Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос йўлими? Ёки А…, А…, А…, – йўлими?

Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос йўлими?  Ёки А…, А…, А…, – йўлими?
29 views
21 September 2012 - 9:59

Мустақил иқтисодчи: Жаҳонгир Шосалимов
20.09.2012 йил Тошкент

150 йил давомида ўз давлатчилигидан, ўз тақдирини ўзи белгилаш неъматидан маҳрум бўлган собиқ Совет Иттифоқининг Марказий Осиё халқлари 1991 йил ўзлари ҳокимият тузиб, ўз давлат мустақилликларини бутун дунёга маълум қилдилар. Бошқа Марказий Осиё халқлари каби Жонажон Ўзбекистон халқи ҳам ўз ҳокимиятини тузиб, давлат мустақиллигини эълон қилганига 21 йилдан ошиқ муддат ўтди. Бу муддат ичида янги яқин тарихимиз вужудга келди ва шаклланди.

Ҳеч бир инкорсиз янги тузилган ҳокимият ўз тақдирини ўзи белгилаш сиёсати ижросини таъминлаш учун муайян ишларни Ўзбекистон халқи билан биргаликда бажарди. Ҳозирги кунда Давлат вазифаларни амалга ошириш учун лозим бўлган ҳокимият тизимлари мавжуд. Ўзбекистон давлатини ҳавфсизлигини таъминловчи хизматлар, Ички ишлар вазирлиги, Қуролли кучларимиз вужудга келди ва шаклланди. Ижроия ҳокимият тизимларини тузиш, халқ хўжалигини бошқаришни ташкил этиш, мустақил товар-пул муносабатларини юритиш, миллий валюта – сўмни муомалага киритиш каби Давлатни, халқни – ўз тақдирини ўзи белгилаш сиёсатини ижроcи таъминланди. Юқорида таъкидлаб ўтганларни ҳеч шубҳасиз ва ҳеч қандай инкорсиз қилинган қаттиқ меҳнатлар мевасидир.
Лекин қуйида Сизнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган фикрлар, беғараз ва самимий танқидлар ватанпарварлигимдан, Салобатли ва Ҳайбатли эл ғами-ташвишидан келиб чиққан ҳолда Сизнинг ҳукмингизга ҳавола этилмоқда.
2012 йилнинг иккинчи ярмига келиб, Ўзбекистондаги ўта оғир ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазият ўз ҳукмдорлигини сездира бошлади. Ўзбек сўмининг ҳалокатли қисмати, издан чиққан товар-пул муносабатлари, ишсизлик ва иложсизлик, коррупция, ўзбек сўмининг эркин конвертация қилинмаслиги, сўз эркинлиги ва сиёсий рақобатнинг йўқлиги жорий ҳукуматга бу муаммоларнинг қудрати кучини яққол кўрсата бошлади. Бугунги кунда Ўзбек ҳукумати ўзи узоқ йиллар давомида олиб борган адолатсиз, ақлсиз ва ахмоқона сиёсатининг оқибатлари билан тўқнаш келмоқда. Тўқнашув натижалари эса янада ташвишли ва хатарли тус олмоқда.
Юқорида қайд қилинган муаммоларнинг ҳақиқат кучи олдида Ўзбек ҳукумати ўзининг эскича иш услублари сабабли ожизлигини кўрсатиб қўймоқда. Ҳукуматнинг совуққонлиги, лаёқатсизлиги, фаҳм-фаросатсизлиги ҳаммага аён бўлиб қолди.
Оддий инсонларга, деҳқону-боғбонларга, оқу-қорани таниган фермер ва зиёлиларга, заҳматкаш мардикорларга юқоридаги гапларнинг мағзини чақиш учун юқорида зикр этилган фикрларни соддароқ қилиб, алоҳида-алоҳида баён қиламан.
