Каримовни ҳамма ёмон кўради, аммо…

Сўнгги бир икки ойда Ўзбекистонга, хусусан ватанимизнинг келажагига алоқали баъзи муҳим ишоратлар ўртага чиқа бошлади:

Каримовни ҳамма ёмон кўради, аммо…
27 views
08 September 2012 - 9:29

Сўнгги бир икки ойда Ўзбекистонга, хусусан ватанимизнинг келажагига алоқали баъзи муҳим ишоратлар ўртага чиқа бошлади:
Диктатор Каримовнинг ўз ўрнига тўнғич қизи Гулнорани тайёрлаётганига бу савиясиз хоним рекламасининг республикада ошкор ҳолга келгани далил бўлади. (қаранг) Ўзбекистоннинг ОДКБ дан чиққандан кейин, шунингдек МТС Уздунробита ширкатини Каримов хонадони хонавайрон қилгандан кейин Русиянинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсатидаги ўзгаришлар. (қаранг)
Гулнора Каримованинг Швецарияда пул ювишга (банк операциялари орқали пул ўғирлашга) алоқаси борлиги ва бунинг ғарбда Ўзбекистон диктатори ва оиласининг йўқ обрўйини янада йўққа чиқаришига ишорат эканлиги. (uzmetronom.com) Ислом Каримов шахси ҳақида сенсацион мақолалар ёзган Усмон Ҳақназаровнинг қайта матбуот майдонига чиқиши…
Бу далиллар бир ҳақиқатнинг қайта таъкидланиши демакдир: Диктатор Каримовни Ўзбекистонда ҳам мамлакатимиз ташқарисида ҳам ҳеч ким яхши кўрмайди. Бу нафратнинг хорижий манбаларига юқоридаги линклар далил бўлади, деб ўйлаймиз. Ўзбекистон диктаторидан Ўрта Осиё давлатларининг халқлари ва раҳбарлари, айниқса Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарларининг нафрат қилиши ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистон халқи ичида Мустақиллик байрамида Тошкенда Ислом Каримовнинг рақсга тушишини бевосита томоша қилганларни ҳисобга олмаганда, қолган 30 миллион аҳолидан ақли болиғ, яъни вояга етганларнинг барчаси нафрат қилиши маълум. Бунинг далили миллионларча ватандошларимизнинг (тахминларга кўра бу беш ва ҳатто саккиз миллион кишидир) Каримов зулмидан чет элларга қочиб кетишидир.
Каримов ва оиласидан Ўзбекистон мухолифатининг нафрат қилиши ҳақида гапириб ўтрмасак ҳам бўлади. Чунки сиёсий бўлсин, исломий бўлсин, мухолифат аъзоларининг ҳар бири, уларнинг оилалари бевосита диктатор Каримовдан зулм кўрганлар…
Хўш, диктатор Каримовга қарши бундай нафратни таъкидлашдан мақсад нима? Бу ҳақиқатни яна бир марта айтиш билан бирон нарса ўзгариб қоладими?
Бу саволга жавоб беришдан олдин Ўзбекистон диктаторига нисбатан нафратга алоқали бир хусусга изоҳ бермоқчиман. Бу ҳам бўлса инсонларимизнинг ва халқаро жамоатчиликнинг Ўзбекистон диктаторидан нафратланишига унинг ирқий келиб чиқиши ёки миллати сабаб ўрнида кўрилмаслиги керак. Ислом Каримовнинг ўзбек миллатига эмас, тожик ёки кейинги вақтларда Ҳақназаров айтаётгани каби яҳудий миллатига мансублиги бу диктаторнинг шахсига нисбатан нафрат масаласининг асосини ташкил қилмайди ва қилмаслиги ҳам керак. Қолаверса, асли самарқандлик бўлган мухолифатчи Алибой Йўляхши шахсан менга бундай иддоаларнинг ҳақиқатга мос келмаслигини (яъни Каримовнинг яҳудий миллатига алоқаси йўқлигини) айтган эди.
Ислом Каримовга бўлган умумий нафратнинг ҳақиқий сабаби унинг золимлиги, деспотлиги, диктаторлиги, Ўзбекистон халқини 20 йилдан кўпроқ вақт ичида инсон ҳақ ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб келаётгани, ўзига мухолиф бўлганларни эса сургун қилиши, қамаши, ўлдириши, қамоқхонада даҳшатли қийноққа солаётганидир. Каримовнинг бу золимликда ҳеч қандай фитнадан, шу жумладан қонли террор ҳаракатларидан (1999 йилги Тошкент портлашлари ва 2005 йилдаги Андижон қатлиоми) қайтмаслигидир. Каримов шахсига қарши инсонларда нафрат уйғотган нарса мана шу ваҳшат ва давлат терроридир..
Бундай давлат террори албатта мухолифатчиларнинг, шу жумладан унинг марказий кучи бўлган ЎХҲ аъзоларининг Ўзбекистон диктаторининг шахсига нисбатан нафратига сабаб бўлди. Аммо Каримов ва унинг диктатура режимидан нафрат қилаётган фақатгина биз эмасмиз, албатта. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Толиб Ёқубов, Ҳазратқул Худойберди, Ҳамид Пўлатов, Абдужалил Бойматов, Мўътабар Тожибоева ва бошқалар, социолог Баҳодир Мусаев, рассом Вячеслав Охунов, бирликчилар Алибой Йўляхши, Холиқназар Ғаниев, шоир ва ҳофиз Дадаҳон Ҳасан, янги бирдамликчилар Носир Зокир, Ботир Норбоев, Дилором Исҳоқова, Ўзбекистонда диктатурага қарши мардона курашаётган Отаназар Орипов, Абдулла Тожибоев, Нигора Ҳидоятова, чет эллардаги радиоларнинг ўзбек бўлимларида ишлаётган ҳамюртларимиз, Узнюс ва Фарғона хабар агентликлари, исми янги жамоатчилик назарига тушган Шавкат Муҳаммад, сиёсатшунослар Тошпўлат Юлдашев, Камоллидин Роббимов, мустақиллик йилларида сиёсатга алоқаси бўлган Фазлиддин Ёқуб…Бирликчилар, эркчилар, оддий мусулмонлар ватандаги баъзи уламолар ва хориждаги уламоларнинг асосий қисми, ҳизбчилар, акромийлар…Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги диктатурани ёмон кўрадилар, деб ўйлайман.

