Ким аслида ким эди ёхуд унутилган тарих (20)

Ким аслида ким эди ёхуд унутилган тарих (20)
161 views
21 September 2012 - 15:27

М. СОЛИҲНИ ҲИБСДАН ОЗОД ЭТИШ КАМПАНИЯСИГА ДОИРОЗОДЛИКРАДИОСИ МАЪЛУМОТЛАРИ

Олдинги эшиттиришларимизда шу кунларда Прага қамоқхонасида қолаётган Муҳаммад Солиҳнинг тақдири юзасидан ташвишланиш билдириб, Чехия раҳбариятига уни Ўзбекистонга топширмаслик ва уни озод этиш ҳақда қатор халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари, ҳорижий дипломатлар мурожаат қилгани ҳақда маълум қилган эдик. Куни кеча уларнинг сафига Хельсинки инсон ҳуқуқлари Халқаро Федерацияси ҳам қўшилди. Чехия Президенти Вацлав Хавел номига йўлланган мактубда Муҳаммад Солиҳнинг ҳибсга олингани ва у Тошкентга топширилиб, у ерда қийноқларга солиниши мумкинлиги ҳақдаги хабар Федерация аъзоларини чуқур ташвишга солаётгани қайд этилган. Хельсинки Вотч ташкилотининг тегишли идораларга, хусусан, Ички Ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигини Муҳаммад Солиҳнинг Норвегияда сиёсий муҳожир статусида эканини инобатга олиб, уни ўзи истиқомат қилаётган мамлакатга қайтариш ва экстрадиция билан боғлиқ масаланинг кўриб чиқилишини Норвегия расмийларига беришга чақиришган.

Шунингдек, 3 декабрда Лондондаги Халқаро Пен Клуб делегатлари Ассамблеяси таниқли шоир ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши муносабати билан Интерпол раҳбарияти ва Интерполнинг Чехия бўлимига хат йўллаб, Муҳаммад Солиҳни экстрадиция қилиш-қилмаслик масаласини ҳал қилишда терроризм халқаро саҳнада танилган шоирнинг ички дунёсига мутлақо зид эканини инобатга олишга чақиришган. Ушбу мазмундаги мактуб Пен Клуб делегатлари Ассамблеяси томонидан Чехия Президенти, Муҳаммад Солиҳнинг ҳам қалам, ҳам халқаро демократик ҳаракат бўйича ҳамкасби Вацлав Хавелга ҳам йўлланди.

“ЭРК” Партияси раҳбарини озод этиш борасидаги ташаббуслар дипломатик жабҳада ҳам давом этмоқда. 3 декабрда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари йиғини доирасида Норвегия Ташқи ишлар вазири Ян Петерсен чехиялик ҳамкасби Ян Каван билан учрашиб, ўзбекистонлик диссидентни Норвегияга қайтаришни сўради. Унинг сўзларига кўра, бу ҳақдаги расмий мурожаат Чехия ҳукуматига йўлланган. Чехия Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали вакили Карл Борутсанинг матбуотга берган интервьюсида айтишича, Чехия Ташқи ишлар вазири норвегиялик ҳамкасбининг илтимосини қўллаб-қувватлашга уринган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва кузатувчилар Муҳаммад Солиҳ атрофидаги ҳодисанинг терроризмга қарши халқаро кураш билан боғланаётгани ҳақда ташвишланиш билдиришмоқда. Хьюман Райтс Вотч вакиласи, 2000 йил ноябрида Муҳаммад Солиҳ устидан ўтказилган суд жараёнининг боришини кузатган Акейша Шилдс, Ўзбекистон расмийлари Муҳаммад Солиҳ устидан ҳукм чиқарилганидан кўп ўтмай, Интерполдан уни ҳибсга олишларини сўраганларини айтди. Афтидан, дейди Акейша Шилдс, расмий Тошкент бундан бир-иккита ҳафта олдин Интерполга яна мурожаат қилган кўринади. Вотч ташкилоти вакиласининг сўзларига кўра, Интерпол ҳозирги ҳаракатларини халқаро ҳамжамиятнинг антитеррор чоралари билан боғламоқда.

Мени, дейди Акейша Шилдс, Интерпол одамларни бесабаб қамоққа ташлаётган режим сифатида танилган ҳукуматнинг хизматкорига айланиб қолиши таҳликаси қўрқитмоқда.

Маркази Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўлими вакили Мейзи Вaйчердинг ҳам радиомизга берган интервьюсида Чехия Муҳаммад Солиҳнинг тақдирини ҳал қилишда инсон ҳуқуқлари масаласини кейинга суриб қўйиши эҳтимолидан ташвишланиш билдирди. Биз бу ишни кўриб чиқадиганлар уни аксилтеррор жараёнига боғламасликларига умид қиламиз, дейди Халқаро Амнистия ташкилоти вакиласи.

(“Озодлик” радиосининг 2001 йил 4 декабр кунги дастуридан олинди)