I. Адолатсизлик.
1) Ўзбекистон ҳукумати томонидан деярли 20 йил давомида деҳқончилик ишлаб чиқаришининг асосий маҳсулоти бўлган Пахта ва донга “босқинчилик ва қароқчилик”ка асосланган харид баҳолари белгиланди. Бу ҳолат Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этган қишлоқ аҳолисига нисбатан энг катта Адолатсизлик бўлди. Бу адолатсизлик ва шунингдек, “ғирромлик”га асосланган товарлар, олтин ва чет эл валюталари билан таъминланмаган, қоғоз пулни эмиссия қилиш сиёсати, аҳолининг жуда катта қисмини Ўзбекистонда ишлаш ва яшаш имкониятидан маҳрум қилди, уларни яшаш ҳуқуқидан жудо қилди. Ғирромлик ёки асоссиз пул эмиссияси сиёсати, озгина муддат ҳукуматга наф келтириб, кейинчалик мисли кўрилмаган зарарни Ўзбекистон аҳолисига нисбатан келтиргани ва Ўзбек ҳукуманини ҳам ахмоқона ҳолатга туширгани учун бу мавзуни Ахмоқона Сиёсат рукнида кенг ва батафсил ёритаман.
2) Собиқ Совет Иттифоқи даврида жуда қаттиқ шароитларда ишлаган миллионлаб Ўзбекистон аҳолисига, уларнинг меҳнат пенсияларини, ўз меҳнатларига муносиб тарзда берилмаётгани бўлди. Ўзбек ҳукумати томонидан жорий этилган пенсия тизими мазмуни ва табиати жиҳатидан Адолатсиз бўлгани боис Президент томонидан белгиланган фармойишларнинг ижроси иқтисодий талончиликка йўғрилганлиги сабабли Пенсия фондиги тўловларни амалга оширувчилар учун ҳам мисли кўрилмаган Адолатсизлик бўлди. Иқтисодий адолатсизлиги учун ҳам Ҳукумат пенсия тизими 2010 йилга келиб коррупция ва қаллоблик гирдобида Банкрот бўлганлиги сабабли Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари фондига айлантирилди. Аллақачон пишиб етилган пенсия ислоҳотини амалга ошириш ўрнига ҳукумат молиявий манбалардан маҳрум бўлган пенсия ҳаражатларини бюджетдан ташқари фонддан таъминлаб, муаммоларни музлатиш йўлидан бормоқда. Муаммоларни музлатиш, уларни яшириш улкан хато эканлигини, айниқса зўрлик билан бу ҳаражатларни қоплаш учун маблағ тўплаш, ҳукуматни тақдирини ҳал этишини тушунадиган вақт келди.

3) Ўзбек сўмини эркин конвертация қилиш имкониятининг йўқлиги ва “қора” валюта бозорининг Ўзбекистондаги нарх сиёсатини белгиловчи бош ҳакамга айланганлиги; Жорий ҳукумат очиқ бозор муносабатларига ўтиш учун узоқни кўзловчи, Адолатли ва давлатни виждонли бошқаришга асосланган йўлдан бориш ўрнига, бу йўлнинг бутунлай акси бўлган адолатсиз ва ёпиқ, жоҳилона қарорлар туғиладиган йўлдан борди. Бу йўл мана 20 йилдан сўнг ўз оқибатларини кўрсата бошлади. Бу вақт ичида ўзбек сўми 600 баробардан ошиқ қадрсизланди. Нархлар 1-2 минг баробарга ўсди. Бу ҳолат Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам, тадбиркорлар ва инвесторлар учун ҳам улкан адолатсизлик бўлди.
4) Сўз эркинлиги, омавий ахборот воситаларининг эмин-эркинлигининг йўқлиги ва шунингдек, Сиёсий рақобатга душманлик кўзидан қаралганлиги бўлди. Коррупциянинг асосий кушандаси бўлган сўз эркинлигини ОАВ жасурлигини ва сиёсий рақобатнинг таъсир кучини Президент Девони аёвсиз қириб ташлади. Шу сабабли Ўзбекистонда коррупция гуллаб-яшнади, туб қўйиб, палак ёйди. Шу кунларда коррупция миллий ҳавфсизлигимизга, давлатчилигимизга ва аҳолининг тинчлик ва тотувлигига хавф солувчи жиддий кучга айланди.
