Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих (18)

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих (18)
111 views
13 September 2012 - 12:43

Террорнинг илдизлари – тоталитар режимлардир!

Ҳалит Қoқинч

Стар газетаси, Туркия

Очиғи, англамоққа қийналаман. Чунки, “комплo” теорияларини ёқтирмаганим каби, воқеага сабабчи кишиларни ҳам танийман. “Ҳуррият” газетасидан Ёлчин Байер Ўзбекистоннинг сургундаги мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг фундаменталист терроризмга майлли бир киши эканлигини ёзганди. Баер узоқ йиллардан бери мухбирлик қилади. Муҳаммад Солиҳ бу иддаоларга дарров жавоб берди. Байер раддия хатни кейинги мақоласида айнан берди.

Орадан оз вақт ўтди. Бу сафар “Радикал” газетаси қўпол хатога йўл қўйди: АҚШ тарафидан террорист деб эълон қилинган 27 ташкилот ва шахс орасида Муҳаммад Солиҳнинг исмини ҳам зикр этди. Баҳсга сабаб кишининг Носир Фаҳми Носир Ҳасанайин номи билан ҳам аталган Муҳаммад Салаҳ деган бошқа бир шахс эканлиги маълум бўлгач, газета ўз саҳифаларида тузатув эълон қилиб, узр тилади!

Воқеалар бу билан битмади. Бу сафар яна “Ҳуррият” газетасида Энис Барбарўғли Муҳаммад Солиҳ билан Усома бин Лодин орасида ўзига хос қайсарлик билан “алоқа” қурган мақоласини чоп этди. Барбарўғли яхши таҳсил кўрган, зиёли ёшлардан бўлиб, қайсарлик билан яна айни хатони айнан такрорлаганига ақлим бовар қилмаяпти, тушунолмаяпман.

НАЗАРИМДА БУ МУЗОФОТНИ ҲЕЧ ТАНИМАЙСИЗ

Ҳурматли ҳамкасбларим, севимли дўстлар!..

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистондаги диктаторлик режими тарафидан кўплаб маротаба ўлдиришга ҳаракат қилинган, демократ ва зиёли инсондир. Қамоқда чириб йўқ бўлиб кетиши учун зиндонга ташланган ўзбек адабиёти намоёндаси Мамадали Маҳмуд каби режим томонидан баъзан фундаменталист, баъзан эса КГБ агенти эълон этилиб қоралашга ҳаракат қилинмоқдадир.

Яна ўйлаб адоғига ета олмаганим бир “механизм” тарафидан жамоатчиликка фундаманталист ўлароқ тақдим этишга ҳаракат қилинган Мамадали Маҳмуд 2000 йилнинг июн ойида Америка инсон ҳақлари ҳимоячилари тарафидан Ҳеллман-Ҳаммет мукофотига лойиқ деб топилди…  2001 йил 5 апрелида эса Америка Ёзувчилар Жамияти “ПЕН” Барбара Голдсман ҳуррият мукофотини Мамадали Маҳмудга берди.

Муҳаммад Солиҳ фундаменталист… Мамадали Маҳмуд КГБ агенти… Ёпирай!.. Балким, бу хатолар ёмон ниятдан эмас, музофотни яхши билмаслигингиздан шундай хатоларга йўл қўяётганингизга йўйиб, Муҳаммад Солиҳнинг Ослода қаламга олган навбатдаги мақоласига ўрин бермоқчиман:

ИСЛОМИЙ РАДИКАЛИЗМНИ ЎЗЛАРИ ПАЙДО ҚИЛДИЛАР

Нью-Йоркдаги эгизак миноралар фожеаси, ҳеч шубҳасизки, бутун инсониятнинг фожеасидир. Бу ишни қилганлар мутлақо жазоларини тортиши керак ва тортади ҳам, Оллоҳнинг изни билан.

Террорнинг томирини қирқмоқ шартдир. Менга бу ибора жуда ёқди. ТЕРРОРНИНГ ТОМИРИНИ ҚИРҚМОҚ.

