Сурия воқеалари ўзбекларнинг хам тинчлигини бузди

Сурия воқеалари ўзбекларнинг хам тинчлигини бузди
29 views
01 October 2012 - 10:08

Улуғбек Хайдаров,
мустақил журналист, Ванкувер (Канада)

Сурияда давом этаётган қонли воқеалар, Туркиянинг Ғазиантеп шахрида яшаётганларнинг бир маромдаги хаётига ўргартишлар киритяпти.

Маълумки, бу шаҳар Сурия билан бевосида чегарадош ҳисобланади. Мамлакатда Башар Асад режимига қарши ҳаракатлар бошлаганидан буён, у ердаги зўравонликлардан қочиб чиқаётганлар айнан мана шу шаҳардан ўзларига паноҳ қидирмоқдалар.

“Қочиб ўтганларнинг бир қисми, яъни сал камбағалроқлари Ғазиантепга яқин жойда БМТ қуриб берган вақтинча сақлаш лагерларида жон сақлашяпти. Ўзига тўқ ва анча маблағға эгалари эса шаҳардаги уйлардан сотиб олаяпти ёки ижарага яшаяпти”, дейди мана шу шаҳарда 2 йилдан буён яшаётган Ўзбекистонлик қочқинлардан бири.

Турар жойларга талаб ошаётгани, тез орада ўз натижасини кўрсатди: Ғазиантепдаги уй жойларнинг нархи осмонга сапчиди.

Ўш фожеаларидан кейин Туркиядаги БМТнинг қочкинлар бўйича ваколатхонасига бош урган Д. исмли суҳбатдошимиз ҳам бир ярим йилдан буён Ғазиантепда яшайди.

“Ғазиантепда яшаётганимдан буён нархларнинг бу қадар сакраганини кўрмаганман. Биз оиламиз билан 2 хоналик уйга 250 лира тўлардик. Энди уй эгаси келиб чиқишимизни талаб қилаяпти. Суриялик бир оила мана уйга 600 лира тўлашга рози бўлибди. Октябрни 20 чи кунигача чиқишим керак” дейди Д. куюниб.

Ўзбекистонлик Алимардон хам бу ерда 3 нафар таниши билан, шахар марказида жойлашган 2 хонали хонадонда бир йилдан буён яшаб келади.

“Суриядан қочқинлар келдию, хамма нарсани нархи ошиб кетди. У ердан келаётганларни пули кўп, хамма нарсани сотиб олишяпти. Шунинг учун нархлар ошиб кетди. Уйимизни ижараси хам 3 баробарга кўтарилди. Эгаси чиқасан дейди. Бошимиз қотган” деди Алимардон.

Ғазиантепда бир амаллаб кунини ўтказаётган Ўзбекистонлик ва Қирғизистонлик қочқинларнинг оилалари айни шу масала ёзасидан БМТнинг Анқарада жойлашган қочқинлар ишлари билан шуғуланувчи ваколатхонасига (УВКБ ООН) мурожат қилмоқчилар. Чунки улар мана шу ташкилотнинг талаби билан Туркиянинг Ғазиантеп шахри жўнатилганлар.

“Биз Туркиянинг, ишлаб кун кўриб, бола чақани боқиш имконияти кўп бўлган Истанбул каби шахарларида яшай олмаймиз. УВКБ ООН бизни Ғазиантеп шахрига жўнатади, бу шахардан кетсак, қочқинлик мақоми изловчи статусидан махрум қиламиз дейишади” деди биз билан суҳбатда Алижон исмли қочқин.

Маълумот учун шуни эслатамизки, БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича қомиссарининг Туркиядаги ваколатхонасига ариза берган ўзбекларга, учинчи давлатга чиққунларига қадар Ғазиантеп шахрига йўлланма беришади. Ва улар бу шахарни фақат полиция рухсати билан 2, 3 кунга тарк эта оладилар холос.

Алижоннинг айтишича, Ғазиантепда ўзбеклар асосан озиқ овқат саноати соҳасида ишлашади ва ойига ўртача 700, 800 турк лираси миқдорида маош олишади.

“Аввал мана шу ойликнинг 200 лираси ижарага кетарди. Хозир эса Суриялик қочқинлар бир хонали бошпана учун 500 дан 700 лирагача тўлашга тайёрлар. Табиийки, бу нархлардаги бу тафовут уй эгаларига жуда хам ёқаяпти. Улар айтган нархни бизлар тўласак, бир ойда нима еб ичамиз? Мана шуниси жуда хам ўйлантираяпти” деди яна Алижон.

Ғазиантепдаги ўзбек қочқинлари, Суриялик қочқинлар туфайли кўтарилган нархлар хали бери тушмайди дейишяпти.

Бу холда ўзбек қочқинларнинг ғамига шерик бўлиши керак бўлган БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича комиссари эса эшикларини ёпиб олган.

Ғазиантепдаги ўзбек қочқинлари билан боғлиқ вазиятини кузатишда давом этамиз.