Энди диққатингизни Ўзбекистонда йўл қўйилган Ақлсизлик ҳолатларига қаратаман.
II. Ақлсизлик.
1) Ўтиш даврида жамиятнинг ўз устидан бошқарувига нисбатан ўз назоратининг йўқлигидан фойдаланиб Ўзбек ҳукумати ва ҳукумат раҳбарлари ёпиқ монопол қарорлар қабул қилди. Ўз табиатига кўра жамиятга ҳисоб бериш ахлоқидан узоқ бўлган Ўзбекистон ҳукумати бир қатор ақлсиз ҳаражатларни содир этди. Ўз қарорларини ва ҳаражатларини эса жоҳиллик билан амалга оширди. Ўз адолатсизлиги оқибатида вужудга келган товар-пул муносабатлари муаммосини, айниқса пул айланиш муаммосини қисқа муддат наф келтирадиган, кейинчалик эса улкан муаммоларни яратадиган – пул эмиссияси сиёсати орқали бартараф этиш йўлидан борди. Бу ақлсизлик оқибатлари ҳукуматнинг ўзига ҳам, аҳолига ҳам хад-ҳисобсиз зарарлар келтирди.
2) Сохта мақтов, сохта улуғловлардан эсанкираб қолган Ўзбекистон ҳукумати иккинчи ақлсизликни ҳам амалга оширди. Республиканинг барча вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида – пул эмиссиясини амалга оширувчи ҳукумат комиссиялари ташкил қилинди ва узоқ вақт фаолият олиб борди. Ўз ҳаракатларига қонун кучини беришга ҳаракат қилган Ўзбек ҳукумати қонунлаштирилган ўғрилик, босқинчилик ва қароқчилик қилаётганининг фаҳмига етмади.
3) Ўзбек сўмининг қадрсизланиши ва нархларнинг ўсишига асосий сабаб бўлган “қора” валюта бозорига қарши курашиш, уни тугатиш ўрнига, яъни Ўзбек сўмини конвертация қилиш чораларини кўриш ўрнига одамлар тушуниб етмайдиган қарорлар қабул қилиб, унинг ижросига жоҳиллик билан киришилди.
4) Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларни тўғри йўлга солиш ва хатоларни бошқа такрорламаслик ўрнига хато ва камчиликларни яшириш, жамиятни бу ҳолатларга муносабатини қўзғатмаслик, Ақлсизлик оқибатларини куч ишлатар тизимлар орқали куч воситасида ўз билганларича бартараф этиш йўлидан борилди.
Ва ниҳоят, Ўзбекистон ҳукумати томонидан содир этилган ахмоқона сиёсатга Сизнинг эътиборингизни қаратаман.
III. Ахмоқона сиёсат.
1) Ўзбек сўмининг қадрини туширувчи, Банк тизимларини хонавайрон қилувчи, бу орқали халқ хўжалигига ва аҳолига улкан талофатлар етказувчи – пул эмиссияси сиёсати бир ёки икки маротаба эмас, узоқ йиллар давомида олиб борилди. Ҳукумат эҳтиёжлари учун зарур бўлган пул маблағларини – товарлар ва валюталар билан таъминланмаган қоғоз пулларни босиб чиқаришга Марказий банкни зўрлаш орқали олиш – катта хато бўлди. Замонамиз масжид-динлари Юртбошимизга хазинани тўлдириш, юқоридагиларни ташвишсиз ҳаёт кечиришини таъминлашни ваъда қилиб, у кишини ютуқлардан маст-аласт қилиб, ўзбек сўмини қатл этишга фармони Олий чиқариб олдилар ва уни ижросини таъминладилар. Мўмин Мирзонинг ўлими Темурийлар давлатини яксон қилган бўлса, ўзбек сўмининг ўлими агар олди олинмаса, давлатчилигимизни яксон қилиши муқаррар.
