Мардикорларни ёқлаган ҳуқуқбонларга йирик миқдорда жарима белгиланди

Мардикорларни ёқлаган ҳуқуқбонларга йирик миқдорда жарима белгиланди
26 views
24 September 2012 - 8:56

23 сентябр куни Тошкентда мардикорлар ҳимоясига отланган инсон ҳақлари фаоллари Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ҳамда Абдулла Тожибой ўғли устидан маҳкама бўлиб ўтган.

Улар Ўзбекистон Маъмурий кодексининг 202 моддаси бўйича айбдор деб топилган.

Ҳар бир ҳуқуқ фаоли энг кам иш ҳақининг 100 баравар миқдорида, яъни 7 миллион 235 минг 500 сўмга жаримага тортилганлар.

22 сенябр куни Қўйлиқ бозорида “Мардикорлар мустақил касаба уюшмаси”ни тузиш учун мардикорларга анкета тарқатаётган икки ҳуқуқ фаоли милиция томонидан ушланади.

Инсон ҳақлари фаоллари мардикорларни йиғиб, уларга ўз ҳақлари борасида тушунтириш ишлари олиб бораётган бўлишган.

Мардикорлар Ўзбекистондаги энг ҳуқуқсиз табақа ҳисобланиб, ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқлари доимий равишда бузилиб келиши маълум.

Улар ўзларини ушлашганини ҳуқуқбон Абдулла Тожибой ўғлига телефонда хабар беришга улгурганлар.

Ҳамкасбларининг ҳимоясига етиб келган Абдулла Тожибой ўғли ҳам Ҳамза туман ИИБга олиб кетилади. Учала ҳуқуқбон сўроқ қилингач, Абдулла Тожибой ўғлига рухсат берилади.

Кеча биз билан суҳбатлашган бошқа ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, 23 сентябрда Абдулла Тожибой ўғли ҳам ИИБга чақириб, қайтадан сўроқ қилинган.

“Бироқ Ўзбекистон Конституциясининг 34 – моддасига биноан ҳар бир фуқаро касаба ушмасига аъзо бўлиши мумкин. Бу қонунда кўрсатилган ва биз қонунга хилоф иш қилмаганмиз. Абдулла аканинг менга айтишларича, уларга “Маъмурий жавобгарлик кодекси”нинг 201-моддаси бўйича маълумот тўплашяпти, маҳкамага оширишса керак, деб ҳозир кириб кетдилар”,-деган эди фаол Шуҳрат Рустамов.

Абдулла Тожибоев ўғли ва бошқа бир қанча фаолларга илгари ҳам бир неча марта маъмурий жазолар берилган.

Ҳуқуқ фаоллари таъкидлашича, улар қонун доирасида, Конституциянинг 34-моддасига асосан фаолият олиб боришган.

bbc.co.uk/uzbek