Жаслиқда дўзахни кўриб келдим

Жаслиқда дўзахни кўриб келдим
117 views
26 September 2012 - 10:08

Зилола Эгамбердиева
24 сентябрь, 2012 йил;
Оҳангарон шаҳри.

Мен ҳаваскор журналистман. Уёқ-буёқни ўйлаб ўз исмимни ёзмаяпман – мени тушунасизлар деб умид қиламан. Менинг акам Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасида ётганига тўрт йил бўлди. Ҳали яна ўн йил ўтириши керак. Яқинда янгамнинг кўзи ёриганлиги учун бу сафар акамнинг олдига биринчи марта мен келдим. Жаслиқ ҳақида янгамдан кўп нарсаларни эшитганман. Аммо эшитган бошқа, кўрган бошқа экан. Кўрганларим юрагимни эзиб юборди. Қамоқхонанинг маъмурлари ҳайвонсифат ваҳший бўлиб кетишган экан. Шуларни ҳам она туққанмикин, деб ўйлайсан киши. Булар ўз болаларини бошқаларга ваҳшийлик қилиб боқаётганларини хис қилишармикин?

Бу ердаги тартибни одамлар билмайди. Улар қаёқдан ҳам билсин? Одами Жаслиқ қамоқхонасида ётган оила вакили бу дўзаҳдан ўз ёғига ўзи қовурилиб қайтиб келади. Менинг янгамдай кўрганларини ўз оила аъзоларига йиғлаб айтиб беради, оиладаги бошқа хотин-халаж бизнинг оиламиз каби қўшилишиб йиғлашса керак. Оҳу-фиғон шу оила ичида қолиб кетаверади. Янгамни кўрган қўни-қўшнилар “эрингизнинг соғлиқлари яхши эканми, чиқаришар эканми яқин-орада?” деб кўнгил учун сўраб ўтиб кетаверишади. Бошқа жойларда ҳам гап шу бўлса керак. Мен кўрганларимни ёзишга қарор қилдим. Ёзмасам бўлмайди. Ёзмасам ўзимни кечира олмайман.

Тошкентлик Наргиза опа 12 сентябрда ногирон қайнонаси билан эри Махмуд Дадабоевич Абзалов билан учрашиш учун Жаслиққа борди. Мен ҳам шу поездда эдим. Қайнонаси иккита қўлтиқтаёқ билан зўрға юради, етти марта операция қилинган, ёши 80 га яқинлашган кампир. Ўғли 159-модда билан айбланиб қамалган. Жаслиқ қамоқхонаси мутасаддилари уларни маҳбус Махмуд Абзаловнинг олдига киритишмади. Қайнона-келин Жаслиққа кечаси етиб боргани, борганлар кўп бўлгани ва меҳмонхонада жой бўлмагани учун улар ерда ётишган. Мен ҳам ерда ётдим, лекин мен ёшман, 80 ёшли онахон кечани ерда қандай ўтказдилар экан?

Ўзбекистон ҳукумати диндорларга қўшимча жазо сифатида янги-янги, бир-биридан тутуруқсиз қонунлар чиқармоқда. Яқингача паспортида никоҳдан ўтганлигини кўрсатувчи штамп бўлса аёллар ўз эрлари олдига кираверишар эди. Тўрт ой илгари ҳукумат бу тартибни ўзгартириб янги тартиб ўйлаб топибди ва уни эълон қилмасдан ҳаётга жорий қилибди. Энди эрининг олдига кириши учун аёлнинг қўлида паспортдан ташқари никоҳ қоғози ҳам бўлиши керак экан. Янги тартибни кимдир эшитган, кўпчилик эса эшитмаган ва одатдагидай паспорти билан йўлга чиққан. Наргиза опа ана шундай аёлларнинг бири бўлганлиги учун эрининг олдига киритилмаган.

Қамоқхона Жаслиқдан саккиз километр нарида бўлгани учун одамларни қамоқхонагача автобусда олиб борилади. Бироқ қамоқхонагача одамлар йўлда икки жойда текширувдан ўтишлари керак. Учрашувга борадиган одамларнинг баъзилари қамоқдаги одамига икки сумка, баъзилари уч сумка нарса (озиқ-овқат, кийим-кечак) олиб борса, баъзилари беш-олти сумка нарса олиб боришади. Автобусдан тушгандан кейин ҳар қандай одам ичкарига ўз сумкаларини ўзи ташиши керак. Бировни бировга ёрдам беришига йўл қўйилмайди. Наргиза опа эрига беш сумкада нарса олиб келган экан.

Кечани ерда ётиб ўтказган қайнона-келин эрталаб зонага кириш учун никоҳ қоғози бўлиши кераклигини билишди. Наргиза опа ва қайнонасининг қон йиғлаб “биз эшитганимиз йўқ, бизга ҳеч ким айтмаган, шу сафар кириб чиқайлик, кейинги сафар албатта никоҳ қоғозини олиб келамиз” деб илтимос қилишларига маъмурлар қулоқ ҳам солишмади. Наргиза опа никоҳ қоғозини олиб келиш учун қайнонасини юкларнинг олдида қолдириб Тошкентга жўнаб кетди. Ҳатто битта сумкани кўтара олмайдиган кампир ҳам ўғлининг олдига кира олмади.