2) Ўзбекистон ҳукуматини нақ бурнини тагида турган валюта “қора” бозорини кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка қаратилган сиёсати бўлди. Барча тадбиркорлар, аҳоли, чет эллик ва мамлакат ичкарисидаги ишлаб чиқарувчилар, истеъмолчилар валютани “қора” бозорда қора-кўрс баҳосида сотаётгани ва сотиб олаётгани мамлакат қонунларги зид бўлганлиги сабабли бундай иш қилаётганларнинг барча-барчасини қонундан ташқарида қилиб қўймоқда. “Қора” бозордан олинадиган валютани бухгалтерияга кирим қилиш ҳар қандай тўғри одамни эгри бўлишга мажбур қилади. Юқоридаги Сиёсат оқибатларини кўра-била туриб, ўзлари ахмоқ бўлиб қолаётганларини Ватанпарвар давлат мулозимлари тушуниб етишлари керак. Ўзбек сўмини конвертация қилишни ташкил этиш ўрнига, бу ишни пайсалга солиш, Ўзбекистон манфаатларига жиддий зарба, халққа душманлик эканлигини бугун барча одамлар билиши лозим.

3) Юқорида таъкидлаганимдек, республика аҳолисининг аксарияти яшайдиган қишлоқ жойларда, уларнинг асосий яшаш даромадлари бўлган Пахта ва дон маҳсулотларига, моҳиятан қароқчиликка асосланган жуда паст харид баҳоларининг белгиланиши оқибатида қишлоқ жойларда бозор муносабатларига асосланган товар-пул муносабатлари бутунлай издан чиқди. Қишлоқ жойларда маданий пул айланиши деярли шаклланмади.
Меҳнатдан манфаатдорлик, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши учун зарурлигини, ишлаб чиқариш маҳсулотларининг сифати ва сони ўсишига олиб бориши туфайли меҳнатдан манфаатдорлик ҳукумат ва жамиятга фойда келтиришини Давлат мулозимлари ўз табиатларидан келиб чиқиб тушуна олмадилар ва тушуна олмаяпдилар.
Жорий ҳукумат мулозимлари ўз сиёсатларини моҳиятини ўзгартирмаган ҳолда унинг шаклини деярли 2-3 йилда алмаштириб, оғир аҳволни янада хатарли ҳолатга айлантирмоқдалар. Бу сиёсатнинг номини ҳукуматдан бошқа барча одамлар ўз номи билан атамоқдалар. Бу сиёсатни ўзгартирмасдан қолдириш – ғирт ахмоқликдир.
4) Адолатсизлиги ва куч ишлатар тизимлари ҳодимларининг қарилик пенсияларининг оғирлигидан хонавайрон бўлган пенсия тизимини қанчалик қийин бўлмасин ислоҳ қилиш ўрнига, бюджетдан ташқари фонд ҳисобидан унинг ҳаражатларини молиялаштириш ғирт ахмоқликдир.
Ҳеч кимга сир эмас, Маско-шоулардан тушган даромадларнинг бир қисми бюджетдан ташқари фонд сифатида пенсия фонди ҳаражатларини молиялаштиришга йўналтирилади. Ҳукумат раҳбарларининг Маско-шоуларга нисбатан индамаслик орқали йўл қўйиши – Ўзбекистон ҳукуматини жуда танг аҳволга тушиб қолганлигининг яққол белгисидир. Зеро, Бек-Барака савдо мажмуасидаги бўлиб ўтган ҳарбий машқ ва унинг тафсилотлари, аввало ҳукумат учун, сўнгра жамият учун воқеаларнинг бу тақдир ривожи жуда хатарли эканлигини кўрсатади.
Мен юқорида танқид қилган ҳолатларнинг якка ўзи ва уларнинг биргаликдаги оқибатлари, Миллий хавфсизлигимизга, давлатчилигимизга ва аҳолининг тинчлик, тотувлигига улкан хавф солаяпди. Шу ҳолатдан келиб чиқиб, жамиятда тинчликн сақлашнинг яккаю ягона йўли – бу иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар йўли, деб айтаман.
Сурияда бўлаётган фуқаролар уруши – Ўзбекистонда қайтарилишидан Яратганнинг ўзи асрасин!