Хўш, Ўзбекистон диктаторини ёмон кўришнинг амалий кўриниши қандай бўлиши керак? Бу қандай қилиб бўлмасин Ислом Каримов режалаётгандек диктаторнинг ўрнига қизи Гулнорани тайинлашига қарши чиқиш, бу йўлда халқни ҳаракатга кечириш, халқаро жамоатчиликнинг ёрдамини олиб, Ўзбекистонда халқимизнинг маънавий ва миллий қадриятларига, инсон ҳақлари умумжаҳон баённомасига, эркинлик, адолат ва ҳуқуққа асосланган фуқаровий жамият қуриш йўлида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва имкони борича бу йўлда кучни бирлаштиришдир.
Бундай куч бирлигига биз Миср собиқ диктатори Ҳусни Муборакнинг йиқилишига олиб келганТаҳрир майдонидаги халқ қўзғолонида гувоҳ бўлган эдик. Таҳрир майдонида мусулмонлар, насронийлар, қибтийлар, Иҳвон ҳаракати, салафийлар, дунёвийлик (секуляр тузум) тарафдорлари тарафдорлари, ёшлар ва аёллар, хуллас Миср халқини ташкил қилувчи барча ижтимоий сиёсий, диний ва нодиний ташкилотларнинг вакилларини кўрган эдик. Улар Таҳрир майдонида “Йўқолсин диктатура, яшасин эркинлик ва адолат”, дея ҳайқирган эдилар…
Зулмдан нафрат этиб, унинг ўрнига адолатни ўрнатишни истайдиганларга ярашадиган амалий иш албатта мана шундай амалий ҳаракатдан иборат бўлиши керак. Бундай амалий ҳаракат энг камида уч асосга таяниши керак, деб ўйлайман:
1.Ўтиш даврида ҳаммани қониқтирадиган ғоявий ва сиёсий жабҳа (платформ).
2. Бир сиёсий ҳаракатга бирлашиш ёки бундай ҳаракат билан ҳамкорлик қилиш.
3. Бир сиёсий лидерни қўллаб қувватлаш.
1.Ўтиш даврида ҳаммани қониқтирадиган ғоявий ва сиёсий жабҳа (платформ)нинг моҳияти. Бу билан мен бу ерда номлари зикр қилинган шахслар, ҳаракатлар, ташкилотларнинг бир хил ғоя ва сиёсий қарашга эга бўлишларини назарда тутмаяпман. Зотан, бунинг имкони ҳам йўқ. Ҳамма ўзи эътиқод қилган қадриятга эргашишга айни даражада ҳақлидир. Аммо Каримов диктатурасидан фуқаровий жамиятга ўтишда ҳаммани қониқтирадиган ижтимоий сиёсий заминга эҳтиёж борлиги ҳам бир ҳақиқатдир. Бундай заминни фуқароларга яшаш ҳаққи, эътиқод ва сиёсий эркинликлар, мол мулк ортириш ва уни қўриш ҳаққи, инсон шарафини ва номусини ерга урмаслик ҳақ ва ҳуқуқлари ташкил қилиш керак, дея ўйлаймиз. Чунки инсонларга яшаш ҳаққи бермайдиган, яъни уларнинг ҳаётига зомин бўладиган диктатура ёки сиёсий ва ижтимоий тўп тўполонлар эркинлик ва адолатни таъмин қила олмаслиги маълум. Шунингдек, инсонларни бирор эътиқодга ёки сиёсий ғояга эга бўлишга мажбурлаш, уларнинг мол мулкини талон тарож қилиш ёки инсоний шарафини ва номусини паймол қилиш ҳам эркинлик ва адолатнинг ғояси бўла олмайди.
2. Бир сиёсий ҳаракатга бирлашиш ёки бундай ҳаракат билан ҳамкорлик қилиш. Ҳозирги кунда ЎХҲнинг бундай марказий ҳаракат эканлигидан ҳеч кимнинг шубҳаси бўлмаса керак. Истаганлар бевосита ҳаракатимизга аъзо бўлишлари ёки турли йўллар (фикрий, моддий ва маънавий) билан ЎХҲни қўллаб қуватлашлари мумкин, албатта. Муҳими мақсаддан чалғимаслик, эркинлик ва адолат йўлида бўлган ҳаракатимизнинг йўлига ғов қўймаслик, унга қарши диктатор Каримов ҳукумати уюштираётган фитналарга иштирок этмасликдир. Қисқача айтсак, ҳаракатимизга фойдаси тегмайдиганларнинг энг камида унга зарарлари ҳам тегмаслиги зарур.
