Ботирнинг бошидан кечирган фожеалари (Унинг ҳақ-ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?)

Ботирнинг бошидан кечирган фожеалари (Унинг ҳақ-ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?)
17 views
17 September 2012 - 8:31

Хайибой ЯҚУБОВ,
Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси

Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз мониторингида аниқлашича, унга шикоят аризаси билан мурожаат қилган Хоразм вилояти Хива шаҳри “Дўстлик” маҳалласи 3-уй 9-хонадонда яшовчи, 1967 йил 27 апрелда Хива шаҳрида туғилган (тел: +998932832027) Ботир Эгамберганович Ваисов ҳаётида кетма-кет бир нечта оғир фожеалар содир бўлган.

1995 йилнинг  11 августида Б. Ваисовнинг Хива шаҳри “Чевар” хусусий корхонасида эркаклар сартароши бўлиб ишловчи укаси, адолатпарвар инсон, ҳали уйланмаган Баҳодир Ваисов Хива туманидаги “Ғовуккўл”га чўкиб кетган ва Хива шаҳридаги марказий касалхонада бир неча кун ётиб, 22 август куни оламдан ўтган. Унинг ўлими сабаблари, бу фожеа билан боғлиқ ҳолатлар аслида лозим бўлса-да ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мутлоқ текширилмаган.

Ботир Ваисовнинг акаси Қўзибой Ваисов Хива туман ҳокимлигида ижтимоий масалалар бўйича бош мутахассис лавозимида ишлаб юрганида 2008 йилнинг 29 июлида Хива туманидаги “Ғовуккўл”га чўкиб ўлган. Б. Ваисовнинг айтишича, акаси чўкаётган пайтда у билан бирга зиёфатда ўтирган кишилар унга ёрдам бериш ўрнига, ўзларини четга урганлар. Натижада Қ. Ваисов ҳалок бўлган. Қизиқ томони шуки, ҳоким ёрдамчиси қилиб тайинланаётган, лавозими ошаётган Қўзибой шу лавозим учун ўзи ташкил қилган зиёфат пайтида  фожеага учраган. Хива туман прокуратураси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари бу фожеа билан боғлиқ иш юзасидан лозим даражада сифатли текшириш олиб бормаган.

2011 йил август ойида фожеа яна Ботир Ваисовни четлаб ўтмади. Лекин бу сафаргиси тирик инсон томонидан содир қилинди. Б. Ваисовнинг кенжа қизи 6 ёшли Нозимахон Эгамбердиева кўчада ўйнаб юрганида, қўшниси Зулфия Худойберганованинг ўғли Шаҳзод исмли вояга етмаган ўсмир (Ботир Ваисовга гапига кўра, онасининг ўйнашига тегишли) “Тико” русумли машинасини ҳайдаб, Нозимахонни босиб кетган. Қонга беланган қиз 22 август куни 8 соатлик азобдан кейин оламдан ўтган.  Бу сафар ҳам воқеа тафсилотли сифатли текширилмаган. “Тико” машинасининг эгасига ва Шаҳзоднинг онасига ҳеч қандай қаттиқ чора кўрмаган. “Қизим ўлиб кетди, улар эса ўйнаб-кулиб, ҳеч нима бўлмагандай юришибди, уларга бир нарса десангиз, дарров миллицияга, маҳалла қўмитасига бориб, арз қилишади. Маҳалла қўмитаси раиси мени эмас, уларнинг ёнини олади” дейди Ботир Ваисов. Прокуратура ходимлари негадир Б. Ваисовнинг қизининг ўлим ҳолатини “Бу жиноят эмас” деб баҳо берганлар.

Мавжуд кўрсатилган воқеаларни холисона текширилмасдан, нега машина эгасига калитни бергани учун чора кўрилмаган? Ботирнинг шикоят аризаси нима учун судда кўрилмасдан қолиб кетган? Ботирни хун талаб қилишга хаққи йўқмиди? Ўзига, жинниман, касалман, деб, ҳужжат тўғрилаб олган Зулфиянинг калласи фожея юз берганида ишлаб, ўзини ҳимоя қиладиган шахсларни топган.  Бу масалани бости-бости қилишга ким ваколот берган? Нимага Ботирга ўхшаган фукароларнинг ҳақ-хуқуқлари Хоразмда поймол бўлмоқда?  “Нажот” мониторингида бу каби  масалалар Хива туманида  битта эмас, кўплаб мавжудлиги ва фуқароларнинг бундан норозилиги аниқланган.

Шунингдек, аёлларнинг номусига тажовуз, зўрлаш ҳолатлари мавжудлиги, ҳокимликларнинг қонун ости ҳужжатларига эътибор қилмасдан қилаётган хатолари, ўқув масканларидаги аҳвол, тиббиётдаги эътирозлар ва улар тўғрисидаги арзномалар ҳуқуқ тартибот идораларига берилса-да текширилмасдан қолиши, бунинг устига, воқеа юз бергандан кейин жиноятчиликда гумон қилинаётган шахсни тўсатдан йўқолиши ажабналарли бир ҳолатдир. Хар бир ҳуқуқ-тартибот идорасида адолат торозиси тенг эмаслиги, ҳуқуқ-тартибот тизимида сохта лавозим соҳибларининг пайдо бўлиши эса қонунларимизнинг икки карра бузилишига ва фуқароларнинг эътрозли сабабларига олиб келмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги қонуний қабул кунлари регламентига талаб даражада амал қилинмаслиги, аризаларга нисбатан бефарқ бўлиш, юқори доирадаги амалдорларга ёзилган аризалар бошқатдан маҳаллий идораларга қайтарилиши фуқароларнинг ҳақ-хуқуқлари поймол бўлишига олиб келмоқда.  “Нажот” Хоразмда инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширишни, адолат устиворлигини кучайтиришни, жиноятчиликка қарши кураш олиб боришни, демократик усулларни қўллаш, ҳар бир фуқаро талабини ўз вақтида ва холисона қонун доирасида кўриб чиқишни талаб қилади.