Сиёсат ва қурол

Сиёсат ва қурол
84 views
02 October 2012 - 13:04

Намоз Нормўмин
2 октябрь 2012 йил

Сиёсатнинг инсон ва жамият ҳаётининг “қаймоғи” мақомида бўлишига қарамай, баъзан қурол сиёсатни ўзининг махсус воситаси ҳолига келтиришига тарих ва бугунги кунда жуда кўп мисоллар бордир. Масалан, Чилида ўтган асрнингг 70 йилларида генерал Пиночет қурол кучи билан ўз мамлакатидаги сиёсатни бошқарганди.

Пиночетнинг қуролли сиёсати йигирма йил ҳам давом этмаган бўлса, Туркия Жумҳуриятида сиёсатнинг қуролга асирлиги қарийб 90 йил давом этди. Анқарада куни кеча ўтказилган ҳукумат партияси Адолат ва Тараққиёт фирқасининг (туркча АКП)қурултойини Туркияда деярли бир аср давом этган сиёсатнинг қурол қуллигидан қутилиши, дея аташ ҳам мумкиндир. Зеро, Туркия Бош Вазири Тоййиб Эрдўғон ўз чиқишларидан бирида “Биз (яъни АКП ҳукумати) мамалакатимизда ўн йиллардир давом этиб келган Васаят режимига (ҳарбийлар тарафидан бошқарилган сирли, яширин диктатурага) барҳам бердик”, деганди…

Ҳарбийларнинг сиёсатни бевосита бошқариши тарихда кўп марта кузатилган бўлса-да, эски ва замонавий давлатчилик тажрибаларида буни ўзини оқлаган усул, деб бўлмайди. Чунки ҳарбийлар бошқарувни ўз назоратига олганларида, жамиятнинг умумий фикри, орзуси ва ғоясидан кўра қўлларидаги қурол ёрдамида ўз билганларича бошқарувни маъқул кўрадилар. Натижада, жамият тараққиёти учун зарур бўлган ижтимоий муносабатларнинг табиийлигига ва жамиятнинг тараққиётига путур етади. Шунинг учун ҳам, тарихда бўлгани каби, ҳозирги даврда ҳам жамият ва давлатни бошқаришда фуқаровий ироданинг (бу ирода халқнинг эътиқоди, сиёсий қарашлари, иқтисодий ва ижтимоий ташаббусларининг мажмуаси сифатита ўртага чиқади) афзаллиги кўзга ташланади.

Туркия ва Мисрдаги ошкора ва яширин ҳарбий диктатураларнинг ўрнини Исломий кимликка соҳиб фуқаровий ҳукуматларнинг олишини бунга мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Бу икки давлат мисолида ҳарбийларнинг давлатни бевосита бошқаришни эплай олмаганликларини, ҳатто ихтиёрларида қуролли кучларнинг бошқаруви бўлган ҳолда ҳам, бошқаларнинг сиёсий раҳбарлигига (ташқи кучларнинг тазйиқларига ҳам дейиш мумкин) итоат этишга мажбур бўлганликлари маълумдир. Масалан, Туркия ҳарбийлари 1980 йилда ҳарбий тўнтаришни амалга оширганликларида ғарблик давлатларидан бирида “бизнинг йигитлар бу ишнинг уддасидан чиқдилар”, эътирофи янграганди…( wikipedia.org)

Сиёсий ирода билан ҳарбий ироданинг орасидаги фарқ масаласига келадиган бўлсак, сиёсий ироданинг устунлиги – унинг ижтимоий ҳаётнинг илдизларига боғланганлигидир. Ҳарбий ирода эса, бу – ижтимоий “дарахтнинг” шохларидан биридир, холос. Шунингдек, фуқаровий ирода доимий фаолият ва жараёнларнинг натижасидир, ҳарбий ирода эса вақти вақти ўзини кўрсатадиган кучдир…

Туркияда ўтган ҳафта Оғир Жазо Маҳкамаси ҳарбийлар тарафидан давлат тўнтаришини режалаштирган жиноий иш масаласида ўз қарорини берди. Balyoz (“Тўқмоқ”) номи берилган бу ҳарбий тўнтаришни режалаштирган генераллар ва бошқа ҳарбий мулозимларга 16 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси берилди. Маҳкамада тасдиқланган далилларга кўра, Туркия ҳарбий кучлари сафидаги 3-армия қароргоҳида 2003 йилда “Balyoz” амалиёти режалаштирилади. Бу режага кўра ҳарбийлар мамлакатда бошбошдоқлик (анархия) ва тўс-тўполон чиқариш учун мамлакатнинг таниқли зиёлиларини ўлдиришни, Истанбулдаги машҳур жомеларни портлатиб юборишни ва ҳатто Юнонистон ҳаво ҳудудида юнон ҳарбий кучларига оид самолётни уриб туширишни режалаштирганлар.

