Путин “ҳақли”, Каримов ҳақсиз

Путин “ҳақли”, Каримов ҳақсиз
79 views
01 October 2012 - 13:02

Ўзбекистон диктатори ҳар ҳолда ўзининг хотимасини ўзи тайёрлашга қарор берганга ўхшайди. Аслида Каримов ўз хотимасининг “стартини” Ўзбекистон халқи энг кўп нафратганадиган қизи Гулнорани мамлакатда реклама қилиш билан бошлаганди. Хабарларга қараганда, Каримов бу масалада АҚШ ҳукумати билан ими-жимида келишувга ҳам эришган. Аммо Ўзбекистоннинг ОДКБдан чиқиши, Русияга қарши янги ўйинлари (масалан, МТС Ўздунробита ширкатининг хонавайрон қилиниши), шунингдек, Ўрта Осиёда бир вужудни ташкил қиладиган, шунинг учун ҳам, бир-бирисиз мавжуд бўла олмайдиган Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатлар билан даҳанаки жанглари, ва ҳатто, бу даҳанаки жангларни очиқ уришга айлантиришга таҳдидлари,  охир-оқибатда Ўзбекистон диктаторининг хотимасини тезлаштираётгани бир ҳақиқатдир. Масалан, Каримов Қозоғистонга давлат ташрифи давомида Нурсултон Назарбоев билан ўз сиёсатини (Ўрта Осиёда бузғунчилик сиёсатини НН) мувофиқлаштиришга уринди. Каримовни яхши меҳмон қилган Назарбоев унинг таҳликали ўйинларига қўшилмади. Боз устига, кўп ўтмасдан Русия Президенти Путин Қозоғистонга келди ва у Назарбоев билан Каримовга қараганда жиддий музокаралар олиб борди ва бу билан диктатор Каримов Қозоғистоннинг ёрдамидан деярли маҳрум бўлди. Қозоғистондан Қирғизистонга ўтган Путин у ерда бир ҳақиқатни баралла айтди: Русия Қирғизистонни ташки ҳукжумлардан ҳимоя қилади. Яъни, эй Ислом Каримов сен чучварани хом санабсан, сенинг ўзбошимчалигинг фақат ўзингнинг бошингни ейди холос…

Эрта-индин Путин Тожикистонга боради. Унинг Душанбеда Бишкекдан айтган гапларини такрлорлашга ҳожати йўқ. Зеро, Русиянинг 201 армияси Тожикистонга шимолдан ёки жанубдан келадиган таҳдидларни йўқ қилиш учун у ерда ерлаштирилган.

Ўз сиёсати билан яккамохов ҳолига тушган Каримов апил-тапил Туркманистонга расмий ташриф билан келди. У энди Турмкманистон Президенти К.Бердимуҳаммедовнинг кўзига ва қўлига ожизона тикилишга мажбур. Иккинчи Туркманбоши Каримовга “оқсоқол, сиз хотиржам бўлинг, мен сиз билан биргаман”, дейиши мумкин. Аммо унинг бу гапларининг Тожикистон ва Қирғизистонга деярли таъсири йўқлиги барчага аён. Бунинг устига Каримовдан кейин Путин Ашхободга келса, худди Астанада бўлгани каби, бу ердан ҳам Каримовнинг излари бир онда супурилиб кетади.

Ўрта Осиё давлатларининг янги раҳбарлари эски Туркистон хонлари каби бир-бирига чоҳ қазишда давом этмоқдалар. Бошқаларнинг иши эса уларни бу чоҳларга қулатиб юборишдангина иборат. Каримовни эса чоҳга қулатишнинг ҳам кераги йўқ. У зотан чоҳга қулашни танлаган раҳбардир…

Абдурраҳмон Муҳаммад
1 октябрь 2012 йил