Дунёда сўнгги кунларда жуда кенг тарқалаётган ибора бўлди бу. Ҳа, террорнинг илдизини қуритмоқ лозим. Ки, бу бало бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритмасин. Лекин террорнинг илдизи дер экан, буни ҳар ким ўзича талқин қилади, масалан, бизнинг Ўзбекбоши Каримов “террорнинг илдизи” деганда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини тушунади. Аммо бизнинг минтақани таниган ҳар бир ақли салим инсон биладики, бу Ҳаракат террорнинг илдизи эмас, унинг МЕВАСИДИР.

Ўзбекистонда террорнинг илдизи – сиёсий режимдир. Бу илдизларни ҳар кун парвариш этган, тарбиялаган, суғориб, ўстирган боғбон бизнинг Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ўзгинасидир. Унинг ўлка бўйлаб ўтказган терроридан зиндонларда ўлган ва ўлдирилган инсонлар сони Нью-Йоркдаги эгизак минораларда ўлганларнинг сонидан оз эмас, десак, муболаға бўлмайди.

Фарқи, бу ўлганларни санайдиган одам йўқ, ҳисобини сўраб, бунга қизиққан йўқ.

Дунё наздида ўзбекнинг жони анча арзондир, дунё наздида ўзбекнинг кўзёшлари анча қийматсиздир…

1991 йилда Ўзбекистонда “исломий радикализм” деган бир нарса ҳеч йўқ эди. Бунинг пайдо бўлиши учун Каримов бечора роппа-роса 5 йил меҳнат қилди, беш йил, тасаввур қилинг! У беш йил давомида давлатга оид бўлмаган масжидларни қаҳрамонларча, халқнинг кўз олдида йиқиб, ер билан бир қилди. У беш йил давомида намоз қилган ёшларни ҳибсга олди, ертўлаларда қийноққа солди, ўлдирди, қувғин қилди.

Беш йил танаффуссиз халқнинг динига қарши давлатнинг бутун имкониятларини ишга солиб жанг қилди.  Бу беш йил давом этган давлат терроридан кейин муслимонлар, айниқса, ёшлар Ўзбекистондан қоча бошладилар, уларнинг бир қисми Тожикистон мухолифатига қўшилиб Афғонистонга ўтди. Бугун ўзларини Ўзбекистон Исломий ҳаракати деб атаган ва Америка Президенти Бушнинг террористлар рўйхатига киритилган қуролли гуруҳнинг ўзаги ўша Каримов терроридан қочган ёшлардан таркиб топгандир.

Шу боис, камина ўтган куни (7 октябр, 2001) ББС радиосидан гапирар экан, Америка Давлатига мурожаат қилиб, шуларни айтдим:

Муҳтарам америкалик дўстлар, модомики, сизлар Марказий Осиёда террорнинг томирларини ахтараётган экансизлар, сиздан илтимос, бу хусусда у минтақанинг халқидан ҳам бир сўраб кўринг. Террорнинг илдизи қаерда, деб халқдан бир сўраб кўрингчи, у нима деркин?

Албатта, Каримов “мана сиз ахтарган террорнинг илдизи”, деб ўз душманларини сизга кўрсатажакдир. Лекин Марказий Осиёда ТЕРРОРНИНГ ИЛДИЗИ – ТОТАЛИТАР РЕЖИМЛАРДИР. Афғонистонни бомбалаш билан иш битади, деб ўйламанг, америкалик дўстлар. Террорни, фақат Толибонни енгиш билан тугатиб бўлмайди. Чунки яна бир Толибон бор, бу Қизил Толибондир.

Собиқ Политбюро сарқитлари ҚИЗИЛ ТОЛИБОНлар! Илтимос, уларни унутманг. Террорнинг томирини қуритамиз, деб сўз бердингиз, иншооллоҳ, шундай бўлажак. Умид қиламизки, қўлингиздаги белкуракни теран-теран уриб, террорнинг ўқ илдизларига етажак ва уни яна кўкармайдиган қилиб қирқиб ташлайсизлар!

(10.10.2001)