Мен акамнинг олдидан 16 сентябрда чиққан бўлсам, кампир ҳали ҳам келинини кутаётган экан. Мен поездда Наргиза опанинг телефон номерини олувдим. Ҳайрон бўлиб Наргиза опага телефон қилсам, у йиғлаб никоҳ қоғозини ҳеч қаердан топа олмаганини, ҳамма жойни кўплашиб қидирганини гапириб берди. Эртага ЗАГС бўлимига бориб дубликатини олишга ҳаракат қиламан, деди. Мен кирмасимиздан олдин бир мулозим “дубликат-публикат кетмайди, никоҳ қоғозининг асл нусхаси бўлиши керак” деган эди-ку, сиз ҳам эшиткадингиз-ку” десам Наргиза опа “нима қилай, қайнонамни олиб келишга ҳам боришим керак-ку” деди.

Э Худо, одамларни шунчалар ваҳший қилиб яратганмисан? Саксон ёшли ногирон онанинг нима айби бор? Шунчалар қийнашадими бир муштипар онани, бу ҳайвонлар? Қамоқхонадаги бандаларингнинг нархи шунчалик пастми? Э Худо, бу ваҳшийларнинг жазосини Ўзинг бергин!

Наманганлик Латифахон опа билан ҳам поездда анча гаплашиб келдик. Унинг эри 1999 йил 16 йилга қамалган экан. Жаслиқ биринчи очилганда олиб борилган маҳбуслардан бири экан. Эри қамалганда қўлида тўққиз ойлик боласи билан қолган экан. Ҳозир ўша ўғилчаси 13 ёшга кирибди. Кейинги икки ўғли УмарБакир ва УсмонАли эгизак бўлиб, ҳозир тўрт ёшда эканлар. Биринчи маҳбуслар олиб борилганда зона ҳали битмаган экан. Икки вагон маҳбусни чўлнинг ўртасида қамаб икки кун иссикда ташлаб кетишган экан. Кун иссиқлигидан ҳатто сувлар ачиб кетган экан. Ўша сувлардан ичиб махбуслар ичкетар бўлиб, касал бўлиб, нечтаси ўлган экан. Латифахон опанинг айтишича, 1999 йилда келишганда зона жуда ҳам қўрқинчли ахволда бўлган.

Жаслиққа қатнайдиган одамларнинг айтишича, охирги уч – тўрт йил ичида маҳбуслар асосан Жаслиққа олиб бориляпти экан. Бунинг исботини учрашувга бораётган оилалардан ҳам билса бўлади. Зона ичида аҳвол жуда оғир. Учрашувга кирган ёш болаларни коридорга чиқишга ҳам қўйишмас экан. “Хонангга кир!” деб милиция ходимлари бақириб туришади. Хонада эса болалар учун на бир ўйинчоқ, на бир телевизор, на бир радио, на бир бирон нарса бор. Болалар зерикишади ва яна коридорга чиқишни хоҳлашади. Чиқишлари билан милиция ходимлари «Хонагга кир!» деб бақиришади.

Бундай шароитни атайлаб одамлар безиши учун, ҳеч ким маҳкумнинг орқасидан йўқлаб келмасин деган мақсадда қилиб қўйишган, дейишади. Лекин одамлар ҳар қанча оғир шароит қилиб қўймасин, ҳар қанча хўрланса ҳам, ҳеч ким ўз яқинларидан воз кечиб кетгани йўқ. Ҳамма ўз яқинларини ҳар уч ойда кўриб туришга вақтида етиб бориб турибди. Овқатларни тайёрлаш учун хонага пичоқни беришмас экан. Ҳамма нарсалар ошхонада тозаланиб, ўша ерда қилиняпти экан. Посилка ва бандерол олишни ҳам ҳар икки ойда бир марта қилиб қўйишибди. Ораси икки ой бўлмаса, жўнатган посилка ва бандеролингизни қайтариб юборар экан. Кўпчилик нарсасини топширолмай қайтариб олиб чиқаяпти. Ҳали посилка олганига икки ой бўлгани йўқ, деб олишмаяпти экан.

Рўза бошланганда зона бошлиғи Кенжаев маҳкумларнинг олдига кириб «рўза тутасизларми?» деб сўрабди. Улар тутамиз, дейишибди. Кенжаев «бизда рўза тутишларинг учун шароит йўқ, шароит қилиб беролмайман», дебди. Маҳкумлар тутаверамиз, дейишибди. Рўзадорларни жуда қаттиқ қийнашибди. Икки кун овқат беришмабди. Кўпчилик рўзадор маҳбуслар хушидан кетиб қолибди. Кейин икки кунда бир марта овқат берадиган бўлишибди. Рўзадорлардан 16 кишини битта воронок машинада 23 июлда йигирма кунга Нукус турмасига олиб боришибди. У ерда йигирма кун ушлаб туриб яна қайтариб олиб келишибди. Овқатлари яхшимас, гўшти йўқ, ёвғон деса ҳам бўлади.

Биринчи марта борсам ҳам бир нарса менга яққол билинди. Ҳукумат Жаслиқ қамоқхонасини бекорга бу ерда қурмаган экан. Асосий мақсад маҳбуслар ва уларнинг яқинларини руҳан синдириш бўлган экан! Менинг назаримда ҳукумат мақсадига эришган эмас, чунки, ўйлашимча, Худонинг Ўзи одамларга куч-қувват ва сабр-тоқат бериб турибди. Эй, Парвардигор, содиқ бандаларингни ваҳшийлар қўлига ташлаб қўйма!

 

tayanch.com