3. Бир сиёсий лидерни қўллаб қувватлаш. Мустақиллик йилларида диктатор Каримовга энг жиддий рақибнинг шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ эканлиги ҳам вақеавий даллилар билан исботланди. Чунки Муҳаммад Солиҳ Каримов диктатурасига қарши толмас ва фидоий курашчи эканлигини исботлади. У бу деспотик режимга қарши сиёсий курашчи ўташи керак бўлган тўловни ҳам ўтади. Бунинг далили унга қарши қилинган туҳмату иғволар, қилмаган жиноятида айбланиб, сиртдан 15 йилга қамоқ жазосига маҳкум қилиниши, сурганда ҳам таъқиб қилиниши (Прагада қамоққа олиниши, хоирждаги давлатлардан бошқа давлатларга мажбуран чиқариб юборилиши), уч укасининг гаров сифатида узоқ муддат қамоқда тутилиши, Ўзбекистон ҳукумати расмий ва норасмий матбуотининг тинмай уни ва у бошқараётган сиёсий партия ва ҳаракатни қоралашидир. Мухолиф сиёсатчилар орасида Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонда ва ташқи давлатларда обрўси катта эканлиги ҳам маълумдир. Шу билан бирга ҳамма мухолифатчиларнинг ҳам Муҳаммад Солиҳ шахсига айни муносабатда эмаслиги ҳам бир ҳақиқатдир. Зотан буни талаб қилиш ҳам ўринли бўлмаса керак. Муҳими диктатор Каримов ва унинг ахлоқсиз қизи Гулнорани Муҳаммад Солиҳ шахси билан таққослаганда, ҳар қандай виждонли кишининг бундай таққослашда ЎХҲ лидерига ён босишидир. Шунинг учун ҳам Каримов диктатурасидан нафрат қиладиганларнинг, Муҳаммад Солиҳ шахсига муносабатидан қатъий назар, эркинлик ва адолат йўлида ЎХҲ раҳбарини бевосита ёки билвосита қўллаб қувватлашилари ҳозирги шартларда зарурийдир. Муҳаммад Солиҳни сиёсий эгоизмда (худбинликда) айблайдиганларга у амалий жавоблар берган. Бирлик ҳаракати ва Эрк партияси, Ўзбекистон Демократик Форуми ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатлари бевосита унинг раҳбарларигида ва иштирокида тузилди. Бир сиёсий “эгоист”нинг умумни бирлаштириш йўлидаги бу ҳатти ҳаракатларига эътибор қаратмай, унинг шахсини турмасдлан ерга уришни ҳақ танимаслик, дея баҳолаш мумкин, холос. Айтиш керакки, Каримов диктатурасига қарши бўлиш оддий мухолифлик эмас, бир миллатнинг асрлардир давом этган жаҳолат ва зулмдан қутулиш учун қилаётган ижтимоий сиёсий ҳаракатидир. Бундай ҳаракатга раҳбарлик қилаётган сиёсатчи фақатгина мухолиф раҳбар эмас, миллий озодлик ҳаракатининг раҳбари ҳамдир. Унинг масъулиятининг ўлчови ҳам албатта шунга мос бўлиши керак. Мустақиллик қўлга киритилгандан кейин асосан муҳожирликда ўтган йиллар ҳаммамизнинг, шу жумладан Муҳаммад Солиҳнинг шахсида ва дунёварашида ҳам маълум ўзгаришларга сабаб бўлди. Мен бу ўзгаришларини ҳудудий масофани ҳисобга олмасак, халқимизга яқинлашиш, дея баҳолаган бўлардим. Ҳа, муҳожирлик ҳаёти бизнинг халқимизнинг қадриятларини, тарихини ва бугунги воқеалигини янада чуқуррироқ ўрганишимизга восита бўлди. Бу орқали биз халқимиздан узоқлашмадик, аксинча руҳан ва фикран унга янада яқинроқ бўлдик. Не тонгки, ўзини ўзбек халқининг отаси, юртбоши, қизини эса ўзбекларнинг маликаси, балки яқин келажакда онаси, дея эълон қилаётган ёки қилишга ҳозирланаётган диктатор Каримов ва оиласи бу йиллар давомида биз мухолифлар халқимизга яқинлашган нисбатда улар халқимиздан узоқлашдилар…