Хўш, бундай “амалиёт”дан мақсад нима бўлган? Мамлакатда бундай хаос ва террор манзарасини ўртага чиқариш билан турк ҳарбийлари гўё ҳукуматнинг мамлакатни бошқаришни уддалай олмай қолганликларини, шунинг учун ҳам ҳарбий тўнтаришга эҳтиёж бўлганлигини исботламоқчи бўлганлар. Яъни, ўзлари мамлакатда тўс-тўполон чиқариб, бу билан ҳукуматни айбламоқчи ва натижада ҳарбий тўнтаришни амалга ошириб, ҳокимиятни қўлга киритишга уринганлар. (Қаранг: zaman.com.tr)

Фақат армия генерали Четин Дўғон бошчилигидаги ҳарбийлар ўзларининг бу хунта режаларини амалга оширишга муваффақ бўла олмаганлар. Ҳарбийларнинг Тоййиб Эрдўғон ҳукуматига қарши бундай “фитна”га қўл уришларининг сабаби, Эрдўғоннинг Исломий илдизли ҳукуматни бошқариши ва мамлакатдаги мавжуд ҳарбий бюрократик кучларнинг манфаатларига зид сиёсат олиб боришидир.

Айтиш керакки, Туркияда Жумҳурият қурилгандан кейин 1960, 1970 ва 1980 йилларда бир неча ҳарбий тўнтариш содир бўлган. Ҳарбийлар ўзларининг бундай давлат ҳокимиятини қўлга киритиш анъаналарини 1997 йилда ҳам давом эттириб, Нажмидин Эрбоқон ҳукуматини истеъфога чиқишга мажбурлаган эдилар. Тоййиб Эрдўғон ҳукуматни ўз қўлига олгандан кейин, ҳарбийлар 2007 йилда махсус баёнот бериб, уни ҳам истеъфога жўнатишни истаган эдилар. Аммо Тоййиб Эрдўғон ҳукумати бу баёнотга қарши баёнот билан чиққан ва ҳарбийларга ҳукуматга бўйсуниш амрини берганди. Шундан кейин, Туркияда ҳарбийлар фаолияти қаттиқ назоратга олинди. Бунинг учун эса аввало Туркия Истихборот Ташкилотининг (МИТ) раҳбари алмаштирилди. Бу орада 2007 йилдаги Президентлик сайловларида Тоййиб Эрдўғоннинг яқин сафдоши Абдуллоҳ Гул мамлакат Президенти этиб сайланди. Шу тарзда 2009 йилда ҳарбийлар 2003 йилдаги режалаштирган “Тўқмоқ” номли давлат тўнтариши операцияси фош қилиниб, бу ҳарбийлар устидан маҳкама жараёни бошлатилганди…

Ҳозирги кунда, Туркияда Жумҳурият қурилгандан кейин, мавжуд бўлиб келган ҳарбий бюрократик режимнинг давлат ҳокимиятидаги устунлиги жиддий шаклда камайишига қарамай, бу режимни тамоман йиқилган, деб ҳам бўлмайди. Чунки бир тарафдан, ушбу режимнинг идеологик асослари давлатнинг расмий идеологияси (мафкураси) сифатида сақланиб қолаётган бўлса, иккинчи томондан мамлакатда ҳарбий кадрларни тайёрлаш айнан шу мафкурага асослангандир. Яъни, мамлакатни янги дунёқарашдаги ҳукумат бошқараётган бўлса ҳам, давлатни ва, шу жумладан, ҳарбий кучларни оёқда тутадиган қолип ўзгармагандир…

Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Туркиянинг тараққиёт моделлари таққосланадиган бўлса, мустақиллик йилларида мамлакатни Туркияда бўлгани каби бир аср давомида ўз жангалида тутадиган давлат идеологияси ва тизимининг (секуларизмга асосланган ҳарбий бюрократик диктатуранинг) ўртага чиқмаганлигини бизнинг омадимиз, дейиш ҳам мумкиндир.