Швеция прокуратураси TeliaSoneraнинг “ўзбек иши” юзасидан жиноий иш очди

Швеция прокуратураси TeliaSoneraнинг “ўзбек иши” юзасидан жиноий иш очди
84 views
27 September 2012 - 9:19

Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бўлими TeliaSoneraга қарши қўйилаëтган Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун “откат” берганлик ва пул ювиш амалиëтларига аралашганлик айблари юзасидан расмий тергов жараëни бошлади. 

Акцияларининг 37,4 фоизи Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSoneraга нисбатан бундай жиддий айблов Швеция жамоатчилик телевидениесининг 19 сентябр кунги “Вазифа:Текшириш” деб номланган кўрсатувида илгари сурилган эди.

Уч швед журналистининг олти ойлик махсус суриштируви хулосаси жамланган  “TeliaSonera – ўзбек иши” деб номланган ҳужжатли филмда  TeliaSonera 2007 йилда ўзбек мобил алоқа бозорига кириб¸ UCell корхонасини очиш учун Гулнора Каримовага 337 миллион АҚШ доллари миқдорида “откат” берганликда айбланган  эди.

TeliaSoneraнинг Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant Ltd. деб номланган қоғозда бор¸ аммо амалда йўқ ширкатга 2 миллиард 200 миллион швед кронаси (320-337 миллион АҚШ доллари) миқдорида пул ўтказгани кетига тушган швед журналистлари бу ширкат раҳбари деб қайд этилган шахснинг Гулнора Каримованинг яқин гумаштаси Гаяне Авакян эканини аниқлашди.

TeliaSonera ширкатининг Авакянни кўрмай туриб¸ унга частота ва 3G лицензияси учун юзлаб миллион пул берганини ўта шубҳали деб топган швед журналистлари 2007 йилда 22 ëшда бўлган Авакяннинг қандай қилиб шунча катта бизнес ва ваколат эгасига айланганини махсус тадқиқ қилди.

Takilant ҳисобига ўтказилган пулларнинг Гулнора Каримованинг жазмани экани айтиладиган Рустам Мадумаров номига Лондонда очилган ширкатлар ҳисобига келиб тушгани ортидан журналистлар¸ TeliaSonera Ўзбекистонда лицензия олиш учун тўлангани айтилаëтган пуллар аслида Гулнора Каримовага берилган “откат” ва бу откатни легаллаштириш учун пул ювиш операциялари амалга оширилган¸ деган хулосага келди.

20 сентябр куни Стокҳолмда ўтказилган матбуот анжуманида TeliaSonera президенти Ларс Нюберг бу айбларни инкор қилган ва ўз ширкати Ўзбекистонда 3G мобил алоқа хизмати кўрсатишга рухсат берувчи ҳукумат лицензиясини олиш учун ҳеч кимга пора бермагани ва ҳеч қандай пул ювиш операцияларида қатнашмаганини таъкидлаган эди.

Швеция прокуратурасининг журналистлар илгари сурган айблов асосида жиноий иш очгани ҳақдаги янгиликка муносабат билдирган TeliaSonera раҳбарияти бу ишни маъқуллаши ва тергов билан ҳамкорликка тайëрлигини билдирди.

Айни пайтда ҳали жиноий иш очилмай туриб Ларс Нюберг¸ агар “ўзбек иши” юзасидан қўйилаëтган айбларда жон бўлса¸ ўзининг истеъфога чиқажагини билдирган эди.

Шунингдек¸ дунëда коррупциядан энг холи деб кўриладиган Швеция ширкатининг дунëдаги энг коррупциялашган Ўзбекистонда бизнес юритиб келаëтганига нисбатан мавжуд эътирозлар турткисида Нюберг¸ ширкатнинг бу мамлакатда бундан сўнг қолиш-қолмаслиги ўрганилаëтганини ҳам баëн қилган эди.

Кузатувчилар¸ Швеция прокуратураси бошлаган жиноий иш босими остида TeliaSoneraнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиш эҳтимоли кучайганини тахмин қилмоқдалар.

Швеция прокуратураси Ўзбекистондаги коррупция ва пул ювиш операциялари юзасидан жиноий иш бошлаган биринчи хориж давлати эмас.

Бундан олдин Швейцария Бош прокуратураси тўрт Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш очди ва уларнинг швейцар банкларидаги юзлаб миллион доллар пулини музлатиб қўйди.

Швейцария прокуратурасининг Ўзбекистон фуқаролари амалга ошириб келган пул ювиш операцияларини тафтиш қилиш жараëнига ҳозирда дунëнинг бир қатор давлатлари ҳуқуқ тизимларининг ҳам тортилгани айтилмоқда.

Швеция ва Швейцария терговчиларини қизиқтираëтган асосий савол¸ Ўзбекистондаги ҳукумат расмийлари¸ хусусан президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бу “откат” олиш ва пул ювиш операцияларидаги ролини аниқлаш бўлиб қолмоқда.

Бир неча ойдан бери Тошкентдан ташқари чиқмай қолган Каримова хоним Швейцария терговчиларининг¸ балки эндиликда Швеция прокурорларининг ўнлаб саволларига жавоб бериши лозим бўлади.

Айни пайтда¸ Россия Тергов қўмитаси ҳам Ўзбекистонда МТС шўъба корхонаси “Ўздунробита”  фаолиятининг ноқонуний равишда тўхтатилгани юзасидан жиноий иш очди.

Норасмий манбаларга кўра¸ Россия терговчиларини ҳам МТСнинг синдирилишида Гулнора Каримованинг роли қизиқтирмоқда.

 

ozodlik.org