Жоҳилликнинг чўққиси

Агар минтақамизда уруш чиқадиган бўлса, буни ҳам Каримов жоҳиллигининг чўққиси, дея баҳолашимиз мумкин

Жоҳилликнинг чўққиси
46 views
10 September 2012 - 15:31

Абдурраҳмон Муҳаммад, 
2012 йил 10 сентябрь

Ўзбекистон диктатори Каримов яқинда Қозоғистонга қилган ташрифи давомида Ўрта Осиёдаги сув танқислиги муаммоларига тўхтала туриб, бу муаммо минтақада уруш чиқишига олиб келиши мумкинлигини айтган эди. Ажабо, минтақамиздаги маданий, маънавий ва тарихий жиҳатдан бир бирига биродар бўлган халқлар орасида бундай таранг вазиятнинг ўртага чиқишига сабаб нима? Тўғрироғи бунинг сабабчиси ким?

Бу саволга ҳеч иккиланмасдан бунга сабаб диктатор Каримовнинг сиёсати, дея жавоб бериш мумкин. Бугунги кунда дунёда глобаллашув, яъни мамлакатлар тараққиётини ва инсонларнинг ўзаро алоқаларини имкони борича қулайлаштириш учун давлатлар ўртасида чегараларни очиқ тутиш ва турли иттифоқлар ҳолида ҳаракат қилиш анъанага айланиб бормоқда. Аммо Ўрта Осиё давлатларида бунинг аксини кўриш мумкин. Ҳолбуки, Ўзбекистон учун энг қулай муносабат ўрнатиладиган ва барча алоқаларни йўлга қўйишда муаммо бўлмаган давлатлар айнан Ўрта Осиёдаги бизга биродар давлатлардир.

Аммо мустақилликка эришилгандан бери Ўзбекистон билан қўшни давлатлар орасидаги чегаралар очиқ тутилиши у ёқда турсин, бу чегаралар қайта-қайта ёпиб қўйилди, ақлга ва замонавий халқаро сиёсат анъаналарига зид равишда бу давлатлар орасида виза тўсиқлари ўртага чиқди ва ҳатто чегараларни миналашга қадар борилди. Ўзини бутун халқнинг отаси ва тенги топилмайдиган доно сиёсатчи, дея танитишни яхши кўрадиган диктатор Каримовнинг бундай ташқи сиёсати аслида унинг жоҳил ва золим давлат раҳбарига эканлигига яна бир далилдир.

Бундай сиёсат натижасида минтақамиздаги давлатларнинг ўзаро муносабатлари “ноль” даражага тушди, бу халқларимиз орасидаги муносабатларнинг ҳам совуқлашувига олиб келди. Натижада ҳар ким ўз кунини ўзи кўришга мажбур бўлди. Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонга қайта-қайта газ ва электр таъминотини узиб қўявергандан кейин бу давлатлар электр энергиянинг альтернатив манбаларини излашга тушишди ва буни электр станциялари қуриш билан амалга оширмоқчи бўлишди. Ҳолбуки, бироз ақлли сиёсат билан бу давлатлар орасида чегараларни очиқ тутиш, давлатлар орасида турли соҳаларда (иқтисод, тижорат, божхона, ташқи сиёсат ва ҳ.к.) умумий сиёсатни йўлга қўйиш ва бу орқали дунё сиёсатида минтақанинг мустақиллигини яна-да кучайтириш мумкин эди.

Диктатор Каримовнинг жоҳиллиги бундай ақлли сиёсат ўтказишга монелик қилади, албатта. Агар минтақамиздаги давлатлар орасида Каримов айтаётгандек уруш чиқадиган бўлса, буни ҳам мана шундай жоҳилликнинг чўққиси, дея баҳолашимиз мумкин…