Мен диктатор Каримовга қарши нима қилдим?

Aраб баҳори диктатор Каримовга кўра “халқларнинг диктатуралардан қутулиш ҳаракатлари эмас, бир фитнадир”

Мен диктатор Каримовга қарши нима қилдим?
44 views
08 October 2012 - 10:21

Мен Ўзбекистоннинг оддий фуқаросиман. Олий маълумотлиман, уйланганман, бола чақам бор. Ота-онам ўн фарзандини, яъни бизларни мўмин-мусулмон қилиб тарбиялаган. Шунинг учун ҳам болалагимдан нима ҳалол, нима ҳаром эканлигини билганман. Отам менга ҳеч бир шароитда ёлғон гапирмайсан, дея таълим берган. Мен отамнинг мана шу ўгитига доимо амал қилиб келаяпман.

Мактабни битиргандан кейин хорижда исломий олийгоҳда, уни битиргандан кейин ўзимизда университетда таҳсил олдим. Яна отамнинг насиҳатига амал қилиб, диний ишлар билан эмас, дунёвий ишлар билан шуғулландим. Зеро, ҳозир Ўзбекистонда диний ишлар билан шуғулланишнинг ўта таҳликали эканини ҳамма билади. Шунинг учун ҳам Тошкент вилоятига қарашли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотадиган ширкатда бўлим ёрдамчиси бўлиб ишладим. Бу ерда ҳам диний тарбия кўрганимни, намоз ўқишимни ҳеч кимга билдирганим йўқ. Хонамни ичкаридан қулфлаб намоз ўқиб юрдим. Болаларимни ҳам мадраса ёки ҳужрага бермадим. Уларга хотиним билан ўзимиз уйда диний тарбия ва таълим бердик…

Менинг бир дўстим бор эди. У ҳам олий маълумотли ҳамда имонли йигит эди. Шу дўстим бир куни уйида ўзига ўхшаган намозхон биродарларга бир зиёфат берган экан. Унда тахминан ўн беш киши қатнашган. Орадан икки ҳафтача вақт ўтиб, бу зиёфатга қатнашганларнинг барчаси қамоққа олинди. Зиёфат иштирокчиларидан бири милицияда уй эгасини ва меҳмонларнинг барчасини ҳукуматга қарши гапирганликда айблаб, гувоҳлик берибди. Қизиғи шундаки, бундай кўрсатма берган одамнинг ўзи ҳам диний таълим олган ва кейинчалик маълум бўлишича мансаб илинжида ўз “биродарларини” “сотган” экан. Эвазига бир мансабга ярим йилча эга бўлиб, кейин ишдан ҳайдалди…

Ўша оғайним қамоқдан менга оиласи орқали “тезда Ўзбекистондан чиқиб кетсин”, дея хабар юборди. Чунки орган ходимлари унинг бутун таниш-билишларини назорат остига ола бошлаган экан. Шу тарзда мен зудлик билан хорижга, яъни ўзим таҳсил олган давлатга бола-чақам билан чиқиб кетишга мажбур бўлдим…

Мен диктатор Каримовга қарши нима қилдим?

Ҳозир бу ерда, ота-онамдан, ака-укаларимдан, опа-сингилларимдан, қариндош-уруғларимдан, ватанимдан узоқда ўзимга-ўзим шу саволни бермоқдаман.

Мен динни, имонни ўрганган, яшаган ҳолда ўзимга бурч бўлган инсонларни орасида динни ёйиш ишига қатнашмадим, бирор жамоатга аъзо бўлмадим. Чунки ҳозир юқорида айтганим каби, Ўзбекистонда диний маърифат ишларида иштирок этиш ниҳоятда хавфли. Фақат ҳукуматнинг айтганини қиладиган имомларгина дин ишларида қатнашишлари мумкин. Бунинг шарти эса, имонини бузиб ёлғон гапириш, бир бирининг орқасидан жосуслик қилиш каби амалларни бажаришдир. Бу шаклда динга “хизмат” қилгандан кўра қилмаган албатта яхшидир.