Халқимизга бундай яқинлашишнинг Муҳаммад Солиҳ шахсиятидаги кўриниши унинг, кўпгина муҳожир биродарларимиз шахсида бўлгани каби, мусулмонлигининг ортганлигидир. Айнан мусулмонлигининг, аммо Каримов пропаганда машинаси иддоа қилаётгандек, радикал қарашларининг эмас. Бекорга халқимиз “муҳожир бўлмадинг, мусулмон бўлмадинг”, демаганку. Шу билан бирга бизнинг мусулмонлигимизнинг ортганлиги эркинлик, адолат, инсон ҳуқуқлари ва ҳаммага тенг ҳуқуқлар берадиган фуқаровий жамиятга бўлган иштиёқимизни ҳам ортирганлиги бир ҳақиқатдир. Менинг кузатишимча Муҳаммад Солиҳнинг мухолифатдаги мухолифлари унинг фикрлари, ижоди, сиёсий ташаббусларидан кўпроқ фақат унинг шахсий хусусиятларига эътибор қаратадилар. Ҳолбуки, мен танийдиган Муҳамад Солиҳнинг ғояси нима қилиб бўлса ҳам диктатор Каримовнинг тахтига ўтириш эмас, Ўзбекистон халқининг озодлиги, халқимизнинг маънавиятига, миллий қадриятларига, шону шарафига ярашадиган бир эркин ва адолатли жамиятнинг ўртага чиқишидир. Бу маънода қадарнинг ҳозиргача аён бўлган ҳақиқати биринчидан, Муҳаммад Солиҳга диктатор Каримовдек бир ғаддор давлат раҳбарига мухолиф бўлиш, иккинчидан эса агар Аллоҳ насиб қилган бўлса, Каримов диктатурасидан адолатли жамиятга ўтиш даврида мамлакатимизга раҳбарлик қилишдир. Албатта, бундай раҳбарнинг ким бўлишига эркин ва адолатли сайловларда хпалқимиз қарор беради.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу ўтиш даври диктатуранинг ўрнига келадиган янги ҳукумат учун ҳам, бу ҳукуматнинг раҳбари учун ҳам осон бўлмайди. Деярли чорак асрлик қақшатқич зулм эркинлик ва адолатнинг қайтадан тантаъна қилиши учун силлиқ замин яратмади. Диктатура четга улоқтирилгандан кейин унинг меросини, унинг занжирини миллатнинг бўйнидан олиб ташлаш осон бўлмаслигини сиёсатга алоқаси бўлганлар албатта яхши тушанадилар. Мана шундай диктатурага қарши кураш ва унинг ўрнига адолатли жамиятни қуришда ўтиш даврини бошқариш учун халқимиз ва халқаро жамият танийдиган кучли бир сиёсатчига эҳтиёж бор. Ҳозирда Муҳаммад Солиҳдан бошқа бундай номзодликка даъвогорни шахсан мен кўрмаяпман…
Демак, мавжуд шароитда Ислом Каримов ва унинг оилавий диктатурасига қарши бўлганларнинг ЎХҲ ва унинг раҳбари атрофида бевосита бирлашиши ёки биз билан билвосита ҳамкорлик қилиши бугуннинг талабидир. Бундай ҳамкорлик Каримов диктатурасига қаршиман, ЎХҲни қўллаб қувватлайман ёки бу ҳаракат билан истамасам ҳам эркинлик ва адолат йўлида ҳамкорлик қилишим мавжуд шартларда зарурийдир мантиғининг натижаси бўлиши, керак деб ўйламайман.

 

Намоз Нормўмин,

ЎХҲ Муассислар Мажлиснинг аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси.

5 сентябрь 2012 йил.