбек халқига бегонасиз!

Золим Каримов-“Сталин”!

Сўнгги вақтларда нима қилишингизни билмай (чунки сиз ҳақиқатан ҳам давлатни қандай бошқаришни билмайсиз) Ўзбекистонга келган чет эл сармоядорларига ёпиша бошладингиз. Шу шаклда МТС Узробита ширкатини талаб тугатдингиз. Зерикишингиз бу билан чегараланмай, ёнигиздаги раҳбарларнинг шўрини қуритишни бошладингиз. Улардан баъзиларини ўлдирдингиз, баъзиларини қамоққа тиқдингиз. Яна қандай бадбахтлик қилсам экан, дея ўйладингиз ва ниҳоят қизингизни, яъни ахлоқи ўзингиздан минг марта баттар бўлган Гулнорани Республикада реклама қилиб бошладингиз. Бу билан гўё мен ўлсам ҳам бирибир ўзбек халқи мендан қутула олмайди, демоқчи бўлмоқдасиз…

Хуллас, сиз мустақил Ўзбекистонни қуллар маконига айлантирдингиз. Шунинг учун ҳам бу байрам эмас, сиз қатл қилган эркинлик ва адолатнинг, халқимизнинг ташаббуси ва яхши ниятларининг қатли ва бу мактуб ушбу қатл туфайли ёзилган таъзиядир. Ўзбекистонда ушбу таъзияни қабул қилиб оладиган одам қолдирмагангиз учун ҳам уни сизга юбораяпмиз.

Сизнинг халқимизнинг ва давлатмизнинг бошидан энг қисқа муддатда даф бўлишингизни тилаб қоламиз!

 

Абдурраҳмон Муҳаммад

31 август 2012 йил