Президент Каримовнинг диктаторлигини, Франция маҳкамаси уни “диктатор”, дея эълон қилганини хорижда ўргандим. Чунки хорижда интернетга киришда муаммо йўқ, Ўзбекистонда эса бундай ҳақиқатни ўрганишнинг имкони йўқ. Ватанимиздаги ҳозирги аҳволга маймунлар йиғлайди, десам ҳақиқатни айтган бўламан. Чунки инсонларнинг бир дарди бор: у ҳам бўлса қорин тўйдириш, пул топиш. Инсонлар бунинг учун бир бирларининг гўштини ейишга ҳам, яъни бир бирларининг молини ўғирлаш, туҳмат қилиш, ёлғон гапиришга ҳозир-нозирдирлар.

Диктатор Каримов эришган энг катта ютуқ ўзбек халқининг ёппасига ароқхўр бўлганидир. Мен маълумлотли киши бўлганим учун интернетдан қарадим: ҳозирги кунда эски Сосет Иттифоқи жумҳуриятлари ичида ароқ энг арзон сотиладиган давлат Ўзбекистон экан. Менинг фикримча, ҳукумат халқ сиёсий ишларга аралашмасин, дея атайин ароқнинг нархини арзон қилиб қўйган. Энг ёмон томони, аёллар орасида ароқ ичадиганларнинг сони ортиб бораётганидир. Шаҳарларда автобусларга чиқсангиз, эркакларнинг оғзидан гуп этиб ароқ ҳиди келади. Бозорчи аёллар орасида ҳам тушлик вақти “қиттак қиттак” қилиб олиш одати ёйилиб бормоқда…

Менинг оддий ўзбек фуқароси сифатида фикрим шу: диктатор Каримов бизнинг халқнинг фарзанди эмас. У ўзбек ҳам эмас, мусулмон ҳам эмас. У билган ҳолда халқимизга мана шундай ёмонликларни қилмоқда, деб ўйлайман…

Бизнинг ҳозирги сиёсий ва маънавий инқироздан чиқишимиз жуда қийин бўлса керак. Чунки, айтганим каби, диктатор Каримов атайин халқни оч тутиш ва уни маънавий жиҳатдан ўлдириш сиёсатини олиб бормоқда. Инсонларимизнинг дунёда бўлаётган ўзгаришлардан хабари йўқ…

Хабари бўлса ҳам, тескари шаклда айтилади уларга дунё хабарлари. Масалан, араб баҳори диктатор Каримовга кўра “халқларнинг диктатуралардан қутулиш ҳаракатлари эмас, бир фитнадир. Ҳозир имонини сотган имомлар ўлиб-тирилиб Ўзбекистон диктаторининг бу “пропагандасини” халққа тушунтириш билан машғуллар. Халқнинг эса на дин на да сиёсат билан шуғулланишга мажоли бор. Инсонларга “дин” десангиз дарров ақлларига диктатор Каримовнинг хоин имомлари ёки ЎИҲнинг жангларилари келади. Яъни, дин мавзуси афсуски инсонларимизда “аллергия” уйғотади…

Бундай вазиятда менимча сиёсий мухолифатни, яъни ҳуррият, эркинлик, адолат шиорларига кўпроқ аҳамият берлиши керак. Ҳамда озгина эркинлик бўлган жойларда иқтисоднинг ҳам, маънавиятнинг ҳам олдинга кетиши таъкидланиши керак. Масалан, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистондаги аҳвол аъло бўлмаса ҳам, биздагидан яхши. Бу қўшни давлатларда инсонларнинг чўнтагида пули бор, шунинг учун ҳам уларнинг ҳаёт ҳақида ўйлаб кўришларига, ўзларининг ахлоқини тузатишларига имконлари бор…

Худо билади, мен диктатор Каримовга қарши ҳеч қандай амалий иш қилмагандирман. Аммо унинг сиёсатидан норозиман, чунки бу сиёсатдан мен ҳам жабр кўрдим. Мен эмас бутун ўзбек халқи бу диктатордан зулм кўрди. Шундай экан, бу зулмдан қутулиш ҳақида ўйлаш ва бу йўлда ҳаракат қилиш ҳаммамизнинг вазифамиз бўлиши керак…

Ҳусанжон
Тошкент вилояти